close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳ азза ва жалла ҳамда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънига ёлғон гапириш

Аллоҳ таоло айтади: «Қиёмат кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз...» (Зумар сураси, 60).
Яъни, улар «Аллоҳнинг боласи, шериги бор», деб У зот ҳақида мумкин бўлмаган ҳар хил бўҳтон гапларни гапирган кимсалардир. Улар Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаганлари учун шундай машаққат ва қайғуларга дучор бўладиларки, ранглари ўзгариб юзлари қорайиб кетади.
Ибн Жавзий тафсирларида айтишларича, бир тоифа уламолар Аллоҳ ва пайғамбар шаънига ёлғон гапириш Ислом миллатидан чиқариб юборадиган куфр эканини тасдиқлаганлар. Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилиш борасида Аллоҳ ва пайғамбар шаънига ёлғон гапириш очиқдан-очиқ куфр эканида шубҳа йўқ. Бу ерда гап бошқа нарсаларда ёлғон гапириш хусусидадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
(Бу ҳадис кўплаб саҳобалардан ривоят қилинган, ҳаттоки мутавотирлик даражасига етган. Аллоҳу аълам.)
Самура ибн Жундуб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки ёлғонлигини билатуриб, менинг номимдан ҳадис айтса, у ёлғончилардан биттасидир» (Муслим ва бошқалар ривояти).
Муғийра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Менинг номимдан ёлғон гапириш, бошқа бировнинг номидан ёлғон гапириш билан бир хил эмас. Бас, кимки менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин» (Муслим ва бошқалар ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин одам ёлғон ва хиёнатдан бошқа ҳар қандай хусусиятга табиатан мойил бўлиши мумкин» (Баззор, Абу Яъло ривояти).

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase