1158/1. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага боришни хоҳлаб Маккадан чиқдик. Макка яқинидаги Азваро номли жойга етганимизда (уловларидан) тушиб, қўлларини кўтариб, Аллоҳга бир қанча фурсат дуо қилдилар. Кейин саждага бориб, унда узоқ турдилар. Яна ўринларидан туриб, қўлларини кўтариб, дуо қилиб, саждага бош қўйдилар. Уч бор шундай қилдилар. Ва: «Мен Раббимдан умматимга шафоат сўрадим. Умматимнинг учдан бирига у берилди. Дарҳол саждага чўкиб, Раббим учун шукр намозини ўқидим. Кейин бошимни кўтариб, Раббимдан умматим учун шафоат сўрадим. Умматимнинг учдан бирига у берилди. Дарҳол яна саждага чўкиб, Раббимга шукр намозини ўқидим. Сўнгра бошимни кўтариб, умматимга шафоат сўрадим. Умматимнинг қолган уч қисмига шафоат сўрадим. Бас, қолган уч қисмига ҳам берилди. Дарҳол яна саждага чўкиб, Раббим учун шукр намозини ўқидим», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 16158 марта кўрилди
211-БОБ. Бирор неъматга эришилганда ёки бирор балодан халос бўлинганда шукр намози ўқишнинг маҳбублиги ҳақида
- Создано 23 Октябр 2022
- 15462 марта кўрилди
212-БОБ. Кечаси бедор қоим бўлишнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб, ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирур» (Исро сураси, 79-оят).
«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар)» (Сажда сураси, 16-оят).
«Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар» (Ваз-Зариёт сураси, 17-оят), деб айтган.
1159/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечалари бедор бўлганларидан икки оёқлари шишиб кетар эди. Шунда мен у зотга: «Нима учун бундай қиласиз, эй Аллоҳнинг расули? Сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингиз мағфират этилган бўлса?» десам, у зот: «Нима, шукр қилувчи банда бўлмайми?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1160/2. Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси қизлари Фотима розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб: «Сизлар намоз ўқимадингларми?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Тунги намознинг фазилати улуғ бўлгани учун бошқаларни ҳам тунги намозга уйғотиш ва огоҳ этишга рухсат берилган.
1161/3. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Абдуллоҳ мунча ҳам яхши инсон, агар у кечалари (таҳажжуд) намозини ўқиса», дедилар. Солим розияллоҳу анҳу: «Абдуллоҳ ибн Умар мана шу сўздан кейин кечаси озгина ухлайдиган бўлди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1162/4. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абдуллоҳ, фалон киши каби бўлмагин. Аввалига у киши кечаси намоз ўқирди, кейин кечаси туришни тарк қилди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1163/5. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида кечасидан то субҳгача ухлайдиган киши зикр қилинганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кишининг икки ёки бир қулоғига шайтон бавл қилиб қўйгандир, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1164/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ухлаётган вақтингизда шайтон бўйнингизга учта тугун тугиб қўяди. Ҳар тугунни ҳаракатга келтириб, кеча ҳали узун, ётавер, дейди. Агар киши уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, тугунларнинг бири ечилади. Агар таҳорат қилса, иккинчиси ечилади. Намоз ўқиса, тугунларнинг ҳаммаси ечилади ва киши нафси пок, фаол ва ғайратли бўлиб тонг орттиради. Аммо уйқуда ётаверса, нафси ифлос, дангаса бўлиб уйғонади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1165/7. Абдуллоҳ ибн Саломдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйинг. Овқат билан (камбағалларни) таомлантиринг, қариндошларга етишинг. Кишилар ухлаганда намоз ўқинг, жаннатга омон ҳолатда кирасизлар», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1166/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги рўзаларнинг энг афзали муҳаррам ойидаги нафл рўзасидир. Фарз намозларидан кейинги энг афзал намоз тундаги таҳажжуд намозидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1167/9. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тунги таҳажжуд намози икки-икки ракаатдир. Агар субҳ кириб қолишидан чўчисанг, бир ракаат витр ўқигин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари (Бу ҳадисни Шофеъий мазҳабидагилар ихтиёр қилишган. Бизнинг Ҳанафия мазҳабимизда эса витр уч ракаат ўқилади. Албатта бунга Ҳанафия мазҳаби уламолари келгусидаги Оишадан ривоят қилинган 1171-рақамли ва бошқа саҳиҳ ҳадисни далил қилиб келтиришган. – Тарж).
1168/10. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси икки ракат-икки ракаат ўқиб, бир ракаат витр ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Юқорида айтганимиздек, бу ҳадисга Шофеъий мазҳабида амал қилишади. Тарж.)
1169/11. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам баъзи ойларда оғизлари очиқ юрардиларки, ҳатто биз рўза тутмадилар шекилли, деб гумон қилар эдик. Ва баъзи ойларда рўза тутардиларки, ҳатто биз оғиз очмадилар шекилли, деб гумон қилар эдик. Агар у зотни кечалари намозда топишни хоҳласанг, намозда топар эдинг. Агар кечқурун уйқуда топишни хоҳласанг, уйқуда топар эдинг. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Ибодатларни кўпайтиришга тарғиб бор. Хусусан, тундаги нафл ва таҳажжудларни ҳуқуқларни поймол қилмай ва шартларини камайтирмасдан бажариш жоиз. Энг афзали тунни намоз ила бедор ўтказиш ва баъзи кунларда рўза тутишликни тайин қилмасликдир. Чунки доим рўза тутишни одат қилиб олинса, нафсга машаққат олиб келади. Ва бу билан савоби озайиб кетади.
1170/12. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечаси ўн бир ракаат намоз ўқирдилар. Бундаги саждада сизлардан бирингиз бош кўтаришидан олдин эллик оят ўқиш миқдорича турардилар. Бомдоднинг фарзидан олдин икки ракаат намоз ўқирдилар. Кейин муаззин намозга чақиргунча ўнг томонга ёнбошлаб турардилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1171/13. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ёки бошқа ойда кечқурундаги намозларини ўн бир ракаатдан оширмасдилар. Аввал тўрт ракаат ўқирдилар. Сизлар буни чиройли қилиб, узун ҳолатда ўқиганларини сўраманглар. Яъни ниҳоятда чиройли ва узун қилиб ўқирдилар. Кейин яна тўрт ракаат намоз ўқирдилар. Сизлар буни чиройли қилиб ва узун ҳолатда ўқиганларини сўраманглар. Кейин уч ракаат ўқирдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» десам, у зот: «Эй Оиша, кўзим ухласа ҳам, қалбим ухламайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари
(Ҳанафия мазҳабида ушбу ҳадис ва бундан бошқа ҳадисларга биноан витрни уч ракаат ўқишади. – Тарж).
1172/14. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида ухлаб, охирида туриб намоз ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1173/15. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бир кеча намоз ўқидим. У зот тик тураверганларидан мен бир ёмон нарсани қасд қилдим. Шунда: «Нимани қасд қилдингиз?» дейилганида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам тик қўйиб, ўзим ўтириб олишни», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1174/16. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кечаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини бошладилар. Юз оятда рукуъ қилсалар керак, деб ўйладим. Аммо намозда давом этдилар. Ҳаммасини ўқиб бўлиб, рукуъ қилсалар керак, деб ўйладим. Аммо намозда давом этдилар. Сўнг Оли Имрон сурасини бошладилар. Кейин Нисо сурасини шу тахлит ўқидилар. Оҳиста ва шошилмай қироат қилдилар. Бирор оятни ўқиётганларида тасбеҳ келса, тасбеҳ айтдилар, сўраладиган нарса келса, сўрадилар, паноҳ тилайдиган оят келса, паноҳ тиладилар. Кейин рукуъ қилиб, унда: «Субҳана роббиял ъазийм», дедилар. Рукуълари қиёмларига яқин бўлди. Кейин: «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», дедилар. Унда ҳам узун турдилар. Бу ҳам рукуъларига яқин бўлди. Кейин сажда қилдилар. Унда: «Субҳана роббиял аъло», дедилар. Саждалари ҳам қиёмларига яқин бўлди. Имом Муслим ривоятлари.
1175/17. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Намозлардан қайси бири афзал?» дейилганида, у зот: «Қиём (тик туриш)ни узун бўлганидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1176/18. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло учун намозларнинг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг намозларидир. Аллоҳ таоло учун рўзаларнинг энг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир. У зот кечанинг аввалги ярмида ухлаб, қолган уч қисмида намозга машғул бўлардилар. Охирги ҳиссасида, яъни олтидан бир қисмида ухлардилар. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғизлари очиқ бўлар эди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1177/19. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечасида бир фурсат бор. Агар мусулмон киши ўша фурсатга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишларидан бирор яхшилик сўраса, албатта Аллоҳ уни беради. Бу фурсат ҳар кеча бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1178/20. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз кечаси таҳажжуд учун турса, аввало енгилгина қилиб, икки ракаат намоз ўқиб олсин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам эргашган ҳолда тундаги намозни икки ракаат енгилгина намоз билан бошлаш лозимлиги маълум бўляпти. Албатта бундай қилиш уйқу асоратини кетказиб, олдиндаги намозга тайёргарликдир.
1179/21. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам турсалар, аввало икки ракаат енгилгина намоз ўқиш билан (таҳажжуд намози билан) очардилар. Имом Муслим ривоятлари.
1180/22. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Агар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам касаллик ёки бошқа бирор сабаб билан кечаси таҳажжуд намозини ўқий олмасалар, кундузи ўн икки ракаат нафл намози ўқиб олардилар. Имом Муслим ривоятлари.
1181/23. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон кечаси ўқийдиган вазифасининг ҳаммасини ёки баъзисини ўқимасдан ухлаб қолиб, кейин бомдод ва пешин намози орасида ўқиб олса, у киши вазифасини ўз вақтида ўқиган кабидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1182/24. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир кишига раҳм қилсинки у кечаси туриб намоз ўқийди ва хотинини уйғотади. Аммо хотини туришдан воз кечади, ҳаттоки унинг юзига сув сепса ҳам. Яна бир хотинга раҳм қилсинки, у хотин кечаси туриб намоз ўқийди ва эрини уйғотади. Бироқ эри туришдан бош тортади, ҳатто унинг юзига сув сепса ҳам», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
1183/25. Абу Саид ва Абу Ҳурайралардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши кечаси ўз аҳли аёлини уйғотиб, икковлари ёки барчалари икки ракаатдан намоз ўқишса, зикр қилувчи эркаклар ва зикр қилувчи аёллар қаторига ёзилишади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
1184/26. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингизнинг намозда уйқуси келса, то уйқуси кетгунча ором олсин. Чунки уйқусираб намоз ўқиса, дуо қиляпман деб ўз-ўзини сўкиб қўйиши мумкин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1185/27. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз кечаси таҳажжуд намозига уйғониб, Қуръон ўқишга тили қовушмаса ва нима деяётганини ўзи билмаса, ётиб ухласин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Кечки таҳажжуд намозига тарғиб бор ва уни фаоллик, хушуъ ва қалби билан Аллоҳга юзланиш ила адо этиш маълум бўлмоқда.
- Создано 23 Октябр 2022
- 18169 марта кўрилди
214-БОБ. Қадр кечасида ибодат ила бедор бўлмоқнинг фазилати ҳамда Рамазон кечаларининг савоби энг умидли экани баёни
Аллоҳ таоло: «Албатта Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёрила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир». (Қадр сураси, 1-5-оятлар).
«Албатта биз уни бир муборак — барокатли кечада нозил қилдик» (Духон сураси, 3-оят), деб айтган.
1188/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечаси унинг фазилатига ишониб, савоб умидида кечани бедор ўтказса, олдинги гуноҳлари кечирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1189/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган кишилар Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг етинчисида Лайлатул-қадрни тушларида кўришди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг тушингизда Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг еттинчисида Қадр кечасига мувофиқ бўлганингизни кўрдим. Бас, ким бу муборак кечани топмоқчи бўлса, Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг еттинчисидан ахтарсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1190/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охриги ўн кунлигида эътикоф ўтириб: «Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунидан ахтаринглар», дердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1191/4. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан ахтаринг», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1192/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кирса, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказардилар. Ва ўз аҳли-аёлларини ҳам уйғотиб, енгларини шимариб ибодатга астойдил шўнғирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1193/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа ойларда қилмаган (ибодатларини) Рамазон ойида астойдил бажарардилар. Рамазон ойида бажармаган (ибодатларини) охирги ўн кунлик (даҳа) да бажарардилар. Имом Муслим ривоятлари.
1194/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули? Қадр кечаси қайси кунлигини билсам, нима деб айтай?» десам, у зот: «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул ъафва фаъфу ъанний», деб айтгин», дедилар (Маъноси: эй Раббим, сен авф қилгувчисан ва авф қилишни яхши кўрасан. Мени авф эт). Имом Термизий ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 132 марта кўрилди
213-БОБ. Рамазон кечасида қоим бўлиш, яъни таровеҳ намоз ўқишнинг маҳбублиги ҳақида
1186/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон ойи (кечасидаги таровеҳ намозини адо этиш) фазилатига ишониб, савобини умид қилган ҳолда қоим қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади, дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1187/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаси (таровеҳ намозини адо этишга) тарғиб қилиб, шарт этмасдан қуйидагича сўзларни айтардилар: «Кимки таровеҳнинг фазилатига ишониб, савобини умид қилган ҳолда қоим қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади». Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14646 марта кўрилди
215-БОБ. Мисвок ҳамда фитрат хислатлари фазилати ҳақида
1195/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга ёки одамларга машаққат бўлмаганида, ҳар бир намозда мисвок қилишни буюрар эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1196/2. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар уйқудан турсалар, оғизларини мисвок билан тозалардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1197/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ишлатишлари учун мисвок ва таҳорат сувларини тайёрлаб қўяр эдик. Аллоҳ у зотни қачон турғизишни хоҳласа, у зот туриб, оғизларини мисвок билан тозалаб, таҳорат қилиб, намоз ўқирдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1198/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга мисвокнинг фойдаси ҳақида кўп гапирдим», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1199/5. Шурайҳ ибн Ҳонеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен Оишага розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар уйларига кирсалар, қайси амалдан бошлар эдилар?» десам, Оиша розияллоҳу анҳу: «Мисвокдан», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1200/6. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирсам, мисвокнинг олди тарафи муборак тиллари устида экан. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз имом Муслимники.
1201/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни тозалаб, Аллоҳни рози қилур», дедилар. Имом Насаий ва Ибн Ҳзайма ривоятлари.
1202/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фитрат бештадир ёки беш нарса фитратдандир. 1. Хатна қилмоқ; 2. Киндик ости тукларини олмоқ; 3. Тирноқларни қисқартирмоқ; 4. Қўлтиқ ости тукларини тозаламоқ; 5 Мўйловни қисқартирмоқ», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1203/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фитрат ўнтадир», дедилар. Улар: 1. Мўйловни қисқартириш; 2. Соқол қўйиш; 3. Мисвок ишлатиш; 4. Бурунга сув олиш; 5. Тирноқларни қисқартириш; 6. Бармоқлар орасини ювмоқ; 7. Қўлтиқ тукларини тозаламоқ; 8. Киндик ости тукларини тозаламоқ; 9. Истинжо қилмоқ. «Ўнинчисини унутдим. Оғизга сув олиш бўлса керак», деб шу ҳадис ровийларидан бири Вакийъ розияллоҳу анҳу айтганлар. Имом Муслим ривоятлари.
1204/10. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўйловларни қисқатириб, соқолларни қўйиб юборинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Фитрат — хилқат. Бу ерда қадимги пайғамбарлар суннати, одати тушунилади – Тарж).
Яна мақолалар...
- 216-БОБ. Закот шарт эканининг таъкидланиши ва унинг фазилатлари ҳамда унга тааллуқли нарсалар ҳақида
- 217-БОБ. Рўза тутишнинг шартлиги ва рўзанинг фарзлиги ҳамда унга тааллуқли нарсалар ҳақида
- 218-БОБ. Рамазон ойида хайр-саховат ҳамда яхшиликларда бардавом бўлиш, хусусан бундай яхши ишларни охирги ўн кунликда кўпайтиришнинг фазилати ҳақида
- 219-БОБ. Ўн бешинчи шаъбондан кейин Рамазон кирмай туриб рўза тутиш ман этилгани, фақат аввалдан тутиб келаётган бўлса ёки душанба ва пайшанбадаги одатларига тўғри келиб қолса зарари йўқлиги ҳақида