close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Лаънат айтиш

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир» (Муттафақун алайҳ).
Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Лаънатловчилар қиёмат кунида шафоатчи ҳам, гувоҳ ҳам бўлмайдилар» (Муслим ривояти).
Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: «Сиддиқ киши лаънатловчи бўлиши дуруст эмас», дейилган.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).
Абу Дардо розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар банда бирон нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Бироқ осмон эшиклари унинг қаршисида ёпилади. Сўнг ерга қайтади. Бироқ унинг қаршисида ер эшиклари ҳам ёпилади. Кейин ўнгга-сўлга юради. Агар бирон имкон (қўнимгоҳ) топмаса, мабодо лаънатланган киши муносиб бўлса, унга қайтади. Муносиб бўлмаса, айтган одамга қайтади» (Абу Довуд ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини лаънатлаган аёлни туясидан маҳрум қилиш билан жазолаганлар.
Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бир вақт ансорий аёллардан бири аччиқланиб, миниб келаётган туясини лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитдилар-да: «Устидаги нарсаларни олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Зеро, у малъун-лаънатлангандир», дедилар. Ўша туя одамлар орасида юргани-ю, унга ҳеч ким тегмаганини мен ҳозир ҳам кўриб тургандекман» (Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Киши биродарининг ор-номусига тажовуз қилиши энг катта судхўрликдир» (Баззор ривояти).
Амр ибн Қайс айтган эканлар: «Агар киши уловига минса, улови: «Эй Аллоҳим, уни менга меҳрибон ҳамроҳ қилгин», дейди. Агар уни лаънатласа: «Аллоҳ ва расулига осий бўлганларимизга Аллоҳ азза ва жалланинг лаънати бўлсин», дейди.

Фасл

Муайян, маълум бир шахсни номламай, гуноҳкорларни лаънатлаш жоизлиги хусусида
Аллоҳ таоло айтади:«Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур» (Ҳуд сураси, 18).

«Сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънат қилишини сўрайлик» (Оли Имрон сураси, 61).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, едирувчини, котибини ва гувоҳларини лаънатлаганлар» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳалол қилувчини ҳам, ҳалоллатувчини ҳам лаънатлади», дедилар (Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч уловчи ва улатувчи, баданига нақш солувчи ва солдирувчи аёлларни лаънатлаганлар (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Бирон бир дардсиз-узрсиз соч уловчи ва улатувчи, қош терувчи ва тердирувчи, баданига нақш солувчи ва солдирувчи аёллар лаънатланган», деганлар (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзини юлувчи, ёқасини йиртувчи ва ўзига ўлим тиловчи аёлларни лаънатлаганлар (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отасини сўккан кимса малъундир. Онасини сўккан кимса малъундир. Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кимса малъундир. Ер чегараларини ўзгартирган кимса малъундир. Ҳайвонга яқинлик қилган кимса малъундир. Лут қавми амалини қилган кимса ҳам малъундир», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Набий айтганлар: «Ота-онасига оқ бўлган кимсани Аллоҳ лаънатлади» (Табароний, Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинининг орқасига яқинлик қилган кимса малъундир», дедилар (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дод солиб йиғловчи ва уни тингловчи аёлни лаънатлаганлар (Абу Довуд ривояти).
Ўғри ҳам лаънатлангандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ўғрини лаънатлагандир: у битта тухумни ўғирлайди-да, қўли кесилади, арқон ўғирлайди-да, қўли кесилади», деганлар.
Оиша розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларимни сўкманглар. Саҳобаларимни сўккан кимсани Аллоҳ лаънатласин», дедилар» (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қиладиган эркакларни ва эркакларга ўзларини ўхшатадиган аёлларни ҳамда саҳрога ёлғиз сафар қилган кишини лаънатлаганлар» (Аҳмад ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва ўзларини эркакларга ўхшатадиган аёлларни лаънатлаганлар» (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар кийимини киядиган эркакни ва эркаклар кийимини киядиган аёлни лаънатлаганлар» (Абу Довуд ривояти).
Ҳузайфа ибн Усайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларга йўлларида озор берадиган кимсага уларнинг лаънати вожиб бўлади», деганлар (Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки биродарига темир парчаси билан ишора қилса, то (бу ҳаракатидан) тўхтамагунича, фаришталар унга лаънат айтиб туришади. Гарчи у ота бир ёки она бир акаси бўлса ҳам», деганлар (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Рибо еювчи ва едирувчи (агар унинг рибо эканини билишса), гувоҳлари, баданига нақш солувчи ва солдирувчи аёллар, закотини бермайдиган кимса, ҳижратдан кейин аъробийликка қайтган кимсалар қиёмат куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тилида лаънатланурлар» (Ибн Ҳузайма ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонлар ҳимояси бир хил бўлиб, уларнинг энг оддийи ҳам бунга ҳаракат қила олади. Кимки бир мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўйса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлур. Қиёмат кунида Аллоҳ ундан на фарз, на нафл ибодатларини қабул қилур. Ва яна кимки отасидан бошқа кимсани «отам» деб иддао қилса ёки хўжайинидан бошқа кимсага ўзини мансуб деб билса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлур, қиёмат кунида Аллоҳ ундан на фарз, на нафл ибодатларини қабул қилур» (Бухорий, Муслим ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға босилган эшак ёнидан ўтатуриб: «Унинг юзига тамға босган кимсани Аллоҳ лаънатласин», дедилар» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзга тамға босадиган кимсани лаънатлаганлар (Табароний ривояти).
Эрининг тўшагини тарк этган ҳолда тунайдиган аёл қайтмагунича лаънатланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эр хотинини тўшагига чорлаган вақтда (хотини) келмаса ва эри ундан норози бўлиб тунаса, то тонг отгунча фаришталар у аёлни лаънатлайдилар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аёл уйидан чиқса-ю, эри норози бўлса, то уйига қайтгунича, осмондаги барча фаришталар ва инсу жиндан ташқари у ёнидан ўтган ҳар бир нарса унга лаънат айтиб туради» (Табароний ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтган Бани Исроил қавмида бирон киши хато иш қилса, бошқа бири уни койиб, бу ишдан қайтарарди. Эртасига эса, кечагина унинг хато қилганини кўрмагандай, у билан бирга ўтирар, еб-ичар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ишини кўргач, айримларининг қалбларини айримлари туфайли муҳрлади ҳамда уларни Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлади. Улар осийлик қилганлари ва ҳадларидан ошганлари сабабли шу балоларга дучор бўлдилар. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар, хатокорнинг қўлидан тутиб, ҳаққа, албатта, йўллайсизлар. Бўлмаса, Аллоҳ, албатта, айримларингиз қалбларини айримларингиз туфайли муҳрлайди ва уларни лаънатлагандек, сизларни ҳам лаънатлайди» (Табароний ривояти).
Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча қурайшлик ўтирган уйга кирдилар-да, эшикнинг икки кесакисидан тутиб туриб: «Уйда фақат қурайшликлар борми?» деб сўрадилар. Улар: «Йўқ, синглимизнинг ўғли ҳам бор», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қавм синглисининг ўғли ҳам улардандир», дедилар ва давом этдилар: «Албатта, бу иш раҳм-шафқат сўрашганда раҳм-шафқат кўрсатар, ҳукмда адолат қилар ва тақсимотда тўғри, ҳалол тақсимлар экан, Қурайш қўлида бўлади. Кимки буни қилмас экан, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлур» (Табароний ривояти).
Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади: Зубайр розийаллоҳу анҳу бир ўғрини учратиб қолди ва уни шафоатига олди. Ундан: «Имомга (бошлиққа) олиб боргунча шафоатингизга олдингизми?» деб сўрашган эди, у зот: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, (имомга) етган вақтда шафоат қилувчини ҳам, шафоат қилдирувчини ҳам Аллоҳ лаънатлайди», дея жавоб бердилар (Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ҳукм борасида пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаганлар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Мазкур ҳадиси шарифнинг яна бир ривоятида: «Улар орасини келиштирувчи – даллолни ҳам лаънатлаганлар», дейилган.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл ва қизи орасини жамлаган (яъни, иккаласини ҳам никоҳига олган) кимса малъундир», дедилар (Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Олдимга Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ хамрни, унинг сиқувчисини, сиқдирувчисини, ичувчисини, кўтариб келувчисини, кўтариб келтирувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, қуювчиси ва қуйдирувчисини лаънатлагандир», деди» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Абу Жуҳайфа розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ит даромади ва қон даромадидан қайтардилар. Баданига нақш солувчи ва нақш солинган аёллардан ҳамда фоиз еювчи ва едирувчи кимсалардан қайтардилар ҳамда мусаввирларни лаънатладилар» (Бухорий ривояти).
Илмни яширган кимса ҳам малъундир.

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ пайғамбар экани ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар» (Бақара сураси, 159).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қиладиган эркакларни ва эркакларга тақлид қиладиган аёлларни, «турмуш қурмай ўтаман», дейдиган зоҳид эркакларни ва шундай зоҳид аёлларни ҳамда ёлғиз мусофирни лаънатладилар. Бу (яъни, ёлғиз мусофирни лаънатлаганлари) саҳобаларга ёқмади. Бу уларнинг юзларидан билиниб турарди. Расулуллоҳ кейин: «Ўлғиз ўзи ухловчи ҳам (малъундир)», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Фасл

Гуноҳлардан сақланган мусулмонни лаънатлаш ҳаромлигига мусулмонлар «ижмоъ» қилишган. Бироқ қораланган сифат эгаларини лаънатлаш жоиз. Масалан, «Аллоҳ золимларни лаънатласин», «Аллоҳ кофирларни лаънатласин», «Аллоҳ насоро-ю яҳудларни лаънатласин», дейиш мумкин.
Ўғри, золим, зинокор, судхўр ёки яҳудий бўлган муайян бир инсонни лаънатлаш, ҳадислар зоҳирига биноан ҳаром эмас. Имом Fаззолий раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари эса бунинг ҳаромлигига ишора қилганлар ва Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Фиръавн, Ҳомон каби кофир ҳолида ўлгани маълум кимсаларнигина лаънатлаш жоиз деб билганлар. «Чунки лаънатлаш – Аллоҳ раҳматидан четланиш деганидир. Биз фосиқ ёки кофирнинг хотимаси қандай бўлишини эса билмаймиз, дейдилар.
Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган муайян кимсаларни лаънатлаш жоиз. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг кофир ҳолида ўлишларини аниқ билганлар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган Раъл, Заквон ва Усайя (ёки Асийя) қабилаларини лаънатлагин», деганлар (Муслим ривояти).
Бирор кишини дуоибад қилиш ҳам қарийиб лаънатлаш билан баробардир. Ҳаттоки, золимни «Аллоҳ жисмини соғ қилмасин» «Аллоҳ саломат қилмасин» каби сўзлар билан дуоибад қилиш дуруст эмас. Буларнинг барчаси қоралангандир.
Шунингдек, жонли-ю жонсиз барча мавжудотни лаънатлаш ҳам ножоиз.
Айрим уламолар айтганларки: «Кимда-ким лаънатга муносиб бўлмаган кишини лаънатласа, дарҳол сўзини қайтариб олсин...»

Фасл

Амри маъруф-наҳий мункар қилувчи ва ҳар бир насиҳатгўй қаршисидаги кишига: «Ҳолингга вой бўлсин» «Эй ҳоли заиф», «Эй лоқайд», «Эй ўзига золим» каби сўзларни айтса жоиз. Бунда фақат ёлғонга ўтиб кетмаслиги ва рост бўлса-да, қўпол, беҳаё сўз сўзламаслиги даркор. Одоб бериш, ёмон хулқлардан қайтариш ва сўз таъсирчан бўлиши учун юқорида зикр қилинган жумлаларни сўзлаш мумкин, холос. Валлоҳу аълам.
Эй Аллоҳим, қалбларимизни ўзингдан бошқага боғланиб қолишдан покла, бизни Ўзинг яхши кўрган ва Ўзингни яхши кўрган қавмдан қил. Бизни, ота-онамизни ва барча мусулмонларни мағфират айла.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase