Қимор ўйнаш
- Якшанба, Авг 07 2022
- 116 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида сураси, 90).
Яъни, бу ишларнинг барчаси, гарчи шайтон уларни чиройли қилиб кўрсатса-да, нопок, ҳаром ишлардир. Улуғ савобларга эришишингиз учун бу ифлосликлардан узоқ бўлинглар.
«Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида сураси, 91).
Оят охиридаги жумла буйруқ маъносидаги сўроқ бўлиб «тўхтанглар», деган маънони ифодалайди. Шунинг учун Умар розийаллоҳу анҳу: «Эй Парвардигор, тўхтадик», деган эдилар.
Абу Ҳайён айтадилар: «Аллоҳ таоло хамр ва қимордаги икки фасодни зикр қилди: бири – дунёвий, иккинчиси – диний».
Дунёвий фасоди: хамр кўнгилсизлик ва гина-кудрат келтириб чиқаради ҳамда ёр-биродарлар орасига раҳна солади. Қимор ўйнайдиган кимса эса бориб-бориб ҳеч вақоси қолмайди ва охири хотини ва болаларини ҳам қиморга тикиб юборади.
Диний фасоди: Хамр ичган одам сархуш бўлиб, эс-ҳушини йўқотади ва Аллоҳни зикр қилишдан чалғийди. Қимор ўйнайдиган кимса эса, ютса ҳам, ютқазса ҳам Аллоҳни зикр қилишдан чалғийди.
Қимор одамларнинг ҳақларини ботил-ноҳақ йўл билан ейиш ҳисобланиб, Аллоҳ ундан қайтаргандир:
«Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!)» (Бақара сураси, 188).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ тажовуз қиладилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур», деганлар (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бир биродарига: «Кел, қимор ўйнаймиз» деса, дарҳол садақа қилсин», дедилар (Бухорий ривояти).
Агар «қимор ўйнаймиз» деган сўзнинг ўзи учун каффорат тўлаш ёки садақа қилиш вожиб бўлса, қимор ўйнашнинг ҳукми қандай бўлар экан?!
Фасл
Уламолар, гарчи ўртага ҳеч нарса тикмасалар-да, нарда ўйнаш ҳаромлигига иттифоқ қилганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда-ким нарда ўйнаса, у гўёки қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига ботиргандек бўлибди», деганлар (Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки нарда ўйнаса, батаҳқиқ, у Аллоҳ ва расулига осийлик қилибди», дедилар (Молик, Ҳоким ва бошқалар ривояти).