close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

187-БОБ. Намозларнинг фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Албатта, намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсар» (Анкабут сураси, 45-оят), деб айтган.

1041/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қарамайсизларми, агар сизлардан бирортангизнинг эшигингиз олдидан анҳор ўтса, шу киши анҳорда ҳар куни беш марта ювинса, у кишида бирор кир қоладими?» дегандилар, саҳобалар: «Йўқ, ҳеч кир қолмайди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намозларингиз ҳам шу анҳор кабидир. Аллоҳ таоло беш вақт намоз ўқувчи кишининг ҳам гуноҳларини ўчиради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1042/2. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз худди сизлардан бирингизнинг эшиги олдидан лиммо-лим бўлиб оқувчи анҳорга ўхшайди. У киши анҳорда ҳар куни беш марта чўмилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1043/3 . Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши бир хотиндан бўса олди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Сўнгра Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албата яхши амаллар ёмонлик – гуноҳларни кетказур». Бас, ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг расули, бу мен учун хосми?» деганида, у зот: «Балки бу умматимнинг барчаларига хосдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1044/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз вақт орасида ҳамда жумадан жумагача ўз ўрталарида бўлган гуноҳларга каффоратдир. Агар кабира (катта) гуноҳлардан сақланилган бўлса», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

1045/5. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон фарз намозига ҳозир бўлганида таҳоратини чиройли қилиб, намозидаги хушуъ ва рукуъларини чиройли адо этса ва бу орада катта гуноҳ содир этмаса, аввалги кичик гуноҳларига каффорат бўлади. Бу ваъда (менинг замонимга мос бўлмай, балки) ҳар замонга хосдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase