close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Зулм

Зулм бир неча турли бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, етим молини ейиш, бандаларни ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва ҳоказо.
«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил» деб ўйламанг!»
Яъни, Аллоҳ золимларнинг қилмишларини унутиб юборади, деб ўйламанг. Зеро, Аллоҳнинг суннати (одати) ўзи шундай – осийларни озгина муддат ўз ҳолига қўйиб қўяди-да, сўнг иззати ва қудратига хос тарзда тутади-жазолайди.
«Фақат Аллоҳ улар(нинг жазолари)ни кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос».
Яъни, уларни жазолашни даҳшати ва шиддатидан кўзлар очилган кўйи қимирламай қоладиган қиёмат кунига кечиктирмоқда.
«(У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. (Эй Муҳаммад), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар кунда (қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз» дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми? Ҳолбуки, сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ мълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, ҳақ йўлга юрмадингизлар)» (Иброҳим сураси, 42-45).
«Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир» (Шўро сураси, 42).
«Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар» (Шуаро сураси, 227).
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур. Зиқналикдан сақланинглар. Зеро, зиқналик сизлардан олдингиларни ҳалок этди – уларни ўзаро қонларини тўкишга ва ҳаром ишларни ҳалол қилишга олиб келди» (Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» (Муслим, Термизий, Ибн Можа ривояти).
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ золимга узоқ умр беради. Уни ушлаган вақтда эса, қутула олмайди», дедилар ва Ҳуд сурасининг 102-оятини ўқидилар:
«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир» (Муттафақун алайҳ).
Хавла бинти Омир Ансория розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Айрим кишилар Аллоҳнинг молига тажовуз қиладилар. Қиёмат куни уларга дўзах бўлур», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розийаллоҳу анҳуни Йаманга юбораётганларида: «Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл, зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсиқ йўқдир», деган эдилар» (Муттафақун алайҳ).    
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки бир биродарининг номуси ёки бошқа нарсасига зулм қилган бўлса, динору дирҳам бўлмайдиган (кундан) илгари қутулиб олсин. Акс ҳолда, унинг яхши амалларидан зулмига ярашаси мазлумга олиб берилади. Борди-ю, яхшиликлари бўлмаса, мазлумнинг ёмонликларидан олиниб, унга юкланади» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис (ўта мискин, ночор) кимлигини биласизларми?» деб сўраган эдилар, саҳобалар: «Бизнинг наздимизда чақаси ҳам, матоси ҳам йўқ киши муфлисдир», дея жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг умматимдаги муфлис шундай кишики, у қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Келади, бироқ кимнидир ҳақорат қилган, бошқасини бадном этган, бунисининг молини еган, бошқасининг қонини тўккан, яна бировни урган бўлади. Кейин унинг яхшиликларидан уларга олиб берилади. Мабодо бўйнидаги нарсалар битмай туриб, яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб унга юкланади. Сўнг дўзахга улоқтирилади» (Муслим ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким қарич ер устида зулм қилса (ўзиники қилиб олса), ўша ернинг етти қавати унинг бўйнига осиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Минода хитоб қилиб: «Огоҳ бўлингларки, Аллоҳ сизларга қонларингизни ва молларингизни ушбу кунингиз ва ушбу ойингиз ҳурмати каби ҳаром (ҳурматли) қилди. Етказдимми?» дедилар. Улар: «Ҳа», дейишгач, уч маротаба: «Эй Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл», дедилар» (Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Унайс розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қиёмат куни бандаларни (ёки инсонларни) ялонғоч, хатна қилинмаган ва йўқсил ҳолда тирилтиради», дедилар. Биз: «Йўқсиллик нима?» деб сўраган эдик, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларнинг ҳеч нарсаси бўлмайди. Сўнг уларга узоқдаги кимса ҳам яқиндаги кимса каби эшитадиган овозда: «Мен ҳакамман, мен подшоҳман. Биронта дўзахийнинг биронта жаннатийда ҳаққи бўлса, то унга қасосини олиб бергунимча дўзахга тушиши жоиз эмас. Ва биронта жаннатийнинг биронта дўзахийда ҳаққи бўлса, ҳаттоки бир тарсаки бўлса-да, унга ҳам қасосини олиб бермагунимча жаннатга кириши жоиз эмас», деб нидо қилади», дедилар (Аҳмад ривояти).
Ҳузайма ибн Собит розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар. Зеро, у булутда кўтарилади. Аллоҳ: «Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи озгинадан кейин бўлса-да, сенга, албатта, ёрдам бераман», дейди» (Табароний ривояти).
Жобир айтадилар: «Денгиз муҳожирлари қайтиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳабаш ерида кўрган нарсаларингиздан ажойибини гапириб бермайсизларми?» дедилар. Бир йигит: «Айтиб берамиз, ё Расулуллоҳ» деб, сўз бошлади: «Бир жойда ўтирган эдик. Ёнимиздан бошида бир кўза сув кўтарган роҳиба кампир ўтди. У ерлик бир йигит турган эди. У бир қўлини кампирнинг кураклари орасига қўйиб итариб юборди. Кампир чўккалаб қолди, кўзаси синди. Ўрнидан туриб унга қаради-да: «Яқинда биласан, эй золим! Аллоҳ курсини қўйиб, аввалгилару охиргиларни тўплайдиган, қўл ва оёқлар қилиб ўтган ишларини сўзлайдиган кунда Унинг ҳузурида сен билан менинг ҳолим қандай бўлишини билиб оласан!» деди». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рост айтибди, рост айтибди. Кучлилардан заифларининг ҳаққи олиб берилмайдиган умматни Аллоҳ қандай қилиб азиз қилсин», дедилар» (Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилишларича, беш тоифа одамдан Аллоҳ ғазабланади. Хоҳласа, Унинг азоби шу дунёнинг ўзида берилади. Хоҳласа, охиратда уларни дўзахга ҳукм қилади. Улар: бир қавмнинг бошлиғики, райиятидан ўз ҳаққини тўла-тўкис олади, ўзи эса уларга инсоф қилмайди, уларни золимлардан ҳимоя қилмайди; бир қавмнинг етакчисики, одамлар унга итоат этишади, у эса кучли билан кучсизни тенг кўрмайди ва ҳавои нафсидан гапиради; бир кишики, аҳлини ва болаларини Аллоҳга итоат этишга буюрмайди, уларга диний ишларни ўргатмайди; бир кишики, мардикор ёллаб ишини қилдиради-да, ҳақини тўлиқ бермайди; бир кишики, хотинига маҳри борасида зулм қилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Тувалоқ қуш золимнинг зулмидан озиб уясида жон беради».
Абдуллоҳ ибн Салом розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларни яратгач, улар ўринларидан туриб, бошларини кўтарадилар-да: «Эй Парвардигор, Сен ким билансан?» деб сўрашади. Аллоҳ: «То ҳаққи олиб берилмагунча мазлум билан биргаман», дейди».
Абу Умома розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Қиёмат куни золим жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтаётганда, мазлум унга дуч келиб, зулмини эслатади. Зулм қилган кимсалар то қўлларидаги яхшиликларни олиб қўйишмагунча, мазлумлар олдидан кета олмайдилар. Агар уларнинг яхшиликлари бўлмаса, қилган зулмлари баробарида мазлумларнинг ёмонлиги уларга юкланади. Сўнг улар дўзах қаърига қулайдилар».
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Қиёмат куни эркак ёки аёл банданинг қўлидан ушлаб, бутун махлуқотлар кўз ўнгида: «Бу фалончининг ўғли фалончи. Унда кимнинг ҳаққи бўлса, келиб ҳаққини олсин», деб нидо қилинади. Аёл киши отаси, акаси ёки эрида ҳаққи қолган бўлса, бундан шод бўлади».
Сўнг: «У кунда ораларида (қариндош-уруғчилик) насаблари бўлмас. Бир-бирларидан (бирон нарса ҳақида) сўрамаслар», оятини ўқиб, сўзларида давом этдилар: «Аллоҳ Ўз ҳаққидан хоҳлаганини кечиради. Бироқ, инсонларнинг ҳақларидан бирон нарсани кечмайди. Бир банда одамларга рўбару қилинади. Сўнг Аллоҳ таоло ҳақдорларга: «Ҳақингизни олгани келинглар», дейди ва фаришталарга: «Унинг солиҳ амалларидан олиб, ҳар бир ҳақдорга ҳаққига ярашасини беринглар», дея амр этади. Агар банда Аллоҳнинг валийи (дўсти) бўлса ва зарра мисқоличалик яхши амали ортиб қолса, Аллоҳ таоло ўша амалини кўпайтиради ва у сабабли бандани жаннатга дохил қилади. Борди-ю, банда бадбахт бўлиб, яхши амали қолмаса, фаришалар: «Парвардигоро, унинг яхшиликлари тугади, бироқ ҳали талабгорлари бор», дейди. Шунда Аллоҳ: «Уларнинг ёмонликларидан олиб, унинг ёмонликларига қўшинглар», дейди. Сўнгра у дўзахга ҳайдалади».
Ривоят қилишларича, қиёмат куни банда учун ўзини танийдиган кишини учратишдан кўра ёқимсизроқ нарса бўлмайди. Чунки у дунёда қилган зулмига тўлов талаб этишидан хафвсираб туради. Бу хусусда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қиёмат кунида ҳақлар ҳақдорларга олиб берилади. Ҳатто шохли қўйдан шохсиз қўйнинг ўчи олиб берилади» (Муслим ривояти).
Айрим китобларда ёзилишича, Аллоҳ таоло: «Мендан ўзга ёрдамчиси бўлмаган кишига зулм қилган кимса Менинг қаттиқ ғазабимга дучор бўлибди», дейди.
Бир шоир айтади: «Қодир бўлсанг-да, зулм қилма, чунки зулмнинг оқибати надоматдир. Мазлум бедор бўлиб дуоибад қилади, сенинг кўзларинг ухлар, бироқ Аллоҳ ухламас».
Салафлардан бири айтар экан: «Заифларга зулм қилма. Акс ҳолда энг ёвуз кучлилардан бўласан».
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтганлар: «Зўравон подшоҳлардан бири баланд қаср бино қилибди. Бир камбағал кампир қасрнинг ёнига кичкина кулба қуриб унда яшай бошлабди. Кунлардан бир куни подшоҳ отига миниб қасри атрофида айланиб юриб бир кулбага кўзи тушиб қолибди. «Бу кимники?» «Камбағал аёлники». У кулбани бузиб ташлашни буюрибди. Кампир келиб кулбаси бузилганини кўриб, ҳаммасини суриштириб билгач, бошини осмонга кўтариб дебди: «Эй Парвардигоро, мен бу ерда бўлмаган эканман, Сен қаерда эдинг?» Сўнг Аллоҳ Жаброилга қасрни ичидаги кишилари билан қўшиб ағдариб ташлашни буюрган эди, у дарҳол буйруқни бажарди».
Холид ибн Бармак ва ўғли ҳибсга олинганида ўғли: «Кечагина азиз эдик, бугун эса кишанланган маҳбусмиз» деган эди, Холид: «Эй ўғлим, мазлумлар туни билан дуоибад қилган. Биз ундан ғафлатда бўлганмиз. Аллоҳ эса ғофил эмас», деди.
Язид ибн Ҳаким айтар экан: «Бир кишидан қўрққанимдек бошқалардан сира қўрқмаганман. Мен унга Аллоҳдан ўзга ёрдамчи йўқлигини билатуриб зулм қилган эдим. У эса: «Аллоҳ менга кифоя. Сен билан менинг орамизда Аллоҳ (ҳакам)дир», дер эди».
Абу Атоҳи исмли шоирни Рашид ҳибсга олди. Шоир унга қамоқдан қуйидаги икки байтни ёзиб юборди:
«Аллоҳга қасамки, зулм – ёмонлик,
Ёмон кимса эса золимдир, сўзсиз.
Эй золим, эртага Аллоҳ олдида
«Маломат» тутингай сенга оға, дўст...»
Зикр этишларича, Кисро (форс подшоҳи) ўғлига таълим-тарбия берадиган устоз тайин қилди. Бола фазлу одобда баркамол бўлиб ўсди. Бир куни устози уни қаттиқ урди. Бола эса катта бўлгунча, устозига нисбатан ич-ичидан кек сақлаб юрди. Унинг хаёлидан ўша сабабсиз урилган зарба кетмасди.
Отаси ўлиб тахтга чиққач, биринчи устозини ёнига чорлади:
– Фалон, фалон куни ҳеч бир сабабсиз, айбим бўлмаса-да, мени қаттиқ урган эдингиз. Бунга сизни нима мажбур қилди?
– Эй подшоҳ, фазлу одобда камолга етганингизга, сиз отангиздан сўнг тахтга ўтиришингизни билган эдим. Шунинг учун сизга калтак оғриғини, зулм аламини тоттиришни хоҳладим, токи бирон кимсага ҳам зулм қилмагайсиз.
Подшоҳ бу жавобдан мамнун бўлиб: «Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин», деди ва совға-салом билан кузатиб қўйди.

Фасл

Қурби етатуриб, қарзини тўламай юриш ҳам катта зулмдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Бойнинг (қарзни тўлашни) пайсалга солиши зулмдир» (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ривоятда: «Қодир одамнинг (қарзни тўлашни) пайсалга солиши зулм бўлиб, унинг шаънига ёмон гап айтиш ва жазолаш (ҳибсга олиш) ҳалол бўлади», дейилган (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Фасл

Аёлнинг маҳр, нафақа, кийим-кечак таъминоти каби ҳақларига тажовуз қилиш ҳам зулмдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қарамоғидагиларни зое қилиш (қаровсиз ташлаб қўйиш) кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ ҳар бир бошлиқдан қўл остидагиларни сақлаганми ёки зое қилганми, албатта, сўрайди. Ҳаттоки кишидан аҳли оиласи ҳақида сўралади» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Фасл

Мардикор ишлатиб ҳақини бермаслик ҳам зулмдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен уч тоифа одамга хусуматчи – рақибман ва кимга хусуматчи бўлсам, уни аниқ енгаман. Улар: Менинг номим билан берилган нарсага хиёнат қилган кимса, ҳур одамни сотиб пулини еган кимса, мардикор ёллаб, ишини қилдириб, ҳақини бермаган киши» (Бухорий ривояти).
Яҳудий ёки насронийга зулм қилган, хорлаган, тоқатидан ташқари ишни буюрган ёки бирон нарсасини норози қилиб олган кимса ҳам мазкур ҳадисдаги инсонлар сирасига киради.
Зиммасидаги қарзни инкор қилиб ёлғон қасам ичиш ҳам зулмдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки (ёлғон) қасам ичиб, мусулмон кишининг ҳақини ўзиники қилиб олса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга дўзахни вожиб этиб, жаннатни ҳаром қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, арзимаган нарса бўлса ҳамми?» деб сўрашган эди, «Бутанинг новдаси бўлса ҳам», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Ривоят қилишларича, қиёмат кунида биринчи бўлиб эр-хотин жанжаллашади. Аллоҳга қасамки, хотинининг тили гапирмайди. Балки қўл-оёқлари бу дунёда эрига қилган саркашликлари ҳақида гувоҳлик беради. Эрнинг қўл-оёқлари ҳам у хотинини қандай бошқаргани ҳақида гувоҳлик беради. Сўнг киши ва хизматкорлари орасида мана шундай тортишув бўлади. Улардан динору дирҳам олинмайди. Бироқ золимнинг яхшиликлари мазлумга олиб берилади, мазлумнинг ёмонликлари золимга юкланади. Сўнг зўравонлар олдига темир гурзи кўтарган (фаришталар) келади ва: «Уларни дўзахга ҳайданглар», дейилади.
Шурайх Қозий айтган эканлар: «Золим жазо-уқубатни, мазлум эса нусрату савобни кутиб турганини золимлар яқинда билиб оладилар».
Ривоят қилишларича, Аллоҳ бир бандасига яхшиликни ирода қилса, унга зулм қиладиган кимсани бошлиқ қилиб қўяди.
Товус Йамоний Халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ҳузурига кирдилар ва унга: «Азон куни борасида Аллоҳдан қўрқинг», дедилар. Ҳишом: «Азон куни қайси?» деб сўраган эди, у зот: «Аллоҳ таоло: «Бас, уларнинг ўрталарида бир жарчи (муаззин): «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай», деб жар солур», деган-ку», дедилар. Буни эшитган Ҳишом ҳушидан кетди.

Золимларга аралишиб юриш ва ёрдам беришдан қайтариш ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Зулм йўлини тутган кимсаларга мойил бўлманглар...»
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу оятни «Уларга яхши гапириб, яхши кўриб бутунлай берилиб кетманглар», деб тафсир қилган бўлсалар, Суддий ва Ибн Зайд: «Золимларга тилёғламалик қилманглар», Абу Олия эса: «Уларнинг амалларидан рози бўлманглар», деб тафсир қилишган. Икрима: «Уларни яхши кўриб итоат этишдан қайтармоқда», деганлар.

«...Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (золимларга эргашсангизлар), сизларга ёрдам берилмас» (Ҳуд сураси, 113).«... Кейин (золимларга эргашсангизлар), сизларга ёрдам берилмас» (Ҳуд сураси, 113).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Сизларни Аллоҳнинг азобидан сақловчи ҳеч ким йўқ», деб тафсир қилганлар.

«(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини (эргашувчиларини) тўпланглар...» (Вас-соффот сураси, 22).
Каъб ибн Ужра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мендан сўнг амирлар бўлади. Ким уларнинг ҳузурига кириб ёлғонларини тасдиқласа, зулмларига ёрдам берса, у мендан эмас, мен ҳам ундан эмасман. У ҳовузга яқин келмайди. Ким уларнинг ҳузурига кирмаса ва зулмларига ёрдам бермаса, ёлғонларини тасдиқламаса, у мендан ва мен ҳам унданман. У ҳовузга келади» (Термизий ривояти).
Ривоят қилишларича, ким золимга ёрдам берса, золим унга ҳўжайин бўлиб қолади.
Саид ибн Мусаййаб айтган эканлар: «Солиҳ амалларингиз куйиб кетмаслиги учун золимларнинг ёрдамчиларига фақат қалбингиз билан инкор қилган ҳолдагина назар ташланглар».
Макҳул Димашқий айтганлар: «Қиёмат куни бир жарчи: «Золимлар ва уларнинг ёрдамчилари қани?» деб нидо қилади. Шунда золимларнинг хатчўпини сиёҳга ботириб берган ёхуд қаламини учлаб берган ва ё бундан бошқа хизмат қилган ҳар бир кимса улар билан ҳозир бўлади. Сўнг улар оловдан бўлган тобутга тўпланадилар-да, жаҳаннамга улоқтириладилар».
Бир тикувчи киши Суфён Саврийдан: «Мен султоннинг кийимларини тикиб бераман. Айтинг-чи, мен золимларнинг ёрдамчилариданми?» деб сўраган эди, «Йўқ, сен золимнинг ўзисан. Сенга ип-игна сотадиган киши золимларнинг ёрдамчиларидандир», деб жавоб бердилар.
Ривоят қилишларича, қиёмат куни дўзахга биринчи бўлиб, золимлар ҳузурида одамларни савалайдиган қамчили кимсалар киради.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтганлар: «Золимларнинг ёрдамчилари ва миршаблар қиёмат кунидаги дўзах итларидир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан бирортангиз мусулмон киши мазлум ҳолда ўлдирилаётган жойда турмангиз. Зеро, уни ҳимоя қилишмаган вақтда у ерда ҳозир бўлганларга лаънат ёғилади» (Табароний ва Байҳақий ривояти).
Ривоят қилишларича, бир бандани қабрида юз дарра уришга буюрилди. У дуо қилиб сўрайверганидан бир даррага туширилди. Сўнг қабри оловга тўлди. Ундан четлашгач, ўзига келди ва: «Мени нима учун урдинглар?» деб сўради. «Сен таҳоратсиз намоз ўқидинг ва мазлумнинг ёнидан ўтдинг-у, унга ёрдам бермадинг», дейилди.
Анас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам бер», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, агар мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Борди-ю, золим бўлса-чи, у ҳолда қандай ёрдам бераман?» деб сўраган эди, у зот: «Уни зулмдан қайтарасан ёки тўхтатасан. Мана шу унга ёрдам беришингдир», дедилар» (Бухорий ривояти).

Ҳикоят

Бир киши ҳикоя қилади: «Қўли елкасидан кесилган бир кишини кўрдим. У: «Мени кўрган ҳар бир инсон бирон кишига зулм қилмасин», деб нидо қиларди. Унга яқинлашиб: «Эй биродар, нима бўлди?» деб сўрадим. У: «Fаройиб ҳодиса, – деб бошидан ўтганини сўзлаб берди. – Мен золимларнинг ёрдамчиларидан эдим. Бир куни каттакон балиқ тутган балиқчини кўриб қолдим ва унинг олдига келиб балиғини беришини сўрадим. У эса бу балиқ пулига оиласига у-бу нарса олиб боришини айтиб, бепулга бермаслигини тушунтирди. Мен эса унга нисбатан куч ишлатиб, балиқни тортиб олдим. Балиқни кўтариб уйга келаётганимда, ҳали жони узилмаган жонивор қўлимни тишлаб олди. Уйимга келиб, балиқни ташлаганимдан сўнг бармоғим зирқираб оғрий бошлади. Оғриқнинг қаттиқлигидан ухлай олмадим. Қўлим шишиб кетди. Тонг отгач, табибга бориб, оғриқдан шикоят қилдим. У бармоғимни кўриб: «Бу қорасон (суяк чириши) касалининг бошланиши. Бармоғингни кесиб ташлаш керак. Акс ҳолда қўлингдан айриласан», деди. Бармоғимни кесиб ташладим. Сўнгра қўлим оғрий бошлади. Оғриқнинг зўрлигидан кўзимга уйқу келмади. «Кафтингни кесиб ташла», дейишди. Кафтимни ҳам кесиб ташлашга мажбур бўлдим. Кейин бу дард тирсакка ўтди, кўриб турибсизки, тирсакдан ҳам маҳрум бўлдим. Бутунлай қўлимни кесиб ташлаганларидан сўнг баъзилар бунинг сабабини сўрай бошлашди. Мен балиқ воқеасини ҳикоя қилиб берганимдан сўнг, улар: «Олдинроқ бориб, балиқчига узрингни айтганингда, эҳтимол бирон-бир аъзоинг кесилмасди, ҳалиям кеч эмас, бориб кечирим сўра, акс ҳолда баданингга ўтиб кетмасин!» деб маслаҳат солишди. Мен балиқчини излаб топдим. Оёқларига йиқилиб, йиғлаб ўпа кетдим. «Саййидим, Аллоҳ ҳаққи, мени кечиринг», деб ёлвора бошладим. У: «Сиз кимсиз?» деб сўради. «Мен балиғингизни тортиб олган кишиман», деб бўлган воқеани айтиб бердим. Қўлимни кўриб йиғлаб юборди. «Эй биродар, бошингизга шундай балолар тушибди. Мингдан минг розиман», деди. «Саййидим, Аллоҳ ҳаққи айтинг-чи, балиғингизни олиб қўйганимда мени дуоибад қилганмидингиз?» деб сўраган эдим: «Ҳа, «Эй Аллоҳим, бу банданг кучлилиги сабабли менга ризқ қилиб берган нарсангни зўравонлик қилиб тортиб олди. Бас, менга шу банданг устида Ўз қудратингни кўрсат», деб дуоибад қилган эдим», деди. «Саййидим, мана Аллоҳ менинг устимда Ўз қудратини кўрсатди. Мен энди золимларга хизматчи бўлганимдан Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилдим. Иншааллоҳ, тирик эканман, золимларнинг эшигига қадам босмайман ва уларнинг ёрдамчиларидан бўлмайман. Тафвиқ Аллоҳдандир», дедим».

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase