Ушбу маънода келган ривоятларни жамлаб, таҳлил қилинганда, тўрт хил фикр борлиги аниқ бўлади.
Биринчи қавл: Энг аввал Алақ сурасининг биринчи оятлари нозил бўлган.
Бу фикрнинг тасдиғи ўлароқ, бир неча ривоятлар келган.
Биринчи ривоят:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таханнус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедилар. (У зот) айтдилар:
«Шунда мени тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир», деди».
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан Хадижа бинт Хувайлиднинг олдига қайтдилар-да:
«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар! дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадижага воқеани айтиб бериб: - Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадижа:
«Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди.
Сўнгра Хадижа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олдига бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Иброний ёзувида ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадижа унга:
«Эй амакиваччам! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга:
«Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан? деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: - Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир*. Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар.
«Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди.
Кўп ўтмай, Варақа вафот этди ва ваҳий бир муддат узилиб қолди».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
Иккинчи ривоят:
Ouшa розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қуръондан илк нозил бўлган сура «Иқроъ бисми роббика»дир».
Ҳoкuм ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Уламолар жумҳури ушбу биринчи қавлни қабул қилган ва ҳаммага тарқалган.
Иккинчи қавл: Биринчи Муддассир сураси нозил бўлган.
Яҳё розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Саламадан:
«Қуръоннинг қайси жойи дастлаб нозил бўлган?» деб сўрадим.
«Йа айюҳал муддассир!» деди.
«Иқроъ» эмасми?» дедим.
Жобир ибн Абдуллоҳдан:
«Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим.
«Йа айюҳал муддассир!» деди у.
«Иқроъ» эмасми?» дедим. Жобир:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтиб берган бўлсалар, ўшани айтиб бераман. У зот: «Бир ой Ҳирони живор тутдим. Живоримни тугатганимдан кейин пастга тушдим. Водийнинг ўртасига етганимда, менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнгимга, сўлимга назар солдим. Ҳеч кимни кўрмадим.
Сўнгра менга яна нидо қилинди. Назар солиб, яна ҳеч кимни кўрмадим. Сўнгра менга яна нидо қилинди. Бошимни кўтариб қарасам, Жаброил ҳавода, тахтда. Мени қаттиқ титроқ тутди. Хадижанинг олдига бориб:
«Мени буркаб қўйинглар! Мени буркаб қўйинглар! Устимдан сув қуйишди», дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!»ни нозил қилди».
Имом Муслим ривояти.
Бу келтирилган маълумотлар бир қарашда ихтилофли кўринса ҳам, аслида уларнинг орасида ихтилоф йўқ. Ровийлардан ҳар бири ўзи эшитган нарсани омонатдорлик билан етказган. Ўзи эшитмаган ёки билмаган нарсага аралашмаган. Ушбу мавзуни яхшилаб ўрганган уламоларимиз: «Иқроъ» нубувват бўйича биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» рисолат бўйича биринчи нозил бўлган», дейдилар.
«Улуми Қуръон» мутахассислари: «Иқроъ» умуман биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» эса ваҳий узилиб қолганидан кейин биринчи нозил бўлган», дейдилар.
Муддассир сурасининг аввали нозил бўлиши билан кишиларни Исломга даъват қилиш ҳам бошланди. Шундан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари – Аллоҳ таолонинг динини умматларига етказиш иши бошланди. Чунки Аллоҳ, таоло Ўзининг охирги Пайғамбарига «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» деган нидони қилган эди.
Учинчи қавл: Энг аввал Фотиҳа сураси нозил бўлган.
Бу қавлга Байҳақий «Далаилун нубувва» китобида келтирган ривоят далил қилинган. Лекин уламолар бу ривоят ҳужжат бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.
Тўртинчи қавл: Биринчи «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» нозил бўлган.
Бу қавлга далил сифатида Воҳидийнинг Икримадан қилган ривояти келтирилган. Аммо уламолар бу ривоятнинг ҳам далил бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг
«Қуръон илмлари» китобларидан