close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

201-БОБ. Шом намозининг фарзидан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиладиган суннат намози ҳақида

Бу бобимизга Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оишалардан розияллоҳу анҳулардан: «Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шом намозидан кейин икки ракат суннат намозини ўқир эдилар», деб ривоят қилинган, Мана шу саҳиҳ ҳадис ҳам далилдир.

1121/1. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Шомдан олдин икки ракат намози ўқинглар», деб икки марта айтиб, учинчисида: «Хоҳлаган киши ўқисин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

1122/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам кибор саҳобалари шом пайтида масжид устунлари орқасида намоз ўқиш учун шошаётганларини кўрдим. Имом Бухорий ривоятлари.

1123/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Бизлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида қуёш ботгандан кейин шом намозидан олдин икки ракат ўқир эдик», деганларида, «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам буни ўқирмидилар?» деб сўрашди. Шунда Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ўқиганимизни кўрардилар-да, лекин ўқишни буюрмас ва қайтармас эдилар» дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1124/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бизлар Мадинада эканимизда агар муаззин шом намозига азон айтса, одамлар устун нарёғида намоз ўқишга шошар ва у ерда икки ракат намоз ўқир эди. Агар мусофир киши масжидга кирадиган бўлса, бу икки ракатни ўқувчилар кўплигидан шом намозининг фарзи ўқиб бўлинибди, деб гумон қилар эди. Имом Муслим ривоятлари.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабида шомнинг фарзидан олдин икки ракат суннат ўқилмайди. Балки фарзидан кейин икки ракат суннат ўқилади. Ҳанафия мазҳабидагилар ҳам бу сўзларига саҳиҳ ҳадислардан далил қилиб келтиришган. – Тарж)

 

202-БОБ. Хуфтон фарзидан олдин ҳам, кейин ҳам икки ракат суннат ўқиш тўрисида

Бу бобимизга ибн Умардан ривоят қилинган 1097-ҳадис ва Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинган 1098-ҳадислар далил қилинган.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабимизда хуфтонни фарзидан кейин икки ракат суннат ўқилади. Тарж...)

204-БОБ. Нафл намозларини хоҳ таъкидлангани, хоҳ бошқаси бўлсин, уйда ўқишнинг маҳбублиги ҳамда фарз ўқиган еридан бошқа жойда нафл ўқишга ёки икковининг орасини гаплашиш билан ажратишга буюриш ҳақида

1127/1. Зайд ибн Собитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, уйларингизда ҳам намоз ўқинглар. Чунки кишининг фарз намозларидан ташқари энг афзал намози уйда ўқиган намозидир. Лекин фарз намозларини масжидда ўқиш афзалдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Нафл намозларини уйда ўқишнинг маҳбублиги аён бўлмоқда. Чунки шундай қилиш риёдан узоқлаштириб, хонадонга барака олиб келишга сабаб бўлади.

1128/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзи намозларингизни уйларингизда ҳам ўқиб туринглар. Уйларингизни қабристон қилиб олмангизлар (яъни ҳеч қандай амал қилиш мумкин бўлмаган қабристон каби қилиб олманглар)», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1129/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз масжидда намоз ўқиб бўлса, уйидаги намоздан бўлган насибасини ҳам қолдирсин. Чунки Аллоҳ таоло уйдаги намозидан хонадонидагиларга яхшилик ато қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1130/4. Умар ибн Атодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Нофеъ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бу зотни Соиб ибн Ухти Намир розияллоҳу анҳу ҳузурларига Муовиянинг намозлари ҳақидаги фикрларини сўраб келишга юбордилар. Соиб розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқатда мен Муовия билан масжиднинг ёнидаги хонада жума намози ўқидим. Имом салом бериб намозни тугатганида, мен жойимда намознинг қолганини ўқидим. Муовия кириб, менга бир одамни юбориб: «Бу қилган ишингни такрорлама. Агар жумани ўқиб бўлсанг, то бирор киши билан гаплашмагунча ёки у ердан чиқиб кетмагунча, намозни ўқимагин. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор киши билан гаплашилмагунча ёки у ердан чиқиб кетилмагунча намозни бошқа намозга уламасликка буюрдилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Фарз намозлари билан нафл ва бундан бошқа намозларни орасини, сўзлашиш ёки фарз ўқиган ўрнини ўзгартириш ёки масжиддан уйига чиқиб кетиш билан ажратиш, суннат амалдир.

203-БОБ. Жуманинг суннати ҳақида

Бу бобимизга Ибн Умардан ривоят қилинган 1097-ҳадис ҳам далил бўлади.

1125/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизлардан бирингиз жума намозини ўқиса, орқасидан тўрт ракат намоз ўқисин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1126/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума намозидан кейин масжидда ҳеч бир намозни ўқимас эдилар. Фақат уйларига бориб, икки ракат намоз ўқирдилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жумадан кейин икки ёки тўрт ракат уйларида ўқирдилар. Ҳанафия мазҳабидагилар Расулуллоҳнинг жуманинг фарзидан олдин ҳам, кейин ҳам тўрт ракат суннат ўқиганларидаги ҳадисни ихтиёр қилишган. – Тарж)

205-БОБ. Витр намозига тарғиб ва унинг таъкидланган суннат эканлиги ҳамда унинг вақтининг баёни ҳақида

(Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда витр намози вожиб бўлиб, уч ракаатлидир. Вақти эса хуфтон намозидан кейин то бомдод намозигачадир. Ким витр намозини бомдод намозидан олдин уйғониб ўқиб олишига ишонмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олади. Аксинча, уйғонишига ишонса, бомдод намози вақти киришидан олдин ўқиб олади. - Тарж)

1131/1. Али розияллоҳу анҳу айтдилар. Витр бошқа фарз намозлари каби фарз эмас. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни суннат қилганлар. Албатта Аллоҳ тоқдир. Тоқни яхши кўради. Эй Қуръон аҳллари, сизлар ҳам витрни тоқ қилинглар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

1132/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечанинг ҳар бир қисмида, яъни аввалида, ўртасида ва охирида то субҳгача витр намозини ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1133/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечасидаги охирги намозингиз витр бўлсин», дедилар. Имом Бухорий Муслим ривоятлари.

1134/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тонг отишидан олдин витр намозини ўқинглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

1135/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси намоз ўқир эдилар. Оиша розияллоҳу анҳу у зотнинг олдиларида кўндаланг бўлиб ётар эдилар. Витрнинг ўзи қолганида эса Оишани розияллоҳу анҳу уйғотиб, витрни ўқир эдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Витрнинг ўзи қолса: «Эй Оиша, тургин, витрни ўқиб олгин», дер эдилар», деб келган.

1136/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳ вақти киришидан олдин витр намозини ўқиб олишга шошилинг», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

1137/7. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким витр ўқиш учун кечанинг охирида тура олмасам керак, деб қўрқса, кечанинг аввалида ўқисин. Ким кечанинг охирида туришидан умид қилса, витрни ўшанда ўқийверсин. Чунки кечанинг охиридаги намозга фаришталар шоҳид бўлишади. Мана шу вақтдагиси энг афзалидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase