close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Риё

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бера туриб: «Инсонларга риё қиладилар», дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсадлари – Аллоҳнинг юзи эмас, балки одамлар кўриб, эшитишлари – хўжакўрсин учундир.
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. – Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.– Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Аллоҳни камдан-кам эслайдилар» (Нисо сураси, 142).

«Намозларини «унутиб» қўядиган «намозхон»ларга вайл бўлсин» (Моъун сураси, 4-оят). Намозларига бепарво, енгилтаклик қилиб уни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган кимсаларга ҳалокат, азоб бўлсин. «... улар риёкорлик қиладиган кимсалардир». Улар одамлар кўз ўнгида «солиҳ» деб айтишлари учун намоз ўқийдилар, «тақводор» деб ном қозониш учун хушуъли ва ҳузуъли бўлиб кўринадилар ва «сахий» деган ном олиш учун эҳсон-садақа қиладилар. Уларнинг ҳар бир амаллари риё ва ном қозониш учундир.

«Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки; Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) манъ қиладиган (яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!» (Моъун сураси, 4-7).
Одамларга кундалик рўзғор буюмлари – болта, арра, игна, қозон каби нарсаларни ҳам бериб турмайдилар.

«Эй мўминлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг...» (Бақара сураси, 264).
Яъни, риёкор риё қилгани сабабли инфоқ-эҳсонларини йўққа чиқаргани сингари, сизлар ҳам миннат ва озор билан қилган садақотларингиз ажридан маҳрум бўлиб қолманг, дейилмоқда.

«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ўлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф сураси, 110).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида биринчи бўлиб ҳукм (ҳисоб-китоб) қилинадиган кимса – шаҳид киши. Уни келтиришади, сўнг Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳаттоки шаҳид бўлдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен «фалончи журъатли» деб айтишлари учун жанг қилдинг. Сен истаган нарса айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин илм ўрганиб, ўргатган ва Қуръон ўқиган кишини келтиришади. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди ундан. «Сен учун илм ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен олим, деб айтишлари учун илм ўргандинг ва қори деб айтишлари учун Қуръон ўқидинг. Бу гап айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади. Кейин Аллоҳ ризқини кенг қилиб қўйган, турли туман мол-дунё ато этган кишини келтирадилар. Аллоҳ таоло унга неъматларини танитади, у тан олади. «Булар эвазига нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сен инфоқ-эҳсон қилинишини яхши кўрган бирор йўлни қолдирмасдан Сен учун инфоқ қилдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен сахий, деб айтишлари учун шундай қилдинг. Бу нарса айтилди», дейди. Сўнг буюради ва у юзи билан судралиб, дўзахга улоқтирилади» (Муслим, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир!»
Яна: «Сизлар хусусингизда қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичкина ширк», дедилар. «Кичкина ширк нима?» дейишди. «Риё» дедилар.
Яна: «Инсонлар амалларига яраша жазо-мукофот олган вақтида Аллоҳ таоло (риёкорларга): «Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансиз?!» дейди», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикларнинг ширкдан беҳожатроғиман. Кимки Мен учун бирон амални қилса, унда бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан беҳожатман. У ўша «шерик» учундир», деди» (Ибн Можа ривояти).
Яна айтадилар: «Кимки (одамлар) эшитсин деса, Аллоҳ эшиттириб қўяди ва (одамлар) кўрсин деса, Аллоҳ кўрсатиб қўяди» (Муттафақун алайҳ).
Яъни, кимки одамлар кўриши ёки эшитиши учун бирон амални қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг бузуқ ниятини фош этади ва гувоҳлар ҳузурида шарманда қилади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кўп рўзадорлар борки, уларнинг рўзасидан оладиган «улуш»лари фақат очлик ва ташналикдир, кўплаб кечалари қоим бўлувчилар борки, уларнинг қоимликдан оладиган «улуш»лари фақат бедорлик, холос» (Табароний ривояти).
Яъни, агар намоз ва рўза Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлмас экан, унга савоби берилмайди.
Баъзи ҳукамолар айтишган экан: «Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Инсонларнинг: «Ҳамёни жуда тўла эканми?» деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди».
Худди шунга ўхшаб риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди.

«(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон сураси, 23).
Яъни, Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса учун қилган амалларини савобсиз қолдирамиз ва уларни қуёш нурида кўринадиган ғубор каби қилиб қўямиз, дейилмоқда.
Адий ибн Хотим розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тоифа одамларни дўзахдан жаннатга олиб бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, унинг бўйларини ҳидлаб, ундаги қасрлар ва Аллоҳ жаннат аҳли учун ҳозирлаб қўйган нарсаларни кўришгач, «Уларни жаннатдан буриб юборинглар, у ерда уларга насиба йўқ», деб нидо қилинади. Шунда улар: «Парвардигоро, бизга жаннатингни ва у ерда дўстларинг учун ҳозирлаб қўйган нарсаларингни (ноз-неъматларингни) кўрсатмасдан туриб дўзахга киритганингда, бизга осонроқ бўларди», дейишади. «Мен сизларга шуни ирода қилдим, – дейди. – Чунки сизлар ёлғиз қолганингизда, улкан гуноҳлар билан Менга қарши чиқдингиз ва одамларга йўлиқсангиз, уларга итоаткор – тақводор бўлиб кўриндингиз. Инсонларга қалбингиздан Мен учун берган нарсаларингизнинг тескарисини кўрсатдингиз. Одамлардан қўрқдингиз, Мендан қўрқмадингиз. Одамларни улуғладингиз, Мени улуғламадингиз. Одамларни деб (бирон гуноҳ ишни) тарк этдингиз, Мен учун тарк этмадингиз. Мана бугун сизларни савобдан маҳрум этганимдек, аламли азобга гирифтор қиламан».
Баъзи ҳукамолардан: «Мухлис (ихлосли одам, риёкорнинг зидди) ким?» деб сўралганида: «Мухлис – ёмонликларни яширгани сингари, яхшиликларини ҳам яширган киши», дея жавоб беришган.
Айрим зотлардан: «Ихлоснинг ғояси-мағзи нима?» деб сўрашганида, «Одамлар мақташини ёмон кўришинг», дея жавоб беришган.
Аллоҳ таолонинг: «... (Чунки у Кунда) уларга Аллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар – азоблар кўринди» (Зумар сураси, 47), ояти ҳақида шундай дейилган: «Улар дунёда айрим амалларни қилиб, уларни яхши иш, деб ўйлаб юришарди. Қиёмат кунида эса, бу амалларнинг ёмон экани маълум бўлиб қолди». Айрим салафи солиҳлар бу оятни ўқиган вақтларида: «Риёкорларга вайл бўлсин», дер эдилар.
Риёкорлар қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: «Эй риёкор, хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ».
Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ) айтганларки: «Риёкор ўзи ҳақидаги Аллоҳнинг тақдиридан ғолиб бўлишни хоҳлайди. У ўзини «солиҳ» деб аташларини истайди. Уни қандай қилиб солиҳ десинлар, ҳолбуки, у Парвардигори томонидан тубан ўринга тушиб қолган бўлса. Мўминларнинг қалблари уни таниб, ажратиб олишлари шарт».
Қатода розийаллоҳу анҳу шундай дейдилар: «Агар банда риё қилса, Аллоҳ: «Бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар», дейди.
Ривоят қилинишича, Умар розийаллоҳу анҳу бўйнини эгиб олган кишини кўрдилар ва унга: «Эй бўйин эгаси, бўйнингни кўтар. Хушуъ бўйинларда эмас, қалбларда бўлади», дедилар.
Абу Умома Боҳилий розийаллоҳу анҳу масжидда сажда қилган ҳолида йиғлаб дуо қилаётган кишининг олдига келди-да: «Сен яхшисан (яъни, бу ишинг яхши), фақат бу ишни уйингда қилганингда эди», дедилар.
Муҳаммад ибн Муборак Суварий айтадилар: «Хушхулқингни тунда изҳор қил, бу иш кундузи изҳор қилганингдан яхшироқдир. Чунки кундузги хушхулқлилигинг махлуқлар учун, кечқурунги интилиш оламлар Парвардигори учундир».
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу риёкорнинг учта аломати бўлишини баён қилганлар: «Ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади, одамлар даврасида серғайрат бўлади, одамлар мақтаган ишни кўпайтириб, қоралаган ишни камайтиради».
Фузайл ибн Иёз айтганлар: «Одамлар сабабли бир ишни тарк этиш – риё, одамлар сабабли бир ишни қилиш – ширкдир. Аллоҳ сени шу иккисидан омон сақлаши эса ихлосдир».
Аллоҳ таолодан бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли этмоғини сўраймиз.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase