close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

189-БОБ. Масжидга пиёда боришнинг фазилати ҳақида

1052/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кундузи ва кечқурун масжидга борса, ҳар бориб-келишига Аллоҳ зиёфат ҳозирлаб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1053/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уйида таҳорат олиб, Аллоҳнинг уйларидан бир уйга Унинг фарзларидан бирини бажариш учун борса, қадамининг бири хатоларини ўчирса, иккинчиси даражаларини кўтаради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1054/3. Убай ибн Каъбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир киши бор эди. Бу кишидан бошқа бирор кишини масжиддан узоқроқ жойда туришини билмайман. У бирор намозни қолдирмас эди. Ўша кишига «Агар бир эшак сотиб олиб, уни қоронғи зулматда ва қаттиқ иссиқ бўлганда миниб келсанг бўлмайдими?» деб айтганимда, у киши: «Манзилим масжид ёнида бўлиши мени хурсанд қилмайди. Мен масжидга боришимдаги ва аҳлимга қайтишимдаги қадамларимга (савоб) ёзилишини хоҳлайман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (буни эшитиб): «Аллоҳ таоло сенга бу нарсаларнинг ҳаммасини жамлаб берди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1055/4. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Масжид ёнида бир ўрин бўшаб қолиб, Бани Салама масжид яқинидаги ўша жойга кўчишни хоҳлашганида, бу хабар Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам етиб келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар масжид яқинига кўчиб келишни хоҳлаяпсизларми?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули, биз шуни хоҳлаяпмиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз жойларингизни (қўлдан бой бермай) сақланг. Қадамларингизга (савоб) ёзилади», деб айтгандилар, улар: «Бу гапдан кейин ана шу ердан кўчиш бизни хурсанд қилмас эди», дейишди. Имом Муслим ривоятлари.

1056/5. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларнинг намозда ажр олиш жиҳатидан энг улуғлари узоқдан йўл юриб келувчиларидир. Имом билан ўқиш учун кутиб ўтирган кишининг савоби ўзи ўқиб кейин ухлаган кишиникидан улуғроқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1057/6. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қоронғида масжидга юриб борувчи кишиларга Қиёмат куни мукаммал нур бўлишини башорат қилинглар», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

1058/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда у зот: «Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳ йўлида жиҳод кабидир. Мана шу нарсалар Аллоҳ йўлида жиҳод кабидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1059/8. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар масжидга боришга одатланган кишини кўрсангизлар, унинг иймонли эканига гувоҳлик беринглар. Чунки Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларгина обод қилурлар», деб айтган. Имом Термизий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase