close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Йўлтўсарлик

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – ўлдирилиш ё дорга осилиш ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни, ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл ва ўнг оёқ) кесилиши ёхуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик-шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир» (Моида сураси, 33).
Воҳидий (раҳимаҳуллоҳ) айтганларки: «Аллоҳ ва пайғамабарига қарши урушадиганлар» – уларга итоат этмай, осийлик қиладиган кимсалардир. Сенга осийлик қиладиган ҳар бир киши сенга қарши урушувчидир. «Ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиганлар» – одамларни ўлдириб, мол-мулкини талон-тарож қиладиган, ўғирлик қиладиган кимсалардир.
Мўминларга қарши қўлига қурол олган ҳар бир кимса Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушувчидир. Бу Молик, Авзоий ва Шофеъийларнинг сўзидир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, «Оятдаги «ёки» сўзи ихтиёр учун киритилган бўлиб, маъноси мубоҳликни англатади. Яъни, имом-ҳукмдор хоҳласа қатл эттиради, хоҳласа дорга остиради, хоҳласа сургун қилади» (Ҳасан, Саид ибн Мусаййаб ва Мужоҳидлар шу сўзни айтишган).
Атийядан қилинган ривоятда эса: «Ёки» мубоҳликни англатмайди. Балки у жиноятлар турига қараб ҳукм мартабасини англатади:
Кимки одам ўлдириб, молини олса, у ўлдирилади ва дорга осилади.
Кимки молни олса-ю, одам ўлдирмаса, унинг қўли кесилади.
Кимда-ким қон тўкса-ю, молларга тегмаса, у ўлдирилади.
Кимки хафв солиб турса-ю, ҳеч кимни ўлдирмаса, у сургун қилинади.
Бу Шофеъий розийаллоҳу анҳунинг мазҳабидир».
Шофеъий розийаллоҳу анҳу яна айтганларки: «Ҳар бир жиноятчига жиноятига яраша жазо берилади. Яъни, кимни ўлдириш ва осиш лозим бўлса, уни азоблаш макруҳ бўлгани сабабли, у аввал ўлдирилади, сўнг уч марта осилади. Кейин туширилади.
Кимни фақат ўлдириш лозим бўлса, у ўлдирилади ва дафн қилишлари учун қариндошларига берилади.
Кимники кесиш лозим бўлса, дастлаб ўнг қўли кесилади. Агар қайтиб яна ўғрилик қилса, чап оёғи кесилади. Мабодо, яна қайтиб ўғрилик қилса, чап қўли кесилади. Чунки Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумо шундай қилишган ва биронта саҳобий уларга эътироз билдирмаган. Чап оёғи кесилишининг сабаби эса, қўлдан кейин оёқ кесилганда, чап оёқни кесишга иттифоқ қилинган бўлиб, бу «тескарисига» деган оятнинг маъносидир.
«... ёки ўз ерларидан сурган қилинишларидир».
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу бу ҳукм ҳақида шундай деганлар: «Имом: «Уни ким учратса, ўлдирсин», деб қонини тўкишни ҳалол қилади. Бу ҳукм қўлга тушириб бўлмайдиган жиноятчиларга тааллуқли бўлиб, қўлга тушганлари эса ҳибсга олиниб, қамаб қўйилади. Чунки у ҳибсга олинса, шаҳарларда юришдан маҳрум бўлади ва ердан сургун қилинган ҳисобланади.
Ибн Қутайба айрим маҳбуслар тилидан шеър битган экан:
Биз энди унданмасмиз, дунё аҳли бўлсак-да,
На ўликмиз, на тирик – фақат дил ғамин еймиз.
Зиндонбон бир иш билан олдимизга кирса гар,
Алам билан: «Бу дунёдан ташриф буюрди», деймиз.
Йўлтасарлик қилиб, одамлар кўнглига қўрқув солишнинг ўзиёқ гуноҳи кабирадир. Мол-мулкни талон-тарож қилиш, одамларга жароҳат етказиш, қатл этишни эса айтмаса ҳам бўлаверади.
Аллоҳдан барча бало-ю офатлардан омон сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, мағфиратли ва раҳмли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase