close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

206-БОБ. Зуҳо (чошгоҳ) намозининг фазилати ва унинг оз, кўп, ўртача ададининг баёни ҳамда уни бардавом адо этишга тарғиб

1138/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Дўстим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойда уч кун рўза тутишни, икки ракаат зуҳо (чошгоҳ) намози ўқишни ва ухлашдан олдин витр намозини ўқишни васият қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ухлашдан олдин витрни ўқиш кечанинг охирида уйғонишига ишонмаган кишилар учун мустаҳабдир. Агар уйғонишига ишонса, кечанинг охирида ўқиш афзалдир.

1139/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар битта аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (яъни, «Субҳаналлоҳ», дейишингиз) садақа, ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) садақа, ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) садақа, ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намози ўқишингиз кифоядир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1140/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо (чошгоҳ) намозини тўрт ракаат ўқир эдилар. Ва Аллоҳ хоҳлаганича ундан ҳам зиёда қилаверардилар. Имом Муслим ривоятлари.

1141/4. Умму Ҳонеъ Фохитата бинти Абу Толибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу саҳобия: «Фатҳ куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, ювинаётган эканлар. Қачонки ювиниб бўлганларидан кейин саккиз ракъат намоз ўқидилар. Ана шу зуҳо (чошгоҳ) намози эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase