close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

151-БОБ. Ўлган киши кўзини юмганидан сўнг айтиладиган нарсалар

918/1. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг олдига кирганларида, у зот вафот этиб, кўзлари очиқ қолган эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг кўзларини юмиб қўйдилар. Сўнгра: «Агар руҳ олинса, кўз унга эргашади», дедилар. Абу Саламанинг аҳлларидан бўлган кишилар баланд овоз ила қичқириб юборишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга дуо қилаётганингизда фақат яхшилик сўранглар, чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омийн, деб туришади», деб қуйидаги дуони ўқидилар: «Аллоҳуммағфир лиабий Саламата варфаъ дарожатаҳу фил маҳдиййийна вахлуфҳу фий ъақибиҳи фил ғобирийна вағфирлана ва лаҳу йа роббал ъаламийн вафсаҳ лаҳу фий қобриҳи ва наввир лаҳу фийҳи». (Маъноси: Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қил. Унинг даражасини ҳидоят топганлар қаторига кўтар. Орқасида қолганларга Ўзинг унинг ўрнини бос. Эй оламлар Рабби, уни ва бизни мағфират қил. Унинг қабрини кенг қил, нурга тўлдир.) (Бу дуони ўқиётганда «Абу Салама»нинг ўрнига ўлган кишининг исми айтилади.) Имом Муслим ривоятлари.

 

152-БОБ. Ўлик ҳузурида айтиладиган ва маййит эгалари айтадиган нарсалар

919/1. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар касал ёки маййитнинг олдида ҳозир бўлсангиз, фақат яхши гапни айтинглар. Чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омийн, деб туришади», дедилар. Абу Салама вафот этганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириб: «Эй Расулуллоҳ, Абу Салама вафот этди», дедим, у зот:  «Аллоҳуммағфирлий ва лаҳу ва аъқибний минҳу ъуқба ҳасана» (Аллоҳим, мени ва уни мағфират қил ҳамда менга ундан яхшисини қолдир), деб айт», дедилар. Мен шу дуони айтганимда, Аллоҳ таоло менга эримдан ҳам афзал Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам берди (яъни, у зот мени никоҳларига олдилар)». Имом Муслим ривоятлари.

920/2. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Бирор бандага мусибат етганида: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, Аллоҳумма ажирний фий мусийбатий вахлуфлий хойром минҳа» (Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз. Эй Раббим, мусибатимда ажр қил ва менга ундан яхшироғини бер), деб айтса, Аллоҳ таоло мусибатига ажр бериб, ундан яхшисини ато этади», дедилар. Эрим Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ буюрганларидек, ўша дуони айтдим. Аллоҳ таоло эрим Абу Саламадан ҳам яхшироғига – Муҳаммад алайҳиссаломнинг никоҳларига мушарраф қилди». Имом Муслим ривоятлари.

921/3. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамнинг фарзанди руҳини олдингларми?» дейди. «Ҳа», деб жавоб беришади улар. «Қалбининг мевасини қабз қилдингларми?» дейди сўнг. «Ҳа», деб жавоб беришади яна. «Бандам нима деди?» деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: «Сенга ҳамд ва истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) деб айтди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва унинг ҳамд уйи, деб атанглар», дейди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

922/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Бир мўмин банданинг дунё аҳлидан энг яқин дўстининг руҳини қабз қилсам, у сабр этиб, шикоят қилмаса, Мен ҳузуримда унга жаннат деган мукофотни тайёрлаб қўйганман», деб айтди». Имом Бухорий ривоятлари.

923/5. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларидан бири у зотга бир одам юбориб, неваралари ўлим бўсағасида ётганини айтди. Расулуллоҳ келган кишига: «Бориб қизимга айт, Аллоҳ берганини олувчидир. Ҳар бир нарсанинг ажали Унинг ҳузурида белгилаб қўйилгандир. Қизимга савоб учун сабр қилишни буюр», деб ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Мана шу ҳадиси шариф дин усуллари, фуруълари, одобларини ўз ичига олган энг катта қоидаларидандир. У мусибатларга, ғам ва касалликларга ҳамда бошқа қийинчиликларга сабр қилишни ўргатади.

154-БОБ. Маййитда кўрилган бирор ёмон ҳолатни бошқаларга сўзлашдан ўзни тийиш ҳақида

927/1. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам мавлолари Абу Рофеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бирор ўликни ювиб, ундаги айбларни беркитса, Аллоҳ таоло уни қирқ марта мағфират қилади», дедилар. Имом Ҳоким ривоятлари. Бу ҳадис Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳдир.
Фойда: Юзи ўзгариб кетган ёки қабрида илон кўриб қолинган маййитнинг айбини ёпиш шартдир. Агар маййит фосиқ бўлса бошқаларга ибрат бўлиши учун айбини айтишнинг зарари йўқ.

153-БОБ. Дод-вой солмасдан ҳамда маййит фазилатларини айтмаслик шарти билан ўлганда йиғлашнинг жоизлиги ҳақида

Дод-войлаб йиғлаш ҳаром амаллардандир. Биз, иншааллоҳ, бу ҳақда «Қайтариқлар» китобида келтирамиз. Аммо агар ўлган киши ўлимидан олдин йиғлашни васият қилган бўлса оддий йиғлашдан ҳам  ман этилган ҳадислар ҳам бор.  Лекин ҳақиқий — вой-додлаб ва маййит фазилатларини эслаб йиғлашнинг ман этилгани, албатта «Ўлик ўз аҳлларининг йиғиси сабаб озорланади» ҳадисига биноандир.
 
924/1. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъудлар билан бирга Саъд ибн Убодани кўргани кирдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб, йиғлаб юбордилар. Расулуллоҳ йиғлаганларини кўриб, қолганлар ҳам йиғлашди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитмадингларми, Аллоҳ кўз ёшига ва қалбнинг хафалигига азобламайди. Лекин мана бунга азоблайди ёки раҳм қилади», дедилар тилларини кўрсатиб». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

925/2. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларининг ўғли вафот этиб, у зотнинг қўлларига узатилганида, кўзларидан ёш оқди. Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу қандай йиғи?» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу раҳмат йиғиси бўлиб, Аллоҳ бандаларининг қалбида пайдо қилган. Албатта, Аллоҳ раҳмли бандаларига раҳм айлайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

926/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида, кўзларидан кўп ёш оқди. Абдураҳмон ибн Авф: «Сиз шундоқ қиляпсизми, эй Расулуллоҳ?» деган эдилар, у зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир, — дедилар. Кейин қўшиб қўйдилар: – Кўз ёш оқизади. Қалб хафа бўлади. Биз эса, Раббимиз рози бўлган нарсани айтамиз. Албатта, биз, эй Иброҳим, сендан ажраб қолганимизга хафамиз». Имом Бухорий ривоятлари. Имом Муслим ҳам баъзисини ривоят қилганлар.

155-БОБ. Маййитга жаноза намозини ўқиш, қабристонгача олиб бориш ва дафн маросимида қатнашишнинг фазилати ҳамда жанозада аёллар иштирок этишининг кароҳияти тўғрисида

928/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки жаноза ўқиб тугатилгунча ўша ерда ҳозир бўлса, бир қийрот миқдорича савобга эга бўлади. Кимки дафн этилгунча ҳозир бўлса, икки қийрот миқдорича савобга эга бўлади», деганларида, саҳобалар: «Икки қийрот деганингиз нима ўзи?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Иккита улкан тоғ миқдорича», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

929/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки мусулмон кишининг жаноза намозида ва дафн маросимида имон ила ҳамда савоб умидида иштирок этса, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғи миқдоричадир. Кимки дафн этилишидан олдин жаноза намозининг ўзини ўқибоқ қайтса, бир ажр билан қайтади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

930/3. Умму Атиййадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу саҳобия аёл: «Биз аёллар жанозага қатнашишдан қайтарилдик. Лекин қайтариқ таъкидланган ҳолда эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase