Аллоҳ таоло: «Бас, Мени эсласангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Менга куфр келтирмангиз» (Бақара сураси, 152-оят);
«Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят);
«Ҳамду сано ...Аллоҳ учундир, деб айтинг» (Исро сураси, 111-оят);
«Охирги тилаклари эса бутун оламлар Парвардигори – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир» (Юнус сураси, 10-оят), деб айтган.
1392/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Исро кечаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига иккита қадаҳ келтирилди. Бирида шароб, иккинчисида сут бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг икковига қараб туриб сутни олдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Аллоҳга ҳамд бўлсин. У сизни ҳақ бўлган Ислом фитратига ҳидоят қилди. Агар шаробни олганингизда, умматингиз залолатга кетар эди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1393/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир муҳим иш Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланмаса, охири кесикдир», дедилар. Абу Довуд ва бошқалар ривоятлари.
1394/3. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор кишининг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамнинг фарзанди (жони)ни олдингларми?» дейди. Фаришталар: «Ҳа», деб жавоб беришади. Аллоҳ: «Бандам қалбининг мевасини олдингларми?» дейди. Фаришталар яна: «Ҳа», дейишади. Аллоҳ таоло: «Бандам нима деди?» деб сўрайди. Фаришталар: «Сенга ҳамд ва истиржоъ (яъни, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб) айтди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар», дейди», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1395/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир банда ҳар луқма тановул қилаётганида ва ҳар ҳўплам ичимлик ичаётганида Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло ўша бандасидан албатта рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14588 марта кўрилди
242-БОБ. Ҳамд ва шукр айтишнинг фазилати ҳақида
- Создано 23 Октябр 2022
- 14568 марта кўрилди
243-БОБ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга дуо-ю саловот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у Зотга саловот ва салом айтинглар» (Аҳзоб сураси, 56-оят), деб айтган.
1396/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот айтади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1397/3. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп саловот айтадиганлардир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1398/4. Авс ибн Авсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кунларингизнинг энг яхшиси жума кунидир. Ана шу кунда менга саловотни кўпайтиринглар. Чунки менга шу куни саловотларингиз кўрсатилади», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сизнинг суякларингиз чириб кетса, қандай қилиб кўрсатилади?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг жасадларини ейишни ерга ҳаром қилган», дедилар. Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можалар ривоятлари.
1399/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсам, лекин у менга саловот айтмаса, унинг бурни ерга ишқалсин», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1400/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қабримни байрам ўтказиладиган жой қилиб олманглар. Балки менга саловот айтинглар. Қаерда бўлсанглар ҳам, менга саловотларингиз етиб келади», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1401/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши менга салом айтса, Аллоҳ таоло руҳимни менга қайтаради. Мен салом айтган кишига алик оламан», дедилар. Абу Довуд ривояти.
1402/8. Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг ҳузурида зикр қилинсам-у, менга саловот айтмаса, ана шу киши бахилдир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1403/9. Фазола ибн Убайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир киши намозда дуо қилаётганини эшитдилар. У Аллоҳ таолога ҳамд ва Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам саловот айтмас эди. Шунда у зот: «Бу киши шошилди», деб ҳалиги дуо қилган кишини (ёки бошқа бир кишини) чақириб: «Агар сизлардан бирингиз намоз ўқиса, Аллоҳга ҳамду-сано, сўнгра Унинг расулига саловот айтиб, бундан кейин хоҳлаганича дуо қилаверсин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1404/10. Абу Муҳаммад Каъб ибн Ужрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга чиққан эдилар, биз у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга қай тарзда салом йўллашни билдик, лекин саловотни қандай қилиб айтамиз?» десак, у зот: «(Сизлар) «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин кама соллайта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин кама баракта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид», деб айтинглар», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1405/11. Абу Масъуд ал-Бадрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Биз Саъд ибн Убоданикида мажлис қилиб ўтирсак, ҳузуримизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Башир ибн Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга саловот йўллашни билмадик. ¤ша саловотни қай тарзда йўллаймиз?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса гапирмай жим туриб қолдилар. Биз эса: «Қанийди, Башир савол бермаганда-ку», дедик. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Сизлар) «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин кама соллайта ъала Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммадин кама баракта ъала оли Иброҳима иннака ҳамидум мажид», деб айтинглар. Салом эса ўргатилгандек бўлсин», дедилар». Имом Муслим ривояти.
1406/12. Абу Ҳумайд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга қай тарзда саловот айтамиз?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Сизлар) «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала азважиҳи ва зурриятиҳи кама соллайта ъала Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала азважиҳи ва зурриятиҳи кама баракта ъала Иброҳима иннака ҳамидум мажид», деб айтинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 109 марта кўрилди
245-боб. Аллоҳ таолони тик туриб, ўтириб ва ёнбошлаб зикр қилиш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Албатта осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туриш ида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар бор. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар» (Оли Имрон сураси, 190–191-оятлар), деб айтган.
1443/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам барча ҳолатларда Аллоҳни зикр қилиб юрардилар. Имом Муслим ривояти.
1444/2. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз ўз аҳли ҳузурига келиб, (жимоъ қилишни хоҳлаб) «Бисмиллоҳи, аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона ма розақтана», деса, ўрталарида бола бўлиб қолса, унга у (шайтон) зарар бера олмайди», дедилар (маъноси: «Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳим, бизни шайтондан ва шайтонни Сен бизга ризқ қилиб берган фарзандимиздан йироқ қилгин»). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 108 марта кўрилди
244-боб. Зикрнинг фазилати ва унга тарғиб қилиш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Аниқки, Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир» (Анкабут сураси, 45-оят);
«Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара сураси, 152-оят);
«Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!» (Аъроф сураси, 205-оят);
«Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд, нажот топурсизлар» (Жума сураси, 10-оят);
«... Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят);
«Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб-тасбеҳ айтинглар» (Аҳзоб сураси, 41–42-оятлар), деб айтган.
1407/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил ъазийм»дир», деб айтдилар (маъноси: «Аллоҳни ҳамд айтиш ва улуғлаш билан поклайман»). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1408/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», дейишим мен учун қуёш чиқиб нур сочганидан яхшироқдир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1409/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр», деб бир кунда юз марта айтса, ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат шу калималарни кўпроқ айтган киши ўзиб кетиши мумкин», дедилар. Ва яна Расулуллоҳ: «Ким «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1410/4. Абу Айюб Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр», деб ўн марта айтса, Исмоил зурриётидан тўрт кишини озод қилгандек бўлади», дедилар (маъноси: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир»). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1411/5. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб айтишингдир», дедилар». Имом Муслим ривояти.
1412/6. Абу Молик Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» калимаси тарозини тўлдиради. «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи» эса ер билан осмонни тўлдиради», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1413/7. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аъробий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Менга бир калом ўргатинг, уни айтиб юрай», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Аллоҳу акбар кабийро валҳамду лиллаҳи касийро ва субҳаналлоҳи роббил ъаламийн, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил ъазийзил ҳакийм»ни ўргатдилар. (Маъноси: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У яккаю ёлғиздир. Унинг шериги ҳам йўқ. Аллоҳ жуда буюк, Аллоҳга чексиз ҳамд бўлсин, оламлар Рабби Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан покдир, ҳаким ва азиз бўлган Аллоҳдан ўзгада ўзгартириш ҳам, қувват ҳам йўқ».) Кейин ҳалиги аъробий: «Эй Расулуллоҳ, бу айтганларингиз Раббим учун, мен учун-чи?» деб сўради. Расулуллоҳ: «(Унда) «Аллоҳуммағфир лий варҳамний ваҳдиний варзуқний», деб айт», дедилар (маъноси: «Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм айла, мени ҳидоят эт, мени ризқлантир». Имом Муслим ривояти.
1414/8. Савбондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатсалар, уч марта «Астағфируллоҳ», деб, сўнгра «Аллоҳумма антас салом ва минкас салом, таборакта йа зал Жалали вал икром», деб айтадилар (маъноси: «Эй Аллоҳим, Сен саломсан ва салом Сендандир. Эй улуғ ва ҳурматли Зот, Сен баракотлисан»). Мана шу ҳадис ровийларидан бири Авзоъийга «Истиғфор қандай бўлади?» дейилганда, у зот: «(Унда) «Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ», дейилади», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1415/9. Муғийра ибн Шўъбадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлсалар, «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодир. Аллоҳумма ла маниъа лима аътойта ва ла муътийа лима манаъта ва ла йанфаъу зал жадди минкал жадд»ни ўқир эдилар (маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Ва Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Буюклик Сендандир, бошқанинг буюклиги фойда бермайди»). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1416/10. Абдуллоҳ ибн Зубайрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоз кетидан салом бергандан кейин «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ, ла илаҳа иллаллоҳу ва ла наъбуду илла иййаҳ, лаҳун ниъмату вал фазлу ва лаҳус санаул ҳасан, ла илаҳа иллаллоҳу мухлисийна лаҳуд дийна ва лав кариҳал кафирун», деб айтар эдилар (маъноси: «Якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уники ва ҳамд ҳам Унгадир. У ҳар бир ишга қодирдир. Аллоҳдан бошқада ўзгартириш ва қувват йўқ. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат, фазл, чиройли сано У учундир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У учун дин холис қилинади, гарчи кофирлар кариҳ кўрсалар ҳам»).
Ибн Зубайр: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳар намоз кетидан таҳлил айтар эдилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1417/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Камбағал муҳожирлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бадавлат биродарларимиз олий даражалар ва доимий неъматларга эришишмоқда, улар биз ўқигандек намоз ўқишади ва биз тутгандек рўза тутишади. (Камига) садақа бериб ҳаж ва умра ибодатларини бажариб, жиҳодларда ҳам иштирок этишади», дейишганда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шу айтган нарсамни бажарсанглар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар ва кейингилардан ўзиб кетасизлар. Ҳеч ким сизлардан афзал бўла олмайди. Фақат сизлар бажаргандек амал қилишса, афзал бўлишади», деганларида, улар: «Ҳа, ўргатинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар намоз кетидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деб айтинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслим ривоятларида эса қуйидагилар билан зиёда қилинган: «Озгина фурсатдан кейин яна камбағал муҳожирлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бадавлат кишилар ҳам (бизга айтган нарсаларни) эшитиб, биз амал қилганимиз каби бажаришмоқда-ку», дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Аллоҳнинг фазлу карами бўлиб, хоҳлаган кишисига беради», деб айтдилар».
Фойда: Аллоҳнинг бир кишини бадавлат қилиши ҳам, камбағал этиши ҳам синов ва имтиҳондир. Ҳақиқий мўмин камбағаллик пайтида сабр қилиб, бойиганда ҳаддидан ошмай, шукр қилади.
1418/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоз сўнгида ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деб, охирида юзинчисини «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир», деб айтса, агар гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1419/13. Каъб ибн Ужрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлари сўнгидан бажариладиган бир неча тасбеҳлар борки, уни айтувчи киши ноумид қолмайди. Улар ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»дир», деб айтдилар (Имом Муслим ривояти».
1420/14. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоз сўнгида ушбу калималарни айтиб паноҳ тилар эдилар: «Аллоҳумма инний аъузу бика минал жубни вал бухли ва аъузу бика мин ан арудда ила арзалил ъумури ва аъузу бика мин фитнатид дунйа ва аъузу бика мин фитнатил қобр» (маъноси: «Эй Раббим, қўрқоқликдан ва бахилликдан, умрнинг зое бўлишидан, дунё фитнасидан ва қабр фитнасидан паноҳ беришингни тилайман»). Имом Бухорий ривояти.
1421/15. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларимдан ушлаб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман ва сенга ҳар намоз сўнгида «Аллоҳумма аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик»ни айтишни тавсия қиламан», дедилар» (маъноси: «Эй Аллоҳим, Сени зикр этишда, Сенга шукр қилишда ва ибодатингни гўзал бажаришда менга ёрдам бер»). Абу Довуд ривояти.
1422/16. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирортангиз охирги ташаҳҳудни ўқиб бўлса, тўртта нарсадан паноҳ сўрасин: жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан, Масиҳ Дажжолнинг фитнасидан», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1423/17. Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намозга турсалар, ташаҳҳуд билан саломнинг орасида (яъни, саловотдан кейин) «Аллоҳуммағфирлий ма қоддамту ва ма аххорту ва ма асрорту ва ма аъланту ва ма асрофту ва ма анта аъламу биҳи минний, антал муқоддим ва антал муаххир, ла илаҳа илла анта»ни ўқир эдилар (маъноси: «Эй Раббим, олдингию кейинги, ошкораю махфий ва исрофгарчилик билан қилган гуноҳларимни ва мендаги Ўзинг билган гуноҳларимни кечир. Албатта, Сен аввалги ва охиргидирсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ»). Имом Муслим ривояти.
1424/18. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в) рукуълари ва саждаларида «Субҳанака аллоҳумма роббана ва биҳамдика, аллоҳуммағфирлий», деб айтишни кўпайтирардилар (маъноси: «Эй Раббим, Сенга ҳамд айтиб, Сени поклайман. Эй Раббим, гуноҳларимни мағфират қил»). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1425/19. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларида «Суббуҳун қуддусур роббул малаикати варруҳ» («Фаришталар ва Жаброилнинг Рабби суббуҳ ва қуддус сифатли Аллоҳдир»), деб айтар эдилар. Имом Муслим ривояти.
1426/20. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада дуони кўпайтиринглар, чунки (саждадаги дуо) ижобат бўлишга лойиқдир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1427/21. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Раббига энг яқин бўладиган пайти саждада турганидадир. Унда (саждада) дуони кўпайтиринглар», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1428/22. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саждаларида «Аллоҳуммағфирлий замбий куллаҳу, диққоҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва ахироҳу ва ъаланийатаҳу ва сирроҳ»ни айтар эдилар (маъноси: «Эй Аллоҳим, гуноҳларимнинг ҳаммасини, озини ва кўпини, аввалгиси ва охиргисини, очиқчасини ва махфийини кечир»). Имом Муслим ривояти.
1429/23. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам тополмай қолдим. Ахтариб борсам, рукуъ (ёки сажда) қилаётган эканлар. Унда «Субҳанака ва биҳамдика ла илаҳа илла анта»ни айтаётган эдилар» (маъноси: «Сенга ҳамд айтиш билан Сени поклайман. Сендан бошқа илоҳ йўқ»). Бошқа ривоятда Оиша онамиз айтадилар: «Менинг қўлим Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам оёқларига тегиб кетди. У зот оёқларини узатиб саждада турганларида «Аллоҳумма аъузу бика биризока мин сахотика ва бимуъафатика мин ъуқубатика ва аъузу бика минка, ла ахсий санаан ъалайк, анта кама аснайта ъала нафсик»ни ўқиётган эдилар» (маъноси: «Эй Раббим, Сенинг розилигингни шафеъ қилиб ғазабингдан, офиятингни шафеъ қилиб уқубатингдан паноҳ тилайман. Сенинг номинг ила ғазабингдан паноҳ тилайман. Мен Сенга сано айта олмасликдан паноҳ тилайман. Сен Ўзингга сано айтганингдексан»).
1430/24. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. У зот: «Биронтангиз бир кунда мингта ҳасанот касб қила оладими?» деб сўрадилар. Ўтирганлардан бири: «Мингта ҳасанотни қандай қилиб олиш мумкин?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким юзта тасбеҳ айтса, мингта ҳасанот ёзилиб, мингта хатоси ўчирилади», дедилар». Имом Муслим ривояти.
1431/25. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардаги ҳар бир бўғимингиз учун ҳар куни тонг отганда садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, «Субҳаналлоҳ», дейишингиз) садақадир. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) ҳам садақадир. Яхшиликка буюришингиз ҳамда ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Чошгоҳ (зуҳо) пайтидаги икки ракат ўқиган намозингиз буларнинг барчасига кифоя қилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1432/26. Уммул мўминин Жувайриядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эрталаб субҳ намози пайтида унинг (Жувайрия онамизнинг) ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия онамиз ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ: «Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?» деб сўрадилар. Онамиз розияллоҳу анҳу: «Ҳа», дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи» (маъноси: «Яратганларининг ададича, нафси рози бўлгунича, Аршнинг вазнича, калималарининг узунлигича Аллоҳга ҳамд айтаман ва Уни поклайман»)дир», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа бир ривоятида «Субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи», дейилган. (Маъноси: «Халқининг ададича Аллоҳни поклайман, нафси рози бўлгунича Аллоҳни поклайман, Аршнинг оғирлигича Аллоҳни поклайман, калималарининг узунлигича Аллоҳни поклайман».)
Имом Термизий ривоятида эса «Субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи» бўлиб келган.
1433/27. Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни зикр қилиб юрадиган киши билан зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисоли кабидир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Имом Муслимнинг ривоятларида «Аллоҳни зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган уйнинг мисоли худди ўлик билан тирикнинг мисоли кабидир» бўлиб келган.
1434/28. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мен бандамни гумонидекдирман. Яъни, Менга қандай гумон қилса, ўшандоқ топади. Агар Мени зикр қилса, у билан биргадирман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, Мен ҳам Ўзим зикр қиламан. Агар Мени жамоат орасида зикр қилса, Мен унинг жамоатидан яхшироқ бўлган гуруҳ орасида, яъни фаришталар орасида эслайман», деди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1435/29. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Муфарридлар олдинга ўзиб кетишди», дедилар. Шунда саҳобалар: «Муфарридлар деганингиз кимлар, эй Аллоҳнинг расули?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни зикр қилувчи эркаклар ва аёллар», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1436/30. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Зикрларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1437/31. Абдуллоҳ ибн Бусрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Расулуллоҳ, Ислом шариати менга оғирлик қиляпти. Менга бир нарса ўргатингки, ана шуни маҳкам ушлай», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри билан нам бўлиб юрсин», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1438/32. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у киши учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1439/33. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар». Имом Термизий ривояти.
1440/34. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Раббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлганини ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» деганларида, саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар. Имом Термизий ривояти.
Имом Ҳоким бу ҳадис исноди саҳиҳдир, дедилар.
1441/35. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бир аёлнинг ҳузурига кирдилар. Унинг олдида данак (ёки майда тошлар) бор эди. Аёл ана шуларни санаб тасбеҳ айтарди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бундан енгилроқ ва афзалроқ нарсани айтайми? «Субҳаналлоҳи ъадада ма холақо фис-самаи ва субҳаналлоҳи ъадада ма холақо фил-арзи ва субҳаналлоҳи ъадада ма байна залика ва субҳаналлоҳи ъадада ма ҳува холиқ», деб айт», дедилар. (Маъноси: «Осмонда яратган нарсалари ададича Аллоҳни поклайман, ерда яратган нарсалари ададича Аллоҳни поклайман, у иккаласи орасидаги нарсалар ададича Аллоҳни поклайман ва У яратадиган нарсалари ададича Аллоҳни поклайман».) «Аллоҳу акбар», «алҳамдулиллаҳ», «ла илаҳа иллаллоҳ», «ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» калималарини ҳам худди «субҳаналлоҳ»ни айтгандек айтади. (Яъни, «Аллоҳу акбар ъадада ма холақо фис-самаи ва Аллоҳу акбар ъадада ма холақо фил-арзи...» деб.) Имом Термизий ривояти.
1442/36. Абу Мусо Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?» дедилар. Мен: «Ҳа, айтинг, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда у зот: «(Сен) «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ»ни айт, у жаннат хазиналаридандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 23 Октябр 2022
- 14558 марта кўрилди
246-боб. Ухлашга ётаётганда ва уйғонганда айтиладиган зикрлар
1445/1. Ҳузайфа ва Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар тўшакларига ётсалар: «Бисмикаллоҳумма аҳя ва амувту», яъни «Аллоҳим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан», деб айтардилар. Агар уйғонсалар: «Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушур», яъни «Ўлдиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайтиш, яъни тирилиш Унинг Ўзигадир», деб айтардилар. Имом Бухорий ривояти.