Душман ҳужумидан қочиш
- Якшанба, Авг 07 2022
- 84 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, кофирларнинг лашкарига дуч келганингизда (саноқлари кўплигини кўриб) уларга орқа ўгирманглар (яъни, қўрқиб қочманглар). Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилишдан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Аллоҳ тарафидан бўлан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!» (Анфол сураси, 15–16)
Яъни, эй иймон келтирганлар, сизлар кофирлар билан жангга киришганингизда, жанг майдонини ташлаб қочманглар. Балки сабот билан сабр-матонат кўрсатинглар. Фақат бошқа кофир тоифага ҳужум қилиш ёки душманни алдаш учун ҳийла ишлатиб, қочгандай кўриниб қайта ҳужум қилиш, сафларни тартибга келтириш мақсадида ё бўлмаса, бошқа бир мусулмон гуруҳга қўшилиб, кучларни бирлаштириш ниятида чекинсангиз, майли. Кимки шу каби мақсадларсиз душмандан қўрқиб қочса, у Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади ва борадиган жойи жаҳаннамдир.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳдан сақланинглар», дедилар. «Ў Расулуллоҳ, улар қайсилар?» деб сўрашган эди, «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, етим молини ейиш, душман бостириб келган кунда (жангдан) қочиш ва покдомон мўмина аёлларни бадном қилиш», дея жавоб бердилар» (Мутаффақун алайҳ).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Агар сизлардан йигирмата сабр-тоқатли киши бўлса, икки юзта (душманни) енгар!» (Анфол сураси, 65) ояти нозил бўлгач, Аллоҳ йигирмата мусулмонга икки юзта душмандан қочмасликни фарз қилди. Сўнг: «Энди Аллоҳ сизларнинг (юкингизни) енгил қилди...» (Анфол сураси, 65) ояти нозил бўлди ва юзта мусулмонга икки юзта душмандан қочмаслик фарз бўлди» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).