close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

221-БОБ. Саҳарлик қилишнинг ҳамда субҳ кириб қолишидан хавф қилмаса уни кечиктиришнинг фазилати ҳақида

1228/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар. Чунки саҳарлик қилишда барака бордир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1229/2. Зайд ибн Собитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилдик. Кейин намозга турдик», деганларида, ёнларидагилар томонидан: «Унинг орасидаги муддат қанча эди?» деб савол берилди. Шунда Зайд розияллоҳу анҳу: «Эллик оят ўқиш миқдорича фурсат эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1230/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам икки муаззинлари бор эди. Бири Билол розияллоҳу анҳу, иккинчиси Ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу. Икковлари ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Билол (тонг отмасидан олдин) кечаси азон айтади. Сизлар у азон айтганида то Ибн Умму Мактум айтгунича бемалол еб-ичаверинглар», дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Бу икки азон ўртасида бирлари чиқиб, иккинчилари тушгунчалик фурсат ўтар эди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1231/4. Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Биз билан аҳли китоблар (яҳудий ва насронийлар) нинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Ислом умматининг бошқалардан устун бўлган хусусиятларидан бири ифторлик қилишдир.

 

222-БОБ. Оғиз очишни кечиктирмасдан вақтида бажаришнинг фазилати ҳамда оғиз очиладиган нарсалар ва оғиз очилгандан кейин айтиладиган зикрлар ҳақида

1231/1. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар оғиз очишни кечиктирмасдан вақтида бажаришар экан, улар яхшиликдадирлар», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1233/2. Абу Атиййадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен ва Масруқ розияллоҳу анҳу Оишанинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирдик.  Масруқ розияллоҳу анҳу Оишага розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам иккита (улуғ) саҳобалари бор. Икковлари ҳам яхшилик қилишда бир-бирларидан кам эмас. Бирлари шомни ва оғиз очишни тезлатади. Иккинчилари шомни ва оғиз очишни кечиктиради. (Яъни буларнинг қайсилари афзал?)» деганларида, Оиша розияллоҳу анҳу: «Қайси бирлари шом ва оғиз очишни тезлатса», дедилар. Масруқ розияллоҳу анҳу: «Абдуллоҳ ибн Масъуд тезлатадилар», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуднинг розияллоҳу анҳу қилгани каби бажарганлар. Яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилар эканлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

1234/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ азза ва жалла: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари», деб айтди. Имом Термизий ривоятлари. Бу ҳадис ҳасан иснодлидир.

1235/4. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кеч машриқ томондан келиб, кундузи мағриб томондан кетса ва қуёш ботса, батаҳқиқ, рўзадор оғиз очадиган фурсат бўлибди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1236/5. Абу Иброҳим Абу Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдик. У зот рўзадор эдилар. Қуёш ботаётганда у зот қавмдаги бир кишига: «Эй фалончи, тушгин, бизга талқонни сувга аралаштириб келтиргин», дедилар. У киши: «Эй Аллоҳнинг расули, бироз кеч кирсин», деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тушгин, бизга талқонни сувга аралаштириб келтиргин», дедилар. У киши (уловдан) тушиб, улар учун талқонни сувга аралаштириб келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ундан ичиб, кейин қўллари билан машриқ томонга ишора қилиб: «Агар кеч» «мана бу томондан келса, батаҳқиқ рўзадор оғзини очадиган вақт бўлибди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1237/6. Салмон ибн Омир аз-Заббийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз оғиз очадиган бўлсангиз, хурмоларда оғиз очинг. Агар топа олмасангиз, сувда очинг. Чунки сув (маънавий ва ҳиссий) нопокликларни тозаловчидир», дедилар.

1238/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин ҳўл хурмо билан оғиз очардилар. Агар ҳўл хурмо топа олмасалар, қуруғи билан оғиз очардилар. Агар хурмолардан бирор турини топа олмасалар, бир ёки бир неча қултум сув билан оғиз очардилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Фойда: Ҳўлу қуруқ хурмолар билан оғиз очишнинг бир неча ҳикматлари бор. Улардан бири Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш бўлса, яна бири ошқозондан ортиқча нарсаларни чиқариб юборади. Ҳамда хурмода жисм эҳтиёжи бўлган кўпдан-кўп моддалар бор.

224-БОБ. Рўзага тегишли масалалар ҳақида

1241/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз унутиб бирор нарсани еб ёки ичиб қўйса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ  у кишини овқатлантириб, ичимлик ила сийлабди», дедилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1242/2. Лақит ибн Сабрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, таҳорат ҳақида хабар беринг», десам, у зот: «Таҳоратингни мукаммал қил ва бармоқларинг орасини ҳилол қил, яъни бир-бирига кириштириб, сув етказ. Бурунга сув олганда муболаға қилиб, адо эт. Лекин рўзадор бўлсанг, бундай қилмагин», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

1243/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлиб қолиб, ғусл қилишларидан олдин субҳ содиқ кириб қоларди. Кейин ғусл қилиб рўзаларини тутаверардилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1244/4. Оиша розияллоҳу анҳу ва Умму Саламалардан розияллоҳу анҳу  ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жунублик ҳолларида тонг отиб қолар эди. Бу жунублик эҳтилом бўлганларидан эмас, балки аёллари билан шаръий қовушганларидан содир бўлар эди. Кейин у зот рўзаларини давом эттираверардилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.
Фойда: Жумҳур салафлар ва кейинги уламолар ижмоъси субҳдан олдинги жанобат хоҳ эҳтилом сабабли, хоҳ аёли билан қовушиш орқали бўлсин, зарари йўқ дейишган. Бунга Аллоҳнинг сўзидаги: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди», дегани оят далилдир. Аммо субҳдан кейин аёли билан қовушиш орқали жунуб бўлиш ман этилгандир.

223-БОБ. Рўзадор кишини тили ва аъзоларини урушиш ва сўкишиш ҳамда шунга ўхшаш нарсалардан тиймоғига буюриш ҳақида

1239/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни сўзламасин. Агар бирор киши сўкса ёки урушса: «Мен рўзадорман», десин» деб айтдилар. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1240/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўза тутиб, ёлғон сўз ва амални ташламаса, унинг овқат ва ичимликдан тийилиб юришининг Аллоҳга кераги йўқдир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

225-БОБ. Муҳаррам, шаъбон ва ҳурматли ойларда рўза тутишнинг фазилати ҳақида

1245/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали муҳаррам ойидаги (нафл) рўзадир. Фарз намозидан кейинги намозларнинг афзали кечасидаги (таҳажжуд) намозидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1246/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойида тутганчалик кўп рўза тутмасдилар. Шаъбон ойининг деярли ҳаммасида рўза тутардилар», деб айтдилар.

Бошқа ривоятда: «Шаъбон ойида рўза тутиб, фақат баъзи кунлари оғизлари очиқ бўлар эди», дейилган. Имом Муслим ва Бухорий ривоятлари.

1247/3. Мужийба ал-Боҳилий оталари ёки амакиларидан қилган ривоятларида бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, бироз туриб, қайтиб кетдилар. Бир йил ўтгандан кейин яна келдилар. Аввалги ҳолатлари ва кўринишлари ўзгариб кетган эди. Бу киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени танимаяпсизми?» деганди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен кимсан?» дедилар. У киши: «Аввалги йил ҳузурингизга келган Боҳилийман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен яхши кўринишда эдинг-ку? Сени нима ўзгартириб юборди?» дедилар. У киши: «Ўша сиздан ажраб кетганимдан кейин фақат кечқурун овқатландим. Яъни кундузи рўзадор бўлдим», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсингга азоб берибсан-ку!», деб, яна: «Сабр ойи, яъни Рамазон ойида тўла рўза тутгин. Ва ҳар ойда бир кун рўза тут», дедилар. У киши: «Менга зиёда қилинг. Чунки менинг рўза тутишга қувватим етарли», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кун рўза тут», дедилар. У киши: «Менга яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч кун рўза тутгин», дедилар. У киши: «Яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳурматли ойларда (яъни ражаб, зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам) уч кундан рўза тут ва тарк қил», деб учта бармоқларини букиб-очдилар. Абу Довуд ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase