close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ота-онага оқ бўлиш

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсон), Парвардигоринг сизларга ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!» (Ал-Исро сураси, 23–24).
Фарзанд ҳамиша ота-она хизматига тайёр туриши лозим. Чунки улар фарзандининг хизматини қойиллатиб қилишган. Шунингдек, улар фарзанд камоли, униб-ўсиши – ҳаётини умид қилиб унинг қилиқларию озорларини кўтаришган. Фарзанд эса, гарчи улар озорига сабр қилса ҳам, бу уларнинг ўлимигача давом этади, халос. Қай бирининг ҳақи-хизмати улуғ эканига ўзингиз баҳо беринг.
«(Биз инсонга буюрдикки): «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ўлғиз ўзимга қайтажаксан!» (Луқмон сураси, 14).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтганлар: «Уч оят уч нарсага боғлиқ бўлиб тушган. Уларнинг бири шеригисиз қабул қилинмайди.
Биринчиси:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад сураси, 33).
Кимки Аллоҳга итоат этса-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этмаса, бу қабул қилинмайди.
Иккинчиси:
«Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар!» (Бақара сураси, 43).
Кимки намоз ўқиса-ю, закот бермаса, қабул қилинмайди.
Учинчиси:
«Сен Менга ва ота-онангга шукр қил!» (Луқмон сураси, 14).
Кимки Аллоҳга шукр қилса-ю, ота-онасига шукр қилмаса, қабул қилинмайди».
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Парвардигор розилиги ота розилигида. Парвардигор норозилиги ота норозилигида (Ота рози – Худо рози, ота норози – Худо норози)», деганлар (Ҳоким ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб жиҳодга боришга изн сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деган эди, «Улар йўлида жиҳод қилгин», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилишни, хизматларига шай туришни жиҳоддан устун қўйганларига бир эътибор беринг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми? (Улар) Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ота-онага ёмон муносабатда бўлиш, уларга яхшилик қилмасликни ширкдек энг улкан гуноҳ билан ёнма-ён зикр қилганларига ҳам бир эътибор беринг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одамга Аллоҳ қиёмат кунида қарамайди: ота-онасига оқ бўлган кимсага; маст қилувчи нарсага муккасидан кетган кимсага ва берган нарсасини миннат қилувчи кимсага», дедилар (Насоий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ота-онасига оқ бўлган кимсани лаънатлади», дедилар (Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар. «Ў Расулуллоҳ, инсон ўз ота-онасини ҳам сўкадими?» деб сўрашган эди, «Ҳа, – дедилар. – Бошқа кишининг отасини сўкканда, у бунинг отасини сўкади. Онасини сўкканда эса, бунинг онасини сўкади» (Муттафақун алайҳ).
Муҳтож бўлиб қолган ота-онага инфоқ-эҳсон қилиш ҳам уларга яхшилик қилиш жумласидандир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг мол-мулким ва болаларим бор. Отам эса мол-мулкимни олиб қўймоқчи», деган эди, у зот: «Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир», дедилар» (Ибн Можа ривояти).
Бир киши Абу Дардо розийаллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб: «Эй Абу Дардо, мен бир аёлга уйландим. Бироқ онам уни талоқ қилишимни буюрди», деган эди, Абу Дардо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота-она жаннатнинг энг ўрта эшигидир», деганларини эшитганман. Хоҳласанг шу эшикни бузиб ташла, хоҳласанг сақлаб қол», дедилар (Термизий, Ҳоким ривояти).
Амр ибн Мурра Жуҳаний розийаллоҳу анҳу дедилар: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва сиз шубҳасиз, Аллоҳнинг элчисидирсиз, деб гувоҳлик бердим, беш вақт намозни ўқидим, молимнинг закотини бердим ва рамазонда рўза тутдим. Менга нима (қандай мукофот) берилади?» деб сўраган эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мана шу ҳолатда вафот этса, қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан мана шундай бирга бўлади», деб икки бармоғини тикладилар ва: «Модомики, ота-онасинига оқ бўлмас экан», деб қўшиб қўйдилар» (Аҳмад, Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч хил дуонинг ижобат бўлишида шак-шубҳа йўқ, (улар): мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси» (Термизий ривояти).
Ривоят қилинишича, Аллоҳ гуноҳлардан хоҳлаганини қиёмат кунига олиб қўяди. Бироқ ота-онасига оқ бўлиш бундан мустасно. Аллоҳ ота-онасига оқ бўлган одамни ўлмасидан олдин шу дунёнинг ўзида жазолайди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан: «Аъроф нима? У ерда кимлар бўлади?» деб сўрашди. У зот: «Аъроф жаннат билан дўзах орасидаги тоғ бўлиб, жаннат ва дўзахдан баландроқ бўлгани боис «аъроф» (тепалик) деб номланган. У ерда дарахтлар, мевалар, анҳорлар ва булоқлар бор. Аърофда ота-оналарининг розилигисиз жиҳодга чиқиб, жиҳодда ўлдирилган кишилар бўлади. Аллоҳ йўлида қатл қилинганлари уларни дўзахга тушишидан тўсса, ота-оналарига оқ бўлганлари уларни жаннатга киришдан ман қилиб туради. Аллоҳ улар хусусида ҳукмини чиқармагунча, улар Аърофда бўлурлар», дедилар.
Каъбул Аҳбор раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Банда ота-онасига оқ бўлса, Аллоҳ тезроқ азоб бериш учун уни тезда ҳалок этади. Банда агар ота-онасига меҳрибон бўлса, янада кўпроқ яхшилик ва меҳрибонлик қилиши учун Аллоҳ бу банданинг умрини узун қилиб қўяди».
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Эй Мусо, ота-онангни эҳтиром қил. Зеро, ким ота-онасини эҳтиром этса, унинг умрини зиёда қиламан ва ўзини ҳам ҳурмат қиладиган фарзанд бераман. Кимки ота-онасига оқ бўлса, унинг умрини қисқа қиламан ва ўзига ҳам итоатсизлик қиладиган фарзанд бераман», деб ваҳий қилди.
Абу Бакр ибн Абу Марям айтадилар: «Тавротда: «Кимки отасини урса, ўлдирилади», дейилганини ўқидим».
Ваҳб айтади: «Тавротда: «Кимки ота-онасига қўл кўтарса, тошбўрон қилинади», дейилганини ўқидим».
Ривоят қилинишича, кимки ота-онасини ҳақорат қилса, (дафн қилинганидан) сўнг унинг қабрига, осмондан ерга тушадиган ҳар бир томчи миқдорича қизиб турган чўғ тушади.
Ривоят қилинадики, ота-онасига оқ бўлган кимса дафн қилинса, қабри уни қаттиқ сиқади. Ҳаттоки, унинг қовурғалари бир-бирига кириб кетади. Қиёмат кунида энг қаттиқ ғазабга гирифтор бўладиган инсонлар уч тоифа бўлиб, улар мушрик, зинокор ва ота-онасига оқ бўлган кимсадир.
Каъбул Аҳбордан: «Ота-онага оқ бўлиш нима?» деб сўрашган эди, у киши: «Агар отаси ёки онаси унинг номидан қасам ичса, қасамини оқламайди. Бирор ишга буюрса, буйруғига итоат этмайди. Бирор нарса сўраса, бермайди ва омонат қўйса, хиёнат қилади», деб жавоб бердилар.
Онанинг фазилати
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, гўзал муомала-муносатбатда бўлишимга энг ҳақдор инсон ким?» деб сўраган эди, у зот: «Онанг», деб жавоб бердилар. «Кейин-чи?» деган эди, яна: «Онанг», дедилар. «Кейин-чи?» деган эди, яна бир бор: «Онанг», дедилар. «Кейин-чи?» деган эди, «Отанг» дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам онага яхшилик қилишга уч бора буюриб, кейин отага яхшилик қилишга иршод этдилар. Чунки фарзанд ўстиришда она кўпроқ қийинчиликни бошидан ўтказади ва отага қараганда меҳрибонроқ бўлади.
Муовия ибн Жоҳима айтадилар: «(Отам) Жоҳима Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Мен ғазот қилмоқчиман, сиздан маслаҳат сўрагани келувдим», деган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деди. «Бориб онангни лозим тут (мудом хизматида бўл). Зеро, жаннат онанг оёғи остидадир», дедилар Набий (Ҳоким ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Бир аёл: «Ё Расулуллоҳ, мана бу ўғлимга қорним жой, бағрим бошпана, кўкрагим эса суғорадиган меш бўлган эди. Энди отаси уни тортиб олмоқчи», деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, никоҳланмас – бошқа эрга тегмас экансан, сен унга ҳақлироқсан», дедилар» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хола она мақомидадир», деганлар (Аҳмад, Бухорий, Муслим ривояти).
Яъни, холага ҳам яхшилик, хайр-эҳсон, ҳурмат кўрсатиш лозим.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо елкасига онасини мингизиб олиб, Каъбани тавоф қилдираётган кишини кўрдилар. У киши: «Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўраган эди, у зот: «Тўлғоқларидан бир тўлғоқ ҳақини ҳам адо эта олмадинг. Бироқ, яхши иш қилдинг. Аллоҳ сенинг озгина яхшигилингга кўп савоблар адо этур», дедилар.
Бикир айтганларки: «Қайси бир киши онасига гапини эшитадиган даражада яқин бўлса, бу унга Аллоҳ йўлида қилич чопишгандан кўра афзалроқдир. Онасига назар солиш эса барча нарсадан афзалдир».
Аллоҳдан бизни Ўзининг розилигига муваффақ этмоғини, ғазабига учрашдан сақламоғини сўраймиз. Албатта, У марҳаматли, меҳрибон ва раҳмли зотдир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase