205-БОБ. Витр намозига тарғиб ва унинг таъкидланган суннат эканлиги ҳамда унинг вақтининг баёни ҳақида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 14567 марта кўрилди
(Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда витр намози вожиб бўлиб, уч ракаатлидир. Вақти эса хуфтон намозидан кейин то бомдод намозигачадир. Ким витр намозини бомдод намозидан олдин уйғониб ўқиб олишига ишонмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олади. Аксинча, уйғонишига ишонса, бомдод намози вақти киришидан олдин ўқиб олади. - Тарж)
1131/1. Али розияллоҳу анҳу айтдилар. Витр бошқа фарз намозлари каби фарз эмас. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни суннат қилганлар. Албатта Аллоҳ тоқдир. Тоқни яхши кўради. Эй Қуръон аҳллари, сизлар ҳам витрни тоқ қилинглар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1132/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечанинг ҳар бир қисмида, яъни аввалида, ўртасида ва охирида то субҳгача витр намозини ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1133/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечасидаги охирги намозингиз витр бўлсин», дедилар. Имом Бухорий Муслим ривоятлари.
1134/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тонг отишидан олдин витр намозини ўқинглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1135/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси намоз ўқир эдилар. Оиша розияллоҳу анҳу у зотнинг олдиларида кўндаланг бўлиб ётар эдилар. Витрнинг ўзи қолганида эса Оишани розияллоҳу анҳу уйғотиб, витрни ўқир эдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Витрнинг ўзи қолса: «Эй Оиша, тургин, витрни ўқиб олгин», дер эдилар», деб келган.
1136/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳ вақти киришидан олдин витр намозини ўқиб олишга шошилинг», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1137/7. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким витр ўқиш учун кечанинг охирида тура олмасам керак, деб қўрқса, кечанинг аввалида ўқисин. Ким кечанинг охирида туришидан умид қилса, витрни ўшанда ўқийверсин. Чунки кечанинг охиридаги намозга фаришталар шоҳид бўлишади. Мана шу вақтдагиси энг афзалидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.