Узрсиз жамоат намозини тарк этиш
- Якшанба, Авг 07 2022
- 122 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади: «Болдир очиладиган (яъни, оғир ҳисоб-китобга чоғланиладиган) ва улар (кофирлар) кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида сажда қилишга чорланишиб, (лекин саждага) кучлари етмай қоладиган Кунни (эсланг! Чунки ҳаёти дунёдалик пайтларида) улар соғ-саломат бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо саждага қодир бўлатуриб, ундан бош тортар эдилар)» (Қалам сураси, 42–43).
Бу ҳол қиёмат кунида рўй беради. Уларни афсус-надомат хорлиги эгаллаб олади. Ҳолбуки, улар бу дунёда сажда қилишга чорланар эдилар.
Иброҳим Таймий сўзлари билан айтганда, улар фарз намозларига азон ва такбир билан чорланар эдилар.
Саид ибн Мусаййаб айтганлар: «Улар «Ҳайя алас-солаҳ, Ҳайя алал-фалаҳ»ни эшитардилар, лекин соғ-саломат бўлатуриб, унга ижобат қилмасдилар».
Каъбул Аҳбор деганлар: «Аллоҳга қасамки, бу оят фақат жамоатдан ажралиб қоладиган кишилар ҳақида нозил бўлган».
Жамоат намозини узрсиз тарк этган кимсага бундан кўра оғирроқ ва қаттиқроқ таҳдид бўлиши мумкинми?!
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен ўтин тўплашни буюриб, сўнг намоз ўқишга амр қилиб, унга азон айтилгандан кейин бир кишига одамларга имом бўлишни айтиб, сўнгра жамоат намозига келмаган кишиларга мухолиф бўлиб, уларнинг уйларига ўт қўйиб юборишни хоҳлардим» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Имом Муслим Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда шундай дейилган: «Йигитларимга бир уюм ўтин йиғишни буюриб, сўнгра бориб ҳеч бир узрсиз уйларида намоз ўқийдиган кишиларнинг уйларини ёқиб юборишни хоҳлардим».
Фақат вожиб тарк этилгани учун шунчалик таҳдид солинмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир кўр киши келиб: «Расулуллоҳ, мени масжидга етаклаб борадиган киши йўқ», деди ва уйида намоз ўқишга рухсат беришларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга рухсат бердилар. У ортига бурилгач, уни чорладилар ва: «Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деган эди, «Унга жавоб бер», дедилар (Муслим ривояти).
Амр ибн Умму Мактум розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, кўзим ожиз, ҳовлим ҳам узоқда. Мени етаклаб келадиган одам йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат берасизми?» дедим. «Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. «Ҳа», деган эдим, «Сенга рухсат бера олмайман», дедилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма ривояти).
Бу кўзи кўр киши масжидга келиши қийинлигидан шикоят қиляпти. Уни масжидга олиб бориб қўядиган киши ҳам йўқ. Шуларга қарамасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйида намоз ўқишга рухсат бермадилар. Энди кўзи ожиз бўлмаган, соғлом, ҳеч бир узрсиз киши ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки азонни эшитса-ю унга эргашишдан ман қиладиган узри бўлмаса, унинг (уйида) ўқиган намози қабул қилинмайди», дедилар «Узр нима?» деб сўрашган эди, «Хафв ёки касаллик», дея жавоб бердилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳиббон ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан кундузлари рўза тутадиган, кечалари намоз ўқийдиган, бироқ жамоатга қўшилмайдиган ва жамоат билан намоз ўқимайдиган киши ҳақида сўрашганида: «Агар шу ҳолатда ўлса, у дўзахда», дея жавоб берганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Одам фарзанди учун азонни эшитиб, унга жавоб бермасликдан кўра, қулоғига эритилган қўрғошин қуйилгани яхшироқ».
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу: «Масжид қўшниси фақатгина масжидда намоз ўқиш лозим», дедилар. «Масжид қўшниси ким?» деб сўрашган эди, «Азонни эшитадиган киши», дея жавоб бердилар.
Яна у зот розийаллоҳу анҳудан нақл қилинади: «Кимки азонни эшитса ва бирон бир узрсиз унга келмаса, унинг намози бошидан нарига кўтарилмайди».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Кимки эртага Аллоҳга мусулмон бўлган ҳолда йўлиқишни хоҳласа, намозларни азон айтилган ерда муҳофаза қилсин. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳидоят йўлларини белгилаб берди. Улар (яъни, намозлар) ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар жамоатдан орқада қолувчи кимсага ўхшаб, уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингиз йўлини тарк этган бўласиз. Агар Пайғамбарингиз йўлини тарк этсангиз, залолатга юз тутасиз. Дарҳақиқат, мен (илгари) жамоат намозидан фақат мунофиқлиги маълум кимсагина орқада қолганига гувоҳ бўлганман. Бир кишини олиб келишарди-да, сафда туриши учун икки киши орасига турғизиб қўйишарди» (Муслим ривояти).
Яъни, у заифлигидан ўзини тутолмас ва уларга суяниб турарди. У бу ишни жамоат фазилатига иштиёқли бўлгани ва уни тарк этса, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққани учун қиларди.
Ибн Мунзир айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча саҳобалари: «Кимда-ким азонни эшитиб, ҳеч бир узрсиз унга жавоб бермаса, унинг намози намоз эмас», деганлари ривоят қилинган». Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарийлар шулар жумласидандир.
Ато, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Саврлар жамоатга ҳозир бўлишни фарз деб билишган.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Жамоат намозига қодир киши учун бирон-бир узрсиз уни тарк этишига рухсат бермайман», деганлар.
Ибн Умму Мактум розийаллоҳу анҳу ҳадисини зикр қилгандан кейин Хитобий шундай деган: «Бу ҳадисда жамоат намозига ҳозир бўлиш вожиблигига ҳужжат бор. Агар у мандуб (мустаҳаб) бўлганида эди, ундан қолишга Ибн Умму Мактумга ўхшаган кишилар, заиф ва ночор одамлар ҳақли бўлишарди».
Ато ибн Абу Рабоҳ айтар эдилар: «Шаҳару қишлоқдаги Аллоҳ махлуқотларидан биронтаси учун ҳам, агар азонни эшитса, намозни ўқимасликка рухсат йўқ».
Авзоий айтганларки: «Жума ва жамоатни тарк этишга буюрса, ота-онага ҳам итоат қилинмайди».
Фасл
Жамоат намозининг фазилати жуда улуғ. Аллоҳ таолонинг: «Дарҳақиқат, Биз (Лавҳул-Маҳфузда) зикр қилгандан кейин Забурда: «Албатта, (жаннат) ерига Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар», деб ёзиб қўйгандирмиз» (Анбиё сураси, 105), оятининг тафсирида «улар беш вақт намозни жамоат билан адо қиладиган зотлар», дейилган.
«... ва уларнинг қилган ишларини ҳамда (қолдирган) изларини ёзиб қўюрмиз» (Ёсин сураси, 12), оятига кўра, Аллоҳ намозхонларнинг босган қадамларини ёзиб қўяди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйи ва бозорида ўқиган намозидан йигирма беш баробар ортиқ бўлади. Бу шундайки, агар таҳоратни чиройли қилса, сўнг масжидга фақат намоз учунгина борса, унинг ҳар бир босган қадами сабабли даражаси кўтарилиб, хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса, модомики жойнамозида турар, таҳорати бузилмас экан, фаришталар унинг ҳақига: «Эй Аллоҳ, уни саломат қил, унга раҳм айла», дея саловот айтиб туришади. Модомики, намозни кутиб турар экан, у намозда, деб эътибор қилинади» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга у сабабли Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсани кўрсатайми?» дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дейишди». «Ёқмай турганига қарамасдан, мукаммал таҳорат олиш, масжидларга кўп қадам ранжида қилиш ва бир намоздан кейин бошқа намозга интизор бўлиш. Бу сизлар учун (маҳкам ушлашингиз лозим бўлган) арқондир», дедилар.
Хусусан, бомдод ва хуфтон намозини жамоат билан ўқишга алоҳида эътибор берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Мунофиқларга бомдод ва хуфтон намозидан кўра оғирроқ намоз йўқ. Агар уларда нима (қанчалик ажр) борлигини билганларида эди, гарчи эмаклаб бўлса ҳам, уларга келган бўлардилар» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар айтадилар: «Агар хуфтон ва бомдод намозида бирон кишини топа олмай қолсак, у ҳақда ёмон гумонга борар эдик». Яъни, у мунофиқ экан, деб ўйлардик (Ҳоким ривоят қилган).
Робеъ ибн Хайсамнинг бир тарафи фалаж бўлиб, ишламай қолди. У зот икки кишига суяниб, намозга чиқадиган бўлди. Унга: «Эй Абу Муҳаммад, сиз узрлисиз-ку. Уйингизда намоз ўқишингизга рухсат берилган-ку», дейишганида, «Гапингиз тўғри. Лекин мен муаззиннинг: «Намозга шошилинглар, нажотга шошилинглар», деганини эшитаман. Кимки унга эмаклаб ёки судралиб бўлса-да, жавоб беришга қодир бўлса, шу ишни қилсин», дея жавоб бердилар.
Ҳотамул Асом айтадилар: «Мен бир марта жамоат намозини ўтказиб юбордим. Фақат Абу Исҳоқ Бухорийгина менга таъзия билдирди. Агар болам ўлганида эди, менга ўн мингдан кўпроқ киши таъзия изҳор қилган бўларди. Чунки, одамларнинг наздида дин мусибати дунё мусибатидан енгилроқдир».
Баъзи салафлар айтган эканлар: «Кишилар қилган гуноҳи сабаблигина жамоат намозини ўтказиб юборади».
Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Умар розийаллоҳу анҳу хурмозорига чиқди. Қайтиб келганда одамлар аср намозини ўқиб бўлишган эди. Умар розийаллоҳу анҳу: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва биз Унга қайтгувчимиз. Аср намозини жамоат билан ўқишдан кечикиб қолибман. Сизлар гувоҳсизлар, хурмозорим мискинларга садақа», дедилар. У зот қилган ишига каффорат бўлиши учун шундай қилдилар».
Ҳикоя
Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг шайхи Убайдуллоҳ ибн Умар Қоварийдан ривоят қилинади: «Мен ҳамиша хуфтон намозини жамоат билан ўқир эдим. Бир кеча уйимга меҳмон келди. У билан овора бўлиб, жамоат намозини ўтказиб юбордим. Басра масжидларини айланиб чиқдим. Барча кишилар хуфтонни ўқиб бўлган, масжидлар ёпилган эди. Уйимга қайтдим ва ўзимга ўзим жамоат намозининг даражаси ёлғиз бўлиб ўқилган намоздан 27 баробар зиёда бўлади, дедим-да, хуфтонни йигирма етти марта ўқидим. Сўнг ухладим. Туш кўрибман, гўё отлиқлар билан бирга эканман. Менинг ҳам отим бўлиб, биз кимўзар ўйнаётган эканмиз. Мен отимни чоптирар, бироқ уларга ета олмас эдим. Шунда улардан бири менга бурилиб қараб: «Отингни қийнама, барибир бизларга ета олмайсан», деди. «Нима учун?» деб сўрасам: «Чунки биз хуфтонни жамоат билан ўқидик, сен эса ёлғиз ўзинг ўқидинг», деб жавоб берди. Мен уйғониб кетдим ва кўрган тушимдан ғамгин бўлиб қолдим».
Аллоҳдан тафвиқ ва мадад тилаймиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир.