close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Эркакларнинг тилла тақишлари ва ипак кийишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки дунёда ипак кийса, охиратда киймайди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳукм барча эркакларга тааллуқли. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Тилла ва ипак кийиш умматимнинг эркакларига ҳаром, аёлларга эса ҳалол қилинди» (Термизий ривояти).
Ҳузайфа ибн Йамон розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни тилла ва кумуш идишда ичиш ва ейишдан, ипак ва дийбож (кимхоб) кийиш ва унга ўтиришдан қайтардилар» (Бухорий ривояти).
Қайси эркак ипак кийишни ҳалол деб билса, у кофирдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса фақатгина қичима, қўтир ёки бошқа касали бор одамларга ва душман билан олишаётган жангчиларга ипак кийишга рухсат берганлар. Анас розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Зубайр ва Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳумо қичима бўлганлари сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ипак кийишга рухсат бердилар» (Муттафақун алайҳ).
Бироқ эркакларнинг зийнат учун ипак кийишлари ҳаромлигига мусулмонлар ижмоъ қилишган. Таркибининг кўп қисмини ипак ташкил этган кийимлар ҳам ҳаромдир.
Шунингдек, эркакларга тилла буюмлардан фойдаланиш ҳам ҳаромдир. Бинобарин, тилла узук, тилла айил, тилла дастали қилич ишлатиш ҳам мумкин эмас. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб, уни ечиб олиб: «Сизлардан бир киши дўзахдан бир бўлак чўққа интилади-да, уни қўлига тақиб олади», деганлар (Муслим ривояти).
Зар жиякли, тилла билан оро берилган либосларни кийиш ҳам эркаклар учун ҳаромдир.
Уламолар ёш боланинг тилла ва ипак кийиши жоиз-ножоизлиги хусусида ихтилоф қилишган. Бир тоифа уламолар бунга рухсат берган бўлсалар, қолганлари жоиз эмас, деб билганлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисини ҳужжат қилиб келтирганлар: «Бу иккиси (яъни, тилла ва ипак) эркак умматимга ҳаромдир» (Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифдаги ҳукм ёш болаларга ҳам тааллуқли. Бу Имом Аҳмад ва бошқа уламоларнинг фикридир.
Аллоҳдан Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ этишини сўрамиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase