Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар, тақводорлар пешвоси саййидимиз Муҳаммадга саловот ва саломлар бўлсин!
Ушбу китобда қайтарилган ва ҳаром қилинган бир қанча улкан гуноҳлар – гуноҳи кабиралар ҳақида сўз боради.
Аллоҳ ва Унинг Расули Китобу суннатда қайтарган ишлар гуноҳи кабирадир. (Бундай гуноҳлар учун дунёда ҳад-жазо белгиланган, охиратда таҳдид солинган, ёки уни содир қилган кишининг иймони инкор қилинган, ёки лаънатланган, ёки «биз ундан покмиз», «у биздан эмас», каби сўзлар билан сифатланган.)
Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четланган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишини, сўнг уни жаннатга дохил этишини хабар қилади:
«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангизлар, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз» (Нисо сураси, 31).
«Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир» (Шўро сураси, 37).
«Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта, Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир...» (Ван-нажм сураси, 32).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Модомики, банда катта гуноҳлардан четланар экан, беш вақт намоз, жума кейинги жумагача ва рамазон кейинги рамазонгача бўлган кичик гуноҳларга каффоратдир» (Муслим ва Термизий ривояти).
Демак, қайси гуноҳлар кабира эканини билиб олишимиз жуда муҳим. Токи улардан четланайлик ва Раббимиз раҳматига мушарраф бўлайлик.
Имоми Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий, роҳимаҳуллоҳ