Қирғизистондаги COVID-19 ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар мамлакатдаги фожианинг тўлиқ кўламини кўрсатмайди, дея ишонч билдиради Марен Эрнст (Maren Ernst). У одатда, бу мамлакатда бир йилда бир неча марта бўлади, лекин ҳозир ногирон ва етим болаларга ёрдам беради Uplift-Aufwind хайрия ташкилоти ишларини масофадан бошқаряпти. Эрнстнинг сўзларига кўра, қайсидир пайт 44 нафар ходимнинг ўндан ортиғи ишга чиққан - қолганлари коронавирус билан зарарланган. Кўп одамлар тизимига қайта олмаяпти: ҳатто касалликнинг ўткир босқичидан сўнг ҳам ўзини ёмон ҳис қилиш ҳақида шикоятлар бор.
Марен Эрнст унинг фикрига кўра, фақат тиббий муаммолар доирасидан чиқиб кетган инқирозга эътибор қаратишга умид қилмоқда. "Манзара баъзан охир замонни эслатиб юборади", - деди Марен жойлардан олинган фотосуратлар, масалан, Бишкек дорихоналари олдида узундан-узун тунги навбатлар ҳақида таассуротларини улашар экан.
Коронавирус эпидемияси Қирғизистонга бор кучи билан бостириб киргани ҳақидаги далиллар расмий статистикага узоқ вақт - камида 17 июлгача тўғри келмади. Ўша кундан бошлаб, расмийлар SARS-CoV-2 вируси аниқланмаган, аммо COVID-19 касаллигининг клиник кўриниши кузатилган кишилар сони билан тест орқали касаллик тасдиқланган кишилар сонини бирлаштирдилар.
Эпидемиологлар коллапсни башорат қилишганди. Уларнинг башорати амалга ошди
Кўпчилик Қирғизистонда бу ёзни ҳалокатли деб қабул қилди - бу туйғуларга нафақат оддий кузатувчилар, балки эксперт эпидемиологлар ҳам қўшилмоқда. "Албатта, биз бу туйғуни баҳам кўрамиз, чунки ўлим даражаси жуда юқори. Ўтган ой давомида пневмониядан бутун ўтган йилга нисбатан кўпроқ одам ўлган. Тизим ҳаддан ташқари оғир босимга учради", - дейди Аинура Молдокматова ДW билан суҳбатда. У "COVID-19" эпидемиясини моделлаштириш бўйича халқаро консорциуми (CoMo Consortium) ишида иштирок этувчи қирғизистонлик мутахассислар ташаббус гуруҳи аъзосидир. Оксфорд университети ташаббуси билан 40 дан ортиқ мамлакатдан келган бу олимлар уюшмаси коронавирус пандемияси ривожланишини башорат қилиш учун ташкил қилинган.
DW суҳбатлашган Қирғизистон эпидемиологлари таъкидлашича, уларнинг моделлари асосида тиббиёт тизими эпидемияга тайёргарлиги ва профилактика йўқлигида мамлакат касалхоналарини беморларга тўлиб кетиш ва ўлим кўрсаткичлари ўсиши башорат қилинганди. Уларнинг иккита асосий чорага бориб тақаларди: аҳолини хабардор қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини COVID-19 касалликлар они кескин ўсишига тайёрлаш. Тайёргарлик куриш учун вақт бор эди: Қирғизистонда биринчи коронавирус ҳолати 16 мартда қайд этилган, мамлакатда фавқулодда ҳодиса режими, сўнгра фавқулодда вазият режими эълон қилинганди.
"Аммо мутахассис сифатида шуни кузатдикки, ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Биз касалликлар гирдобига тайёр эмас эдик", - дейди Айнуранинг CoMo Consortium бўйича ҳамкасби Айжан Дооронбекова. Умумий кузатувларга кўра, июнь бошида локдаун сусайганидан кейин касалликлар сони атиги икки ҳафта ичида кескин ошган. Агар май ойида мамлакатда фақат 1000 га яқин инфекция ҳолатлари қайд етилган ва фақат 2 та ўлим содир бўлган бўлса, бугунги кунда расмий маълумотларга кўра, 37 мингдан ортиқ одам касал бўлиб, 1400 дан ортиқ одам ўлган.
COVID-19дан шифокорлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият чекди
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг 6,5 млн аҳолисига шифохоналарда 2000 дан сал кўпроқ ўрин бор; энг оптимистик ҳисоб - китобларга кўра ва кундузги стационарларда шошилинч яратилган барча ўринларни қўшганда - кўпи билан 5000 та, деб ҳсиоблашди ДW билан суҳбатлашган маҳаллий шифокорлар. 2020 йил ёзида соғлиқни сақлаш тизимининг ортиқча юклама тушиши беморлар шифохоналар эшигида, тиббий ёрдамни олмасдан вафот этган бир неча ҳолатларда аниқ намоён бўлди. Ўнлаб иншоотлар, жумладан, меҳмонхона ва спорт заллари кундузги ва тунги стационарларга айлантирилди.
Касалхоналарда реал ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган кўплаб кирғизлар ўзларига ўзлари ёрдам беришга ҳаракат қилмоқдалар: фақат битта "ФармПоиск" телеграмм-гуруҳнинг ўзида COVID-19 дан ўзини даволаш учун дори-дармонлар излаётган 24 мингдан ортиқ киши тўпланган.
Шу билан бирга, Қирғизистон тиббиёт ходимлари орасида инфекциялар сони бўйича дунёда энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга: август ойи бошида 2768 дан ортиқ шифокор касалланган. Умумий маълумотларга кўра, касалхонадан ташқаридаги пневмония ҳолатларини ҳисобга олганда, 70 дан ортиқ шифокорлар вафот этди. Шифокорлар жуда кам: ҳатто тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори курс талабалари ҳам ёрдам беришга чақирилди. Ҳукумат муаммони тан олди: 30 июл Қирғизистонда коронавирус қурбонлари учун мотам куни деб эълон қилинди.
"Биз Барбыз" ва "Онлайн-шифокорлар" кўнгиллилари
Агар кучли кўнгилли ҳаракат бўлмаганида ҳамма нарса жуда ҳам ёмон бўларди, дейди Қирғизистондаги вазият билан таниш бўлган ҳамма бир овоздан. "Биз ҳали нима қилишни билмас эдик, лекин биз ҳатто катта давлатларга ҳам оғир бўлганини тушундик", - дея эслайди "Биз барбыз" ("Биз бормиз") хайрия ҳаракати асосчиси Урмат Насиқулов. Урмат дўстлари билан бирга коронавирус ҳақида тушунча берадиган видеороликлар қилиш орқали ёрдам бера бошлади. Кейинчалик кўнгиллилар озиқ-овқат ва бирламчи зарурат товарларини тўплай бошладилар. "Аҳолимизнинг тўртдан бир қисми ўта қашшоқлик чизиғидан паст даражада яшайди. Биз краудфандинг орқали маблағ йиғишни бошладик" деди Урмат ДW га берган интервьюда.
Июн касаллар сони кескин ўсганда "Биз барбыз" кўнгиллилари COVID-19 га чалинганлар учун зарур бўлган кислород концентраторларига буюртма бера бошладилар. "Чет элда буюртма қилдириб, касалхоналарга епул еткази берилди", - деди Урмат. Ҳатто қуйидагича ёрдам кўрсатилди: «қизил ҳудуддаги» шифокорлар, яъни COVID-19 га чалинганлар билан бевосита алоқа қиладиган ва уларни даволайдиган шифокорларга озиқ-овқат етказиб берилди.
"Ўзим яқин кишимдан - холамдан айрилдим. Умуман олганда, бу пандемия ҳар бир оилага таъсир қилган кўринади, - дейди Урмат. - Кўп одам йўқотдик, иқтисодиёт эса аянчли аҳволда. Лекин фуқаролик жамияти ўзининг анти-мўртлигини (профессор ва эссечи Нассим Талеб атамаси. - таҳр.) кўрсатди, чунки одамлар одамларга ёрдам берди."
Қирғизистонлик етакчи тиш шифокорларидан бири Арсен Абдиев ҳам кислород концентратори учун маблағ йиғиб, инсонпарварлик ёрдами билан шуғуллана бошлади. "Кейин биз кўпроқ нарсалар қилишимиз мумкинлигини кўрдик. Таласда ўтган ҳафта туман касалхонасига олтита концентратор олиб келдик. Биласизми, у ерда аҳвол жуда ёмон. Барча шифокорлар касал. Аҳоли қандай даволанади?"- Арсен ДW билан суҳбатда ўз таассуротларини ўртоқлашди. "Биз Барбиз" даги Урмат каби у ҳам Қирғизистон вилоятларига ёрдам етказиб, жойлардаги аҳволни яхши билади:"Бизга ўхшаган одамлар кўп".
Гуманитар ёрдамни ташкил этишда ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар муҳим ўрин тутади. Арсен ҳамкасблари билан биргаликда Қирғизистондаги энг йирик шундай гуруҳлардан бирини ташкил қилган: "Шифокорлар онлайн" канали фақат Телеграмда деярли 100 минг обуначига эга. Исталган обуначи бундай телемедицина хизматларидан фойдаланиши: савол бериши ва шифокорлардан бирининг бепул профессионал жавобини олиши мумкин. "Халқимиз сўзнинг том маънодаги ҳид билиш ҳиссини йўқота бошлагунча, узоқ вақт вазиятнинг жиддийлигига ишонмади", - дейди Абаев, COVID-19 юқтириб олганларда ҳид билишнинг йўқолиши аломатига ишора қилиб.
Арсен Абиев ҳам коронавирусдан жабрланганлар кўплигидан нолийди, аммо сўнгги кунларда ўлимнинг камайганини қайд этмоқда. У буни бевосита шу билан боғлайдики, унинг сўзларига кўра, республикадаги шифокорлар янги даволаш протоколига ўтган. Бу COVID-19 ни даволаш учун ишлатиладиган кўрсатмаларни қайта кўриб чиқишни сўраб республика соғлиқни сақлаш вазирлигига хат ёзган кўнгиллилар босими туфайли содир бўлди, деб ҳисоблайди: "Биз айтиш мумкинки, даволаш алгоритми ўзгартириш керак деган даъват билан керакли манзилга етиб бордик"
"Бутун дунё қирғизлари ёрдам берди – ҳар ким қўлидан келганича"
"Кўнгиллилар ҳаракати жда кучли. Бу ҳаракат туфайли вазият анча яхшиланди. Бутун дунё қирғизлари ёрдам берди – ҳар ким қўлидан келганича", - дейди қирғиз эпидемиологи Айнура Молдокматова. DW сўровида қатнашган одамлар Буюк Британия, АҚШ, Россия ва Германия каби мамлакатлардан хусусий гуманитар ташаббуслар ҳақида гаприб беришди. Uplift-Aufwind вакили Марен Эрнст Қирғизистонда муҳтожларга Берлиндан кўрсатилаётган ёрдамни мувофиқлаштиради: озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар тарқатишни ташкиллаштиради. Бугунги кунда ташкилот асосий эътиборни имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатишдан боласи бор эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатишга қаратди - бундайлар сони 1300 ни ташкил қилади.
Окулист-шифокор Гулай Турдумамбетова асли Қирғизистонлик, аммо 18 йилдан бери Германияда яшаб, ишлаб келмоқда. У Қирғизистондаги коронавирус эпидемияси муаммосига ОАВ ва сиёсатчилар эътиборини қаратмоқчи, масалан, "Германия - Марказий Осиё" Бундестаг парламент гуруҳи аъзоларига мактублар жўнатган. "Деярли ҳар бир WhatsApp хабарида қариндоши вафот этган одамим бор эди", дейди Гулай. Холасининг ва икки узоқ қариндошининг ўлимига сабаб коронавирус бўлган. Шунингдек, унинг даврасидан бир неча киши - дўстлари, синфдошлари, таниш-билишлари COVID-19 билан касалланиб, баъзилари комада ёки жуда оғир аҳволда эди.
Немис матбуоти учун Қирғизистондаги инқироз жуда кам сезилди, аммо Германия ҳукумати мамлакатдаги вазиятдан хабардор ва ёрдам беришга тайёр эканини айтади: "Биз Қирғизистонда касалланган одамлар сонининг кўпайишидан жуда хавотирдамиз", деди Германия ҳукуматининг «Шарқий ҳамкорлик» давлатлари бўйича комиссари Дирк Визе (Dirk Wiese). Унинг қўшимча қилишича, яқин вақт ичида Ўш ва Бишкекдаги шифохоналар учун 50 та ИВЛ аппарати жўнатилиши керак. Расмийлар мамлакатда 220 та ИВЛ аппарати етишмаслигини расман эълон қилди. Аввалроқ Германия пандемияни бартараф етиш учун GIZ орқали 20 млн евро мақсадли ёрдам ажратган эди. Европа Иттифоқи 36 млн евро ажратди, шундан 30 млн евро бюджетни барқарорлаштириш учун, билиб олди DW Брюсселда. Европа донорларининг яна уч млн маблағлари Марказий Осиё давлатлари орасида тарқатилади. Кўпроқ маблағлар -асосан кредитлар шаклида - ХВЖ ва Осиё тараққиёт банки каби бошқа йирик донорлар келиши керак. Шунингдек, Қирғизистонга ёрдам Россиядан ҳам келади.
Айримларнинг COVID-19 га қарши кураши бошқаларнинг бефарқлигига дуч келмоқда
Расман Қирғизистонда фавқулодда ҳодиса ва фавқулодда вазиятлардан сўнг карантин режими амал қилмоқда. Чегаралар ҳали ҳам ёпиқ, мактаб дарслари биринчи чорак охиригача онлайн тарзда ўтказилди, кўплаб корхоналар масофадан ишлашга ўтказилди. "Аммо асосий чора- тадбирлар - ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб кийиш, қўл гигиенаси - жуда оғриқли масала бўлиб қолавермоқда", - дейди эпидемиолог Чинар Жумалиева. Кўплаб чора-тадбирлар фақат қоғозда, дея қўшимча қилди Soros-Қирғизистон жамғармасининг соғлиқни сақлаш дастури директори Айбек Мукамбетов.
"Ҳа, бугун супермаркетларга бордим ва қалбан ғазабландим: албатта, кираверишда хавфсизлик ходими бор, у харидорлардан ниқоб кийишларини талаб қилиши керак, улар эса аслида ниқобни тўғри киймайди. Баъзилар уни кияди, баъзилар эса расмиятчилик деб қабул қилади", - дейди эпидемиолог Айжан Дооронбекова. Чинар, Айбек ва Аисулуу Курбатова Қирғизистонда COVID-19 ривожланиши башоратини моделлаштириш гуруҳи таркибига киради. Айжан «ҳозирнинг ўзида иккинчи тўлқинга тайёргарлик энг кўриш энг оқилона бўлган бўларди», дейди. Шифохона ўринлари касалликлар янги авж олишини қарши олиш учун етарли эмас. Ҳукуматнинг Бишкек ва Ўш шаҳарларида қўшимча касалхоналар қуриш режаларини ҳар бирини у "денгиздаги томчи"деб атади.
Абу Муслим тайёрлади