1264/1. Зайд ибн Холид ал-Жуҳанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадан бирор нарса камайтирилмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1265/2. Умму Умора Ансориядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу саҳобия ҳузурларига киргандилар, у киши Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам таом тортиқ қилдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг ҳам егин», дегандилар, саҳобия: «Мен рўзадорман», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза тутган қайси одамнинг олдида бошқалар овқатланса, то еб тугатгунларича (ёки тўйгунларича) фаришталар рўзадор ҳаққига дуода бўлишади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1266/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убоданикига ифторлик қилгани борганларида, у нон ва ёғ қўйди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улардан тановул қилиб, сўнг: «Афтора ъиндакум соимуна ва акала тоъамакум ал-аброро ва соллат ъалайкум ал-малаикаҳ», деб айтдилар. (Маъноси: Рўзадорлар сизларнинг ҳузурингизда ифтор қилишди. Яхшилар овқатларингиздан танаввул қилишди. Ва фаришталар сизларга саловот айтишди.) Абу Довуд ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14257 марта кўрилди
231-БОБ. Ифторлик қилишнинг фазилати ва ўзи рўзадор бўлиб олдида бошқалар овқат еб турган кишининг фазилати ҳамда овқат тортиқ қилган кишига қилинадиган дуо ҳақида
- Создано 23 Октябр 2022
- 96 марта кўрилди
232-БОБ. Эътикоф фазилатлари
1267/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирардилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1268/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам то вафот этгунларига қадар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. Кейин хотинлари ҳам шу тарзда эътикоф ўтиришди. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
1269/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазон ойида ўн кун эътикоф ўтирардилар. Вафот этадиган йиллари эса йигирма кун эътикоф ўтирдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
«Риёзус-солиҳийн» китобининг иккинчи қисми шу ерга келганда ниҳоясига етди. Иншоаллоҳ, учинчи қисмни «Ҳаж китоби»дан бошлаймиз.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14583 марта кўрилди
235-БОБ. Шаҳидлар ва уларга тенглаштирилганлар ҳақида
1352/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар бештадир: 1. Вабода ўлган. 2. Қорни оғриб ўлган. 3. Чўкиб ўлган. 4. Иморат остида қолиб ўлган. 5. Аллоҳ йўлида вафот этган», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1353/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз кимларни шаҳид, деб ҳисоблайсиз?» деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, кимки Аллоҳ йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, менинг умматимда шаҳидлар оз экан-да!» дедилар. Саҳобалар: «Унда шаҳидлар ким, Эй Аллоҳнинг расули?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким Аллоҳ йўлида вафот этса, у шаҳиддир. Ким вабога чалиниб ўлса, у шаҳиддир. Ким қорин оғриғи билан ўлса, у шаҳиддир. Ким чўкиб ўлса, у ҳам шаҳиддир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1354/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким моли остида (яъни, ҳимоя қилаётиб) ўлдирилса, у шаҳиддир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1355/4. Ашараи мубашшарадан бири Абул Аъвар Саид ибн Зайд ибн Нуфайлдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким моли остида (яъни, ҳимоя қилаётиб) ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким қони ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким дини ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1356/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Айтинг-чи, агар бир киши молимни тортиб олишни хоҳласа, нима қилай?» деганида, у зот: «Молингни бермагин», дедилар. «Агар мен билан уришишни хоҳласа-чи?» деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У билан уришгин», дедилар. У киши: «Агар мени ўлдирса-чи?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен шаҳидсан», дедилар. У киши: «Агар мен уни ўлдирсам-чи?» деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
- Создано 23 Октябр 2022
- 15888 марта кўрилди
233-БОБ. Ҳажнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу Уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан бехожат бўлган Зотдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят), деб айтган.
1270/1. Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» шаҳодатини айтиш, намозни адо қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва рўза тутиш», дедилар. Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Термизий ривоятлари.
1271/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ бизга хутбада: «Эй инсонлар, албатта Аллоҳ таоло сизларга ҳаж қилишни фарз этди. Шундай экан, ҳаж амалини адо қилинглар», деганларида, буни эшитаётганлардан бири: «Ҳар йилими, эй Расулуллоҳ?» деган эди, у зот уч марта сўралганида ҳам сукут қилдилар. Кейин: «Агар ҳа, деб айтсам, шарт бўлиб қолади. Қодир бўлганингизча адо этаверинг», дедилар. Сўнг яна у зот: «Сукут қилиб сўзламаган нарсани савол бериб сўраманглар. Чунки сизлардан аввалгилар кўп савол бергани ва Пайғамбарларига ихтилоф қилгани сабабли ҳалок бўлишди. Агар сизларга бирор нарса буюрсам, қодир бўлганингизча амал қилинг. Агар бирор нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинглар», деб айтдилар». Имом Муслим ривояти.
1272/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қайси амал афзал?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳ ва расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин қайси?» дейилганида, у зот: «Аллоҳ йўлида жиҳод», дедилар. «Кейин қайси?» дейилганида, у зот: «Ҳажжи мабрур, яъни гуноҳ содир этилмаган ҳаж», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1273/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳаж амалини адо этсаю, унда беҳаё нарсаларни ва гуноҳ ишларни содир қилмаса, худди онасидан янги туғилган боладек (уйига) қайтади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1274/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир умра иккинчи умрага қадар орсидаги гуноҳлар учун каффоратдир. Мабрур ҳаж, яъни гуноҳ содир этилмаган ҳаж учун жаннатдан бошқа мукофот йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1275/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули! Биз жиҳодни амалларнинг энг афзали, деб биламиз, жиҳод қилайликми?» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Лекин жиҳодларнинг энг афзали гуноҳ содир этилмаган ҳаждир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
1276/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло арафа кунидагичалик бошқа бирор кунда кўп бандаларини дўзахдан озод қилмайди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1277/8. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда адо этилган умра ҳаж баробарида ёки мен билан ҳаж қилган баробарида бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1278/9. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ бандаларига ҳаж қилишни фарз этганида отамнинг ёши улғайиб қолган эди. Уловда мустаҳкам тура олмасди. (У ҳажни адо этмай вафот этди.) Мен отам номидан ҳаж қилсам бўладими?» деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бўлаверади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1279/10. Лақийт ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу Зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Отам кексайиб қолдилар. На ҳаж ёки умра қилиш ва на йўл юришга қодир эмаслар», деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Отанг номидан ҳаж ва умра қилавергин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1280/11. Соиб ибн Язиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдим. Ўшанда етти ёшда эдим». Имом Бухорий ривояти.
1281/12. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Равҳо деган жойда отлиқларга йўлиқдилар. Ва: «Сизлар кимсизлар?» дедилар. Улар: «Мусулмонлармиз», дейишди. Улар: «Ўзингиз кимсиз?» дейишди. У зот: «Аллоҳнинг расулиман», дедилар. Бир хотин боласини кўтариб турган эди, Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам «Мана шу бола ҳам ҳаж қилиши мумкинми?» деб сўради. У зот: «Ҳа, ҳажи ҳаж бўлиб, сенга савоб бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1282/13. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир туя устида ҳаж қилдилар. Юклари ҳам ўша туя устида эди. Имом Бухорий ривояти.
1283/14. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Укоз, Мижанна ва Зулмажоз бозорлари жоҳилият давридаги бозорлар эди. Саҳобалар гуноҳга ботсак керак, деб гумон қилиб ҳаж мавсумида савдо қилишдан ўзларини тийишар эди. Кейин Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 198-оятини нозил қилди: «(Ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқдир». Имом Бухорий ривояти.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14468 марта кўрилди
236-БОБ. Қул озод қилишнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Бас, у (мақтанчоқ кимса яхшилик) довонини ошиб ўтмади. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), довон (ошиш) нима эканини сиз қаердан билар эдингиз. (У бир қул) бўйнини (қулликдан) озод қилмоқ» (Балад сураси, 11–13-оятлар), деб айтган.
1357/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ким мусулмон қулни озод қилса, Аллоҳ таоло қулнинг аъзоси баробарида озод қилувчининг аъзоларини дўзахдан халос этади. Ҳаттоки, фаржи (жинсий аъзо) баробарида озод қилувчининг фаржини дўзахдан халос этади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1358/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал афзал?» деганимда, у зот: «Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. Мен: «Қайси қулни озод қилиш афзалроқ?» деганимда, у зот: «Эгаси наздида яхши бўлгани ҳамда нархи қиммат бўлганини», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 237-БОБ. Қулларга яхшилик қилишнинг фазилати тўғрисида
- 238-БОБ. Аллоҳнинг ва кейин ўз хожасининг ҳаққини адо этадиган қулнинг фазилати ҳақида
- 239-боб. Фасод-фитна кўпайиб кетганида ибодатга машғул бўлишнинг фазилати тўғрисида
- 240-боб. Олди-сотди, олди-берди ва қарз бериш-қарз олишда мулойим бўлиш ҳамда ўлчаш ва тортишда кўпайтириб беришнинг фазилати ҳақида