close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларни ўрганишга уриниш

Такрор бўлса ҳам эслатиб ўтамизки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада туғилиб ўсган, ўқиш-ёзишни билмайдиган бир одам эдилар. У ерларда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўл-маган. Бу эса Набий алайҳиссалом илмий масалаларни мутлақо ўрганмаган эдилар, деганидир. Лекин шунга қарамай, Қуръонда ва суннатда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг ҳақиқатини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келибгина бу нарсалар тушунилди.

Такрор бўлса ҳам эслатиб ўтамизки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада туғилиб ўсган, ўқиш-ёзишни билмайдиган бир одам эдилар. У ерларда илм-маърифат, мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўл-маган. Бу эса Набий алайҳиссалом илмий масалаларни мутлақо ўрганмаган эдилар, деганидир. Лекин шунга қарамай, Қуръонда ва суннатда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, уларнинг ҳақиқатини ўша вақтда ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат илм-фан ниҳоятда тараққий этган бизнинг давримизга келибгина бу нарсалар тушунилди.
Имом Термизий Ҳорис Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни таърифлаб, жумладан шундай дейдилар:
«У уламолар ундан тўймайдиган...» нарсадир.
Ҳа, Қуръони Каримдан уламолар тўймаган, тўймаяптилар ва тўймайдилар ҳам. Модомики Қуръони Каримни Роббул оламиндан қабул қилиб олган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дебдиларми, уламолар Қуръондан ҳеч қачон тўймасликлари ҳақиқатдир. Бу улкан ҳақиқатни воқелик ҳам тасдиқлайди. Илмлар кўп, уламолар ундан ҳам кўп. Чунки ҳар бир илм бўйича қанчадан-қанча олимлар бўлади. Ана шу турли илмлар бўйича қайси бир олим Қуръони Каримга мурожаат қилса, ундан ўзига керакли нарсани олади. Лекин барибир тўймайди. Яна янги нарса олгиси келаверади. Қуръон нозил бўлгандан буён уламолар ундан олган нарсаларни ўзлаштириб, улардан баҳраманд бўлган бугунги олим ҳам тўймайди, яна ўзи бирор нарса олишга уринади.
Дунёда бир хил мавзуда ёзилган китоблар ичида Қуръони Каримга боғлаб ёзилган китобларчалик кўп китоб бўлмаса керак. Тафсир китобларини ёзиш бир минг тўрт юз йилдан буён давом этмокда. Ҳар бир тафсир билан танишсангиз, ўзига хослиги, озгина бўлса ҳам бошқаларидан ажралиб туриши билан фарқ қилади. Бу ҳам уламоларнинг Қуръондан тўймаганлари исботидир. Ҳозирги кунимизда ҳам янги-янги тафсирлар чиқиб турибди. Улар ҳам ўзига хослиги билан бошқалардан ажралиб туради. Демак, ҳали-ҳануз уламолар Қуръонга тўймаяптилар.
Агар Қуръонга тўймайдиган уламолар фақат тафсирчи уламолар десак, катта хато қилган бўламиз. Балки бошқа уламолар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Мисол учун, муҳаддис уламоларни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръонга тўймайдилар. Чунки уларнинг мутахассислиги бўлмиш ҳадис илми Қуръони Карим ила чамбарчас боғликдир. Зотан, ҳадиси шарифлар Қуръони Каримнинг тафсири ва ҳаётга татбиғидир.
Фиқҳ уламоларини олиб кўрайлик. Қуръони Каримга тўймайдиган уламолар айнан фуқаҳолардир десак, муболаға бўлмайди. Чунки Қуръони Карим фуқаҳоларнинг биринчи навбатдаги ва энг асосий «озуқа»ларидир. Улар Ислом шариатининг аҳкомларини асосан Қуръони Каримдан оладилар. Бунинг учун улар ҳар бир оят, ҳар бир куръоний ҳарфни синчиклаб, қайта-қайта, атрофлича ва чуқур ўрганадилар. Бу ҳолатда уларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Араб тили уламолари ҳам худди шундай. Улар хоҳ илми наҳв, хоҳ илми сарф, хоҳ илми баён, хоҳ илми бадийъ бўйича мутахассис бўлсинлар, ким бўлишларидан қатъи назар, Қуръони Каримдан тўймайдилар. Чунки Қуръони Карим араб тилининг мўъжизасидир. Унинг тил усталари Қуръони Карим ҳузурида ожиздирлар. Шунинг учун ҳам араб тили олимлари Қуръони Каримга доимий равишда тил жиҳатидан ҳам муҳтожлар, доимо унга мурожаат қиладилар ва ҳеч қачон унга тўймайдилар.
Хулоса шуки, қайси бир илмни олсак ҳам, илми ақоид-ми, илми фароизми, илми мантиқми, илми тасаввуфми ёки бошқа илмларми - барибир, уларнинг уламолари Қуръони Каримга тўймасликлари Қуръони Карим билан боғлиқ бир неча ўзига хос илмларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу илмларнинг мажмуаси «Улумул Қуръон» - «Қуръон илмлари» деб аталади. Бу қадимги илм бўлиб, унга қанчадан-қанча уламолар ўз умрлари, зеҳн-заковатларини бағишлаганлар. Бу соҳада сон-саноқсиз китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. «Улумул Қуръон» ўз ичига илмул қироат, илмун-носих вал мансух, илмул Маккийй вал Маданийй, илмус-сабаби нузул, илмур-расм, илмул муҳкам вал муташобиҳ каби бир қанча илмларни олади. Табиийки, ушбу илмларга мутахассис бўлган уламолар Қуръони Каримга асло тўймайдилар.
Тарихчиларни олиб кўрайлик. Бу дунёнинг яратилиши, инсоннинг дунёга келиб, ривожланиши ва шу каби қадимда содир бўлган тарихий ҳодисаларнинг энг ишончли масдари бўлмиш Қуръони Карим асосида мусулмон тарихчилари қадимги дунё тарихини битдилар. Шунинг учун ҳам улар ўз замонларида етакчи тарихчилар бўлдилар. Кейинчалик баъзи бир тоифалар, шахслар чиқиб, ўзларича дунё тарихини «илмий» равишда қайта кўриб чикдилар. Улар дунёда энг ишончли тарих битганларини айтиб, айюҳаннос солдилар. Бошқаларни, жумладан мусулмон тарихчиларни илмсизликда, афсоналарга берилишда айбладилар. Аммо вақт ўтиб, илм ривожланиши билан ҳалигиларнинг «илмий»лиги жаҳолатдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди. Ҳаммаси муз каби эриб кетди. Қуръондан баҳра олган мусулмон тарихчиларнинг айтганлари тўғри бўлиб чикди. Демак, мусулмон тарихчиларнинг Қуръондан тўймасликлари турган гап.
Энди жуғрофиячиларимизни олиб кўрайлик. Улар ҳам Қуръони Каримдаги жуғрофияга тегишли оятларга асосланиб, улардан руҳланиб, бу илм тарихида мисли кўрилмаган улкан натижаларга эришдилар.
Агар Қуръони Каримдан турли соҳадаги мусулмон уламоларгина тўймайди десак ҳам, хато қилган бўламиз. Чунки бугунги кунда Қуръони Каримга мурожаат қилган ғайримуслим олимларнинг ҳам ундан тўймаётганларига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дунё тарихини Таврот, Инжил, Қуръон ва янги илмга солиштириб ўрганиб чиққан ғайридин олимлар Қуръони Каримга тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Денгиз-уммон илми бўйича дунёда кўзга кўринган ғайридин олимлар ўз соҳалари бўйича Қуръони Каримни ўрганиб чиқиб, мусулмон бўлдилар. Шунингдек, табиблар, инсон наслини ўрганувчилар ва бошқа-бошқалар ҳам Қуръони Каримга тўймаяптилар. Ҳозир «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номли халқаро ҳайъат ишлаб турибди. Ундаги баҳслар мусулмон олимларнинг ҳам, мусулмон бўлмаган олимларнинг ҳам Қуръондан тўймасликларининг далили эмасми?!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Куръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase