1001/1. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни ёд олгандан кейин тез-тез ўқиб, такрорлаб туринглар. Муҳаммаднинг жони унинг қўлида бўлган зот (Аллоҳ)га қасамки, Қуръон (агар ўқиб турилмаса), эгасининг хотирасидан арқони ечилган туядан ҳам тезроқ қочади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1002/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳиби (яъни, уни ёд олган киши) боғлаб қўйилган туяга ўхшайди. Агар уни маҳкам тутсанг, ўрнида туради. Агар бўш қўйсанг, кетиб қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 22 Октябр 2022
- 14563 марта кўрилди
181-БОБ. Қуръонни ёд олгандан кейин уни такрорлаб, эсда сақлашга буюриш ҳамда уни унутишдан эҳтиёт бўлиш тўғрисида
- Создано 22 Октябр 2022
- 13252 марта кўрилди
182-БОБ. Қуръон ўқиганда овозини чиройли қилувчининг ва овози чиройли кишидан Қуръон тиловат қилиб беришни талаб этишнинг ҳамда у ўқиётганда қулоқ солиб туришнинг маҳбублиги ҳақида
1003/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч бир овозни, набий Қуръонни жарангдор овозда оҳанг билан ўқиганларини эшитганчалик эшитмаган», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1004/2. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу кишига «Довуд алайҳиссаломга берилган яхши овоздан сенга ҳам бир оз берилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу зотга: «Мен кеча сенинг қироатингни эшитганимни кўрганингда эди», деб айтдилар».
1005/3. Баро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида «ват-тийни ваз-зайтуни» сурасини ўқидилар. Мен у зотникидан кўра чиройли овозни эшитмаганман», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1006/4. Абу Лубоба Башир ибн Абдулмунзирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қуръон ўқиганда овозини чиройли қилмаса, биздан (яъни бизнинг йўлимиздан юрувчи) эмас», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
1007/4. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасини ўқиб «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш оқмоқда экан». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 22 Октябр 2022
- 15676 марта кўрилди
184-БОБ. Қуръонни тўпланиб ўқишнинг маҳбублиги ҳақида
1022/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор қавм Аллоҳнинг уйларидан бирига тўпланиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса ва ўзаро бир-бирларига айтишса, уларга хотиржамлик тушиб, раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олишади. Ҳамда Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар, яъни (фаришталар) билан эслайди» , дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 22 Октябр 2022
- 14586 марта кўрилди
183-БОБ. Махсус суралар ва оятлар тиловатига тарғиб
1008/1. Абу Саид Рофеъ ибн Муъаллодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Саид, масжиддан чиқишингдан олдин сенга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатайми?» деб қўлимдан ушлаб (юра бошладилар). Масжиддан чиқмоқчи бўлганимизда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз менга Қуръондаги энг улуғ сурани ўргатаман, дедингиз», десам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «У етти оятдан иборат «алҳамдулиллаҳи роббил оламийн» бўлиб, менга берилган улуғ Қуръон (сура) шудир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1009/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини қироат қилиш ҳақида қуйидагича сўз айтдилар: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, бу сура Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади».
Бошқа ривоятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Сизлардан бирингиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишга ожизми?» деганларида, бу сўз саҳобаларга оғир ботди. Ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайсимиз бир кечада Қуръоннинг учдан бир қисмини ўқий олади?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қул ҳуваллоҳу аҳад Аллоҳуссомад» сураси Қуръоннинг учдан бир қисмига тўғри келади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1010/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши бошқа бир кишининг «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини ўқиётганини эшитди. Тонг отганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, гўё у киши қилган амалини кичик санагандек қилиб зикр этди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, бу сура (ўзи кичик бўлишига қарамасдан) Қуръоннинг учдан бирига тенг келади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
1011/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураси ҳақида: «Албатта, бу сура Қуръоннинг учдан бир қисмига тенг келади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1012/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини яхши кўраман», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари. Имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ»ларида таълиқ ҳолда ривоят қилганлар.
1013/6. Уқба ибн Омирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча менга нозил қилинган оятларга қарамайсизларми? Бу каби сура ҳали кўрилмаган. Ўша сура «Қул аъузу бироббил фалақ» билан «Қул аъузу бироббин нас»дир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1014/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам иккита «қул аъузу» нозил бўлишидан олдин жинлардан ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ тилаб юрардилар. «Қул аъузу» сураси нозил бўлганидан сўнг у иккиси билан паноҳ тилаб, бошқа паноҳ тиланадиган нарсаларни тарк қилдилар. Имом Термизий ривоятлари.
1015/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонда ўттиз оятли бир сура бор. У (ўқиб юрган) кишини шафоат қилади. Ҳаттоки гуноҳлари мағфират қилинади. Ўша сура «Таборакаллазий биядиҳил мулк»дир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1016/9. Абу Масъуд ал-Бадрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кеч кирганда Бақара сурасининг охиридаги икки оятни ўқиса, унга кифоя қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
(Яъни ўша кечаси буладиган турли офатлар етишидан кифоя қилади. Ёки ўша кечаси қоим бўлишига кифоя қилади).
1017/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уйларингизни (намоз ўқилмайдиган) қабр каби қилманглар. Албатта, шайтон Бақара сураси ўқиладиган уйдан қочади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1018/11. Убай ибн Каъбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидан сен ёд қилган қайси оят улуғ эканини биласанми?» дегандилар, мен: «Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум», дедим. Шунда у зот кўкрагимга уриб: «Илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1019/12. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотига қўриқчи қилдилар. Шунда бир киши келиб, таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб: «Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У : «Болаларим кўп, жуда муҳтожман», деб айтган эди, қўйиб юбордим. Тонг оттирганимда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, унга раҳм қилиб қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «У сенга ёлғон гапирган бўлмасин, яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳнинг сўзларидан унинг тағин келишини билиб, кутдим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Ушлаб олиб: «Сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У яна: «Мени қўйиб юбор, болаларим кўп, шунга жуда муҳтожман, бошқа қайтиб келмайман», деб айтди. Раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, раҳм қилиб қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга ёлғон гапирётган бўлмасин, у яна қайтади», дедилар. Учинчи бора кута бошладим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб олдим ва: «Келмайман, дейсан-да, яна қайтиб келаверасан, бу охиргиси, сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. Шунда у: «Мени қўйиб юбор, агар қўйиб юборсанг, сенга бир нечта калималарни ўргатиб қўяман, у билан Аллоҳ сенга наф беради», деди. «Қайси калималар?» деганимда, «Тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деди, сўнг мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаги асиринг нима қилди?» деб сўрадилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у Аллоҳ фойда берадиган калималарни ўргатувди, қуйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «Қайси калималар экан?» дедилар. Мен: «Агар тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, рост гапирибди. Эй Абу Ҳурайра, уч кундан бери сен билан гаплашаётган киши кимлигини биласанми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «У шайтон эди», деб айтдилар Набий алайҳиссалом». Имом Бухорий ривоятлари.
1020/13. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Каҳф сурасининг аввалидан ўн оят ёдласа, дажжолдан омонда бўлади», дедилар. Бошқа ривоятда «Каҳф суранинг охиридан» бўлиб келган. Имом Муслим ривоятлари.
1021/14. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдилар, устларида янграётган бир овозни эшитдилар. Ва бошларини кўтариб, бу осмондаги бир эшик бўлиб, бугун шу эшик очилди. Фақат бугун очилди, холос. Ҳамда у ердаги бир фаришта тушди. Шу фаришта ер юзига бугун тушди, холос. Бундан олдин тушмаган эди. Фаришта салом бериб, Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам икки нур башоратини берди. Ва: «Бундан олдин бирор пайғамбарга берилмаган, деди. У Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охиридир. Ундан бирор ҳарф ўқисангиз, унинг савоби берилади», деди. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 22 Октябр 2022
- 14576 марта кўрилди
185-БОБ. Таҳоратнинг фазилати тўғрисида
Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, қачон намозга турганингизда юзларингиз ҳамда қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!)» Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз – чўмилингиз.! Агар бемор ё мусофир бўлсангизлар ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёки хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқни таяммум қилингиз – яъни юзингиз ва қўлларингизни (покиза тупроқ) билан силангиз. Аллоҳ сизларни бирор танглик-машаққатга соллмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шоядки, шукур қилсаларингиз», деб айтган (Моида сураси, 6-оят).
1023/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни умматимнинг таҳоратда ювадиган аъзолари ялтирашидан таниб чақирилади. Кимки ўша ялтироқни узун қилишга қодир бўлса, бажараверсин, яъни таҳорат қилаётганида аъзоларининг кўпроқ қисмига сув етказаверсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1024/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Дўстим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бандага (жаннатда) кийгизиладиган тақинчоқ таҳоратда сув теккизган еригача етказилади. Яъни қаеригача ювган бўлса, ўша еригача тақинчоқ тақилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1025/3. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки таҳорат қилса ва уни чиройли тарзда адо этса, унинг жасадидан хатолари чиқиб кетади. Ҳаттоки тирноқлари остидан чиқиб кетади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1026/4. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам мен каби таҳорат қилганларини кўрдим. Сўнгра у зот: «Кимки мана шу тарзда таҳорат қилса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Энди ўқиган намози ва масжидга юриб боргандаги савоби эса ёнига қолади», дедилар», деди. Имом Муслим ривоятлари.
1027/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб юзини ювса, кўзи билан қилган барча хатолари юзидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, қўли орқали қилган барча хатолари қўлидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Ҳаттоки, гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади. Агар икки оёғини ювса, оёғи билан қилган барча хатолари сув билан бирга ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, ҳаттоки у гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1028/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бақийъ қабристонига келиб: «Ассалому алайкум дора қавмин муминийн, ваинна иншааллоҳу бикум лоҳиқун» (яъни мўминлар қавми ҳовлисидагилар, сизларга салом бўлсин. Аллоҳ хоҳласа, бизлар ҳам сизларга қўшиламиз), деб, яна у зот: «Биродарларимни кўргим келаяпти», дедилар. Шунда атрофларидагилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сиз саҳобаларимсиз. Биродарларимиз ҳали дунёга келишмади», дедилар. Атрофларидагилар: «Эй Расулуллоҳ, ҳали дунёга келмаган умматингизни қандоқ қилиб танийсиз?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир кишининг қора отлар ичида оқ қашқали оти бўлса, ўша отини таний оладими?» дегандилар, улар: «Албатта, танийди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Қиёмат куни таҳоратлари сабаб пайдо бўладиган ялтироқ оқ қашқалари билан келишади. Мен ҳавзу Кавсарда уларга пешвоз чиқиб кутиб оламан», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1029/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда у зот: «Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳга марғуб нарсалардир Мана шу нарсалар Аллоҳга марғуб нарсалардир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1030/8. Абу Молик ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бу ҳадис узун ҳолатида «Сабр» бобида келган. Ҳамда «Умид қилиш» боби охирида Амр ибн Абасадан қилинган ривоятда ҳам келган. Бу улуғ ҳадислардан бўлиб, кўп яхшиликларни ўзида мужассам қилгандир.
1031/9. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат қилиб бўлиб: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳу», деса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан кираверади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Термизий: «Аллоҳуммажъалний минат таввабийна важъалний минал мутатоҳҳирийн» калимасини зиёда қилганлар.