204-БОБ. Нафл намозларини хоҳ таъкидлангани, хоҳ бошқаси бўлсин, уйда ўқишнинг маҳбублиги ҳамда фарз ўқиган еридан бошқа жойда нафл ўқишга ёки икковининг орасини гаплашиш билан ажратишга буюриш ҳақида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 15204 марта кўрилди
1127/1. Зайд ибн Собитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй инсонлар, уйларингизда ҳам намоз ўқинглар. Чунки кишининг фарз намозларидан ташқари энг афзал намози уйда ўқиган намозидир. Лекин фарз намозларини масжидда ўқиш афзалдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Нафл намозларини уйда ўқишнинг маҳбублиги аён бўлмоқда. Чунки шундай қилиш риёдан узоқлаштириб, хонадонга барака олиб келишга сабаб бўлади.
1128/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзи намозларингизни уйларингизда ҳам ўқиб туринглар. Уйларингизни қабристон қилиб олмангизлар (яъни ҳеч қандай амал қилиш мумкин бўлмаган қабристон каби қилиб олманглар)», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1129/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз масжидда намоз ўқиб бўлса, уйидаги намоздан бўлган насибасини ҳам қолдирсин. Чунки Аллоҳ таоло уйдаги намозидан хонадонидагиларга яхшилик ато қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1130/4. Умар ибн Атодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Нофеъ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бу зотни Соиб ибн Ухти Намир розияллоҳу анҳу ҳузурларига Муовиянинг намозлари ҳақидаги фикрларини сўраб келишга юбордилар. Соиб розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқатда мен Муовия билан масжиднинг ёнидаги хонада жума намози ўқидим. Имом салом бериб намозни тугатганида, мен жойимда намознинг қолганини ўқидим. Муовия кириб, менга бир одамни юбориб: «Бу қилган ишингни такрорлама. Агар жумани ўқиб бўлсанг, то бирор киши билан гаплашмагунча ёки у ердан чиқиб кетмагунча, намозни ўқимагин. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор киши билан гаплашилмагунча ёки у ердан чиқиб кетилмагунча намозни бошқа намозга уламасликка буюрдилар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Фарз намозлари билан нафл ва бундан бошқа намозларни орасини, сўзлашиш ёки фарз ўқиган ўрнини ўзгартириш ёки масжиддан уйига чиқиб кетиш билан ажратиш, суннат амалдир.