Шарҳ: Тасмия борасида бир нечта баҳс мавжуд:
Биринчиси - Намл сурасидаги
«У Сулаймондан экан ва унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим...» (Намл сураси, 30-оят) ояти каримаси уламолар иттифоқи билан Қуръони Каримнинг ҳам, Намл сурасининг ҳам жузи ҳисобланади. Лекин икки сура ўртасини ажратиш учун суранинг аввалида зикр қилинадиган тасмия борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Яъни у Қуръоннинг жузими ёки йўқми, шу масалада турли фикрлар билдирилган. Ҳанафий уламолар наздида у Қуръоннинг бир жузи ҳисобланади. Лекин Имом Молик раҳимаҳуллоҳ сураларнинг аввалидаги тасмияни Қуръоннинг жузи деб ҳисобламайди.
Иккинчиси - тасмия бизнинг наздимизда на Фотиҳанинг ва на бошқа бирор суранинг жузи саналади. Балки у суралар ўртасини ажратиш учун нозил қилинган. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида тасмия Фотиҳа сурасининг жузи ҳисобланади. Лекин бошқа сураларнинг жузи бўлиши борасида у кишидан иккита қавл ривоят қилинган.
Учинчиси - тасмия жаҳрий қилинадими ёки махфийми? Бу борада қуйида баҳс юритилади.
«Таъаввуз ва тасмияни махфий айтади». Бунга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: «Имом тўрт нарсани махфий айтади» дея, улар орасида таъаввуз, тасмия ва «омин»ни зикр қилгани далил бўлади.
Имом Шофеъий рахимаҳуллоҳ: «Қироат жаҳрий бўладиган ўринда тасмияни жаҳрий айтади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларида тасмияни жаҳрий қилганлари ривоят қилинган», дейди.
Биз айтамизки, Имом Шофеъий далил сифатида келтирган ривоят таълимга йўйилади. Чунки Анас розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмияни жаҳрий айтмаганлари ҳақида ривоят қилган.
Сўнгра Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан нақл қилинган бир ривоятда намоз ўқувчи тасмияни худди таъаввуз каби ҳар ракъатнинг аввалида айтмайди. Яна бир ривоятда тасмияни ҳар ракъатнинг аввалида эҳтиётан айтади, дейилган. Бу икки имомнинг ҳам қавлидир.
Тасмияни Фотиҳа ва зам сура орасида айтмайди. Лекин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида уни махфий намозларда айтади.
Шарҳ: Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ бу ўринда тасмия ва таъаввуз намоз ичида махфий тарзда айтилишини баён қилмоқда. Имом Бу масалада бизнинг далилимиз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг «Имом тўрт нарсани махфий айтади», деган сўзидир. Улар: таъаввуз, тасмия, таҳмид ва «омин».
«Шарҳун-Ниқоя» соҳиби бу тўрт нарса орасида таҳмид ўрнига Сано дуосини зикр қилган. Чунки Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг «Осор» китобида қуйидаги ривоят келтирилган:
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Ҳаммод раҳимаҳуллоҳдан, у киши Иброҳим Нахаий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган:
«У киши айтади: «Имом тўрт нарсани махфий айтади. Улар: таъаввуз, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», «Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдика» ва «омин».
Намозда тасмия махфий ўкилишига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф далил бўлади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддик, Умар ҳамда Усмон розияллоҳу анҳуларнинг ортида намоз ўқиганман. Улар қироатни «Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин» билан бошлар эдилар».
«Саҳиҳи Муслим»даги бир ривоятда қуйидаги лафз келтирилган:
«Мен уларнинг бирорталаридан «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни жаҳрий ўқиганларини эшитмаганман».
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ далил сифатида келтирган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисига жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим мақсадида баъзида тасмияни жаҳрий ўқиганлар. Умумий ҳолатларда уни жаҳрий ўқимаганлар. Негаки Анас розияллоҳу анҳу: «У зот «бисмиллаҳ»ни жаҳрий ўқиганларини эшитмаганман», деб хабар бермоқда.
Яна бир жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг аввалида «бисмиллаҳ»ни жаҳрий ўқиганлар. Лекин кейинчалик
«Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг» (Аъроф сураси, 55-оят) нозил бўлгач, бу жаҳрий ўқиш мансух бўлган.
Шунингдек, Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳун-Ниқоя»да мазкур насхни қуйидагича батафсил баён қилган:
Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни қироат қилсалар, мушриклар ҳам масжидга ҳозир бўлишар ва: «Бу Муҳаммад Ямома роҳманини зикр қиляпти», дейишарди. Улар бу гаплари билан Мусайлама Каззобни назарда тутишарди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни махфий қилиш буюрилди. Сўнгра «Намозингни жуда баланд овоз билан ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима» (Исро сураси, 110-ояти) нозил бўлди» (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, бу воқеадан маълум бўладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал «бисмиллаҳ» ва Қуръон қироатини жаҳрий қилганлар. Лекин бу воқеадан сўнг «бисмиллаҳ»ни жаҳрий айтиш ҳукми мансух бўлган.
«Сунани Абу Довуд»нинг яна бир ривоятида қуйидаги лафз ҳам келади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни махфий ўқиганлар».
Мазкур ҳадис ҳам «бисмиллаҳ»нинг жаҳрий ўқилиши мансух бўлганига далолат қилади.
Аллома ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг юқорида келган ҳадисига шундай жавоб берган: «Аслида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу тасмия ва «омин»ни махфий тарзда ўқиган, лекин овоз бироз кўтарилиб қолгани сабабли орқада турган шогирдлари уни эшитиб қолганлар. Шунинг учун ҳам ривоятда очиқ-ойдин жаҳрий ўқиш айтилмаган.
«Бисмиллаҳ» намознинг ҳар ракъатида ўқиладими ёки фақат биринчи ракъатнинг ўзида ўқиладими? Бу борада Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан икки хил ривоят нақл қилинган:
Биринчиси - Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган ривоят бўлиб, унда «Бисмиллаҳ» худди таъаввуз каби фақат намознинг биринчи ракъатида ўқилади, ҳар ракъатда эмас», дейилган. Чунки «бисмиллаҳ» Фотиҳа сурасининг жузи ҳисобланмайди. Зеро, бир намоз учун битта «бисмиллаҳ» кифоя қилади.
Иккинчиси - Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган ривоят. Унга кўра, ҳар ракъатнинг аввалида эҳтиётан «бисмиллаҳ» ўқилади. Чунки «бисмиллаҳ» Фотиҳа сурасининг жузи бўлиши борасида уламолар ихтилоф килганлар. Фотиҳа эса ҳар ракъатда ўқилади. Шунга кўра, «бисмиллаҳ»ни ҳам ҳар ракъатда ўқиш эҳтиёт йўлидир. Шу йўл билан ихтилофдан чиқилади.
«Ҳидоя» соҳиби айтадики, ҳар ракъатда «бисмиллаҳ»ни ўқиш икки имомнинг сўзидир. Кейин у Фотиҳа ва зам сура ўртасида ўқилмайди. Лекин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида «бисмиллаҳ» барча намозларда Фотиҳа ва зам сура ўртасида ҳам ўқилади. Лекин жаҳрий намозларда ўқилмайди.
«Сўнгра Фотиҳа сураси ҳамда бирор зам сура ёки ўзи истаган ҳар қандай сурадан уч оят миқдорича ўқийди». Бизнинг наздимизда, Фотиҳа сурасини қироат қилиш рукн сифатида тайин қилинмаган. Унга бирор сурани қўшиш ҳам шундай. Бу ҳукм Фотиҳа сураси борасида Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳга, Фотиҳа ва зам сура борасида Имом Молик раҳимаҳуллоҳга хилофдир.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг далили Иабий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Намоз Фотиҳа сураси ҳамда унга қўшилган бир сура билан мукаммал бўлади» деган ҳадиси шарифларидир.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг далили эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Намоз фақат Фотиҳа сураси билан мукаммал бўлади» деган сўзларидир.
Бизнинг далилимиз Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар» ояти каримасидир (Муззаммил сураси, 20-оят). Оятга оҳод хабар билан зиёда қилиш жоиз эмас. Лекин оҳод хабарга амал қилиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам биз Фотиҳа сураси ва унга бирор сура қўшишни вожиб, деб ҳукм қилдик.
Шарҳ: Уламолар намоз ичида Қуръони Каримдан қанча микдор қироат қилиш фарз ёки рукн экани борасида турли фикрларни билдирганлар.
Ҳанафийлар наздида намоз ичида мутлақо қироат қилиш фарз. Шу эътибордан бир киши ўз намозида бир оят миқдорича қироат қилса, қироатнинг рукни адо топади. Фотиҳа сурасини ўқиш ҳамда унга бирор сурани қўшиш бизнинг наздимизда вожиб амал саналади. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида намозда Фотиҳа сурасини қироат қилиш рукн саналади.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ наздида эса Фотиҳа сураси ва унга бирор сурани қўшиш рукн деб эътиборга олинади.
Бу масалада Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир:
«Намоз Фотиҳа сураси ҳамда унга қўшилган бир сура билан мукаммал бўлади».
Яъни Фотиҳа ва зам сура ўқилмаса, намоз ботил бўлади. Бу эса намозда Фотиҳа ва зам сура ўқиш вожиб эмас, балки фарз эканига далолат қилади. Шунингдек, бу далилни «Сунани Термизий»да Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди:
«Намознинг калити - таҳорат, унинг таҳрими (ҳаром қилувчиси) - такбир, унинг таҳлили (ҳалол қилувчиси) - таслимдир (яъни салом бериш). Фарз ва бошка намозларда «Алҳамду лиллаҳи» ва бир сура ўқимаган одам учун намоз йўқдир».
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:
«Намоз фақат Фотиҳа сураси билан мукаммал бўлади».
Бизнинг далилимиз эса Аллоҳ азза ва жалланинг:
«Бас, (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар» ояти каримасидир (Муззаммил сураси, 20-оят).
Бу оят билан далилланишнинг йўли шуки, ундаги
лафзи мутлақдир.
«Мутлақ ўзининг мутлақлигича жорий этилади» қоидасига биноан, қанча миқдор ўқилса, Қуръон бўлишга муносиб бўлса, шу миқдорни ўқиш фарз бўлади. Чунки Қуръонда ана шунча микдорни ўқишга буюрилган. Зеро, намоздан ташқарида Қуръон қироат қи-лиш фарз эмас. Шу эътибордан бу оятдаги Қуръон қироат қилишга бўлган амр намоз ичида қироат қилиш фарз эканига далолат қилади.
Имом Молик ҳамда Имом Шофеъий раҳимаҳумуллоҳнинг далилларига жавоб шуки, улар келтирган ҳадислар оҳод хабар бўлиб, улар зонний ҳисобланади. Усулул фиқҳ фанидан маълумки, рукннинг далили қатъий собит бўлади, зонний эмас. Лекин зонний далилга амал қилиш вожиб бўлади. Шу эътибордан ҳанафий уламолар Фотиҳа ва зам сура ўқишни вожиб амал деб ҳукм қилганлар. Негаки оҳод хабар билан Қуръони Каримга зиёда қилинмайди. Яъни мазкур оҳод хабарлар воситасида
«Бас, (энди) Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар» (Муззаммил сураси, 20-оят) ояти каримасига зиёдалик киритиб бўлмайди.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан