close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Далилларнинг пухталиги билан қалбдаги хотиржамлик ортиши

Изоҳ: Бу бобда Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ учта ҳадис келтирган.

Изоҳ: Бу бобда Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ учта ҳадис келтирган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз Иброҳим алайҳиссаломдан кўра шак-шубҳа қилишга ҳақлироқмиз. Зеро, у шундай деди: «Роббим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат» Аллоҳ таоло: «Ишонмадингми?» деди. У: «Йўқ, (ишондим) лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. Лутга Аллоҳ таоло раҳм қилсин. У мустаҳкам қалъада қўним топди. Борди-ю, Юсуфнинг муддатича зиндонда қолиб кетганимда, чақирувчини қабул қилган бўлар эдим», дедилар».
Шарҳ:
«Биз Иброҳим алайҳиссаломдан кўра шак-шубҳа қилишга ҳақлироқмиз». Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта пайғамбарнинг исмини айтдилар. Биринчиси, Иброҳим алайҳиссалом, иккинчиси Лут алайҳиссалом, учинчиси Юсуф алай-ҳиссалом. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим ва Лут алайҳиссаломларнинг сўзини тушунтириб, Юсуф алайҳиссаломнинг сабрини саҳобаи киромларга таърифладилар.
Бу ерда зоҳирий жиҳатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур учта пайғамбарни танқид қилаётгандек бўлиб қолганлар. Бироқ бундай эътирозга ўрин йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан уларни танқид қилишни мақсад қилмаганлар. Зеро, ҳақ пайғамбар ўзидан олдинги пайғамбарларни асло танқид қилмайди. Балки бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг «Роббим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат» сўзидан кўзланган мақсадни тушунтирмокдалар. Иброҳим алайҳиссалом ўлганларни қайта тирилтирилиши борасида ҳеч қандай шак-шубҳа қилмаганлар. Балки қалбий хотиржамликка эришиш ва ўликларни қандай тирилтиришини кўзи билан кўриш учун «Роббим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмокдаларки, Иброҳим алайҳиссалом бу айтган сўзлари билан бирор шак-шубҳада бўлмаганлар. Борди-ю, у шак қилган бўлса, биз - унинг фарзандлари ундан кўра шак-шубҳа қилишга муносибмиз. Қаранг, бизнинг қалбимизда заррача ҳам шак йўқми, бизнинг отамиз Иброҳим алайҳис-саломда ҳақиқатда ҳам ҳеч кандай шак бўлмаган! Иброҳим алай-ҳиссалом Аллоҳ таолонинг ягони эканига чақирувчиларнинг энг кучлиси ва пайғамбарларнинг отаси бўлганлар. Намруд уни оловга улоқтираётганда, Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бирор нарсага эҳтиёжиз борми?» деб сўради. Шунда, у зот: «Сизгами, йўқ», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Аллоҳ таолодан сўранг», деди. У зот: «Ҳолимни маълум қилинг, сўровимни қондиради», деб қуйидагиларни айтди: «Эй Аллоҳим! Сен осмонларда якка-ю ягонасан. Мен эса ердаги бир бандангман». Иброҳим алайҳиссаломда ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган. Чунки у маъсум Пайғамбар эди. Маъсум инсонни Аллоҳ таолонинг қудратига шак қилиши асло мумкин эмас.
Савол: Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтиришида шак қилмаган бўлса, нима учун ўликларни тирилтириб кўрсатишни сўради?
Биринчи жавоб: Иброҳим алайҳиссалом ояти каримада келган саволни ўзидаги шакни кетказиш учун эмас, балки иймонини қувватли қилиш учун берганлар. Чунки далиллар билан маълум бўлган нарсани киши кўзи билан ҳам кўрса хотиржамлик бўлади. Зеро, хабар кўз билан кўрган нарсанинг даражасида бўлмайди.
Иккинчи жавоб: Бу ердаги савол илоҳий қудрат борасида эмас. Балки ўликларни қандай тирилтириш борасида берилган. Оятда айни шу жараён баён қилинган.
Учинчи жавоб: Иброҳим алайҳиссалом Намруд билан баҳс қилганда: «Менинг Роббим ўликларни тирилтиради», дедилар. Шунда Намруд: «Роббинг қандай тирилтириб беришини кўрсатиб бер», деди. Иброҳим алайҳиссалом бу жараённи кўзи билан кўриш учун Аллоҳ таолодан ўликларни қандай тирилтириши ҳақида сўради. Шунда Аллоҳ таоло унга ўлик қушларни тирилтириб бир намуна кўрсатди.
«Аллоҳ Лутга раҳм қилсин». Бу жумла билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лут алайҳиссаломга эътироз билдирмаяпдилар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лутнинг чорасиз ва узрли ҳолатда эканини баён қилиб бермокдалар. У зот жуда ҳам қудратли ва пухта паноҳ соҳиби Аллоҳ таоло бўла туриб, мажбурликдан қабила ва қалъа билан паналанишни орзу қилиб қолди. Бироқ Аллоҳ таоло унга раҳм қилди ва унинг орзусини чорасизликдан деб қабул қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ Лутга раҳм қилсин» сўзлари танқид эмас, мақтовдир. Зеро, арабларнинг сўзлашувида мақтовга қуйидаги сўзлар ишлатилади: «Холид ибн Валидга Аллоҳ раҳим қилсин. Ахир у душманлардан мусибатга дучор бўлар эди».
«...зиндонда турганимда эди». Бу жумла орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломни мақтаганлар. Юсуф алай-ҳиссалом чин эътиқодли бўлгани учун етти йил зиндонда қолиб кетди. Подшоҳнинг элчиси зиндондан чиқаришга келганда, айбсизлиги инсонлар орасида исботланмагунича зиндондан чиқишдан бош тортдилар. У зот қатъиятли ва қалби тоза Пайғамбар эдилар. Борди-ю, мен у кишининг ўрнида бегуноҳ қамалганимда, подшоҳнинг элчиси келса, зудлик билан у ердан чиқиб кетган бўлар эдим, демоқчилар.
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан нақл қилинган ривояти бўлиб, Моликнинг ҳадисида «(Ишондим,) лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деб «Кейин ушбу оятни охиригача ўқиганлар», дейилган.
Шарҳ: Мазкур ҳадиси шариф санадида Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг «иншааллоҳ» гапини ишлатишларидан жуда ҳам эҳтиёткор экани маълум бўлади. Аслида, бу ерда ҳеч қандай шак ва шубҳали нарса йўқ эди. Фақат у киши бундай демоқчи бўлган: «Олдинги ҳадисни устозим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ҳам ривоят қилган. У иккисининг лафзи, маъноси, иншааллоҳ, бир хил. Бу борда ҳеч қандай шак йўқ». Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ «Иншааллоҳ» лафзини табаррук маъносида айтган бўлишлари мумкин.
(ҳатта жозаҳа), яъни оятни охиригача ўқиди. Кейинги ривоятда (анжазаҳа), деган сўз ишлатилган. У ҳам «мукаммал қилди», деган маънони англатади.
Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳдан мазкур санад билан юқоридаги ривоят нақл қилинган. Унда: «Кейин бу оятни охирига ўқиди», дейилган.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase