188-БОБ. Бомдод ва аср намозларининг фазилати ҳақида

1046/1. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Бу икки намозни фазилатли бўлишига сабаб, чунки бомдод пайтида уйқу ғолиб келади. Аср вақтида эса ишлар кўпайиб, тижоратда кўплаб фойда қўлга киритиш пайида бўлинади.

1047/2. Абу Зуҳайр Умора ибн Рувайбадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир киши қуёш чиқиши ва қуёш ботишидан олдин, яъни бомдод ва аср намозларини ўқиса, дўзахга тушмайди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1048/3. Жундуб ибн Суфёндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонидадир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Яъни, субҳи намози ва қолганларини ҳам ўқиган киши ёмонлик қилишдан огоҳлантириляпти.)

1049/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳузурингизга кечқурун бир жамоа ва кундузи бир жамоа фаришталар орқама-орқа келиб, бомдод ва аср намозларида жам бўлишади. Кечқурун турган фаришталар Аллоҳ ҳузурига чиқишганда, Аллоҳ ўзи билган ҳолда: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдинглар?», деб сўрайди. Фаришталар: «Уларни тарк қилганимизда ҳам, борганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1050/5. Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. У зот тўлин ойга қараб: «Сизлар яқин кунларда Раббингизни худди мана шу  ойни равшан кўргандек кўрасизлар. Қодир бўлсангизлар, қуёш чиқиши ва ботишидан олдинги, яъни бомдод ва аср намозларни тарк қилманглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Ўн тўрт кунлик ой», бўлиб келган.

1051/6. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки аср намозини тарк қилса, амалларини ҳабата қилибди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Долзарб мавзу