close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қариндошлар билан алоқани узиш

Аллоҳ таоло айтади:«Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо сураси, 1).

«Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат этишидан) кар, кўзларни эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23).
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло бу ишни қилган кимса лаънатга дучор бўлишини, кўзи ва қулоғидан ҳақиқий суратда фойдаланишдан маҳрум этилишини, натижада кўрса ҳам, яхши эшитса ҳам, ҳаққа эргашмаслигини ва уни ақл юритмайдиган ҳайвон каби қилиб қўйишини хабар берди».

«(Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқ-ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларига эслатма олурлар. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар ва оғир ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар)» (Рад сураси, 20–21).

«Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилади. Бу (масал) сабаб фақат Аллоҳнинг аниқ кўрсатмаларини бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар шубҳасиз, зиён кўргувчилардир» (Бақара сураси, 26–27).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндош-уруғчилик алоқаларини узувчи кимса жаннатга кирмайди», деганлар (Мутаффақун алайҳ).
Ким бой бўлиб, камбағал қариндошларидан такаббурлик қилиб алоқани узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, мазкур ҳадиси шарифдаги таҳдид унга ҳам тааллуқли бўлиб, у жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Магар Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиб, қариндошларига эҳсон қилганлар бундан мустасно.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени ҳақ (дин) билан юборган Зотга қасамки, силаи раҳмга (хайр-эҳсонга) муҳтож қариндошлари бўлатуриб, бошқаларга эҳсон қиладиган кишининг садақасини Аллоҳ қабул қилмайди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ундай кимсага қиёмат куни Аллоҳ қарамайди», деганлар (Табароний ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир инсон қариндошининг олдига бориб, Аллоҳ унга ато этган фазл-бойлигидан сўраса-ю, у бахиллик қилса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан «шужоъ» деб номланган илон чиқаради. Илон уни чақиб, бўйнига ўралиб олади», деганлар (Табароний ривояти).
Киши агар фақир бўлса, қариндошларини зиёрат қилиш, ҳолларидан хабар олиш билан алоқани боғлаш керак. Зеро, қариндошлар билан алоқани боғлаш буюрилган. Бу иш иймондандир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган экан, қариндошлари билан алоқани боғласин», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун бўлишига сабабдир ва у ёмон ўлимдан сақлайди.
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки умри узун, ризқи кенг бўлиши ва ёмон ўлимдан сақланишидан хурсанд бўлса, Аллоҳга тақво қилсин ва қариндошлари билан алоқани боғласин», деганлар (Абдуллоҳ ибн Имом Аҳмад ва Баззор ривояти).
Оиша (розийаллоҳу анҳо) айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм (қариндошлик) Аршда муаллақ туради ва: «Мени боғлаганни Аллоҳ боғласин, мени узганни Аллоҳ узсин», дейди», деганлар» (Муттафақун алайҳ).
Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир.
Абу Бакр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ гуноҳкорга охират учун ҳозирлаб қўйган уқубатдан ташқари бу дунёда ҳам тезда жазо беришига зўравонлик ва қариндошлар билан алоқани узишдан кўра муносиброқ гуноҳ йўқ», дедилар (Термизий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жавоб қайтарувчи (келганникига борувчи) қариндошлик алоқаларини боғловчи эмас. Бироқ қариндошлик алоқаси узилса, уни боғлаган киши қариндошлик алоқаларини боғловчидир» (Бухорий ва бошқалар ривояти).
Умму Гулсум бинти Уқба (розийаллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гина сақловчи қариндошга қилинган садақа-эҳсон энг афзал садақадир», дедилар (Ибн Хузайма, Ҳоким ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Сендан узилган кишига боғлангин», дейилади.
Силаи раҳм қилиб, қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар – опа-сингиллар, холалар, аммалар ва опа-сингилларнинг қизларидир.
Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳунинг мавлоси – озод қилган қул Сулаймон айтади: «Пайшанба оқшоми – жумага ўтар кечасида даврамизга Абу Ҳурайра келдилар-да: «Орамиздан туриб кетмагунча қариндоши билан алоқани узган ҳар бир киши қийин аҳволда қолади», дедилар. Бу сўзни уч маротаба такрорласалар ҳам, ҳеч ким ўрнидан қимирламади. Кейин бир йигит туриб, икки йилдан бери алоқасини узиб қўйган аммасининг олдига келди. Ҳузурига киргач, аммаси: «Эй жиян, қайси шамол учирди?!» деб сўради. У: «Абу Ҳурайра шундай-шундай деди», деган эди, аммаси: «Бориб сўра-чи, нега бундай деди экан?» деди. У бориб сўраган эди, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳунинг жавоби қуйидагича бўлди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Бани Одам амаллари ҳар пайшанба оқшоми (жумага ўтар кечаси) Аллоҳ таборака ва таолога рўбарў қилинади. Шунда қариндошлари билан алоқани узган кишининг амали қабул қилинмайди», дедилар» (Имом Бухорий «Адабул-муфрад» китобларида келтирганлар).
Аллоҳ таолодан тоатига муваффақ этишини тилаймиз. Албатта, У саховатли ва марҳаматли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase