close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёлғон гапириш

Аллоҳ таоло айтади: «Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3).
Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоятига муваффақ қилмайди, ҳақ динга йўллаб қўймайди.
«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105).
Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ўлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмайди.
«Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас» (Fофир сураси, 28).
Яъни, Аллоҳ ҳаддан ошиб залолатга ботган ва У зот шаънига ёлғон тўқийдиган кимсани ҳидоятга, иймонга муваффақ қилмайди.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ўлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда тўрт хислат бўлса, у ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан бири бўлса, то уни тарк этмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади: омонат қўйилса, хиёнат қилади, гапирса, ёлғон гапиради, аҳд қилса, (аҳдида) турмайди, хусуматлашса (тортишса), фожирлик қилади», дедилар» (Бухорий, Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлари ҳақидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Сўнг орқаси билан чалқанча ётган бир кишининг ёнига келдим. Тепасида темир чангак кўтарган бошқа биров турарди. Шу пайт у (ётган кимса) юзининг бир томонига яқинлашди-да, юзини бурнини ва кўзини энсасигача йиртиб ташлади. Сўнгра нима қилган бўлса, шуни қилди. Бу томонидан бўшамай туриб, нариги томони тузалиб қолди. Сўнг яна у томонга ўтиб, биринчи сафар қилган ишини қила бошлади. Мен: «Субҳоналлоҳ, бу нима?» деб сўраган эдим, «Юр, кетдик», дейишди. Кейин икки фаришта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга буни изоҳлаб: «Энди, юзи энсасигача, юзи, бурни ва кўзи энсасигача йиртилаётган кишига келсак, у эрталаб уйидан чиқиб, уфқларгача етадиган даражада кўп ёлғон гапирадиган кимсадир», дейишди» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга (раҳмат назари билан) қарамайди ва уларга аламли азоб бўлади. (Улар): зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал» (Муслим, Насоий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин» (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифлардан бирида: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти).
Навос ибн Самъон розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг сени тасдиқлаб деб турганида, унга ёлғон гап айтишинг катта хиёнатдир», дедилар» (Аҳмад ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтган эканлар: «Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишдан тўхтамайди, ниҳоят унинг қалбида қора доғ пайдо бўлади. Бориб-бориб қалби батамом қораяди ва Аллоҳ наздида ёлғончилардан деб ёзилади».
Ўлғон қасам ичиш ёлғон гапиришдан ҳам ёмонроқдир.
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бериб бундай дейди:
«Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида («Бизлар мусулмонлармиз» деб) ёлғон қасам ҳам ичурлар» (Мужодала сураси, 14).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди уларга (раҳмат назари билан) қарамайди, уларни (гуноҳлардан) покламайди ва уларга аламли азоб бўлади: Саҳрода ортиқча суви бўла туриб уни йўловчиларга бермайдиган кимса; асрдан сўнг аслида ундай бўлмаса-да, ўзи уни фалон нархга олганига ишонтириш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб матосини сотган кимса; амирга мол-дунё илинжида байъат берган, шунинг учун агар унга хоҳлаган нарсасини бериб турса, аҳдига вафо қилиб, бермай қўйса, аҳдини бузадиган кимса» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Туш хусусидаги ёлғон ҳам катта ёлғондир.
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилган ҳадисда: «Ким кўрмаган тушини кўрдим деса, унга икки соч толасини улаш юкланади. Бироқ бу ишни уддалай олмайди», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши икки кўзи кўрмаган нарсаларни кўрсатиши – ёлғонларнинг ёлғонидир (энг катта уйдирмадир)» дедилар (Бухорий ривояти).
Яъни, киши тушида ҳеч нарса кўрмаган бўлса-да, уни кўрдим, буни кўрдим, дейиши ғирт ёлғондир.
Мусулмон киши яхши-фойдали сўзларнигина сўзлаб, бекорчи, фойдасиз сўзлардан тилини тийиши лозим. Зеро, сукут сақлаш саломатлик бўлиб, саломатликка бирон нарса тенг келмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», деганлар (Мутафаққун алайҳ).
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Ў Расулуллоҳ, қайси мусулмон афзал?» деб сўраган эдим, «Қўли ва тилидан мусулмонлар саломат бўлган киши», дея жавоб бердилар» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир банда эътиборсизлик қилиб бир сўзни айтади-да, у сабабли дўзахга машриқ ва мағриб орасидан узоқроқ масофага қулайди» (Бухорий, Муслим ривояти).
Билол ибн Ҳорис Музаний розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши Аллоҳни рози қиладиган бир сўзни айтади-да, у сабабли Аллоҳ таолога учрашадиган кунигача унга розилигини ёзиб қўяди. У сўзининг бу даражага етишини ўйлаб кўрмаган бўлади. Яна бир киши Аллоҳни ғазаблантирадиган бир сўзни айтади-да, у сабабли Аллоҳга учрашадиган кунигача унга ғазабини ёзиб қўяди. Сўзининг бу даражага етишини у ҳам ўйлаб кўрмаган бўлади», дедилар» (Молик, Термизий ривояти).
Бу хусусда саҳиҳ ҳадислар бисёр бўлиб, зикр қилганларимизнинг ўзи ҳам кифоя қилса, ажабмас.
Бир кишидан: «Одам боласининг қанча айби бор экан?» деб сўрашган эди, у: «Санаб саноғига етиб бўлмайди. Мен ўзим санаганман, саккиз мингта айб бўлди. Бироқ бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У – тилни тийиш», дея жавоб берди.
Аллоҳ барчамизни гуноҳ ишлардан четлаштирсин, Ўзи рози бўладиган ишларга йўлласин. У марҳаматли ва саховатли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase