close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

191-БОБ. Жамоат билан намоз ўқишнинг фазилати ҳақида

1063/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1064/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйда ва бозорда ўқиган намозидан йигирма беш баробар афзалдир. Агар ўша киши чиройли таҳорат қилиб, фақат намоз ўқишни ният этиб, масжидга чиқса, Аллоҳ унинг даражасини баланд қилиб, хатоларини ўчиради. Киши намозхонасида таҳоратини синдирмасдан ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига: «Аллоҳим, мағфират эт, Аллоҳим, унга раҳм қил», деб дуода бўлишади. Улар (масжидга кириб), уни кутганидан бери намозда турган ҳисобланади», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.Бу ҳадис лафзи Бухорийники.

1065/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кўзи ожиз киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мениг етаклаб масжидга олиб борувчи кишим йўқ», деб, у зотдан масжидга бормасдан уйда намоз ўқишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кўзи ожиз кишига рухсат бердилар. У киши энди орқа ўгириб кетаётган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб: «Намозга айтиладиган азонни эшитасанми?» дедилар.У киши: «Ҳа», деб жавоб берган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Муаззиннинг азонига жавоб қил, яъни жамоатга боргин», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

1066/4. Ибн Умму Мактум куняси билан таниқли муаззин Абдуллоҳ ибн Қайсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Эй Аллоҳнинг Расули, Мадина зарарли ҳашарот ва йиртқичлари кўп шаҳардир. (Менга жамоатга бормасдан, уйда намоз ўқишимга рухсат берасизми?)» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаййа ъалас солат, ҳаййа ъалал фалаҳ» калималарини эшитасанми? Агар эшитадиган бўлсанг, жамоатда ҳозир бўл», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

1067/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, мен ўтин териб келишни буюришга қасд қилсам. Бас, ўтин териб келинса. Кейин намоз ўқишга буюрсам, у намозга азон айтилса, кейин бир кишига буюрсам, у одамларга намоз ўқиб берсаю мен бунга хилоф қилиб, жамоатга келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1068/6. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Кимни эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолда йўлиқиш хурсанд қилса, азон айтиладиган масжидда намозларини адо этсин. Албатта, Аллоҳ набийларингизни ҳидоят йўлига йўналтириб қўйган. Албатта, беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиш ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар ҳам уйида намоз ўқувчи кишилар каби уйингизда ўқисангиз, набийларингиз суннатини тарк қилган бўласизлар. Агар набийларингиз суннатини тарк қилсангизлар, залолатга кетасизлар. Биз саҳобаларни кўрар эдик. Маълум бир нифоқи бор мунофиқ бўлмаса, жамоат намозидан қолмас эди. Икки кишининг орасида келиб бўлса ҳам, сафда турар эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳидоят йўлини ўргатдилар. Азон айтиладиган масжидда намозни жамоат билан ўқиш ҳидоят йўлларидандир», дедилар.

1069/7. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нафар киши бирор қишлоқ ёки саҳрода жамланишсаю жамоат бўлиб намоз ўқишмаса, шайтон уларга ғолиб келади. Бас, шундоқ экан, жамоатни ўзингизга лозим тутинг. Чунки бўри ҳам ёлғиз юрган қўйни ейди», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.

 

192-БОБ. Бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқишга тарғиб

1070/1. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандай бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Имом Термизийнинг Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказганнинг савобига эришибди. Ким хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиса, кечанинг барчасини бедор ўтказганнинг савобига эришибди», дедилар. Имом Термизий бу ҳадиси шарифни саҳиҳ, ҳасан, деб айтганлар.

1071/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билишганида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1072/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиққа бомдод ва хуфтондан оғирроқ намоз йўқдир. Агар улар икковидаги савобни билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

194-БОБ. Аввалги сафнинг фазилати ҳамда аввалги сафни тўлдириб жипслаш ва текис қилишга буюриш ҳақида

1081/1. Жобир ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга чиқиб: «Фаришталар Раббилари ҳузурида саф тортгани каби сизлар ҳам саф тортмайсизларми?» дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, фаришталар Раббилари ҳузурида қандай саф тортишади?» десак, у зот: «Аввалги сафни тўлдириб ва сафни жипс қилишади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1082/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамлар азон ва аввалги сафнинг фазилатини билишганида эди, уни қўлга киритиш учун қуръа ташлашга мажбур бўлиб қолишса, қуръани ташлаб бўлса ҳам у фазилатни олишга ҳаракат қилишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1083/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эркаклар сафининг яхшиси аввалги сафдир. Охирги саф эса ёмонидир. Аёллар сафининг яхшиси охиридир. Аввалги саф эса ёмонидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1084/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг орқа (саф)да турганларини кўриб): «Олдинга ўтинглар. Бас, менга иқтидо қилинглар. Орқангиздагилар сизларга иқтидо қилсин. Баъзи тоифа кишилар доим ортда қолишади. Аллоҳ ҳам уларни ортда қолдиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1085/5. Абу Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоз (олдидан) елкаларимизни ушлаб: «Баробар туринглар. Ҳар турли бўлиб турманглар. Қалбларингиз ҳам ҳар турли бўлиб қолади. Менга балоғатга етган ақллиларингиз яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлари турсин. Сўнгра уларга яқинлари турсин», деб айтардилар». Имом Муслим ривоятлари.

1086/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни баробар қилинглар. Чунки сафни баробар қилиш намознинг мукаммал бўлишига сабабчидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Бухорий ривоятларида: «Сафларни баробар қилиш намозни қоим этишдир», дейилган.

1087/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни намозга такбир айтилганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизларга юзларини қаратдилар-да: «Сафларингизни текислаб, жипслаштиринглар. Чунки мен сизларни орқамдан ҳам кўраман», дедилар. Имом Бухорий шу лафз билан имом Муслим мана шу маънода ривоят қилганлар.

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятларида: «Бизлар сафда турсак, елкамиз ёнимиздагининг елкасига, оёғимиз ёнимиздагининг оёғига ёпишиб турар эди», дейилган.

1088/8. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло (қалбларингизни ихтилофли қилиб, ораларингизга ғазаб-адоватни солиб қўйиш билан) юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафларимизни гўёки камон ўқларини тергандек текислаб қўярдилар. Бизнинг тушунганимизни кўргунларича шундай қилдилар. Кейин бир куни (намозга киришиш учун) такбир айтаман, деб турганларида, бир киши кўкрагини (бошқаларникига қараганда) бироз чиқариб турганини кўриб, «Эй Аллоҳнинг бандалари, сафларингизни баробар қилинглар. (Агар бундай қилмасангизлар) Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди», дедилар».

1089/9. Баро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафнинг орасига кириб, бу томондан нариги томонгача юрдилар-да олд томонларимизни ва елкаларимизни қўллари билан баробар қилиб: «Сафларингизни ҳар турли қилманглар. Агар ҳар турли қилсанглар, Аллоҳ қалбларингизни мухолиф қилиб қўяди», дедилар. Ва яна у зот: «Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари аввалги сафдагиларга дуою салавот айтурлар», деб айтардилар. Абу Довуд ривоятлари.

1090/10. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни тўғриланглар. Елкаларингизни баробар қилинглар. Сафдаги очиқ жойларни тўлдиринглар. Биродарларингиз сафни қўллари билан тўғрилайман, дейишса, уларга мулойим бўлинг. Ҳамда шайтон учун сафда бўш жой қолдирманг. Ким сафни етказса, Аллоҳ ҳам уни етказади. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам ундан узилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

1091/11. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сафларингизни жисплаштиринглар ва унинг орасини яқин қилинглар ҳамда елкаларингизни текисланглар. Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, мен шайтонларни сафларнинг очиқ ерида кичкина қора қўзичоқлар каби ўтиб турганини кўраман», дедилар. Абу Довуд ривоятлари. Бу ҳадис Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳдир.

1092/12. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Олдинги сафни тўлдиринглар. Сўнгра ундан кейинги сафни тўлдиринглар. Тўлмайдиган саф охирги саф бўлсин», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

1093/13. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари сафнинг ўнг томонидагиларга дуою салавот айтурлар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.

1094/14. Бародан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Агар биз Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам орқаларида намоз ўқийдиган бўлсак, у зотнинг ўнг томонларида туришни яхши кўрар эдик. У зот юзларини бизга қаратиб, қуйидагича айтган сўзларини эшитдик: «Эй Раббим, бандаларингни қайта тирилтирадиган ёки Маҳшаргоҳга тўплайдиган кунда азобингдан сақла!». Имом Муслим ривоятлари.  

1095/15. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Имомларингизни ўртага олинглар. Ҳамда сафдаги очиқ жойларни тўлдиринглар», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.

193-БОБ. Беш вақт намозни муҳофаза этишга буюриш ҳамда уни қасддан тарк қилганларни қаттиқ ваъийдлар билан қайтариш тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Барча намозларни ва хусусан, ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо этинглар» (Бақара сураси, 238-оят).

«Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз! (яъни улар билан урушишни бас қилингиз)» (Тавба сураси, 5-оят), деб айтган.

1073/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси амал афзал?» деб сўрасам, у зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайси?» десам, у зот: «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» десам, у зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1074/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимаси; намозни адо этиш; закот бериш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон рўзасини тутиш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1075/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ», деб айтмагунларича, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича улар билан уришмоқликка буюрилдим. Агар мана шу айтилган нарсаларни бажаришса, улар ўз жонлари ва молларини мендан сақлашибди. Лекин Ислом ҳақларида (яъни, ҳад ва қасосларда) бундай эмас. Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1076/4. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётиб, «Сен аҳли китоб бўлган қавмнинг ҳузурига кетяпсан. Агар борсанг, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ваанна Муҳаммадан расулуллоҳ» шаҳодатига чақир. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиргин. Агар бунга ҳам итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиб, камбағалларига бериладиган садақани фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, закот олаётганингда уларнинг яхши молларини танлаб олишдан сақлангин. Ҳамда мазлумнинг дуосидан қўрққин. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида парда бўлмайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1077/5. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши билан ширк ва куфр орасидаги фарқ намозни тарк қилишдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1078/6. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Биз билан уларнинг (мунофиқларнинг) орасидаги фарқ намоздир. Бас, кимки уни тарк қилса, батаҳқиқ кофир ҳолича қолибди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

1079/7. Буюк тобеъинлардан эканлигига иттифоқ қилинган Шақиқ ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари намозни тарк қилишдан бошқа бирор амални тарк қилишни кофирлик деб ҳисоблашмас эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

1080/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар у яроқли бўлса, нажот топиб, муваффақиятга эришибди. Агар яроқсиз бўлса, ҳасрат-надоматда қолибди. Агар бордию фарз амалларидан бирор камчилик бўлса. Аллоҳ таоло: «Бандамнинг нафл амалларига қаранглар-чи?» дейди. Агар нафл амаллар бўлса, фарзнинг камчиликлари тўлдирилади. Кейин бошқа амаллари ҳам мана шу тарзда ижро этилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

195-БОБ. Фарзлар билан бирга ўқиладиган таъкидланган суннатларнинг фазилати ҳамда уларнинг савоб жиҳатидан оз, кўп, ўртачалари баёни

1096/1. Уммул Мўъминин Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфёндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон банда Аллоҳ учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари нафл намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у киши учун жаннатда уй қуради ёки у киши учун жаннатда уй қурилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабимиздаги фарздан олдинги ва кейинги суннат намозларни ўқиш мана шу ҳадисга асосандир. – Тарж).

1097/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга пешин намозидан олдин ва кейин жума намозидан кейин, икки ракат, шом намозидан кейин икки ракат ҳамда хуфтон намозидан кейин икки ракат намоз ўқидим» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Бизнинг Ҳанафия мазҳабимизда бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат суннат, пешинни фарзидан олдин тўрт ракъат, кейин икки ракъат суннат, жума намозида эса, фарзидан олдин ҳам кейин ҳам тўрт ракъат суннат, шом намозида эса фарзидан кейин икки ракъат суннат, хуфтонни фарзидан кейин икки ракъат суннат ўқилади. Бу айтилган гапларга, келгусида келадиган саҳиҳ ҳадислардан далиллар бордир. – Тарж).

1098/3. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки азон орасида намоз бордир. Икки азон орасида намоз бордир. Икки азон орасида намоз бордир (яъни азон билан иқомат орасида) деб, учинчисидан кейин: «Хоҳлаган киши учун», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase