close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусибат чоғида ҳаддидан ошиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Юзларига урадиган, ёқаларини йиртадиган ва жоҳилият даъволари билан бақириб-чақирадиган кимсалар биздан эмас» (Бухорий ривояти).
Абу Бурда розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Абу Мусо Ашъарий дардга чалиндилар. Бошларини аёлининг тиззасига қўйган ҳолда ҳушларидан кетдилар. Аёли зорланиб дод-вой қила кетди. Уни бирон йўсин билан қайтаришга қурблари етмади. Ўзларига келгач: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пок-бегона бўлган кимсалардан покман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, мусибат чоғида дод-вой солиб бақирадиган, сочларини юладиган ва кийимларини йиртадиган аёллардан покдирлар», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Мазкур ҳадисда баён қилинган ноўрин хатти-ҳаракатлар ҳаром эканлигига уламолар иттифоқ қилишган. Худди шунингдек, сочини ёйиб олиш, яноқларига шапатилаш, юзини юмдалаш ва ўзига ўлим – ҳалокат тилаш ҳам ҳаромдир.
Умму Атиййа (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан байъат чоғида дод-вой солиб йиғламасликка аҳд олганлар» (Бухорий ривояти).
Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонлар ўзларидаги нарса сабабли кофир бўладилар, насабга таъна қилиш ва маййитга дод-вой солиб йиғлаш» (Муслим ривояти).
 Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳушларидан кетдилар. Синглиси йиғлаб: «Эй тоғим, эй фалоним, эй фистоним», дея санай кетди. У зот ҳушларига келгач: «Сен нима деган бўлсанг, мендан «Сен шунақамисан?» деб сўрашди», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Дод-вой солиб йиғлаганликлари сабабли маййит қабрида азобланади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси одам ўлса-ю, унинг йиғловчилари: «Эй суянган тоғим, эй саййидим», деса ёки шу каби сўзларни айтса, маййитга икки фаришта вакил қилинади-да, кўкрагидан итаришиб: «Сен шунақамисан?» деб сўрашади» (Термизий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтганлар: «Дод солиб йиғловчи аёл агар ўлмасидан олдин тавба қилмаса, қиёмат кунида қатрондан (қора елимдан) кўйлак ва қора қўтирдан совут кийган ҳолда турғазилади» (Муслим ва Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Мен икки аҳмоқона, гуноҳкорона овоздан қайтарилдим: хурсандчилик вақтдаги овоз – ўйин-кулги ва шайтон сурнайи (нағмаси) ҳамда мусибат чоғидаги овоз, юзни юмдалаб, ёқани йиртиш ва зорланиш» (Термизий ривояти).
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дод солиб йиғловчи ва унга қулоқ солувчи аёлларни лаънатлаганлар» (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Икки овоз дунё ва охиратда лаънатлангандир: неъмат – хурсандчилик вақтидаги нағма ва мусибат чоғидаги зорланиш» (Баззор ривояти).
Ривоят қилинишича, дод солиб йиғловчилар қиёмат куни жаҳаннамда икки қатор қилиб терилади. Бири ўнг тарафда, иккинчиси чап тарафда. Улар дўзах аҳлига қараб худди итлар сингари акиллайдилар.
Авзоъий айтадилар: «Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бир ҳовлида йиғи овозини эшитиб, у ерга кирдилар. Ёнларида шериги ҳам бор эди. У ердаги аёлларни туртиб-суриб ўтиб, дод солиб айтиб йиғловчи аёлнинг олдига бордилар-да, уни урдилар. Аёлнинг устидан ёпинчиғи тушиб кетди. «Ур уни, – дедилар. – У дод солиб йиғловчидир, беҳурматдир. У сизларнинг қайғуларингизга шерик бўлиб йиғлаётгани йўқ, балки пулларингизни олиш учун кўз ёшларини тўкяпти. У қабрлардаги ўликларингизга озор беради. Чунки у сабрдан қайтаради, ҳолбуки, Аллоҳ сабрга буюрган. У бетоқатликка буюради, ҳолбуки Аллоҳ ундан қайтарган».
Дод солиб йиғлаш – овозда маййитнинг яхши хислатларини санаб йиғлашдир.

Фасл

Дод солиб йиғловчи аёл бетоқатликка тарғиб қилиб, сабрдан қайтарганлиги сабабли маломат ва азобга гирифтордир. Ҳолбуки, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам сабрга ва савоб умид қилишга буюриб, бетоқатлик ва ғазабланишдан қайтарган.
«Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир» (Бақара сураси, 153).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтганлар: «Аллоҳ таоло: «Мен сизлар билан биргаман, сизларга ёрдам бераман, ўз ҳолингизга ташлаб қўймайман», деяпти».
«Ва, албатта, сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта, Биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва, албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» (Бақара сураси, 155–157).
«Сизларни имтиҳон қиламиз» жумласининг маъноси «сизларга имтиҳон қилувчидек муомалада бўламиз», деганидир. Чунки Аллоҳ таоло барча ишларнинг оқибатини билади, оқибат – натижани билиш учун имтиҳон қилиб кўришга муҳтож эмас. Энди кимки сабр қилса, сабрига яраша савоб олади, сабр қилмаса, савобга эга бўлмайди.
«... хавфу хатар ва очлик билан», дегани душман хавфи ҳамда очарчилик ва қурғоқчилик билан, деганидир.
Молга зиён етиши, талофатга учраши, чорваларнинг ҳалок бўлиши молни камайтириш бўлса, ўлиш, қатл этилиш, касалга чалиниш ва кексайиш жонни камайтиришдир. Мева-чеваларни камайтириш эса мева-чеваю, экин-тикинларга офат етиши, ҳосилнинг камайиб кетиши билан бўлади.
Оят мусибатларга сабр қилган киши Аллоҳ таолонинг савобига мушарраф бўлиши ҳақидаги хушхабар билан хотималанган. Ушбу бахтиёр зотлар мазкур мусибатлардан биронтасига дучор бўлган вақтларида: «Албатта, биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва, албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз», дейишади. Яъни, биз Аллоҳнинг қулларимиз, бизнинг устимизда хоҳлагандек тасарруф қилади ва биз охир оқибат У зот ҳузурига, ҳукмига қайтамиз.
Саид ибн Мусаййабдан ривоят қилиндики, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Нақадар яхши икки башорат ва қандай ҳам яхши илова. «Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир» – бу икки башорат, «Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» – бу илова».
Саид ибн Жубайр айтганлар: «Дарҳақиқат, мусибат чоғида бу умматга илгариги пайғамбарларга берилмаган нарса – «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва, албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз» ибораси берилган. Мабодо пайғамбарларга берилганда эди, Ёъқуб алайҳиссаломга ҳам берилган бўларди. У зот ўғлини йўқотганда: «Эй бечора Юсуф-а», деган эдилар (Юсуф сураси, 84).
Уламолар айтишганки: «Баланд овозда қуюшқондан чиқиб йиғлаш ҳаромдир. Дод-вой солмасдан, қичқирмасдан йиғлаш ҳаром эмас».
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода розийаллоҳу анҳуни кўргани бордилар. Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳумлар ҳам у зот билан бирга эдилар. Расули акрам кўзларига ёш олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаганларини кўриб, улар ҳам йиғлашди. У зот: «Эшитмаяпсизларми? Аллоҳ кўз ёши ва қалб маҳзунлиги сабабли азобламайди. Лекин бу туфайли азоблайди ёки раҳм қилади», дедилар-да, тилларига ишора қилдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қизларининг ўғлини олиб келишди. Бола ўлим ҳолатида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш қуйилди. Саъд у зотдан: «Ё Расулуллоҳ, бу нимаси?» деб сўраган эди: «Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаб қўйган раҳматдир. Аллоҳ раҳмдил бандаларига раҳм қилади», дея жавоб бердилар (Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанди Иброҳимнинг олдига кирдилар. У зўрға нафас олар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш қуйилди. Абдураҳмон ибн Авф у зотдан: «Ё Расулуллоҳ, сиз ҳам йиғлайсизми?» деб сўраган эди, «Эй Ибн Авф, у раҳматдир», дедилар ва йиғлаган кўйи сўзлашда давом этдилар: «Кўз ёш тўкади, қалб ғамгин бўлади, биз фақат Парвардигоримиз рози бўладиган сўзни айтамиз, Эй Иброҳим, биз сендан жудо бўлаётганимиздан маҳзунмиз» (Бухорий ривояти).
«Маййит яқинларининг йиғиси сабабли азобланади», деган саҳиҳ ҳадиснинг зоҳири олинмайди, балки таъвил қилинади. Уламолар унинг таъвили хусусида турли фикрларни билдиришган. Уларнинг орасида асослироғи – маййитнинг ўзи йиғлашни васият қилган ёки бошқа бир сабаби бўлган бўлсагина азобланади.
Маййитнинг ўлишидан олдин ҳам, кейин ҳам йиғлаш жоиз. Қуйидаги саҳиҳ ҳадисга биноан эса олдин йиғлаган дурустроқ. «Агар бирон киши вафот этса, ҳеч ким йиғламасин».
Имом Шофеъий ва асҳоблари мазкур ҳадис кароҳатни ифодалайди, деб таъвил қилишган ва маййит ўлганидан кейин йиғлашни макруҳ деб билишган.

Таъзия хусусида

Амр ибн Ҳазм розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат куни улуғлик либосини кийгазади» (Ибн Можа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розийаллоҳу анҳодан: «Эй Фотима, уйингдан чиқишга сени нима мажбур қилди?» деб сўраган эдилар, қизлари: «Ё Расулуллоҳ, мана бу маййитнинг аҳли-яқинларига бориб, маййитга (Аллоҳнинг) раҳматини тиладим ва уларга таъзия изҳор қилдим», дея жавоб бердилар» (Абу Довуд ривояти).
Ривоятларда келишича, мусибатзадага таъзия билдирган киши мусибатзаданинг ажри миқдорича ажрга эга бўлади; эридан тул қолган хотинга таъзия билдирган кишига жаннат тўни кийдирилади.
Таъзия сабрга ундаш ва мусибатни енгиллатадиган, қайғуни аритадиган сўзлар билан тасалли беришдир. У амри маъруф ва наҳий мункарни ўз ичига олганлиги боис мустаҳаб бўлиб, «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2) ояти каримасини амалда тадбиқ қилишнинг бир кўринишидир.
Дафн маросимидан олдин ҳам, кейин ҳам таъзия билдириш мустаҳаб ҳисобланади.
Имом Шофеъий асҳоблари: «Маййит ўлган пайтдан дафн қилинганининг учинчи кунигача таъзия билдириш лозим», дейишган бўлса, бизнинг асҳобларимиз: «Уч кундан кейин таъзия билдириш макруҳ. Чунки таъзия мусибатзаданинг қалбини тинчлантирувчи восита бўлиб, одатда, уч кундан кейин қалб тинчланган бўлади. Унинг қайғусини янгилашнинг эса кераги йўқ», деганлар.
Абу Аббос айтганларки: «Уч кундан кейин ҳам таъзия билдирилса бўлаверади. Унинг вақти чекланмаган».
Нававий айтганлар: «Бу борадаги мухтор (танланган, мўътабар) гап шуки, уч кундан кейин таъзия билдирилмайди. Мабодо, таъзиячи ёки мусибатзода дафн вақтида йўқ бўлиб, уч кун ўтгандан сўнг келса, унда таъзия билдирилади».
Дафн қилингандан кейин таъзия билдириш маъқулроқ. Чунки маййитнинг яқинлари то дафн қилингунча, ўликни жиҳозлаш ишлари билан овора бўладилар. Шунингдек, дафн қилингандан сўнг уларнинг қайғулари кучаяди. Агар улар бетоқат, бесабр бўлсалар, уларни тинчлантириш учун дафндан олдин ҳам таъзия билдирса бўлаверади.
Маййитнинг яқинлари таъзия билдирувчиларни қабул қилиш учун бир уйда йиғилиб туришлари макруҳ. Бу ҳукм эркагу аёлларга бирдек тегишли. Улар ўз ишлари билан машғул бўлишлари керак.
Таъзия дуоси эса машҳурдир.
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидан бири у зотга ўзининг гўдаги ўлим ҳолатида эканини билдириб, одам юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хабарчига: «Бориб унга айт: «Албатта олган нарсаси Аллоҳ таолоникидир. Бергани ҳам Унинг Ўзиникидир. Ва ҳар бир нарса Унинг ҳузурида аниқ вақт – ўлчов биландир. Унга буюргинки, сабр қилиб умид этсин», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Имом Нававий айтадилар: «Ушбу ҳадис дин асослари (ақида) ва фуруъларидан (шаръий ҳукмлар) саналиб, ҳар хил мусибат, касаллик ва ғам-ташвишга мубтало бўлганда ўзини тутиш ва сабр қилишдан иборат жуда кўплаб муҳим масалаларни ўз ичига олган улкан Ислом қоидаларидан биридир. «Олган нарсаси Аллоҳникидир» жумласининг маъноси шуки, бутун олам Аллоҳ таолонинг мулкидир. Бинобарин, У зот сизларга тегишли нарсани олгани йўқ. Аксинча, сизларга омонат қўйган Ўзининг нарсасини олди холос. «Бергани ҳам Унинг Ўзиникидир», дегани, сизларга берган нарсаси Унинг тасарруфидан чиқди, дегани эмас. У барибир Аллоҳники бўлиб қолаверади, унинг устида хоҳлаган ишини қилади. «Ва ҳар бир нарса Унинг ҳузурида аниқ вақт – ўлчов биландир». Яъни, талвасага тушманглар, бесабрлик қилманглар. Зеро, ажали етган ҳар бир инсон ўлади. Белгиланган ажал – вақтни олдинга суриб ҳам, кечиктириб ҳам бўлмайди. Агар буларнинг барчасини билган бўлсангиз, у ҳолда ўзингизга етган мусибатга сабр қилинг ва савобга умид боғланг. Валлоҳу аълам».
Али розийаллоҳу анҳу Ашъас ибн Қайсга: «Агар сен иймон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда сабр этсанг, сабр этдинг. Бўлмаса сен ҳам, ҳайвон юпангандек юпаниб қоласан», дедилар.
Бир донишманд мусибатга учраган кишига мактуб ёзди: «Жудо бўлган нарсанг сендан кетиб бўлди. Энди унинг ўрнига берилган нарса – ажрдан ҳам маҳрум бўлиб қолмагин».
Бир зот айтган эканки: «Оқил киши мусибатнинг биринчи кунида жоҳил беш кундан кейин қиладиган ишларни қилади».
Маълумки, вақт ўтиши билан мусибатга учраган киши кўникиб, овуниб боради. Шунинг учун шариатда мусибатнинг илк зарбасига йўлиққан заҳоти сабр қилишга буюрилган.
Абдураҳмон ибн Маҳдий фарзанди ўлиб, қаттиқ талвасага тушиб қолди. Бу хабарни эшитган Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ у кишига қуйидагича мактуб ёздилар: «Эй биродар, бошқаларни юпатган сўзларингиз билан ўзингизни юпатинг, ўзгаларнинг хатти-ҳаракатларидаги номаъқул деб билган жиҳатларингизни ўз ишларингизда ҳам бемаъни деб ҳисобланг. Билиб олингки, энг аччиқ мусибат – шодликнинг йўқолиши ва ажрдан маҳрум бўлишдир. Агар бу иккисига гуноҳ ҳам келиб қўшилса, қандай бўлар экан?! Эй биродар, сиз талаб қилмасдан туриб, ажрнинг ўзи ёнингизга келган экан, уни қучоқ очиб кутиб олинг. Зеро, марҳумингиздан айрилиб бўлдингиз. Аллоҳ мусибатлар чоғи сизга сабр берсин, сабр туфайли сизга ҳам, бизга ҳам ажр берсин».
Сўнг қуйидаги шеърни битдилар. Маъноси:

Ҳаётга унчалик ишончим йўғ-у,
Лек суннат, деб қилдим, таъзия изҳор.
Маййитдан сўнг унинг яқинлари-ю
Таъзия айтган ҳам ўлимга дучор.

Бир киши ўғли ўлган биродарига таъзия билдириб хат ёзди:
«...Фарзанд, модомики ҳаёт экан, отаси учун ғам-ташвиш ва фитнадир. Агар отаси қариб қолса, у дуо ва раҳматдир. Унинг ғам-ташвиши-ю, фитнасидан айрилиб қолганингиздан кўп сиқилманг. Аллоҳ таоло унинг дуоси ва раҳматининг ўрнига берган нарсасидан (яъни ажрдан) маҳрум бўлиб қолманг».
Мусо ибн Маҳдий ўғли вафот этган Иброҳим ибн Саламага таъзия билдириб деди: «Бало ва фитнадан қутилганингизга хурсанд, дуо ва раҳматдан маҳрум бўлганингизга эса хафа бўлинг».
Бир куни бошқа кишига таъзия билдириб деди: «Охиратда ажр бериладиган киши дунёда шодлик ва қувонч бериладиган кишидан кўра яхшироқдир».
Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ўғлини дафн қилиб, сўнгра кулдилар. У кишидан: «Қабр тепасида ҳам куласизми?» деб сўрашган эди: «Шайтонинг бурнини ерга ишқалашни хоҳладим», дея жавоб бердилар.
Ибн Журайж розийаллоҳу анҳу дедилар: «Мусибат чоғида ажр ва савоб умидида тасалли топмаган кимса худди ҳайвонлар тинчлангандек тинчланади».
Ҳамид Аърождан нақл қилинади: Саид ибн Жубайр розийаллоҳу анҳу ўғлига қараб туриб: «Мен сендаги яхши хусусиятни биламан», дедилар. Ўша ердагилар: «У нима?» деб сўрашган эди, «У вафот этиб, савобини умид қилишим», дея жавоб бердилар.
Бир киши ўғлидан хафа бўлиб Ҳасан Басрийга шикоят қилди. Ҳасан розийаллоҳу анҳу у кишидан: «Ўғлингиз ғойиб бўлиб турадими?» деб сўраган эди, у: «Ҳа, кўпинча ғойиб бўлади», дея жавоб берди. У зот: «Ўғлингиз сиздан узоқда юраверсин. Зеро, у ғойиб бўлган сайин сизнинг ажрингиз зиёдалашаверади», дея маслаҳат бердилар. Ҳалиги киши: «Эй Абу Саид, ўғлимга нисбатан сақлаган кекимни тарқатиб юбораёздингиз», деб миннатдор бўлди.
Умар ибн Абдулазиз розийаллоҳу анҳу бемор ётган ўғлининг олдига кириб: «Эй ўғилгинам, ўзингни қандай ҳис қиляпсан?» деб сўраган эди, ўғли: «Ҳақ йўлда барқарорман», дея жавоб берди. У зот розийаллоҳу анҳу: «Эй ўғилгинам, мен учун менинг мезонимда бўлишинг, сенинг мезонингда бўлишимдан кўра суюклироқ», дедилар. Шунда ўғли: «Эй отажон, мен учун сиз яхши кўрган нарса бўлиши мен суйган нарса бўлишидан кўра суюмлироқ», деб жавоб берди.
Имом Шофеъий ҳазратлари ўғли вафот этганда, қуйидаги байтни ўқиган эканлар:
Дунё шундай экан, сабр қил,
Ё молдан жудолик, ё ҳабибингдан.
Урва ибн Зубайр розийаллоҳу анҳу Муҳаммад исмли, хушсурат ўғли билан Валид ибн Абдумаликнинг ҳузурига йўл олди. Валид олачипор кийимда, қўллари билан кийим боғичларини ўйнаётган болага қараб: «Қурайш йигитлари мана шундай бўлади», деб унга суқланди ва кўзи тегди. Ўғлон унинг олдидан беҳол бўлиб чиқди. Чорвалар боғланган жойда йиқилиб, поданинг тагида қолиб кетди. Бола ўлди.
Урванинг бир оёғи қорасон бўлиб, болдиридан кесиб ташланди. У анча қариб қолган эди. Шу кечаси у зорланиб дуо қилмади. Фақатгина: «Бу сафаримиздан насиб қилгани шу экан», деб қўйди холос ва қуйидаги мисраларни ўқиди:

Қасамки, шу енгил кафтларим мени
Шубҳали ишларга тортқилаган йўқ.
Гувоҳлик берсинлар оёқларим ҳам,
Зино-ю, фахшларга етаклаган йўқ.
Қулоғим-у кўзим, фикрим-у ақлим,
Маъсият ва гуноҳ бирла олишган.
Менга ва ўғлимга етган мусибат
Қанча йигитларнинг бошига тушган.

Сўнгра у зот розийаллоҳу анҳу муножот қилиб дедилар: «Эй Аллоҳим, мени синаган экансан, аслида саломат қилибсан. Олган экансан, яна қолдирибсан. Бир аъзони олиб кўп аъзолар қолдирдинг. Бир фарзандни олиб, кўп фарзандлар қолдирдинг».
Худди шу кечаси Валиднинг олдига Бани Абаслик кўр киши келди. Ундан қандай қилиб кўр бўлиб қолгани ҳақида сўраган эди, бошидан ўтганини сўзлаб берди:
«Дунёда ўзимдан кўра бадавлатроқ абаслик киши йўқ эди. Бир кечаси дарада тунаб қолдим. Тунда сел келиб, бутун аҳлим, бола-чақам, мол-ҳолимни оқизиб кетди. Фақат бир болам билан, бир туям қолди. Туя қайсарлик қилиб қочиб кетди. Унинг ортидан қувлай бошладим. Бир оз юрган эдим, боламнинг чинқиргани қулоғимга чалинди. Қайтиб келиб не кўз билан кўрайки, бир бўри жигарбандимни ғажиб ташлабди. Бўрини ўлдирдим. Кейин туяни ушлаш учун орқасидан борган эдим, қўққисдан юзимга тепди. Кўзим кўр бўлиб қолди. Шундай қилиб бутун аҳли оилам ва мол-мулкимдан айрилдим».
Шунда Валид: «Буни Урванинг олдига олиб боринглар. Токи у ер юзида ўзидан кўра қаттиқроқ мусибатга учраган киши ҳам борлигини билиб қўйсин», деб буюрди.
Усмон розийаллоҳу анҳуга ҳамла қилиб, жароҳат етказганларида, соқоллари қонга бўялган ҳолда шундай деган эдилар: «Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Сен барча айбу нуқсонлардан поксан. Мен золимлардан бўлиб қолдим. Эй Аллоҳим, уларга қарши Ўзингдан мадад тилайман, барча ишларимда ёрдамингга муҳтожман ва бу синовларингда Ўзинг мени сабрли қилгин».
Мадоиний айтадилар: «Мен саҳрода (саҳроий араблар масканида) бир аёлни учратиб қолдим. Унингдек гўзал ва ранги тиниқ аёлни сира кўрмаган эдим. Ундан: «Шодлик сабабли шу қадар гўзалмисан?» деб сўраган эдим, у: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, бундай эмас. Мен ғам ва қайғуга нишонман. Бошимдан ўтганини сенга сўзлаб бераман. Менинг эрим ва икки ўғлим бор эди. Отаси қурбонлик кунида бир қўйни қурбонликка сўйди. Болалар нарироқда ўйнаб юришган эди. Каттаси кичигидан: «Отам қўйни қандай қилиб сўйганини кўрсатайми?» деб сўраган эди, у: «Ҳа», деди. У билмай укасини сўйиб қўйди ва қонни кўриб қўрқиб тоққа қочиб кетди. У ерда бўрига ем бўлди. Отаси уни қидириб кетди ва адашиб, ташналикдан вафот этди. Шундай қилиб мен эрим ва икки фарзандимдан айрилдим», дея жавоб берди. Ундан: «Қандай қилиб сабр қиляпсан?» деб сўраган эдим, у: «Агар мусибат тўхтамасдан давом этса ҳам, мен сабр қилавераман. Жароҳатим битиб кетган», деди.

Фасл

Абу Ҳассон Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Менинг иккита ўғлим вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ўликларимиз хусусида қалбимизга ором бахш этадиган бирон ҳадис ривоят қилиб берасизми?» деб сўраган эдим, у зот: «Ҳа», дедилар. – Гўдаклар жаннатнинг ажралмас аҳлларидир. Улардан бири отасини (ёки ота-онасини) қарши олади-да, худди мана шу кийимингни четидан ушлаганимдек, унинг кийимидан (ёки қўлидан) тутади. Ҳаттоки, у Аллоҳ уни ва отасини жаннатга дохил қилмагунича тўхтамайди» (Муслим ривояти).
Муовия ибн Қурра ибн Иёс отасидан ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўғлини олиб келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни яхши кўрасанми?» деб сўраган эдилар, у: «Ҳа, ё Расулуллоҳ, уни яхши кўрганимдек, Аллоҳ сизни яхши кўрсин», деди. Бир қанча вақт ўтиб ўғлон кўринмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ўғли фалончига нима қилди?» деб сўраган эдилар: «Ё Расулуллоҳ, у вафот этди», дея жавоб беришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам отага: «Ўғлингни жаннатнинг қайси эшигига борсанг, ўша ерда сени кутиб турган ҳолида учратишни ёқтирмайсанми?» дедилар. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, (бу башорат) унинг ўзигагина тааллуқлими ёки барчамизгами?» деб сўраган эди, «Барчангизга тааллуқли», дея жавоб бердилар (Аҳмад ва Насоий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси жуфт (яъни, эр-хотин) мусулмоннинг учта фарзанди ўлса, Аллоҳ у иккисини айрича меҳрибонлик билан жаннатга киргазади». «Ё Расулуллоҳ, иккита бўлса-чи?» деб сўрашган эди, «Иккита бўлса ҳам» дедилар. «Битта бўлсачи?» дея сўрашган эди, «Битта бўлса ҳам» дедилар ва қўшиб қўйдиларки: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ҳаттоки чала туғилган бола ҳам онасини, агар у савоб умидида сабр қилар экан, киндик ичаги билан жаннатга тортади» (Аҳмад ва Табароний ривояти).
Вакиъ розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Иброҳим Ҳарбийнинг ўн бир яшар ўғли бор эди. У Қуръонни тўлиқ ёд олган, фиқҳ ва ҳадисдан кўп нарса ўрганган эди. Бир куни унинг вафот этганини эшитиб таъзия билдиргани келдим. Иброҳим Ҳарбий менга: «Ўзи шу ўғлимнинг вафот этишини истардим», деди. «Эй Абу Исҳоқ, ўзингиз дунё олимисиз-ку, яна гапираётган гапингизни қаранг. Ахир ўғлингиз Қуръонни ёд олган, фиқҳ ва ҳадисни ўрганган ажойиб ўғлон эди-ку!» дедим. «Тўғри, – деди у. – Бироқ мен бир куни туш кўрдим. Тушимда гўёки қиёмат қоим бўлибди. Бир тўда ёш болалар одамларни қарши олиб, қўлларидаги сув тўла кўзаларни уларга тутишарди. Кун ҳаддан ташқари иссиқ эди. Мен болалардан бирига: «Сувингдан бер», деган эдим, у менга қараб: «Сиз отам эмассиз-ку», деди. Ундан: «Сизлар кимсизлар?» деб сўраган эдим, у: «Бизлар исломда вафот этган гўдаклармиз. Ота-оналаримиз ортимиздан келишади. Биз уларни кутиб олиб, сув берамиз», дея жавоб берди. Шунинг учун ҳам ўғлимнинг вафот этишини орзу қилардим».

Ҳикоя

Молик ибн Динордан тавба қилишига нима сабаб бўлганини сўрашди. У жавобан шундай деди: «Илгари мен ўйин-кулги ва ичкиликка қаттиқ берилган эдим. Кўнгил хуши учун бир жория сотиб олдим. Маълум муддат ўтиб, қизчалик бўлдик. Мен қизимни жуда яхши кўрар эдим. У ўсиб-улғайиб эмаклайдиган, кейин юрадиган бўлди. Қачон мен ароқ ичмоқчи бўлсам, у қўлимдан тортиб ароқни тўкиб юборар эди. У икки ёшга етгач, вафот этди. Мен қайғуда қолдим... Шаъбон ойи эди. Бир куни ярим тунда ичиб маст бўлиб ётиб қолибман. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Қабримдан чиқиб келибман. Бундоқ қарасам, ёнимда катта аждар мени емоқчи бўлиб турибди. Ундан қўрқиб қочдим, у эса орқамдан қувлай бошлади. Ҳар қанча тез чопсам ҳам, ундан бутунлай қочиб кетолмас эдим. Қоча туриб йўлда оппоқ либосли мункиллаган чолни учратдим. Унга: «Эй отахон, мени анави аждардан қутқаринг. У мени емоқчи, ҳалок қилмоқчи», деб ялинган эдим, у: «Эй ўғлим, мен қариб, кучдан қолганман, у мендан қувватли, унга кучим етмайди. Сен қочиб, йўлингда давом этавер-чи, шояд Аллоҳ сени ундан халос этса», деди. Мен тезроқ чопа бошладим. Аждар ҳам изимдан қолмай келар эди. Югура-югура дўзах табақаларига келиб қолдим. Дўзах қизиб, қайнаб ётарди. Унга тушиб кетишимга бир баҳя қолди. Шунда кимдир: «Сен менинг аҳлимдан эмассан», деди. У ердан бурилиб яна қоча бошладим. Аждар ҳамон қувлаб келар эди. Қоча-қоча кўзни қамаштирадиган нурли тоққа яқинлашдим. Тоғда қасрлар бўлиб, уларнинг эшик ва пардалари кўзга ташланиб турар эди. Шу пайт кимдир: «Душмани етиб келиб ҳалок этмасдан туриб манави бечорани қутқаринглар!» деди. Эшиклар очилиб, пардалар кўтарилиб, у ердан юзлари ойдай болалар чиқиб келишди. Қизим ҳам улар билан бирга эди. Мени кўриб олдимга тушди. Ўнг қўли билан аждарни урган эди, у қочиб кетди. Кейин тиззамга ўтирди-да: «Эй отажон,

«Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръонга (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими?!» (Ҳадид сураси, 16) деди. «Эй қизим, сизлар ҳам Қуръонни биласизларми?» деб сўрасам, «Ҳа, сизлардан кўра яхшироқ биламиз», деди. «Бу ерда нима қиласизлар?» «Биз мусулмонларнинг вафот этган ёш болаларимиз. Қиёмат кунигача шу ерда сизларни кутиб яшаймиз». «Эй қизим, мени қувлаб, ҳалок этмоқчи бўлган аждар нима эди?» «Эй отажон, у сизнинг ёмон амалларингиз. Уни кучайтириб – кўпайтириб юбордингиз. Шунинг учун сизни ҳалок қилмоқчи бўлди». «Ҳалиги мункиллаган чол киши ким эди?» «У сизнинг яхши амалингиз. Уни заифлаштириб – камайтириб қўйдингиз. Шу боис ёмон амалингизга унинг кучи етмади. Аллоҳга тавба қилинг. Ҳалокатга учрагувчилардан бўлманг». Шундай деб у юқорига кўтарилиб кетди. Мен чўчиб уйғондим ва дарҳол Аллоҳга тавба қилдим».
Эй биродар, хоҳ ўғилдир, хоҳ қиздир ёшлигида вафот этган фарзанднинг баракасини кўриб қўйинг. Агар ота-она савоб умидида сабр қилар ва «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз», дейишар экан, улар учун Аллоҳ ваъда қилган яна бошқа кўплаб манфаатлар ҳосил бўлади.

Фасл

Собит Жумаҳийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар биронтангизга мусибат етса, мендан (жудо бўлгандаги) мусибатини эсласин. Зеро, бу энг катта мусибатдир».
Оиша (розийаллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга етган ҳар бир мусибат, ҳаттоки (баданига) санчилган тикон сабабли ҳам, Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради» (Муслим ривояти).
«Бирор кишига сабрдан кўра яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган» (Муттафақун алайҳ).
Умму Салама (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бирор бандага мусибат етса ва у: «Албатта, биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчилармиз. Эй Аллоҳим, мусибатим сабабли менга ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин», деса, Аллоҳ унга мусибати сабабли ажр ато қилади. Ва унинг ўрнига яхшироғини беради», деганларини эшитган эдим. Эрим Абу Салама вафот этгач, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳиблари ичида Абу Саламадан кўра яхшироқ ким ҳам бор», дедим. Кейинроқ Аллоҳ дилимга солиб, журъат пайдо бўлди ва шу дуони ўқидим. Бир оз ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўз никоҳларига олдилар» (Муслим ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр тепасида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтатуриб: «Аллоҳдан қўрққин, сабр қилгин», дедилар. Аёл у зотни танимай: «Йўлингдан қолма, ўзингнинг бошингга тушмаган-да», деди. Аёлга, бу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўладилар, дейишди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшигига келди. У ерда эшикоғаларни кўрмади. «Узр, сизни танимапман», деган эди: «Илк зарба чоғидаги сабр сабрдир», дедилар Набий» (Муттафақун алайҳ).
Яъни, мусибатнинг дастлабки лаҳзаларидаги сабр гўзал сабрдир. Кейинроқ эса ҳамма ўз-ўзидан юпаниб қолади.
Анас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Абу Талҳанинг Умма Сулаймдан кўрган ўғли вафот этди. Умму Сулайм яқинларига: «То ўзим айтмагунимча, Абу Талҳага ўғли ҳақида ҳеч нарса деманглар», деди. Абу Талҳа келгач, кечки овқатни келтирди. У овқатланди. Сўнг Умму Сулайм унга одатдагидан яхшироқ муносабатда бўлди. Улар бирга бўлишди. Абу Талҳани тўйдириб, шаҳватини қондирганидан сўнг аёли сўради: «Эй Абу Талҳа, нима деб ўйлайсиз, агар бир киши бошқа бировга омонатга бирон нарса берса, сўнг уни талаб қилса, омонатни эгасига қайтариб бермасликка ҳаққи борми?» «Йўқ». «Ундай бўлса, ўғлингиз учун сабр этиб, савоб умид қилинг». «Булғанганимдан кейин бу хабарни айтяпсанми?» деди ғазабланиб Абу Талҳа. Сўнг бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани сўзлар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизларга шу кечангизни баракотли этсин», дея дуо қилдилар (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталаридан: «Бандам фарзандини олдиларингми?» деб сўрайди. Улар «Ҳа», дейишади. «Қалб мевасини олдиларингми?» деб сўрайди. Улар: «Ҳа», дейишади. «Бандам нима деди?» деб сўрайди. Улар: «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандамга жаннатда бир бино қуринглар ва уни «ҳамд уйи» деб номланглар», дейди» (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Дунёда яхши кўрган одамининг жонини олсаму, ундан савоб умид қилган мўмин бандам учун ҳузуримда жаннатдан бўлак мукофот йўқ» (Бухорий ривояти).
Ривоят қилинади: «Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиш Одам фарзанди учун саодатдир. Аллоҳнинг ҳукмидан норози бўлиш Одам фарзанди учун бадбахтликдир» (Термизий ривояти).
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ўлим фариштаси алайҳиссалом мўминнинг жонини олгач, эшик олдида туради. Уйдагилар эса шовқин солади: айримлари юзини юлади, баъзилари сочини тўзғитади, яна бирлари ўзига ўлим тилайди. Шунда ўлим фариштаси айтади: «Нега бунча шовқин, недан бунча бетоқатлик?! Аллоҳга қасамки, биронтангизнинг умрингизни қисқартирганим йўқ, биронтангизнинг ризқингизни олиб қўйганим ҳам, биронтангизга қилча зулм қилганим ҳам йўқ. Агар мендан шикоят қилиб, норози бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, мен фақат маъмурман (яъни, менга шу иш буюрилган). Борди-ю, маййитингиздан норози бўлсангиз, у мажбур – ихтиёрсиз. Мабодо Парвардигорингиздан норози бўлсангиз, унда сизлар кофирсизлар. Мен сизларга қайта-қайта келавераман, ҳаттоки биронтангиз тирик қолмайсиз».
Шурайҳ розийаллоҳу анҳу айтган эканларки: «Менга бир мусибат етса, Аллоҳга тўрт марта ҳамд айтаман: бундан-да каттароқ мусибат бермагани учун, унга яраша сабр бергани учун, савоб умидида истиржоъ айтишга муваффақ қилгани учун ва ниҳоят мусибатни динимга тааллуқли қилмагани учун».
Хуллас калом, мусибат етган одам ўзига ўлим, вайл тилаб дуо қилса, ёки юзига урса, ёки ёқасини йиртса, ёки сочини юлса ёхуд тўзғитиб, кесиб юборса, у эркакми, аёлми, Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлади.
Мусибат етганда сонга уриш ҳам ажрни кетказиши, шунингдек, мусибатга учраган одам кийимини йиртса, ёки юзига шапатиласа, ёки ёқасини йиртса ва ё сочини юлса, у гўё найза олиб Рабби билан жанг қилмоқчи бўлгандай кўриниши ҳам ривоят қилинган.

Ҳикоя

Солиҳ Муррий ҳикоя қилади: «Жума тунларидан бирида қабристонда тунаб қолдим. Туш кўрдим: қабрлар ёрилиб, ўликлар чиқиб келди ва ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиришди. Сўнг уларга тепадан оғзи ёпиқ товоқлар тушди. Улар орасида бир йигит бўлиб, унга турли қийноқлар билан азоб бериларди. Унга яқинлашиб: «Эй йигит, бу қавм орасида нега фақат сен азобланяпсан?» деб сўрадим. «Эй Солиҳ, Аллоҳ ҳаққи сенга тайинлайдиган ишларимни бажар, омонатни адо эт, аҳволимга раҳминг келсин. Шояд Аллоҳ азза ва жалла сен туфайли мени бу азоблардан халос этса. Мен вафот этганимдан буён онам йиғловчи, гўянда айтиб йиғловчи  аёлларни тўплаб, улар жўрлигида кунига дод-вой солмоқда. Шу сабабли мен азобдаман. Онамнинг ёмон, бемаъни гап-сўзи, азаси боис олдим-у ортим, ўнг-у сўлимда олов. Аллоҳ уларга менинг номимдан яхши мукофотлар бермасин», деб йиғлади у. Унинг йиғисини кўриб мен ҳам кўз ёшларимни тийиб туролмадим. «Эй Солиҳ, Аллоҳ ҳақи, онамнинг олдига боргин. Улар фалон жойда турадилар», деб манзилни тушунтирди ва давом этиб деди: «Уларга менинг номимдан айтгинки, эй она, нега фарзандингизга азоб берасиз. Мени нақадар ёмон тарбияладингиз, қанчалар хунук сақладингиз, ўлганимдан сўнг эса азобга ташладингиз. Эй она, аҳволимни бир кўрсангиз эди: бўйнимда кишан, оёғимда тахтакач, азоб фаришталари бақириб, уриб азоб беришмоқда. Авҳолимни бир кўрсангиз эди, менга раҳмингиз келарди. Агар ҳозирги азадорлигу, дод-войларингизни бас қилмас экансиз, у ҳолда осмонлар ёриладиган, барча халойиқ ҳисоб-китобга рўбарў бўладиган куни иккимиз орамизда Аллоҳ ҳакам бўлур!»
Чўчиб уйғондим ва кўрган тушимдан таъсирланиб тонгача ухлай олмадим. Тонг отгач, шаҳарга кирдим. Менинг бирдан-бир мақсадим йигитнинг уйини топиш эди. Сўраб суриштириб уйни топиб бордим. Дарвоза қорага бўялган, ҳовлидан гўяндалару азадорларнинг йиғиси эшитилиб турарди. Дарвозани қоққан эдим, бир кампир чиқиб: «Сизга ким керак?» деб сўради. «Ўлган йигитнинг онаси керак эди», дедим. «Унда нима юмушингиз бор, у ўз қайғуси билан машғул?» деди у. «Уни менга чақириб беринг, ўғлидан унга хабар олиб келдим», дедим. Кампир ҳовлига кириб кетди. Бир оздан кейин қоп-қора кийим кийган, йиғлайвергани ва шапатилайвергани сабабли юзи ҳам қорайиб кетган бир аёл чиқди. «Сиз кимсиз?» сўради у. «Мен Солиҳ Миррийман. Кеча кечқурун қабристонда шундай-шундай воқеалар рўй берди. Ўғлингизни кўрдим. У азобда қолган», деб тушимда кўрганларимни айтиб бердим. Аёл гапимни эшитгач, ерга йиқилиб ҳушидан кетди. Ўзига келгач: «Эй ўғлим, мени кечир. Агар бу аҳволда эканингни билганимда эди, бу ишларни қилмас эдим. Мен қилган ишларимдан Аллоҳ таолога тавба қилдим», дея қаттиқ йиғлади. Сўнг ичкарига кириб гўяндаларни тарқатиб юборди ва бошқа кийим кийди. Бир ҳамён дирҳам узатиб: «Эй Солиҳ, буни ўғлим номидан эҳсон қил», деди. Дуо қилиб пулларни олдим ва ўғли номидан садақа қилдим. Кейинги жума тунида, одатдагидек қабристонга бориб тунадим. Тушимда маййитларни кўрдим. Улар қабрларидан чиқиб ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирдилар. Уларга товоқлар тушди. Ҳалиги йигит шод-хуррам, хушчақчақ эди. Унга ҳам товоқ келди. Мени кўриб олдимга келди ва: «Эй Солиҳ, Аллоҳ сени мукофотласин. Онам қилаётган номаъқул ишларини тарк этгани учун Аллоҳ азобни енгиллатди. Менинг номимдан қилган садақанг ҳам етиб келди», деди. «Булар қанақа товоқлар?» деб сўраган эдим «Булар тирикларнинг ўликларга хайр-эҳсон, хатми Қуръон ва дуолардан иборат ҳадяларидир. Ҳар жума кечаси уларга олиб келишади-да, бу сенга фалончининг ҳадяси дейишади. Энди онамнинг олдига қайтиб борганингда, уларга саломимни ва ушбу гапларимни етказ. Онажон, Аллоҳ сизни мукофотласин, менинг номимдан қилган садақангиз етиб келди. Сиз менга яқинсиз, тайёргарлигингизни кўринг», деди. Кейин уйғониб кетдим. Бир неча кун ўтгач, аёлнинг уйига бордим. Эшик олдида тобут турган эди. Ким қазо қилди, деб сўраган эдим, йигитнинг онаси, дейишди. Унга жаноза ўқиб, ўғлининг ёнига дафн қилдик. Унинг ҳақига дуо қилиб, ўз йўлимга равона бўлдим».
Аллоҳ таоло бизни мусулмон ҳолимизда вафот этдиришини, солиҳлар сафига қўшишини ва дўзахдан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, раҳмли ва меҳрибон зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase