ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Исо Масиҳ алайҳиссалом ва онаси Марям бинти Имрон қиссаси Қуръони каримнинг турли сураларида келтирилган. Яъни, Маккада ҳам, Мадинада ҳам нозил бўлган сураларда Исо алайҳиссалом ҳақида маълумотлар бор.
Марям бинти Имроннинг исми Қуръони каримда 34 марта, ўғли Исо алайҳиссаломнинг исми эса 25 марта такрорланган. Шунингдек, “Маборак” маъносини англатувчи Исо алайҳиссаломнинг шарафли лақаби бўлган “Масиҳ” сўзи 11 марта зикр қилинган.
Исо алайҳиссалом Фаластин диёридаги Қуддус шаҳрининг муборак ерларида туғилиб вояга етган.
Марям бинти Имрон фазилатлари ҳақида қуйидаги ривоят нақл қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерга тўртта чизиқ чиздилар. Кейин: “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Аллоҳ ва Расули билувчироқдир”, дейишди. Шунда у зот: “Жаннат аҳлидан бўлган аёлларнинг энг афзали тўрт нафардир: Хадижа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Осиё бинти Мазоҳим (фиръавннинг хотини) ва Марям бинти Имрондир”, дедилар”.
Исо алайҳиссалом фазилатлари ҳақида ҳам ҳадислар кўп. Жумладан, “Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Туғиладиган ҳар бир болага шайтон тегади (зиён етказади). Шайтоннинг тегиши сабаб чақалоқ бақириб йиғлайди. Магар Ибн Марям ва унинг онаси бундан мустасно эди”, деганлар.
Яна Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Исога энг ҳақли кишиман”, деганлар. Шунда одамлар: “Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. У зот: “Пайғамбарлар бир отадан тарқалганлар. Уларнинг оналари бошқа-бошқа. Аммо динлари бир. Мен билан (Исо) орасида биронта пайғамбар йўқ”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: “Исо алайҳиссалом ўғрилик қилаётган бир кишини кўриб қолди ва унга: “Ўғрилик қилдингми?” деди. Ўша киши: “Ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, ундай эмас”, деди. Шунда Исо алайҳиссалом: “Сен Аллоҳга имон келтирдинг, аммо мени алдадинг”, деди” (Муслим ривоят қилган).
Қуръони каримда Исонинг онаси Марянинг ҳаёти, унинг фазилати, покдомонлиги, ўша замон аёллари ичидан энг афзали, унга Аллоҳ тарафидан кўрсатилган фазлу марҳаматлар ҳақида баён қилинган. Жумладан, Оли Имрон сурасида Марям ҳаёти ҳақида қуйидаги маълумотлар келган. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим хонадонини ва Имрон хонадонини бутун оламлар устида (пайғамбарлик учун) танлаб олди. Уларнинг бирлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир. (Эй Муҳаммад,) Имроннинг хотини: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитувчи, Билувчисан”, деганини эсланг! Кўзи ёригач эса, бундай деди: “Парвардигор, мен қиз туғдим”. – Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини Билувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби эмас. – “Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”. Бас, Парвардигори уни (яъни, Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям) жавоб қилди: “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради” (Оли Имрон сураси, 33-37-оятлар).
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни – одамзот отасини – ер юзида халифа бўлиши учун танлаб олди ва унга барча нарсаларнинг исмини ўргатди. Одамга фаришталар сажда қилишларини буюрди.
Шунингдек, Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломни танлаб олди. Алусий айтишича, Нуҳ алайҳиссалом “кичик Одам”, “инсониятнинг иккинчи отасидир”. Сабаби, ер юзидаги барча инсонлар Нуҳ алайҳиссалом наслидан тарқалган.
Қолаверса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Иброҳим алайҳиссалом оиласини, жумладан Исмоил, Исҳоқ ва уларнинг наслидан бўлган пайғамбарларни, Имрон хонадонини танлаб олди. Унинг оиласидан Исо алайҳиссаломни пайғамбар қилди. Унга мўъжизалар ато этди ва руҳул қудс билан Исони қувватлади.
Бу ердаги “Имрон”дан мурод Марямнинг отасидир. Имрон Исо алайҳиссаломнинг бобоси саналади. У Имрон ибн Ёшам ибн Мийшо ибн Ҳазқиёдир. Имроннинг насл-насаби ҳам Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади.
Мана шу пайғамбарлар силсиласидан маълум бўладики, Аллоҳ таоло инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун пайғамбарларни юборган. Энг аввал Одам алайҳиссаломни яратиб, уни илк пайғамбар қилган. Одамдан кейин кўп авлодлар ўтдилар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссалом қавмини 950 йил (!) Аллоҳнинг йўлига даъват қилди. Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом келди. У ҳам инсонларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди. Унинг хонадони Аллоҳ тарафидан танлаб олинган эди. Иброҳим наслидан Исмоил алайҳиссалом дунёга келди. Самовий рисолат силсиласининг сўнгги вакили ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир ўғли Исҳоқ алайҳиссаломдан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорун, Имрон оиласи, Закариё, Яҳё ва Исо алайҳиссаломлар тарқалган эди.
Бир сўз билан айтганда, Одам, Нуҳ, Иброҳим ва Имрон хонадони бутун инсоният ичидан танлаб олинган. Барча пайғамбарлар уларнинг наслидан эди.
“Уларнинг бирлари бировларига зурриёт (эдилар). Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир”.
Юқорида зикр келган зотлар бир-бирининг наслидандир. Улар насабда бир-бирларига боғланганлар. Жумладан, Нуҳ Одам зурриётидандир. Иброҳим Нуҳ зурриётидандир. Имрон оиласи Иброҳим зурриётидандир.
Аллоҳ таоло барча нарсани эшитувчидир. Бандалар мана шу танлаб олинган зотлар ҳақида нима дейишларини ҳам эшитиб туради. Аллоҳ бандалари ҳолатини мукаммал билувчи Зотдир. Аллоҳдан бирон нарса махфий қолмайди. Ҳамма нарса У Зотга ошкордир.
Шундан кейин Имроннинг хотини ҳомиладорлик аломатларини сезганда айтган гаплари келтирилади:
“Имроннинг хотини: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен Эшитувчи, Билувчисан”, деганини эсланг!”
Имроннинг хотини исми Ҳунна бинти Фоқузо ибн Қунбулдир. У Марямнинг онаси, Исо алайҳиссаломга бувидир.
Юқоридаги оят маъноси қуйидагича: эй оқил банда, ўзингга панд-насиҳат олишинг учун Имроннинг хотини Парвардигорига тазарру қилиб:
– Ё Раббим! Мен байтингда хизмат қилиши учун ҳомиламни назр қилдим. Мендан ушбу холис назримни қабул айла! Зеро, Сен менинг ва барча махлуқотларинг гапини эшитувчи, менинг ниятим ва барча бандаларинг ниятини билувчи Зотсан! – деганини эсла!
Имрон хотинининг бу дуосида энг юксак одоб намунаси ва ихлос кўриниб турибди. У ўзи учун энг азиз нарсани – қорнидаги ҳомилани холис Аллоҳ учун бағишлаганини маълум қилиб, бу назрни ҳусни қабул қилишини ўтиниб сўрамоқда.
Баъзилар айтишича, бундай назр қилиш уларнинг шариатида лозим эди. Уларнинг одатича озод қилинган бола калисода (ибодатхонада) хизмат қилиши лозим бўлар, балоғатга етгунича у ерни ташлаб кетиши мумкин эмасди. Вояга етгач, унга ихтиёр бериларди: хоҳласа, истаган томонига кетади, хоҳласа, қолиб калисода хизмат қилади. Аммо ибодатхонада фақат ўғил болалар хизмат қиларди. Қизларда узрли ҳолатлар юз бергани учун Байтул Мақдисда хизмат қилишга лойиқ кўрилмасди.
“Кўзи ёригач эса, бундай деди: “Парвардигор, мен қиз туғдим”.
Айтилишича, бу ерда хабар қилиш эмас, балки афсусланиш ва маҳзунликни ифодалаш мақсад қилинган. Чунки Имроннинг хотини қорнидаги ҳомила ўғил бўлишини кутганди. Фақат ўғил болалар Байтул мақдисда хизмат қила оларди. Имроннинг аёли чақалоқ қиз эканини билгач, назрига вафо қила олмагани учун Парвардигорига юзланиб:
– Парвардигорим! Мен қиз туғдим. Аммо қиз бола мен назр қилган жойга тўғри келмайди. Ё Аллоҳ, Сен ҳар нарсага қодирсан. Қудратинг билан ўғил ва қиз чақалоқни яратишга қодирсан! – деди.
“Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби эмас”.
Аллоҳ таоло ўша аёл ўғил ё қиз туққанини ҳаммадан яхшироқ билади. Ахир бу чақалоқни Унинг ўзи қиз қилиб яратган. Аллоҳ бу қизалоқ қандай фазилатларга эга эканини ҳам билади. Мана шу қиз чақалоқдан Исо алайҳиссалом дунёга келади ва Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи аломатлардан бири бўлади.
Имроннинг хотини талаб қилган ўғил у туққан қиз сингари хайрли эмасди. Чунки туғилган қазалоқ ибодат ва мартабада ҳаммадан афзал бўлади.
“Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”.
Айтилишича, “Марям” исми “ибодат қилувчи аёл” маъносини англатади. Имроннинг хотини қизим Аллоҳга ибодат қилувчи бўлсин, исми жисмига монанд бўлсин, деб унга “Марям” исмини қўйди.
Марямнинг онаси Ҳунна Аллоҳ таолога илтижо қилиб:
– Ё Раббим! Мен бу чақалоқ Сенга хизмат қилиши учун ўғил бўлишини чин дилдан хоҳлагандим. Аммо Сен берган қиз фарзандга розиман. Мен унга “Марям” деб исм қўйдим. Мен унга ва зурриётларига даргоҳингдан қувилган, яхшиликдан узоқ бўлган шайтон васвасасидан паноҳ беришингни сўрайман!
“Саҳиҳи муслим”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туғиладиган ҳар бир болага шайтон тегади (зиён етказади). Шайтоннинг тегиши сабаб чақалоқ бақириб йиғлайди. Магар Ибн Марям ва унинг онаси бундан мустасно эди”, деганлар.
Шундан кейин Абу Ҳурайра: “Агар хоҳласангиз “Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг (ёмонлигидан) паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан” оятини ўқинглар!” деди.
Имроннинг аёли ҳомиладорлик вақтида ва кўзи ёриганидан кейин Аллоҳ таолога бутун вужуди билан дуо-илтижолар қилди, У Зотнинг марҳаматидан умид қилиб, қизи ва зурриётлари ҳақига дуойи хайрлар қилди. Бу дуолар қандай натижа бергани қуйида баён қилинади:
“Бас, Парвардигори уни (Марямни) хуш қабул айлаб, чиройли парвариш этди”.
Аллоҳ таоло Марямни ҳусни қабул қилди. Бу билан қавмнинг одати бузилди. Аллоҳ Имроннинг қизи Марям худди ўғил болалар каби байтида хизмат қилишига рози бўлди. Имрон аёлининг илтижолари бесамар кетмади.
Аллоҳ таоло Марямни чиройли тарбия қилди, уни ҳар қандай ёмонликдан омон сақлади. Марям худди унумдор ердаги ўсимлик каби униб-ўсди.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Марямга жуда кўп марҳамат кўрсатди: қиз бола бўлишига қарамай уни байтида хизмат қилиши учун қабул этди, турли озор ва ёмонликлардан ҳимоялаб чиройли тарбия қилди ва унга ўзи ўйламаган томондан ризқ келадиган воситаларни жорий қилди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
“Ва унга Закариёни кафил қилди. Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – ҳужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: “Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?” деб сўраганида, (Марям) жавоб қилди: “Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради”.
Аллоҳ таоло Марямга Закариёни кафил қилди. Закариё Бани Исроилдан чиққан пайғамбарлардан бири бўлиб, насл-насаби Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга бориб тақалади. Закариё Марямнинг холасига уйланган эди .
Байтул мақдис хизматчилари ва Закариё ўртасида қуръа ташланганидан кейин Марямнинг кафолатини ким олиши маълум бўлган. Қуйидаги оят шунга далолат қилади: “(Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандирки, бу хабарни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, Сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиш(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдиларида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида бўлмагансиз” (Оли Имрон сураси, 44-оят).
Ривоят қилинишича, Имроннинг хотини Ҳунна Марям туғилганида уни бир матога ўраб, масжидга олиб борган ва Байтул мақдисдаги роҳиблар олдига қўйиб:
– Назр қилинган бу қизалоқни олинглар! – деган. Шунда ибодатхонадагилар бу борада тортишиб қолишган. Сабаби, Марям имомларининг қизи эди.
Шунда Закариё алайҳиссалом:
– Мен бу қизалоққа ҳақлироқман. Унинг холаси менинг хотиним, – деган. Роҳиблар эса:
– Йўқ, аввал қуръа ташлаймиз, – дейишган.
Бас, улар дарёга бориб, қаламларини сувга улоқтирдилар. Шунда Закариё алайҳиссаломнинг қалами сув юзасига қалқиб чиқди, бошқаларники эса чўкиб кетди. Шу зайл Закариё Марямнинг кафолатини олди .
Меҳроб Марям Аллоҳга ибодат қилиш учун танлаган масжиддаги бир хонадир. Унинг меҳроб дейилишига сабаб, унда шайтон ва нафсга қарши жанг қилинади (“Меҳроб” сўзи “жанг қилинадиган жой” маъносини ифодалайди. – таржимон).
Мана шу оят Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир эканига, Марямни ўз риоясига олганига, уни ризқу рўз билан таъминлаб турганига далолат қилади. Шунингдек, бу ерда авлиёларнинг каромати ҳақ эканига ҳам ишора бор.
Закариё алайҳиссалом Марям олдидаги ризқ қаердан келаётганини билмасди. Чунки Марямнинг ҳузурига ўзидан бошқа бирон киши кириб-чиқмасди. Шу сабаб, Закариё бу ҳолдан ажабланди. Қуръони карим унинг таажжубини қуйидагича ифодалайди:
“Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?!”
Яъни, эй Марям, бу улуғ ризқ сенга қаердан келди? Бунинг сабабини билолмаяпман!
Шунда Марям қуйидагича жавоб қайтарди:
– Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ беради.
Бу жавоб Марям имонининг кучли, қалбининг қордек мусаффо эканидан дарак беради.
Мана шу оятларни ўқир эканмиз, банда қалбида имон мустаҳкам ўрнашса, уни нақадар поклашига, бандага қуллик қилишдан кўра Аллоҳга ибодат қилиш билан инсон комил сифатларга эришишига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, бу қиссада Аллоҳ солиҳ бандалар дуосини сўзсиз қабул қилиши, суюкли бандаларини ҳимоясига олиб, уларга беҳисоб насиба ато этишини ҳам билиб оламиз.
ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШИ
Қуръони каримдаги бир қанча сураларда Исо алайҳиссаломнинг туғилиши, вояга етиши, фазилати ва мўъжизалари ҳақида хабар қилинган. Жумладан, Марям сурасида шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ушбу Китобда Марям (қиссаси)ни зикр қилинг. У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимизни (яъни, Жаброилни) юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Марям унга:) “Мен Раҳмонга сиғиниб сендан паноҳ беришини илтимос қиламан. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказма”), деди. (Жаброил) айтди: “(Қўрқма!) Мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисиман, холос”. (Марям) деди: “Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?!” (Жаброил) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики: “Бу (иш) Менга осондир. Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қиламиз. Бу битган ишдир” (Марям сураси, 16-21-оятлар).
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига хитобан шундай демоқда:
– Эй Муҳаммад, Қуръони каримда Марям қиссасини зикр қилинг. Ўшанда у яшаб турган жойидан шарқ томонга қараб узоқлашиб кетган эди.
Марям оиласини ташлаб кетишига сабаб, холи қолиб Аллоҳга ибодат қилмоқчи, Парвардигорига яқинлаштирадиган солиҳ амалларни адо этмоқчи эди.
Имом Қуртубийга кўра, Марям нима сабабдан узоқлашгани ҳақида турли гаплар айтилган. Суддий: “Марям узрли ҳолатдан покланиш учун узоқлашган”, деган. Бошқаси: “Аллоҳга ибодат қилиш учун шундай йўл тутган”, деган. Шуниси маъқул. Унга кўра, Марям масжиднинг шарқ тарафидаги меҳробга кириб, холи тарзда ибодат қилган.
Оятда нега шарқ томон хосланмоқда, деб сўралса, чунки улар шарқ томонни улуғлашарди. Шарқ томондан нур таралади, деб жавоб берилади .
“У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар томонга бориб, улардан парда ортига беркиниб олган пайтида Биз унга Ўз Руҳимизни (яъни, Жаброилни) юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун одам бўлиб кўринди”.
Марям Байтул мақдиснинг шарқ томонидаги жойда ибодат билан машғул бўлиш мақсадида оиласидан узоқлашди. Кейин Аллоҳ унинг олдига Жаброил алайҳиссаломни юборди. Жаброил Марямга қадди-қомати расо ва чиройли бир инсон шаклида кўринди.
Жаброил шаъни улуғ эканини билдириш учун оятда “Руҳ” дейилмоқда. Мазкур фаришта ҳақиқий маънода руҳдир. Инсоният ҳаётининг асоси руҳ. Жаброил қалбларга руҳ бағишловчи рисолатни етказгани учун ҳам шундай аталади. Зеро, жисм Руҳ билан тирикдир.
Марям чўчимаслиги ва хотиржам гаплашиши учун Жаброил алайҳиссалом инсон суратида унга кўринган. Агар асл хилқатида кўринганида, Марям бундан қўрқиб кетиб, у билан гаплаша олмасди.
Шундан кейин Марям ва Жаброил ўртасидаги суҳбат баён қилинади:
(Марям унга:) “Мен Раҳмонга сиғиниб сендан паноҳ беришини илтимос қиламан. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказма”), деди.
Марям хушсурат одам шаклида кўринган Жаброилга қарата:
– Мен Аллоҳдан сенинг зарар етказишингдан паноҳ тилайман! Агар қалбингда тақво бўлса, менга зиён етказма, мени холи қўй, Парвардигоримга ибодат қиламан! – дея таъкидлади.
Марям унинг қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳисини уйғотиш ва ёмонлик қилишдан қайтариш учун унга Аллоҳни эслатди.
Марям томонидан айтилаётган бу сўзлар унинг нақадар софдил, иффатли ва Аллоҳга жуда яқин бўлганини кўрсатади.
Марямнинг талабига Жаброил алайҳиссалом шундай жавоб қилди:
– (Қўрқма!) Мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисиман, холос.
Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марям қалбини хотиржам қилиш учун:
– Эй Марям, Сен паноҳ сўраётган Парвардигоринг элчисиман мен. Қўрқма! Аллоҳ мени Ўзининг изни ва қудрати билан сенга гуноҳ ва маъсиятдан пок, хайр-баракали ўғил фарзанд беришим учун юборди, – деди.
Бу гапдан Марямнинг ҳайрати ошди, таажжубдан ёқа ушлади ва:
– Менга одамзот тегмаган бўлса, бузуқ аёл бўлмасам, менда қаёқдан фарзанд бўлсин?! деди.
Яъни, қандай қилиб фарзандли бўламан! Ахир бирон эркак менга тегинмаган бўлса, ҳали оила қурмаган бўлсам! Мен эркаклар билан кўнгилхушлик қиладиган суюқоёқ аёллардан ҳам эмасман-ку!
Оятда “тегиш” деганда шаръий никоҳ орқали эркак ва аёлнинг яқинлиги назарда тутилмоқда.
Бошқа ўринда Марямнинг ажабланиши қуйидагича ифодаланган: “Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?!” деди. Аллоҳ айтди: “Шундай. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади” (Оли Имрон сураси, 47-оят).
(Жаброил) айтди: “Шундай. Парвардигоринг айтадики: “Бу (иш) Менга осондир”.
Жаброил Марямнинг таажжубланишига жавобан:
– Айтганингдек, сенга биронта ҳам эркак тегмаган, бузуқ ишларни ҳам қилмагансан. Аммо Аллоҳ таоло мени сенга отасиз туғиладиган ўғил фарзанд бериш учун юборди. Бу иш Аллоҳ учун осондир. У Зот ҳар нарсага Қодир.
“Биз у (болани) одамлар учун оят-мўъжиза ва Ўз томонимиздан бўлган раҳмат-марҳамат қиламиз. Бу битган ишдир”.
Яъни, сендан отасиз туғиладиган бу болани қудратимизга далолат қилувчи улуғ мўъжизалардан қиламиз. Сенга ато этилажак бу болани имон келтирадиган ва даъватига ижобат қиладиганлар учун улуғ раҳмат қиламиз. Биз сенга бу болани шу ҳолатда ато қилишмиз Лавҳул Маҳфузда битилган ишдир. У шубҳасиз амалга ошиши лозим.
Шундан сўнг Марямни тўлғоқ тутганида бўлган ишлар баён қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
“Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди. Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач,) деди: “Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди”. Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан нидо қилди: “Ғамгин бўлма. Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана бу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин. Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса,) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида сукут сақлашни назр (аҳд) қилганман. Бас, бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин” (Марям сураси, 22-26-оятлар).
Салафи солиҳинлардан бир қанчаси зикр қилишича, бу ердаги фариштадан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. У Марям кўйлагининг ёқасига пуфлаган. Бу пуфлаш раҳмига тушиб, Аллоҳ таолонинг изни билан болага ҳомиладор бўлган.
Жумҳур уламолардан нақл қилинган машҳур қавлга кўра, Марям тўққиз ой ҳомиладор бўлган .
Оятнинг зоҳирига кўра, Марям оддий аёллар каби тўққиз ой ҳомиладор бўлган .
“Бас, (Марям) унга ҳомиладор бўлиб, у билан бирга йироқ бир жойга кетди”.
Жаброил Марямга: “Мен Парвардигоринг изни билан сенга покиза ўғил бериш учун юборилдим”, деб айтганидан кейин унинг либоси ёқасидан пуфлади ва Марям Исо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди. Оғироёқ Марям шу ҳолида ўзи яшаб турган жойдан узоқларга бош олиб кетди.
Жумҳур уламоларга кўра, Марям Фаластиндаги Байту Лаҳм деган жойга қараб йўл олган.
Ибн Аббос: “У Байту Лаҳм водийси томон кетган. Қавми уни никоҳсиз бола туққанликда айбламасликлари учун улардан қочиб кетган”, деган.
Шундан кейин Марям кўзи ёриш арафасида қандай ҳолатга тушгани баён қилинади:
“Бас, тўлғоқ азоби уни бир хурмо дарахтининг шохига олиб борди (ва у шохга осилган ҳолда кўзи ёригач,) деди: “Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди”.
Марям Исога ҳомиладор бўлганидан кейин қавмидан узоқроқ жойга кетди. Унинг кўзи ёриш онлари яқинлашганида хурмо дарахти шохларига осилди. Ўша дамларда уни ғам-қайғу қуршаб олганди. Марям андуҳ ила:
– Кошки ҳомиладор бўлиш ва тўлғоқ азобига йўлиқишдан олдин ўлиб кетсам эди! Кошки бирон киши эсламайдиган, парво қилмайдиган бир нарса бўлиб қолсам эди! – деб фиғон чекди.
Имом Алусийга кўра, Марям Жаброил алайҳиссаломнинг ваъдасига ишонганди. Аммо одамлардан уялиб, уларнинг маломату дашномларидан қўрққани учун, ёки одамлар ўзи ҳақида нолойиқ гапларни тарқатиб гуноҳкор бўлиб қолишларидан хавфсирагани учун шундай сўзларни айтган.
“Саҳиҳ муслим”да мана бундай ҳадис ривоят қилинган: “Сизлардан бирон киши бошига тушган мусибат сабабидан ўзига ўлим тиламасин! Агар тилайдиган бўлса, бас: “Ё Аллоҳ, агар тириклик мен учун яхши бўлса, мени яшатгин! Агар вафот этиш мен учун хайрли бўлса, мени вафот эттир!” десин”.
Ким Марям оғриқ зўрлиги сабабидан ўлимни орзу қилган, деса, хато ўйлабди .
Қисса давомида Аллоҳ таоло Марямга оғир дамларда қандай марҳамат кўрсатгани айтилади:
“Шунда (хурмо дарахтининг) ортидан нидо қилди: “Ғамгин бўлма. Парвардигоринг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди. (Мана бу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин, шод-хуррам бўлгин”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишича, оятда “ортидан” деганда Жаброил алайҳиссалом назарда тутилган. Исо онаси томонидан қавми олдига олиб борилмагунича гапирмаган. Бу Марям учун мазкур ишлар одатда ташқари эканига далолат қилувчи белгидир. Бунда Аллоҳ таолонинг улуғ муроди бор эди .
Баъзи муфассирлар фикрича, нидо қилувчи Исо алайҳиссаломдир. Шунда оятнинг маъноси: “Унинг ўғли Исо Марям ортидан нидо қилди. У туққанида ўғли унинг ортида эди”, бўлади. Имом Ибн Жарир Табарий мана шу қавлни маъқуллаган.
Кўринишидан Ибн Жарирнинг айтган гапи ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. Чунки ўша онларда Исо онасига нидо қилган. Бундан мурод Марям қалбига хотиржамлик ва сакинат олиб кириш эди.
Шундан келиб чиқиб, оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: Марямнинг кўзи ёригач, унинг орқасидаги чақалоғи онасининг маҳзун қалбига хотиржамлик киритиш мақсадида:
– Эй онажон, хафа бўлманг! Ичиб, чанқоғингизни қондиришингиз учун Парвардигорингиз оёғингиз остидан бир жилғани оқизиб қўйди. Мана бу хурмо шохларини силкитинг, шунда устингизга янги хурмо мевалари тўкилади. Сиз ўша меваларни енг, ариқдаги зилол сувдан ичинг. Мен ёнингиздаман, зинҳор ғамгин бўлманг. Ўзингиздан ташвишни аритинг! – деди.
Уламолар мана шу оятни далил қилиб, ризқ талабида сабабларни юзага келтириш вожиб эканини таъкидлашган. Бу нарса Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Мўмин банда Парвардигори амрига бўйсуниб ризқ талабида ҳаракат қилади ва ризққа етишиш йўлида сабабларни восита қилади. Мўмин банда Аллоҳ таолонинг мулкида бирон нарса У Зотнинг изнисиз бўлмаслигига шубҳасиз ишонади.
Аслида Аллоҳ таоло суюкли бандаси Марям устига хурмоларни дарахтни силкитмасдан ҳам туширишга қодир эди. Аммо буни Исо алайҳиссалом тилидан унга амр қилди. Зеро, ризқ талабида ҳаракат қилиш У Зот белгилаб қўйган қонундир.
Шунингдек, бу оятдан келиб чиқиб, аёл кўзи ёриганидан кейин унинг учун ҳўл хурмо энг яхши озуқа экани ҳам зикр қилинган. Айтилишича, агар нифосдаги аёллар учун ҳўл хурмодан яхшироқ нарса бўлганида, Аллоҳ таоло Марямга ўшани ато этарди.
“Бас, агар одамзотдан биронтасини кўриб қолсанг (ва у сендан бу боланинг отаси ҳақида сўраса,) у ҳолда: “Мен Раҳмон йўлида сукут сақлашни назр (аҳд) қилганман. Бас, бугун бирон инсонга сўзламайман”, дегин”.
Бу Исо алайҳиссаломнинг онасига айтган сўзининг давомидир.
Яъни, Исо онаси Марямга:
– Эй онажон! Отасиз туғилганим учун ғам чекманг! Бунинг учун мамнун бўлинг! Агар мен ҳақимда сўрайдиган бирон кишига дуч келсангиз, бас, “Мен Аллоҳ йўлида гапирмасликка аҳд қилганман. Бас, бугун бу бола ҳақида бирон кишига сўз очмайман. Хабарини етказишни боламни ўзига қолдираман”, деб айтинг! – дея таъкидлади.
Айтишларича, Марям икки хил сабабга кўра гапиришдан қайтарилган:
биринчиси, онаси номидан Исо гапириши керак эди. Шунда онасига қилинадиган туҳматларни қайтариш учун кучли далил бўлади. Бунда сўзни энг муносиб одамга бериш кераклигига ишора бор.
Иккинчиси, жоҳиллар билан баҳслашиш кароҳатли экани. Жоҳиллар, эси паст кимсалар, талашиб-тортишганида уларга сукут қилиш вожибдир .
Қисса давомида Марям боласини олиб қавми олдига келганида, улар бунга қандай муносабат билдирганлари, Исо чақалоқ ҳолида уларга нима дегани баён қилинади. Аллоҳ таоло айтади:
“Сўнг (Марям боласини) кўтарган ҳолда ўз қавмига келганида улар: “Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!” дедилар. Шунда (Марям оғиз очмасдан боласига ишора қилди). Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашамиз?!” (Шу пайт чақалоқ, яъни Исо тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам ҳам хайру баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (беришни) амр қилди. Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли – меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлади” (Марям сураси, 27-34-оятлар).
Марям фарзанди Исонинг сўзларини эшитиб, қалбига хотиржамлик кирди, хурсанд бўлди ва ўғлини кўтариб қавми олдига борди.
Саид ибн Мансур, Ибн Асокир Ибн Аббосдан ривоят қилишича, Марям қирқ кунда нифосдан покланганидан кейин боласини қавми олдига олиб борган.
Оятнинг зоҳири ва хабарларга қараганда, Марям қавми талаб қилмасалар ҳам ўғлини улар олдига олиб борган .
Марям қўлидаги болани кўрган қавми унга қарата:
– Эй Марям, сен (ҳеч ким қилмаган) ажиб ишни қилдинг-ку! – дейишди.
Яъни, эй Марям, сен жуда ёмон иш қилдинг-ку! Биз сени оила қурганингни билмаган эдик. Энди бўлса, бир бола билан келибсан!
Улар Марям ношаръий йўл билан бола орттириб олган, деган маънода унга хитоб қилишди. Қуръони каримнинг бошқа оятида бу қуйидагича ифодаланган: “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Масиҳ Исо ибни Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик)” (Нисо сураси, 156-оят).
Уларнинг манави сўзлари ҳам Марямни фаҳш ишда айблаганларига ишора қилади:
“Эй Ҳоруннинг синглиси, сенинг отанг ёмон одам эмас эди-ку, онанг ҳам фоҳиша эмас эди-ку!”
Яъни, эй Марям, отанг зино қиладиган ё бузуқ ишларни содир этадиган одам эмасди-ку. Онанг ҳам бундай ишларни қилмасди?!
Бу ерда “Ҳорун” деганда Мусо алайҳиссалом биродари назарда тутилмаган. Балки Бани Исроил қавмида Ҳорун исмли солиҳ ва тақводор инсон бўлган. Улар салоҳият ва тақвода Ҳоруннинг синглиси, деб мурожаат қилишган.
Оятда зикр қилинган Ҳорун Мусо ибн Имрон алайҳиссалом укаси эмаслигига қуйидаги ривоят ҳам далолат қилади.
Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Нажронга юбордилар. Улар: “Сизлар “Эй Ҳоруннинг синглиси”, деб қироат қиласизлар, ваҳоланки, Мусо Исодан анча йил олдин ўтган”, дейишди. Бас, мен қайтиб келиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилганимда, у зот: “Улар ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар ва солиҳлар исмини (фарзандларига) қўйишларини айтмадингми?” дедилар” (Муслим, Термизий, Насоий, Аҳмад, Табароний ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).
Қатода шундай деган: “Ҳорун Бани Исроилдаги солиҳ кишидир. Сингил бу ерда ўхшашлик маъносидадир ”.
Хуллас, Бани Исроил қавми Марямга катта бўҳтон қилди. Покдомон бўлишига қарамай уни фаҳш ишда айблади.
Шунда Марям ўзини ҳимоя қилиш мақсадида “Манави болага мурожат қилинглар. У бор ҳақиқатни айтади”, дегандек чақалоғига ишора қилди. Аммо улар бу ишорадан қониқмадилар. Шунинг учун:
– Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашамиз?! – дея ажабландилар.
Яъни, улар Марямнинг гапидан таажжубланиб:
– Бешикдаги ёш бола билан қандай гаплашамиз! – дея эътироз билдиришди.
Бироқ Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни гапиртириб қўйди ва у онасининг покдомон эканига ишора қилувчи қуйидаги сўзларни айтди:
– Мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам ҳам хайру баракотли қилди.
Яъни, мен Аллоҳнинг бандасиман. У Зот мени яратган. Сизлар ҳам Аллоҳга бандасизлар. Буюк Холиқ Аллоҳ менга Инжилни берди. Аллоҳ мени пайғамбарлардан қилади. Мен одамларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақираман. Қаерда бўлсам ҳам, Аллоҳ мен учун ўша ерда хайр ва баракани беради.
Исо бу сўзларни ўтган замонда ифодалаши келажакда унинг пайғамбар бўлиши, Инжил ато этиши аниқ эканига далолат қилади. Қуръони каримда кўп ўринларда келажакда бўладиган ишлар ўтган замон билан ифодаланган. Бу ҳам ўша айтилганлар шак-шубҳасиз содир бўлишини англатади .
Бешикдаги Исо сўзида давом этиб яна шундай деди:
– Ва модомики, ҳаёт эканман намозни (адо этишни) ва закотни (беришни) амр қилди.
Яъни, то ҳаёт эканман, намозни ўз вақтида ўқишни, закотни ҳақдорларга беришни буюрди Парвардигорим.
“Шунингдек, (Аллоҳ) мени онамга итоатли – меҳрибон қилди ва мени ситамкор бадбахт қилмади”.
Яъни, Аллоҳ таоло мени онамга меҳрибон, итоатли қилди. Аллоҳ таоло мени раҳмати ила мутакаббир ва мақтанчоқ кимсалардан қилмади.
“Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этадиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлади”.
Яъни, менга туғилган кунимда, дунёдан ўтганимда ва ҳисоб қилиниш учун қиёматда тирилтирилганимда саломат ва омонлик бўлгай.
Исо алайҳиссалом ўзини бир қанча сифатлар билан васф қилди. Энг биринчи навбатда Аллоҳнинг бандаси эканини таъкидлади. Бундан мурод одамларга асл ҳақиқатни билдириш, ширкдан узоқ бўлишга чақириш. “Исо Аллоҳнинг ўғли” ёки “Исо Аллоҳдир”, “Исога ҳам ибодат қилинади”, дейдиган кимсаларга раддия беришдир.
Исонинг сўзлари ҳаётининг ҳар лаҳзасида ва вафотидан кейин ҳам Аллоҳдан омонлик умидида эканини ифодалаш билан якунланади.
Марям сурасида Исо ва онасига туҳмат қиладиганлар оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Улар шак-шубҳа қилаётган Исо ибн Марям (ҳақидаги Аллоҳнинг) ҳақ сўзи мана шудир. Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас – У Зот (бундай нуқсондан) Покдир. У бирон ишни қилишни истаса, фақат унга: “Бўл”, дейди. Бас, (ўша иш) бўлади. (Исо айтди:) “Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир”. Сўнг ҳизблар – тўдалар (Исо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ кун – қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай! Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қоладилар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар. (Эй Муҳаммад,) сиз уларни барча иш битирилиб, улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кундан – қиёматдан қўрқитинг! (Бугун) улар ғафлатдадирлар. (Шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар. Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўламиз ва фақат Бизга қайтариладилар” (Марям сураси, 34-40-оятлар).
Юқорида келтирилган Марям ва ўғли Исо алайҳиссалом ҳақидаги гаплар Аллоҳ таолониг ҳақ сўзидир. Унга бирон ботил сўз аралашмаган. Энг ишончли ва рост гап шу Исо ҳақида. Аммо кофирлар ва залолатдаги кимсалар Исо ҳамда волидаси ҳақида турли шубҳа-гумонларни тарқатдилар, нолойиқ сўзларни айтдилар. Улар ўз залолатларида адашиб юраверадилар.
Шундан кейин Аллоҳ таоло ҳар қандай нуқсондан пок экани таъкидланади:
“Аллоҳ учун ҳеч қандай бола тутиш жоиз эмас – У Зот (бундай нуқсондан) Покдир”.
Бирон бандани Ўзига фарзанд тутиш Аллоҳ таолонинг улуғлигига тўғри келмайди. Бундай нарсани Аллоҳга хослаш тўғри эмас. Аллоҳ бундай камчиликдан покдир. Ўткинчи дунёда яшайдиган инсонлар наслни давом эттириш учун фарзанд кўрадилар. Заифлар белига қувват бўлсин деб фарзанд талаб қиладилар. Аллоҳ эса боқий ва ҳар нарсага Қодирдир. У Ўзи яратган нарсаларга муҳтож эмас.
Бошқа оятда шундай дейилган: “(Мушриклар:) “Раҳмоннинг боласи бор”, дедилар. (Эй мушриклар,) сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг оғирлигидан – Раҳмоннинг боласи бор деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишига яқин бўлади. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмас (яъни, Аллоҳ болага муҳтож эмас)” (Марям сураси, 88-92-оятлар).
Қисса давомида Аллоҳ таоло фарзанд тутишдан беҳожат экани эслатилади:
“У бирон ишни қилишни истаса, фақат унга: “Бўл”, дейди. Бас, (ўша иш) бўлади”.
Аллоҳнинг бола тутишини тасаввурга қилиб бўлмайди. Чунки У Зот бунга муҳтож эмас. Аллоҳ бирон ишни қилишни хоҳласа, “Бўл!” дейди. Бас, ўша заҳоти иш бажарилади.
(Исо айтди:) “Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўри йўлдир”.
Исо алайҳиссалом қавмига хитобан:
– Албатта Аллоҳ менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Шундай экан, ёлғиз Аллоҳга ихлос билан ибодат қилинг, Унинг амрига итоат этинг. Мен сизларни чақираётган йўл энг тўғри йўлдир. Бу йўлдан юрган одам зинҳор адашмайди, – деди.
“Сўнг ҳизблар – тўдалар (Исо хусусида) ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, кофир бўлган кимсаларга улуғ кун – қиёматга гувоҳ-ҳозир бўлганларида ҳалокат бўлгай!”
Бу ердаги “ҳизблар”дан мурод, Исо алайҳиссалом ҳақида баҳслашган яҳудий ва насронийлар гуруҳидир.
Яъни, Исо алайҳиссалом қавмини ҳақ динга даъват қилди. Бироқ яҳудий ва насронийлар ичида залолатга кетган кимсалар у ҳақида катта ихтилоф чиқардилар, жуда қаттиқ адашдилар. Ўша гуруҳлар Исони лойиқ бўлмаган сифатлар билан васф қилдилар. Ваҳоланки, Исо улар айтаётган гаплардан покдир. Қиёмат куни ана ўша кимсаларнинг ҳолига вой бўлади! Бўҳтон ва ёлғонлари сабаб, Аллоҳ уларни жаҳаннамда қаттиқ азоблайди.
“Улар Бизга келадиган кунда жуда ҳам (аниқ) кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қоладилар. Лекин у золимлар бугун очиқ залолатдадирлар”.
Яъни, бу кофирлар қиёмат кунида қандай қилиб кўрадиган ва эшитадиган бўлиб қолдилар. Ваҳоланки, дунёда пайғамбар олиб келган нарсаларни инкор қилишдан бошқа нарсани билмадилар-ку!?
Бу кимсаларнинг ҳоли жуда қизиқ: кўз ва қулоқлари ҳидоят сари бошлаши керак бўлганда, ҳаётлик чоғларида нажот йўлига юрмадилар. Энди эса уларнинг кўриши ва эшитиши азобланишларига восита бўлади (яъни, вақт ўтганидан кейин кўриш ва эшитишдан наф йўқ. Бу дунёда ҳидоят йўлида юриш керак эди).
“(Эй Муҳаммад,) сиз уларни барча иш битирилиб, улар ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кундан – қиёматдан қўрқитинг!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар! Сиз мушрикларни қиёмат кунидаги қўрқинчлардан огоҳлантиринг! Ўша куни золимлар Аллоҳга итоат этмаганлари учун қаттиқ надомат чекадилар. Бироқ бу пушаймон энди фойда бермайди. Сабаби, Аллоҳ улар устидан ҳукм чиқариб бўлди: мўминлар нажот топиши ва фосиқлар ҳалок бўлиши ҳақида ҳукм ўқилди. Ана энди жаннат аҳли жаннат сари йўл оладилар. Дўзахийлар эса жаҳаннам қаърига равона бўладилар.
“(Бугун) улар ғафлатдадирлар. (Шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар”.
Яъни, эй Муҳаммад, уларни бугун огоҳлантиринг! Чунки улар мана шу кунда огоҳлантиришга муҳтожлар. Улар ғафлат уйқусидадирлар, имонсиз ҳолда яшамоқдалар.
“Шак-шубҳасиз, Биз Ўзимиз бу ерга ва ундаги бор жонзотга меросхўр бўламиз ва фақат Бизга қайтариладилар”.
Яъни, Биз ер юзидаги барча тирик жонзотларни вафот эттирамиз ва Биздан бошқа бирон зот қолмас. Махлуқотлар қиёмат куни ҳузуримизга қайтадилар. Биз уларнинг амалларига қараб ҳисоб қиламиз.
Оли Имрон сурасида Марям ва Исо алайҳиссаломга берилган фазилатлар, олий мақомлар ва инсонларни ожиз қолдирувчи мўъжизалар ҳақида хабар берилган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Фаришталар Марямга: “Эй Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Эй Марям, Парвардигорингга итоат қил ва руку қилувчилар билан бирга сажда ва руку (яъни, ибодат) қил!” деганларини эсланг! (Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандир. Бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида, уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз. Эсланг, фаришталар дедилар: “Эй Марям, албатта Аллоҳ Ўз томонидан бир сўз ҳақида хушхабар беради. Унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир. У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапиради. (У) солиҳлардандир”. Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?” деди. Аллоҳ айтди: “Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи истаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади” (Оли Имрон сураси, 42-47-оятлар).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитобан:
– Фаришталар Марямга: “Эй Марям, Аллоҳ мени ўзига итоат этиш ва байтида хизмат қилиш учун танлаб олди. Сени нопокликлардан, турли ёмон сифатлардан поклади. Исони отасиз дунёга келтириш ва уни оламларга аломат қилиш билан сени дунё аёлларидан афзал қилди”, деб нидо қилганларини эсланг! – демоқда.
Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу оятда Марямнинг танлаб олиниши, покланиши ва муҳаббатга сазовор қилиниши билан унинг шаънини юқори кўтариб, ҳақига мақтовлар айтмоқда.
Ҳадис китобларида Марямнинг фазилати ҳақида бир қанча ривоятлар келтирилган. Жумладан, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “(Дунё) аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрон ва Хадижа бинти Хувайлиддир” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Сенга дунёдаги аёллардан Марям бинти Имрон, Хадижа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳим кифоя қилади” (Термизий ривоят қилган).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Эркаклар ичида жуда кўпчилик комил бўлдилар. Аммо аёллардан фақат фиръавннинг хотини Осиё, Марям бинти Мазоҳим комил бўлди. Оишанинг дунё аёлларидан афзаллиги сариднинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир” (Бухорий ривоят қилган).
Жумҳур уламоларга кўра, фаришталар Марямга мушофаҳа йўли билан, яъни, калом орқали нидо қилишган. Баъзилар бу илҳом ёки уйқудаги рост туш кўринишида бўлганини айтишган. Аввалги қавл кучли саналади. Чунки бошқа бир оятда келишича, Жаброил алайҳиссалом Марямга бир хушсурат киши шаклида кўринган ва у билан сўзлашган.
Шундан сўнг фаришталар Марямни Аллоҳга кўп ибодат қилиш, У Зотга муттасил итоат этишга чақирганлари баён қилинади:
“Эй Марям, Парвардигорингга итоат қил ва руку қилувчилар билан бирга сажда ва руку (яъни, ибодат) қил!”
Яъни, эй Марям, Аллоҳга ихлос билан ибодат қил, тоатларда бардавом бўл. Зеро, тоат-ибодатлар ва намоз неъматлар бардавомлигини таъминлайди ва инсонни Парвардигорига яқинлаштиради.
Бу оятда Марям ва бошқа барча инсонлар ибодатларда қоим бўлишга, жумладан, намозни жамоат билан ўқишга даъват қилинмоқда.
Мана шу оятлар Ислом ҳақ дин эканига далолат қилади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Марям хусусида ҳақ сўзни келтирдилар. Ваҳоланки, яҳудий ва насронийлар Марям ҳақида ихтилоф қилдилар ва бу нарса уларнинг залолатига сабаб бўлди.
“(Эй Муҳаммад,) бу ғайб хабарларидандир. Бу хабарни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, сизга ҳикоя қилаётганимиз бу қиссалар ғайб хабарларидандир. Уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Биз уни Сизнинг ростгўйлигингизга далолат қилиши ва ақлли кишилар учун ибрат бўлиши учун ваҳий қиляпмиз.
“Ҳолбуки, сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши(ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз ва талашиб-тортишганларида ҳам уларнинг олдида эмасдингиз”.
Яъни, эй Муҳаммад, улар Марям хусусида қандай тадбир қилганларини кўрмагансиз. Улардан қайси бири Марямга кафил бўлишини билиш учун қуръа ташлаганларида ва шу сабабдан ихтилоф қилганларида у ерда эмасдингиз.
Пайғамбар алайҳиссалом Марям ва Закариё алайҳиссалом билан замондош бўлмаганлар. Уларнинг хабарларини бирон китобдан ўқимаганлар. Шундай бўлса-да, у зот аҳли китобларга ҳақиқатни баён қилганлар. Бу Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан бўлган.
Шундай кейин фаришталар Марямга етказган башоратлари келтирилади:
“Эсланг, фаришталар дедилар: “Эй Марям, албатта Аллоҳ Ўз томонидан бир сўз ҳақида хушхабар беради”.
Яъни, фаришталар Марямга:
– Эй Марям, албатта Аллоҳ ўз калимаси сабабидан вужудга келган бир ўғил фарзанд ҳақида сенга башорат беради, – деб хитоб қилган вақтини эсланг.
Исо алайҳиссаломнинг “сўз” дейилишига сабаб, у зот Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан вужудга келди.
Одатда, инсон ота ва она сабабидан дунёга келади. Бу ҳам Аллоҳнинг қудрати билан бўлади. Бироқ Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг биргина “”Бўл!” деган буйруғи билан яратилган. Ҳа, Исо отасиз дунёга келди. Бу ғайриоддий ҳолат Аллоҳ таолонинг чексиз қудрат Соҳиби эканини кўрсатади.
“Унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям бўлиб...”
“Масиҳ” сиддиқ ва форуқ каби шарафли лақаблардандир. Асли ибронийча “машиҳ”дир. Мазкур сўз “муборак” маъносини англатади. Баъзилар “масиҳ” ибодат учун саёҳат қилувчи мазмунига эга эканини айтишган. Яна бир тоифа уламолар фикрича, “Масиҳ” гуноҳлардан покланган маъносини билдиради.
“Исо” мазкур пайғамбар исми бўлиб, оқлик, сафо ва поклик мазмунига эга.
“Ибн Марям” Исо алайҳиссаломнинг куняси. Бу куня унинг насаби онасига тегишли экани, Аллоҳнинг ўғли эмаслигига далолат қилади.
Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бу оятда Исо алайҳиссаломни уч хил сифат билан васф қилган. Буларнинг биронтасида Исо алайҳиссаломга ҳеч ким шерик бўлмайди.
Қуйидаги тўрт хил сифат ҳам Исо алайҳиссаломнинг мартабасининг улуғлигидан дарак беради:
“Дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидандир. У одамларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапиради. (У) солиҳлардандир”.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломнинг дунё ва охиратдаги мақомини баланд қилди. Зеро, Исо одамларни тўғри йўлга бошлади, уларни залолатдан ҳидоят нурига чиқарди, гўзал хулқлар билан сифатланишга чақирди. Шунингдек, Исо алайҳиссалом Аллоҳ наздида муқарраб бандалардандир.
Исо алайҳиссалом ҳали тили чиқадиган ёшга етмасиданоқ одамлар билан гаплашган. У худди балоғатга етган йигит каби сўзларди. Исо бешикдалигида ҳам, вояга етганида ҳам пайғамбарларга хос тарзда мукаммал суратда гапирган. Бу Исо алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан биридир.
Исо алайҳиссаломнинг тўртинчи сифати унинг солиҳлардан эканидир. Мазкур пайғамбар рисолатни ўз зиммасига олиб, уни одамларга етказгани, ер юзини ислоҳ қилиб, Аллоҳга итоат этгани учун солиҳ бандалар қаторида зикр қилинган.
Айтишларича, банда учун солиҳликдан улуғроқ мартаба йўқ. Сабаби, барча яхши сифатларни ўзида жамлаган, қалб ва тана билан қилинадиган амалларда пешқадам бўлган зотларгина бу мақомга эришадилар. Намл сурасининг 19-оятида айтилишича, Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ рози бўладиган амалларга йўллаши ва солиҳ бандалардан қилишини сўраб Парвардигорига илтижо қилган.
Қуйида Исо алайҳиссалом туғилишини эшитган Марям бунга қандай муносабат билдиргани баён қилинади:
Марям: “Парвардигорим, менга одамзот тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?” деди.
Марям Исо ҳақидаги башоратни ажабланиш билан қарши олди. Одатда, фарзанд дунёга келиши учун унинг сабабларини вужудга келтириш талаб этилади. Марям назарида ана ўша иш бўлмагани учун ўғил кўриши ҳақидаги хабардан таажжубланди.
Марямнинг “Парвардигорим” деб нидо қилиш унинг Аллоҳ таолога ишончи кучли бўлганини, У Зотнинг қудратига зиғирча шубҳаланмаганини кўрсатади.
Оятдаги “тегиш” икки хил изоҳланган. Биринчиси, фарзанд дунёга келишига сабаб бўлувчи муносабат. Иккинчиси, Марямга маҳрамларидан бошқа бегона эркак қўлини ҳам текказмаганидир. Чунки у ўта иффатли, маъсума аёл эди. Қолаверса, у масжидда ибодат билан машғул бўлган.
Марямнинг бу хушхабардан ажабланиши мана бу сўзлар билан кетказилди:
Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи истаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: “Бўл!” дейди. Бас, у иш бўлади”.
Аллоҳ Марямга воситасиз ёки фаришталар орқали:
– Биз сен учун мана шу тарзда фарзанд ато этамиз. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ҳеч қандай сабабсиз ҳам ярата олади. Унинг иродасига қарши чиқувчи йўқ. Аллоҳнинг ҳукмини ҳеч ким муҳокама қилмайди, – деди.
Аллоҳнинг қудрати чексиздир. Хоҳласа, инсонни Одам алайҳиссалом каби ота-онасиз дунёга келтиради. Хоҳласа, Закариё алайҳиссалом каби ёши ўтиб фарзанд кўришдан умидини узганларга ҳам фарзанд ато этади. Истаса, ҳали оила қурмаган бокира аёлдан ҳам фарзанд вужудга келтиради. Мана шу далилларнинг барчаси Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига ишорадир. Ақл эгалари учун бунда катта ибрат бор.
Оли Имрон сурасида Исо алайҳиссалом ҳақида яна шундай дейилган:
“Ва унга (Исога) ёзиш ва ҳикмат – илмни, Тавротни ва Инжилни таълим беради. (Уни) Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Исо Бани Исроилга дейди:) “Мен сизларга Парвардигоримдан оят-далил келтирдим: мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларни тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир . (Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилинг! Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир!” (Оли Имрон сураси, 48-51-оятлар).
Бу оятларда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга берган пайғамбарлик мўъжизалари ҳақида сўз юритилган.
“Ва унга (Исога китоб ) ёзиш ва ҳикмат – илмни, Тавротни ва Инжилни таълим беради. (Уни) Бани Исроил қавмига пайғамбар қилади”.
Исо алайҳиссалом илм-маърифат ривожланган бир умматга пайғамбар қилиб юборилганди. Аллоҳ таоло у зотни ҳар бир соҳада оддий одамлардан афзал қилиб қўйди.
Бу ерда Бани Исроил қавмининг хосланишига сабаб, Исо алайҳиссалом уларга юборилган, айнан Бани Исроил қавмидан чиққан эди. Бани Исроил бошқалардан кўра Исони кўпроқ тасдиқлашлари, унга эргашишлари лозим эди. Аммо ундай бўлмади. Қавм ичида кўпчилик Исони ёлғончига чиқаришди. Бу ҳам етмаганидек, ўзи ва онаси ҳақида нолойиқ гапларни тарқатишди.
Қуйида Исо алайҳиссалом қавмига айтган сўзлар келтирилади:
“Мен сизларга Парвардигоримдан оят-далил келтирдим...”
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ёзишни, ҳикмат, Таврот ва Инжилни ўргатди ва Бани Исроил қавмига пайғамбар қилди. У қавмига нидо қилиб:
– Эй қавмим, мен сизларга ростгўйлигимга далолат қилувчи мўъжизалар келтирдим. Бу мўъжизалар Парвардигорим ҳузуридандир! – деди.
Шундан кейин бешта илоҳий мўъжиза зикр қилинади:
“Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясайман, сўнг унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади”.
Яъни, Аллоҳ менга берган мўъжизалардан бири шуки, лойдан бир қуш шаклини ясайман. Кейин унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан унга жон киради, ҳақиқий қушга айланади.
Бу мўъжизада уч хил жиҳат бор. Иккитаси Исо алайҳиссаломга хос: Исо лойдан қуш шаклини ясаган ва унга пуфлаган. Бироқ лойдан ясалган жонсиз ҳайкалга жон киритиш фақат Аллоҳнинг ишидир. Ундан ўзгаси бу ишга қодир эмас. Шу сабаб, оятда қушга жон кириши Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлишига алоҳида урғу берилмоқда.
“Ва яна кўр, пес касалларни тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман”.
Яъни, мен туғма кўрларни даволайман, пес касаллигига мубтало бўлганларга шифо бераман, ўликларни ҳаётга қайтараман. Буларнинг биронтасини мен ўз куч-қувватим ё илмим билан қилмайман. Балки Аллоҳнинг изни ва амри билан қила оламан!
Оятда туғма кўр ва мохов касалигининг зикр қилиниши Қуръони каримнинг ҳақ Калом эканига далолат қилади. Зеро, бу иккиси бедаво касалликлардан бўлиб, замонамий тиббиёт бунга ҳалигача мукаммал шифо топа олгани йўқ.
Бу мўъжизалар Исо алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан берилганди. Булар ҳақида фикр қилган банда унинг ортида Улуғ ва Қудратли Яртатувчи бор эканига амин бўлади.
Ўликларни қайта тирилтириш инсон қўлидан келадиган иш эмас. Илм-фан қанча тараққий этмасин, бунинг иложи топилмайди. Ҳар бир инсон ажали етиб, ёруғ оламни тарк этган одамни тирилтириш амримаҳол эканини яхши билади. Одамлар бу ишга бўлиши мумкин эмас нарса, деб қарайдилар. Исо алайҳиссаломга берилган бу улуғ мўъжиза унинг ҳақиқий пайғамбар эканига ишора қилувчи энг катта ва таъсирли аломат эди.
Муфассирлар зикр қилишича, Исо алайҳиссаломнинг туғма кўр ва песларни даволаши, ўликларни тирилтириши дуо қилиш орқали бўлган. Исо алайҳиссалом: “Я ҳайю, я қойюм!” деб дуо қилгани , аввал ўтганлардан Сом ибн Нуҳни тирилтиргани зикр қилинган .
Бешинчи мўъжиза ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
“Ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бера оламан”.
Исо алайҳиссалом қавмига мурожаат қилиб:
– Сизларга етказаётганим Аллоҳ таолодан эканига, ростгўйлигимга далолат қилувчи мўъжизалардан яна бири, сизлар уйларингизда нима еётганингизни ва келажакда истеъмол қилиш учун қандай егуликларни заҳира қилиб олиб қўйганингизни айтаман.
Имом Қуртубий шундай деган: “Исо улар учун ўликларни тирилтирганда, яна бошқа мўъжиза талаб қилишди ва: “Уйимизда нима еётганимиз ва эртанги кунга нима олиб қўйганимизни айтиб бер!” дейишди. Бас, Исо алайҳиссалом уларга хабар қилди: эй фалончи, сен манави-манави нарсаларни ейсан, эй фалончи, сен эса мана бу нарсаларни истеъмол қиласан ва эртанги кунга бундай егуликларни олиб қўйгансан, деб айтди ”.
Исо алайҳиссаломнинг ким уйида нима еяётгани ва қандай нарсаларни олиб қўйганини хабар қилиши пайғамбар эканига етарли далилдир. Чунки муҳтарам пайғамбар ким нима қилаётганини кўзи билан кўрмаган. Барчаси Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан бўлган. Инсон зоти ғайб илмини билмайди. Баъзи ғайб нарсаларни пайғамбарларга Аллоҳ билдиради.
“Агар мўмин бўлсангиз, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир”.
Яъни, эй Бани Исроил, агар Аллоҳнинг оятларига ишонсангиз, ҳаққа бўйин эгсангиз, Аллоҳ тарафидан берилган бу мўъжизалар ростгўй пайғамбарлигимга далолат қилади.
“(Мен сизларга) ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканини) тасдиқловчи бўлган ҳолда ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим)”.
Исо қавмига хитоб қилишда давом этиб:
– Аллоҳ сизларни тўғри йўлга бошлашим учун юборди. Сиз кўрган мана шу мўъжизалар ростгўйлигимга ишорадир. Мен ўзимдан олдинги Таврот китобини тасдиқловчи, унга имон келтирувчи ҳолимда келдим. Мусо алайҳиссалом шариатида сизлар учун ҳаром қилинган баъзи нарсаларни ҳалол қилиш учун Аллоҳ тарафидан юборилдим, – деди.
Исо алайҳиссалом шариати Мусо алайҳиссалом шариатини мукаммал қилган ва баъзи ҳукмларни амалдан қолдирган. Зулм ва тажовузкорликлари сабаб, Бани Исроил қавмига баъзи покиза нарсалар ҳаром қилинганди. Бу ерда Исо ана ўша нарсаларни ҳалол қилиши ҳақида хабар берилмоқда.
Айтишларича, Исо алайҳиссалом ҳалол қилган нарсалар: туя гўшти ва ёғи, айрим балиқлар ва қушлардир .
“Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилинг!”
Бу ерда Исо алайҳиссалом даъват қилаётган нарсага ижобат этишга тарғиб қилинмоқда.
Имом Фахриддин Розийга кўра, Исо алайҳиссалом мўъжиза олиб келганини яна такрорлашига сабаб, киши ўрганиб қолган нарсани бирдан тарк қилиш осон эмас. Агар унга бирон нарса такрор-такрор таъкидланса, айтилаётган гап қалбга таъсир қилади ва инсон табиатини яхши томонга ўзгартириши мумкин. Исо қавмини Аллоҳга тақво қилиш ва ўзига итоат этишга чақирди. Аллоҳга тақво қилган одам пайғамбарга бўйсунади. Иккиси бир-бирини тақозо этади.
“Албатта Аллоҳ Парвардигорим ва Парвардигорингиздир. Бас, Унга бандалик қилинг! Мана шу тўғри йўлдир!”
Яъни, Исо алайҳиссалом қавмини Аллоҳ йўлига даъват қилиб:
– Аллоҳ мени ҳам, сизларни ҳам яратган. У зот мени ва сизларни тарбият қилган. Шундай экан, сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар. Зеро, Аллоҳга бўйсуниш, унга қуллик қилиш, айтганини бажариш энг тўғри йўлдир.
Моида сурасида Исо алайҳиссаломга Аллоҳ тарафидан берилган мўъжизалар ва фазилатларнинг бошқа жиҳати ҳақида хабар қилинган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эсланг, Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни – сени Руҳул қудус билан қувватлантирганимда одамларга бешикда ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним билан кўр ва песларни тузатганингни ва изним билан ўликларни (тирилтириб қабрларидан) чиқарганингни эсла! Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эсла! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди” (Моида сураси, 110-оят).
Яъни, эй банда, ибрат олишинг учун Аллоҳ таоло Исо ибн Марямга:
– Эй Марям, сенга ва онангга берган турфа неъматларимни ёдга ол! – деб хитоб қилганини эсла!
Оятда зикр қилинган хитоб Исо алайҳиссаломга қиёмат куни айтилади. “Аллоҳ айтди” деб ўтган замонда ифодаланишига сабаб, охиратда бунинг ҳеч қандай шак-шубҳасиз содир бўлишига далолат қилади.
“Неъматлар”дан мурод, Исонинг онаси Марямни турли шубҳалардан поклагани ва уни бутун дунёдаги аёллар ичидан танлаб олганидир.
Оятда “Эй Исо ибн Марям” деб, Исо Марямнинг ўғли эканига ишора қилинган. У Марямнинг ўғлидир, бошқасининг эмас. Исо отасиз дунёга келди. Шундай бўлганидан кейин Исонинг илоҳ бўлиш мутлақо мумкин эмас. Зеро, Илоҳ туғилмайди, янги пайдо бўлган эмас. (Аллоҳ бундай нуқсонлардан пок Зотдир. – таржимон).
“Сени Руҳул қудус билан қувватлантирганимда одамларга бешикда ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни...”
Бу ерда Исо алайҳиссаломга ато этилган неъматлар саналмоқда.
“Руҳул қудус” Жаброил алайҳиссалом дейилган. Сабаби, Жаброил фаришта билан Аллоҳ пайғамбарларини қўллаган, илоҳий таълимот билан қувватлаган, мададга муҳтож паллада Жаброил алайҳиссалом воситасида пайғамбарларини собитқадам қилган .
Яъни, эй Исо, сени Руҳул қудус – Жаброил алайҳиссалом билан қувватлаганимни, гўдаклик чоғингда худди вояга етган кишилардек бирон хатосиз гапирганингни эсла!
Бу хусусият Исо алайҳиссаломдан олдин ҳам, кейин ҳам бирон пайғамбарга берилмаган эди.
Ибн Касир ушбу оятни қуйидагича шарҳлаган: “Сени отасиз яратганимни, қудратим чексиз эканига далил-аломат қилганимни, золим ва жоҳиллар онангни ёмон ишларда айблаганларида унинг поклигига ишора қилувчи белгиларни қилганимни, сени Жаброил алайҳиссалом билан қўллаганимни, кичиклигингда ҳам, катта бўлганингда ҳам Аллоҳ йўлида даъват қилувчи пайғамбар қилганимни, бешикдалик чоғингда сени гапиртирганимни, менга бандаликни эътироф этганингни эсла ”
“Сенга китоб – хат ва ҳикмат – илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни...”
“Китоб”дан мурод, китобат, яъни ёзишдир. Исо алайҳиссалом оми бўлмаган. Балки ўқиш ва ёзишни билган. Айтишларича, “Китоб”дан мурод, Довуд алайҳиссаломга туширилган Забур, Иброҳимнинг саҳифалари ва пайғамбарларнинг хабарларидир.
“Ҳикмат”дан мурод, ўткир фаҳм-фаросат, тушунган нарсасига амал қилиш ва билганини одамлар етказиш, уларни яхшиликка чақиришдир.
Яъни, сенга ёзишни ва илмлар сир-асрорларини билишинг учун ҳикматни ато этганимизни, шунингдек, биродаринг Мусога берилган Таврот аҳкомларини таълим берганимизни ва сенга Инжилни нозил қилганимизни ёдга ол!
“Ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини...”
Яъни, менинг қудратим ва амрим билан қуш шаклини ясаб, унга пуфлаганингда тирик қушга айланганини эсла!
“Менинг изним билан кўр ва песларни тузатганингни ва изним билан ўликларни (тирилтириб қабрларидан) чиқарганингни эсла!”
Бу ерда Исо алайҳиссалом давосиз дардларни тузатгани, қабрдаги маййитларни тирилтиргани эслатилмоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг изни ва қудрати билан бўлган.
(“Менинг изним билан” деб такрор-такрор айтилиши бу борада эътиқодни тўғри қилиш лозимлигига ишорадир. – Таржимон).
Аллоҳ пайғамбарига ато этган мўъжизаларни зикр қилгач, уни турли зиёнлардан ҳимоя қилганини эслатади:
“Яна Бани Исроилга бу мўъжизаларни келтирган пайтингда уларни сени (ҳалок қилишдан) тўсганимни эсла! Ўшанда уларнинг ораларидаги кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқ-ойдин сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дейишган эди”.
Яъни, эй Исо, сен Бани Исроилга мўъжизалар кўрсатдинг, уларга башорат бердинг ва огоҳлантирдинг. Бироқ улар сенга азият беришга, сени қатл қилишга уриндилар. Мен эса уларнинг озорларидан асрадим сени. Бани Исроил қавми орасидаги кофир кимсалар сен келтирган мўъжизаларни тан олмадилар. Балки: “Эй Исо, келтирганинг бу мўъжизалар очиқ сеҳрдан бўлак ҳеч нарса эмас. Бу аниқ кўзбўямачиликдир”, дедилар.
Исо алайҳиссалом кўрсатган илоҳий мўъжизалар кофирларнинг куфрини зиёда қилди, холос. Улар аниқ далиллардан кўз юмишди ва Исонинг пайғамбар эканини рад этишди.
ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ҲАҚИДА ЭНГ ТЎҒРИ ГАП
Қуръони каримда зикр қилинишича, Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло тарафидан Бани Исроилни тўғри йўлга даъват қилиш учун юборилган пайғамбарлардан биридир. Бу хусусда Оли Имрон сурасида шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сизга тиловат қилаётганимиз бу (қисса Аллоҳнинг) оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир. Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидир. (Аллоҳ) уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл!” деди. Бас, у (жонли одам) бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг! Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънатлашини сўрайлик”. Албатта бу ҳақ-рост қиссадир (Яъни, Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир. Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билувчидир” (Оли Имрон сураси, 59-63-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад, Биз Сизга келтираётган бу қиссалар ростгўй пайғамбар эканингизга далолат қилувчи ҳикматли панд-насиҳатлардандир, дея Аллоҳ таоло Ҳабибига хитоб қилмоқда.
Шундан сўнг Исони отасиз дунёга келтириш Аллоҳ учун қийин эмаслиги баён этилади:
“Албатта Исонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ наздида худди Одамнинг мисоли кабидир”.
Одам ва Исо алайҳимуссаломни Аллоҳ таоло отасиз дунёга келтирган. Бу жиҳатдан улар бир-бирига ўхшаш. Бироқ Исодан фарқли ўлароқ Одам алайҳиссаломнинг ота-онасиз, тупроқдан яратди. Имом Замахшарийга кўра, улар бир тарафдан ўхшашдирлар.
Мана шу оятда Исо алайҳиссаломни илоҳ ё Аллоҳнинг ўғли дейдиганларга кучли мантиқий раддия берилган.
Исо алайҳиссаломни илоҳ дейдиганларга қарата гўё:
– Агар Исонинг отасиз туғилгани уни илоҳ қилиб олишингизга сабаб бўлса, у ҳолда Одам алайҳиссалом ундан кўра муносиброқдир. Чунки у ота-онасиз дунёга келган. Модомики, бирон киши Одам алайҳиссаломни илоҳ деб даъво қилмаган экан, сизларнинг Исони ўзингизга худо қилиб олишингиз ботил ишдир, – дейилаётгандек.
“(Аллоҳ) уни тупроқдан яратиб, сўнгра “Бўл!” деди. Бас, у (жонли одам) бўлди”.
Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратишни ирода қилди. Унга лойдан шакл берди. Шундан кейин унга: “Инсон бўл!” деди. Бас, Одам танаси ва руҳи комил инсонга айланди.
Ояти карима Аллоҳ таолонинг амри сўзсиз бажо келтиришини ажойиб суратда тасвирламоқда. У Зот бирон ишни қилишни хоҳласа, “Бўл!” дейди, холос. Шу заҳоти Аллоҳ истаган иш содир бўлади.
Шундан кейин Аллоҳ бандаларига Исо алайҳиссалом хусусида хабар берган нарсалар ҳақиқат экани таъкидланади:
“(Эй Муҳаммад, бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ (сўздир). Бас, шубҳа қилувчилардан бўлманг!”
Шубҳа инсонни гумонларга асосланиб, бирон ҳужжати бўлмаган ҳолда жанжаллашишга, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлади.
Оят маъноси қуйидагича: эй Муҳаммад, Биз Сизга Исо алайҳиссалом ҳақида етказган хабарлар ҳақдир, аниқ собит бўлгандир. Унга ҳеч қандай шубҳа-гумон аралашмаган. Шундай экан, ҳақ йўлда собитқадам бўлинг! Биз етказган хабарлардан шубҳаланманг!
Шундан кейин ботилни маҳкам ушлаб олиб беҳуда талашиб-тортишадиганларнинг овозини ўчирадиган таклиф ўртага ташланади:
“Энди Сизга келган (мана шу ҳақ) маълумотдан кейин (насронийлардан) кимда-ким Сиз билан талашиб-тортишмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимиз ва аёлларингизни, ўзларимизни ва ўзларингизни чорлаб-йиғайлик, сўнгра Аллоҳга тазарру билан илтижо қилайлик-да, ёлғончиларни Аллоҳ лаънатлашини сўрайлик”.
Яъни, эй Муҳаммад, ҳақиқатни баён қилганимиздан кейин ҳам аҳли китобдан кимда-ким Сиз билан Исо хусусида баҳслашадиган бўлса, уни илоҳ ё Аллоҳнинг ўғли деб даъво қиладиган бўлсалар, улар билан талашиб-тортишманг! Ахир улар инкор қилувчилардир. Ҳақиқат аниқ бўлса ҳам тан олмайдилар. Лекин ундай гумроҳларга қарата:
– Эй жанжалкашлар! Келинглар, барчамиз фарзандларимиз ва аёлларимизни бир жойга тўплаб, кейин бир бўлиб Аллоҳга илтижо қиламиз, сўнг ҳақни инкор қилаётганларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз! – деб айтинг.
Агар аҳли китоблар даъвоси ҳақ бўлганида, ўзларига ишонганларида бу мубоҳалани (ёлғончиларга лаънат бўлишини сўрашни) қабул қилишарди. Аммо мазкур таклифдан кейин уларнинг овози чиқмай қолди. Шу билан аҳли китоблар Исо алайҳиссалом борасида айтаётган гаплари нотўғри экани яна бир бор тасдиқланди.
Мана шу оят “мубоҳала ояти” дейилади. Уламолар зикр қилишича, Нажрон насронийлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Исо алайҳиссалом хусусида баҳслашишганида уларга раддия сифатида мазкур оят нозил бўлган.
Ибн Касирга кўра, Нажрон насронийлари Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у зот билан Исо алайҳиссалом ҳақида баҳслашишди, унга илоҳликни нисбат беришди. Бу оят уларга раддия тарзида нозил қилинди. Нажрон насронийлари олтмиш нафар эди. Уларнинг раҳбарлари уч киши бўлиб, амирлари Абдулмасиҳ, Айҳам, олимлари Абу Ҳорис ибн Алқама эди. Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан амр келганида, у зот насронийларни мубоҳалага чақирдилар. Шунда насронийлар: “Эй Абулқосим, шошмай тур, биз ўйлаб кўрайлик”, дейишди. Кейин раҳбарлари олдига бориб: “Эй Абдулмасиҳ, нима дейсан?” деб сўрашди. У: “Аллоҳга қасамки, эй насронийлар жамоаси, сизлар Муҳаммад Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбар эканини биласизлар. У соҳибингиз ҳақида ҳақни ботилдан ажратувчи сўзни олиб келди. Биласизларки, бирон қавм пайғамбарни лаънатламаган. Агар шундай қилсангиз, ёшу қарини ҳалок қиласизлар”, деди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом олдиларига боришганида уларни хирож беришга кўндирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мени ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар улар билан лаънат айтишганимизда, бу водий (насронийлар) устига олов ёғдирилган бўларди ”.
Фарзандлари ва аёлларини, жигарбандлари ҳаётини ўртага қўйиб, лаънат айтишишни таклиф этишлари Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканларига далолат қилувчи ҳужжатлардан биридир.
“Албатта бу ҳақ-рост қиссадир (Яъни, Исо ҳеч қандай худо эмас, балки Аллоҳнинг бошқа пайғамбарлари каби оддий одам зотидандир). Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат Эгасидир”.
Яъни, Биз Исо ҳақида келтирган қисса ҳақдир. Уни ҳеч ким инкор қилолмайди. Ёлғиз Аллоҳ илоҳликка муносибдир. Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. Албатта Аллоҳ қудратли, ғолиб ва ҳар бир ишини ҳикмат билан амалга оширувчи Зотдир.
“Энди ҳам (ҳақиқатдан) юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ бузғунчиларни Билувчидир”.
Яъни, эй Муҳаммад, Биз очиқ-ойдин ҳужжатларни келтирганимиздан кейин ҳам Сизга итоат этмасалар, рост пайғамбарлигингизни тан олмасалар, бас, уларни хунук оқибатдан огоҳлантиринг! Аллоҳ улар ер юзида қандай бузуқ ишларни содир этаётганларини билади ва бунинг муносиб жазосини беради. Аллоҳ бузғунчи кимсаларни жазосиз қолдирмайди.
Мана шу оятларда Исо алайҳиссалом ҳақида тортишадиган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотдан юз ўгирадиган ҳар бир кимса қаттиқ огоҳлантирилмоқда.
Шундай қилиб, Қуръони карим Исо алайҳиссалом ҳақида энг рост сўзни айтди. Бу далиллар қалбни тўғри йўлга бошлайди, ақллар ундан манфаат олади ва нафсларимиз хотиржам бўлади. Бу билан улуғ пайғамбарлардан бири Исо алайҳиссалом хусусида эътиқодимиз тўғриланади.
Моида сурасида Исо алайҳиссалом қиёмат куни Аллоҳга айтадиган сўзлари келтирилган. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:
“Эсланг, Аллоҳ: “Эй Исо ибн Марям, сен одамларга: “Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганмидинг?” деганида, (Исо) айтди: “Эй Пок Парвардигор, ҳақим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани биласан. Аммо мен ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмайман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларини Билувчисан. Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапнигина айтдим: “Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилинг!” Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим. Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларни кузатувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсага гувоҳдирсан. Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасисан” (Моида сураси, 116-118-оятлар).
Саҳиҳ қавлга кўра, бу хитоблар қиёмат куни қилинади.
Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Аллоҳ бандаси ва пайғамбари Исодан:
– Эй Исо, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни ўзларингизга илоҳ қилиб олинглар! – деб одамларга сен айтганмидинг? – деб сўрайдиган вақтини эсла!
“Эй Исо ибн Марям” деб пайғамбарликни зикр қилмасдан нидо қилинишиги сабаб, Исонинг инсон фарзанди экани, илоҳ ё Аллоҳнинг фарзанди эмаслигига урғу беришдир. Исо алайҳиссаломда илоҳликка далолат қилувчи ҳеч қандай унсур мавжуд бўлмаган. Илоҳлик ва башарият бир-бирига зиддир. Инсон боласи илоҳ бўлолмайди. Аллоҳда эса инсонга хос нуқсонлар йўқ. Аллоҳ энг улуғ ва камчиликлардан пок Зотдир.
“Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганмидинг?” дейиш билан Исо ва онасига илоҳликни нисбат берганлар қаттиқ танқид қилинмоқда. Шундай қийин кунда Аллоҳ таолонинг хитоби ва Исо алайҳиссаломнинг “Мен уларни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш учун чақирганман” дейиши кофир ва мушриклар ҳолини янада қийинлаштиради. Келтирилаётган мана шу далиллар Исо ҳеч қандай илоҳ эмаслигига очиқ-ойдин далолат қилади.
“Эй Пок Парвардигор, ҳақим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку”.
Яъни, Исо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг саволига:
– Ё Раббим, Сен барча нуқсонлардан поксан! Бундай дейишга менинг ҳам, бошқа одамларнинг ҳам ҳақи йўқ, деб жавоб қайтаради.
Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни одамларни тўғри йўлга бошлаш учун юборганди. У зот Аллоҳнинг буйруғини бажарди. Мана шундай зот қавмига қарата: “Аллоҳга ибодат қилиш ўрнига мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар!” дейиши мумкинми?!
“Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани биласан. Аммо мен ҳузурингдаги ҳеч нарсани билмайман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларини Билувчисан”.
Яъни, Ё Пок Парвардигор, агар “Мени ва онамни худо қилиб олинглар”, деб айтганимда, буни билган бўлардинг. Зеро, ҳеч нарса Сендан махфий қолмайди. Мендаги барча нарсаларни биласан. Аммо Сенинг зотингдаги нарсалардан бехабарман. Ё Раббим! Сен ғайбларни билувчи Зотсан.
Шундан кейин Исо алайҳиссалом қавмига айтган сўзлари келтирилади:
“Мен уларга фақат Ўзинг менга амр қилган гапни айтдим: “Парвардигорим ва Парвардигорингиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилинг!” Ва ораларида бўлган муддатимда уларнинг устида гувоҳ бўлиб турдим”.
Яъни, мен зинҳор уларга онам иккимизни худо қилиб олишларини айтмаганман. Балки Сен нимага буюрган бўлсанг, шуни уларга маълум қилганман – Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишларини таъкидлаганман. Ё Аллоҳ, Сен барчамизнинг Парвардигоримизсан. Одамларни Ўзингга ибодат қилишга даъват қилдим. Бу йўлда камчиликка йўл қўймадим. Қавмим ичида бўлганимда уларни ихлос билан ибодат қилишга, шариат аҳкомларига амал қилишга чақириб келдим.
“Мени Ўз ҳузурингга чорлаганингдан кейин эса Сен Ўзинг уларни кузатувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсага гувоҳдирсан...”
Бу ерда Исо алайҳиссалом қавмини тарк этганидан кейин унинг вазифаси тугаганига ишора қилинмоқда.
Яъни, Парвардигорим, Ўзингга маълум, қавмим ичида бўлганимда уларни тўғри йўлга бошладим. Мени Ўз ҳузурингга тирик ҳолимда кўтарганингда, фақат Ўзинг улар нима амал қилаётганларини билувчи бўлдинг. Сен ҳамма нарсани билувчи Зотсан.
Исо алайҳиссалом Парвардигори саволига муносиб жавоб қайтаргач, энди қавмининг ҳолини Аллоҳга ҳавола қилади:
“Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасисан”.
Яъни, ё Парвардигорим, агар қавмимни азобласанг, Сен уларни ўзинг яратгансан. Уларга ўзинг эгалик қила оласан. Мулк эгаси тасарруфидагиларга қандай муомала қилишини ўзи билади. Агар уларни раҳматинг билан мағфират этсанг, гуноҳларини кечирсанг, бу қудрат Соҳибининг марҳаматидир. Сен барча нарсага қодирсан. Сен ҳар бир ишни ҳикмат билан қилувчи Зотсан!
Исо алайҳиссалом “уларни мағфират қилсанг...” деб хитоб қиляпти. Ваҳоланки, “Аллоҳ ширкни кечирмайди-ку?” деб савол берилса, жавоб шундай бўлади: Исо бу сўзларни қавмига меҳр-шафқат маъносида айтмоқда. Исо Аллоҳ кофирнинг гуноҳини кечирмаслигини билган. “Агар уларни азобласанг...” деб қавми орасидан куфрда ўлиб кетганларни, “агар уларни мағфират қилсанг...” деб эса, вафотидан олдин тавба қилганларни назарда тутмоқда .
Бу ерда Исо алайҳиссалом барча ишларни ва ҳукм қилишни ёлғиз Аллоҳ таолонинг иродасига ҳавола қиляпти. Зеро, Аллоҳ бандалари устидан истаган ҳукмини чиқаради. Аллоҳ қилаётган ишидан биров сўрамайди. Аммо У бандаларини ҳисоб қилади.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар уларни азобласанг...” деб бошланувчи оятни тонггача такрор-такрор тиловат қилганлар.
Имом Аҳмад Абу Заррдан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунларнинг бирида намоз ўқидилар. Бир оятни тонггача қайтариб чиқдилар. Ўшани ўқиб, руку ва сажда қилдилар: “Агар уларни азобласанг, бас, улар Сенинг (ожиз) бандаларингдир”. Тонг отганида мен: “Эй Расулуллоҳ, бу оятни тонг отгунча такрорлаб, руку ва сажда қилдингизми?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Мен Парвардигор азза ва жалладан умматим учун шафоат сўрадим. Бас, (Аллоҳ) менга уни берди. (Шафоат) умматга – Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаганларга насиб бўлади, иншааллоҳ”, дедилар”.
Қисса сўнггида ростгўйларга яхши оқибат бўлиши эслатилади:
“Аллоҳ айтди: “Бу кун (яъни, қиёмат куни) ҳаққи-рост имон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қоладилар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир. Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. (Аллоҳ) ҳамма нарсага қодир” (Моида сураси, 119-120-оятлар).
Охират куни дунёда имон ва амалларида ростгўй бўлган мўминларга ростгўйликлари фойда беради. Дунёда бажарилган ишлар қиёмат куни ҳисоб қилинади, яхши амалларга мукофот берилади. Кофирлар азобни кўрганларида рост гапиришлари энди уларга зиғирча наф келтирмайди. Ахир улар дунёда имон йўлига юрмаган эдилар. Вақт ўтганидан кейинги ростгўйлик аҳамиятсиздир.
“Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қоладилар”.
Имонида содиқ бўлган мўминлар охиратда дарахтлари ва масканлари остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга эришадилар. Улар жаннатларда абадий қоладилар, унинг неъматлари ҳам абадийдир, ҳеч завол топмайди.
“Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса буюк саодатдир”.
Аллоҳ мўмин бандаларидан рози бўлади, ҳақиқий имонлари ва солиҳ амаллари мукофотига ҳисобсиз неъматлар ато этади. Мўминлар Аллоҳнинг васфини келтиришга қалам ожиз бўлган мана шу неъматларидан рози бўлади.
Охиратда Аллоҳ розилигига эришиш ва жаннатга кириши улуғ саодатдир. Мана шу ҳақиқий бахтдир.
“Осмонлар ва ер ҳамда улардаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. (Аллоҳ) ҳамма нарсага Қодир”.
Осмонлар ва ердаги ҳамма нарса Ёлғиз Аллоҳга тегишли. Барча нарса Аллоҳнинг мулкидир, Унинг ҳукми остидадир, Унинг иродасига боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар нарсага Қодир. Махлуқотларга берилган озгина қудрат Аллоҳнинг чексиз қудрати олдида ҳеч нарса эмас.
Энди ким Аллоҳнинг шериги бор деб даъво қилса, Исо ё унинг онасига илоҳликни нисбат берса, ёлғон айтибди, жаҳолат қаърига ботибди. Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилса, дунёда хорлик ва охиратда азобга муносиб иш қилибди!
ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ДАЪВАТИГА ИЖОБАТИ
Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида ҳаворийлар Исо алайҳиссалом даъватига қандай муносабат билдирганлари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Оли Имрон сурасида Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:
“Энди қачон Исо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: “Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” деди. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!” (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ “Маккорроқ”дир” (Оли Имрон сураси, 52-54-оятлар).
Исо алайҳиссалом ростгўй даъватчи эканига ишора қилувчи ажиб мўъжизаларни олиб келди. Бироқ қавм орасида даъватни эшитувчи қулоқ топилмади. Мўъжизаларни кўзлари билан кўриб турсалар-да, шу заҳоти уни инкор қилиб қўя қолишди. Балки Исони ер юзидан йўқотиш ва йўлларида давом этиш пайида бўлдилар. Исо алайҳиссалом Бани Исроил қавмининг куфрини аниқ сезгач, ботил ақидаларига оёқ тираб туриб олаётганларини кўргач, ўзи учун ёрдамчи излаб:
– Аллоҳ йўлида ким менга ёрдам бера олади? Унинг кўмагида мен Парвардигорим буйруғини одамларга етказаман, уларни огоҳлантираман, – деб хитоб қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳижратдан олдин ҳаж мавсумида: “Менга Парвардигорим Каломини етказишида кўмак берадиган киши борми? Чунки Қурайш мени Раббим даъватини етказишимга тўсқинлик қилмоқда”, деганлар. Бас, Аллоҳ у зотга ёрдамчилар берди. Ана ўша ёрдамчилар Расули акрамни турли азиятлардан ҳимоя қилдилар .
“Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” дейиш билан ҳаворийларни ҳаққа ёрдамчи бўлишга тарғиб этилмоқда. Исо уларни ўткинчи ҳою ҳавас ё лаззатлар йўлида эмас, балки Аллоҳнинг дини учун ёрдамлашишга чақирди. Зеро, ким Аллоҳнинг динига кўмакчи бўлса, ана ўша бандани Аллоҳ қўллайди.
Ояти карима маъносидан кўриниб турибдики, Бани Исроил қавми орасида кофирлар кўп бўлган. Чунки куфр бутун бошли қавмга нисбат берилмоқда. Бани Исроил орасида кофирлар сероблигидан оз сонли мўминларнинг борлиги деярли билинмасди. Исо алайҳиссалом “Ким менга ёрдамчи бўлади?”, деб қавм ичидаги саноқли мўминларни топишга ҳаракат қилган.
Қуръон хабар қилишича, Исо алайҳиссалом қалб тўридан отилиб чиққан нидога жуда озчилик бўлган мўминлар лаббай, деб жавоб бердилар. Келинг, мана бу оятларга қулоқ тутайлик:
Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз”.
Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга имон келтириб, уни тасдиқлаган, даъват йўлида Исога холис кўмакчи бўлган мўмин зотлардир.
Айтилишича, “ҳаворий” сўзи “хос киши” мазмунини ифодалайди. Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввом ҳақида: “Ҳар бир пайғамбарнинг ҳаворийси бўлади. Менинг ҳаворийим Зубайрдир”, деганлар.
“Ҳур” сўзи “оппоқ” маъносини англатади. Шу сабабли танаси оқ аёллар, ҳуснда пешқадамлар, ҳурлар, дейилади. Ҳаворийлар қалби тоза, ниятлари холис, қалблари нифоқ, алдов ва кўзбўямачиликдан холи бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло уларни “ҳаворийлар” деб зикр қилган.
Юқоридаги оят маъноси қуйдагича: Исо алайҳиссалом Бани Исроилнинг куфрда қаттиқ туришини кўргач, қавмига нидо қилиб, “Менга кўмакчи бўладиганлар борми?” деди. Шунда ўзларини Аллоҳ йўлига бағишлаган ҳаворийлар:
– Сен излаётган одамлар бизмиз. Ҳақни ҳимоя қилишда сен тарафда турамиз. Биз Аллоҳга аниқ имон келтирдик. Парвардигоримиз ҳар нарсага қодир эканига шубҳасиз ишондик. Мана шу имонимизга сен ҳам гувоҳ бўлишингни истаймиз. Эй Исо, барча пайғамбарлар қавмлари имонига шоҳид бўлганларидек сен ҳам бизнинг мусулмон эканимизга гувоҳ бўлишингни хоҳлаймиз ! – деб Исо алайҳиссалом даъватига ижобат қилдилар.
Оятдан кўриниб турибдики, Исо алайҳиссаломга ёрдамчи бўлиш ниятини билдирган бу зотлар имоннинг юқори даражасига чиққан, қалблари зилол сувдек мусаффо, табиатларида қинғирлик ва тойилиш бўлмаган.
Ҳа, ҳаворийлар маломатчининг маломатидан ҳайиқмадилар, ёлғиз Аллоҳдан қўрқдилар. Шунинг учун ҳақ йўлида, эзгулик йўлида кўмакчи бўлишдек бахтга эришдилар.
“Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!”
Яъни, ҳаворийлар сўзларида давом этиб:
– Ё Парвардигор! Биз пайғамбарларингга нозил қилинган китобларга имон келтирдик, Сен юборган пайғамбарга бўйсундик. Бас, раҳматинг ва фазлу караминг-ла бизни Яккаю ягоналигингни эътироф этган, солиҳ амалларни бажарадиган зотлар қаторига ёзгин! – деб дуою илтижолар қилдилар.
Баъзи уламолар айтишича, ҳаворийлар ўн икки киши бўлишгач, Исо алайҳиссаломга кўмаклашишни лозим тутиб, ҳақ йўлда катта хизмат қилишган.
Шундан кейин Бани Исроил томонидан қилинган иш ҳақида хабар қилинади:
“(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам “макр” қилди. Аллоҳ “Маккорроқ”дир”.
“Макр” сўзи тадбир қилиш ё ҳийла билан бошқа тарафга буриб юбориш каби маъноларни ифодалайди. Макрга икки хил қаралади: агар макр қилишдан мақсад ёмонлик ва қабиҳлик бўлса, у қораланади. Яҳудийлар Исо алайҳиссаломга қилган макри бунга мисолдир. Агар макр қилишдан мақсад яхшилик бўлса, у ҳолда бундай макр мақталади.
Исо алайҳиссалом даъватини ёлғонга чиқарган яҳудийлар унга хиёнат қилдилар, ўлдирмоқчи бўлдилар уни. Қабиҳ ниятларини амалга ошириш учун не-не воситаларни ишга солмадилар. Бироқ ҳикматли ва қодир Зот – Аллоҳ таоло уларнинг макрларини бекор қилди, шунча чора-тадбирлари бесамар кетди. Аллоҳ пайғамбари Исо алайҳиссаломга уларнинг ёмонликларидан нажот берди. Аллоҳ “макр” жиҳатидан яҳудийлардан кучлироқ. У Зотнинг тадбири амалга ошувчидир. Аллоҳ жиноятчи кимсаларни кутмаган томонларидан жазолаб қўяди.
Моида сурасини ўқир эканмиз, бу ерда ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга айтган гаплари, ундан нима талаб қилганларини билиб оламиз. Аллоҳ таоло шундай хабар қилган:
“Яна ҳаворийларга (сен орқали:) “Менга ва пайғамбаримга имон келтиринглар”, деб ваҳий юборганимда, улар: “Имон келтирдик. (Эй Парвардигор,) бизнинг бўйсунувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл”, деганларини эсла! Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган пайтларида, (Исо уларга:) “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинглар”, деб жавоб қилди. Улар дедилар: “Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, гувоҳ бўлувчилардан бўлишни истаймиз”. (Шунда) Исо ибн Марям: “Ё Аллоҳ, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан”, деганида, Аллоҳ айтди: “Мен уни сизларга туширувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламайман” (Моида сураси, 111-115-оятлар).
Исо алайҳиссаломга ҳаворийларнинг ёрдамчи қилиниши Аллоҳ таолонинг марҳаматидир. Ҳаворийларга қилинган ваҳий илҳомдир. Улар ўзларига илҳом қилинган нарсага бўйсунган. Бу жумҳур муфассирлар, жумладан, Ибн Касир фикридир. Баъзилар бу ердаги “ваҳий”ни буйруқ маъносида эканини ҳам айтишган.
Яъни, эй Исо, сенга берган неъматларимни, илҳом орқали ҳаворийларга ваҳий қилиб:
– Мен Ёлғиз Илоҳ эканимни, ибодатга муносиб Зот эканимни тасдиқланглар. Мен сизларни тўғри йўлга бошлаши учун юборган Исо ҳақ пайғамбар эканига имон келтиринглар! – деб хитоб қилганимни эсла!
Оятда “Менга ва пайғамбаримга” дейиш билан Исо фақат пайғамбарлардан бири эканига далолат қилинади.
“Имон келтирдик. (Эй Парвардигор,) бизнинг бўйсунувчилар эканимизга Ўзинг шоҳид бўл”, деганларини эсла!
Ҳаворийлар ҳақ динга чақирилганларида:
– Ибодатга энг муносиб Аллоҳ таолога имон келтирдик. Унинг ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам йўқлигига ишондик. Парвардигоро, қиёмат куни биз мўмин эканимизга, Сенга бутунлай таслим бўлганимизга гувоҳ бўл! – деб илтижо қилдилар.
Ҳаворийлар аввал имонни зикр қилдилар. Сабаби у қалб ишидир. Ундан кейин исломни зикр қилдилар. Зеро, таслим бўлиш вужуднинг амалидир. Улар гўё: “Имон қалбимизга мустаҳкам ўрнашган. Бунинг самараси ўлароқ Аллоҳ таоло Исо тилида бизга буюрган ҳар қандай амални қилишга танамиз бўйсунади”, демоқдалар.
Шундан кейин Исо ва ҳаворийлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат келтирилади:
Ҳаворийлар: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган пайтларида...
Ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга “Эй Исо ибн Марям” деб хитоб қилишлари уларнинг ақидаси тўғри бўлгани, Исони ёки унинг онасини худо деб эътиқод қилмаганларини кўрсатади.
Ҳаворийлар мўмин эдилар. Улар Аллоҳнинг қудратига шубҳаланишлари мумкин эмас эди. Бунда Аллоҳнинг қудратидан шак-шубҳа қилиш маъноси йўқ.
Яъни, ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга юзланиб:
– Эй Исо, устимизга осмондан дастурхон туширишини Парвардигорингдан сўрай оласанми? – деб мурожаат қилдилар.
Ҳаворийларнинг бу талабига Исо алайҳиссалом шундай жавоб қайтарди:
– Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳдан қўрқинглар.
Яъни, Аллоҳга тақво қилинглар! У Зот белгилаб берган чегарадан ўтманглар! Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, бундай талабларни ўртага ташламанг! Чин мўмин бандалар фитнага етакловчи бундай саволларни бермайди.
Шунда ҳаворийлар ўз талабларига қуйидагича изоҳ беришди:
– Биз (фақатгина) у дастурхондан ейишни ва кўнгилларимиз таскин топишини ҳамда сенинг рост сўзлаганингни аниқ билиб, гувоҳ бўлувчилардан бўлишни истаймиз.
Яъни, ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга қарата: биз қуйидаги сабабларга кўра осмондан дастурхон туширилишини истаймиз:
1. Баракага эришиш учун ўша дастурхондан ейишни хоҳлаймиз. Сенинг рисолатингга имон келтирмаган кимсалар адоват қилиб, тирикчилигимизни танг аҳволга солиб қўйди. Бас, биз ризқ-рўзга муҳтожмиз.
2. Бу дастурхон туширилиши билан сен чақираётган йўл ҳақ эканига қалбимиз таскин топиши, кўнглимиз хотиржам бўлишидан умидвормиз. Зеро, биз сени тасдиқлаймиз. Аммо бундай далиллар қалбимиздаги имонни янада мустаҳкам бўлишига сабабдир.
3. Кейин сенинг ҳақ пайғамбар эканингга янада кўпроқ ишонишни, буни аниқ билишни истаймиз. Сен бизга ерда мўъжиза кўрсатдинг. Энди осмондан дастурхон нозил бўлиши ҳақиқатан ростгўй эканингни кўрсатади.
4. Бани Исроил қавмидан бўлган кимсалар кўрмаган мўъжизаларни кўриб, уни тасдиқлашни, бунга гувоҳ бўлишни хоҳлаймиз. Бу билан имонлилар имони зиёда бўлади. Имонга мойил кишилар шубҳа-гумондан фориғ бўлади.
Мана шу жумлалар ҳаворийлар Аллоҳнинг қудратига, ё Исо алайҳиссаломнинг пайғамбар эканига шубҳа билан қарамаганларидан дарак беради. Осмондан дастурхон туширилишини сўрашдан улар бошқа нарсани мақсад қилишган.
Ҳаворийлар нима сабабдан осмондан дастурхон тушишини сўраётганларини эшитган Исо Аллоҳга юзланиб:
– Ё Аллоҳ, Парвардигоро, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ва Сенинг оят-мўъжизанг бўлиб қолгай. Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан, – деди.
Яъни, Исо алайҳиссалом ёрдамчиларининг ҳужжат-далилларини эшитгач, Парвардигорига тазарру қилди:
– Ё Аллоҳ! Дуоларимизни қабул қилувчи Сенсан! Устимизга осмондан бир дастурхон туширишингни сўраймиз. Унда егулик ва таомлар бўлсин. Бу дастурхон тушган куни биз учун байрам ва хурсандчилик вақти бўлади. Биз бунинг эвазига Сенга кўп шукрлар қиламиз. Биздан кейингилар учун ҳам бу кун шодиёна куни бўлиб қолади. Самодан тушадиган бу дастурхон менинг ростгўй пайғамбарлигимни тасдиқловчи мўъжизалардан бири бўлади. Буни кўриб уларнинг имонлари зиёда бўлади, сенинг қудратингга аниқ ишонадилар!
“Бизни (шу неъматдан) баҳраманд қил. Ўзинг энг яхши ризқ берувчисан”.
Яъни, Парвардигоро, устимизга сўраганимизни нозил қил! Бизни ризқинг билан сийла! Зеро, Сен энг яхши ризқлантирувчи Зотсан. Сендан бошқаси берган нарсалар ўткинчи ва завол топувчидир.
Исо алайҳиссалом бу таъсирчан дуода “Ё Аллоҳ” ва “Парвардигоро”ни жамлаган. Бу билан Аллоҳ таолога ўта хокисорлик изҳор қилинмоқда. Шундай қилинса, дуонинг ижобати яқинроқ бўлади.
Дастурхоннинг айнан осмондан туширилиши унинг ўта олий ва қадрли неъмат бўлиши, ҳиссий ва маънавий жиҳатдан юқори эканини кўрсатади. Ўз навбатида бу неъматнинг шукрини адо қилиш, Аллоҳга хушу-хузу билан муттасил ибодат қилиш лозим бўлади.
Фахриддин Розийга кўра, ҳаворийлар кўкдан дастурхон тушишини сўраганларида, аввал ейиш мақсадини баён қилдилар, кейин диний ва руҳоний мақсадларни келтирдилар. Исо алайҳиссалом эса биринчи диний мақсадларни зикр қилиб, кейин дуоси охирида дунёга тегишли нарсаларни эслади. Мана шу нарса бандалар орасида руҳий жиҳатдан ҳар кимнинг даражаси турлича бўлишини, баъзиларда руҳий жиҳатлар, айрим кишиларда эса жисмоний-моддий жиҳатлар устунлик қилишини кўрсатади.
Исо алайҳиссалом қалби софлигидан, комил имон эгаси бўлганидан ризқни эслаши билан кетидан ризқ берувчи Аллоҳни зикр қилган .
Аллоҳ айтди: “Мен уни сизларга туширувчиман. Аммо (шундан) кейин сизлардан кимда-ким кофир бўлса, уни шундай азобга гирифтор қиламанки, бутун оламлардан бирон одамни ундай азобламайман”.
Яъни, пайғамбарим Исо дуосини ижобат этаман, устингизга осмондан дастурхон тушираман. Мана шу дастурхон тушишини талаб қилганлар ичидан кимда-ким кофир бўлса, бас, Мен уни шундай азоблайманки, бундай қаттиқ азобни бирон киши тортмайди!
“Бутун оламлардан бирон кишини ундай азобламайман” дейилиши бу азобнинг жуда қаттиқ эканини билдиради.
Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиганлар бу тахлит огоҳлантирилишига сабаб:
1. Ўзлари уни талаб қилиб, кейин инкор қилганлари.
2. Мўъжизаларни кўзлари билан кўра туриб очиқчасига ундан юз ўгирганлари.
3. Аллоҳнинг ёлғизлигига, Унинг қудратига ва Пайғамбарнинг ростгўйлигига далолат қилувчи белгиларнинг аниқ-равшан келтирилиши. Ақлли киши бундай оятларни инкор қилиши мумкин эмас.
Аллоҳнинг оятларини инкор қилишга сабаб нонкўрлик, ўжарлик ва ҳасаддир. Ношукр ва ҳасадгўй кимсалар жуда қаттиқ азобга гирифтор бўлишга лойиқдирлар.
Мана шу оятлар билан боғлиқ икки масала борки, улар ҳақида имкон қадар тўхталиб ўтамиз.
Биринчи масала: ҳаворийларнинг мусулмон бўлгани ҳақида уламолар фикри.
Иккинчи масала: дастурхон тушиши ҳақида уламолар қараши.
Ҳаворийларнинг имони борасида турли фикрлар айтилишига сабаб, уларнинг Исо алайҳиссаломга қарата: “Эй Исо ибн Марям, Парвардигоринг бизга осмондан бир дастурхон нозил қилишга қодирми?” деган сўзларидир. Зеро, оятнинг зоҳирий маъносига кўра, ҳаворийлар Аллоҳ осмондан дастурхон туширишига шубҳа билан қарашган.
Баъзи уламоларга кўра, жумладан, имом Замахшарий наздида, ҳаворийлар мусулмон бўлишмаган. Улар шунчаки имон ва исломни даъво қилишган, қалбдан бўйсунишмаган. Агар даъволари рост бўлганида, Исо алайҳиссаломга бу тарзда савол бермаган бўлардилар. Замахшарий ҳаворийлар шак қилишгани, Исо алайҳиссалом уларга: “Агар имон келтирдик, деган даъволарингиз тўғри бўлса, Аллоҳга тақво қилинглар, Унинг қудратига шубҳаланманглар. Менга бундай саволларга берманглар. Аллоҳнинг оятларини муҳокама қилманглар!” деб хитоб қилган .
Жумҳур уламоларга кўра, ҳаворийлар Исога: “Парвардигоринг осмондан дастурхон тушира оладими?” дейишганида мўмин бўлишган. Уларга кўра, ҳаворийларнинг Исо алайҳиссаломга айтган гаплари Аллоҳнинг қудратидан шубҳаланиш маъносида эмас. Бу гап билан улар мўминлик мартабасидан тушмайдилар. Улар қалблари хотиржам бўлиши, эшитган нарсаларини кўриш орқали янада кучлироқ имон соҳиби бўлиш учун шундай савол берганлар. “Ундан ейишни ва унинг сабабидан қалбимиз таскин топишини истаймиз”, деган гаплари шунга далолат қилади.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам шу каби савол билан Аллоҳга мурожаат қилган эди: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Иброҳим: “Парвардигорим, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсатгин”, деганида, Аллоҳ: “Ишонмаганмидинг?” деди. Иброҳим: “Йўқ, (ишонаман-ку), лекин дилим (яна ҳам) таскин топиши учун”, деди” (Бақара сураси, 260-оят).
Жумҳур уламолар наздида, ҳаворийларнинг саволи феъл (ишни амалга ошириш) ҳақидадир, унга қодирлик борасида эмас.
Бизнингча, жумҳур уламолар фикри ва далиллари кучлидир. Сабаби, Аллоҳ таоло уларга илҳом қилиб имон неъмати билан сийлаганини зикр қилган. Агар ҳаворийлар мўмин бўлмаганларида, Аллоҳ буни баён қиларди. Одатда Аллоҳ таоло пайғамбарларини мунофиқлар макр-ҳийлаларидан огоҳлантирган. Агар ҳаворийлар мўмин бўлмаганларида, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга эргашганларни имон ва ихлосда уларга тенглаштирмаган бўларди. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (яъни, Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар” (Саф сураси, 14-оят).
Мана бу оятлар ҳам ҳаворийлар имон соҳиблари бўлганидан дарак беради: “Энди қачон Исо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: “Аллоҳнинг (динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлади?” деди. Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга имон келтирдик. (Эй Исо,) гувоҳ бўлингки, биз Аллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга итоат этдик. Бас, бизни гувоҳ берувчилар қаторига ёзгин!” (Оли Имрон сураси, 52-53-оятлар).
Уламолар баҳс қилган иккинчи масала дастурхон тушиши билан боғлиқ. Жумҳур уламоларга кўра, дастурхон осмондан тушган. Ибн Жарир Табарий: “Бизнингча, гапнинг тўғриси шуки, Аллоҳ дастурхонни туширган. Чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Аллоҳнинг хабарида хилоф бўлмайди. Парвардигоримиз Исо алайҳиссалом дуосига жавобан: “Мен уни тушираман”, деган. Аллоҳ устингизга дастурхон тушираман, деб кейин уни туширмаслиги мумкин эмас”, деган .
Ибн Касир Табарийнинг қавлини маъқуллаган ва салафлардан қилинган ривоятлар ва далиллар шунга ишора қилишини таъкидлаган.
Термизий Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дастурхон осмонда тушди. Унда нон ва гўшт бор эди. Бас, улар хиёнат қилмаслик ва эртанги кун учун заҳира қилиб олиб қўймасликка буюрилди. Лекин улар хиёнатга қўл урдилар, (ўша таомлардан) эртанги кунга олиб қўйдилар. Бас, шунда маймун ва тўнғизларга айлантирилдилар”.
Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, улар Исо ибн Марямга: “Аллоҳга дуо қил, устимизга осмондан дастурхон туширсин!” дейишди. Шунда фаришталар дастурхонни кўтариб олиб тушишди. Унда еттита катта балиқ ва еттита нон бор эди. Аввалгилар ўша егуликлардан қандай еган бўлса, охиргиси ҳам шундай истеъмол қилди ”.
Баъзи муфассирлар осмондан тушган дастурхон устига қандай таомлар бўлгани, қаерга ва қандай қилиб тушгани, унинг очилиши ва ёпилиши ҳақида узундан-узоқ ривоятларни келтирадилар. Бизнингча, уларни четлаб ўтиш афзал. Чунки ўша ривоятларнинг санади заифдир.
Бу ўринда менга Ибн Жарирнинг сўзи маъқул келди. Тўғриси шуки, ўша дастурхон устида егуликлар бўлган. У балиқ, нон ё жаннат меваларидан бири бўлиши мумкин. Буни билишнинг фойдаси, билмай қолишнинг зарари йўқ. Оятни ўқиётган қори оятнинг зоҳирий маъносига иқрор бўлса кифоя .
Баъзи уламолар айтишича, ҳаворийлар сўраган дастурхон осмондан тушмаган. Уларга кўра, ҳаворийлар дастурхон тушиши шартини эшитганларидан кейин: “У ҳолда унинг тушишига ҳожатимиз йўқ”, дейишган ва шу зайл туширилмаган.
Бизнингча, жумҳур уламолар фикри ҳақиқатга яқинроқдир. Оятнинг зоҳирий маъносига кўра, осмондан дастурхон тушган. Буни қувватловчи ривоятлар ҳам етарли.
Саф сурасининг охирги оятларида ҳаворийлар шаънига мақтовлар айтилган, мўминлар уларга ўхшашга чақирилган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар. Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар” (Саф сураси, 14-оят).
Яъни, эй, Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтирган мўминлар! Худди ҳаворийлар каби Аллоҳнинг динига доим кўмакчи бўлинглар! Исо уларни даъват қилганида, улар пайғамбарларига ёрдам бериб, унинг ёнида сабот билан турдилар.
Бу оятда мўмин бандалар қанча машаққат бўлишидан қатъи назар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида туриб, ҳақиқат йўлида курашишга, суюкли Пайғамбарга ёрдамчи бўлишга чақирилмоқда.
Исо ибн Марям ҳаворийларга: “Аллоҳга (даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлади?” деганида, ҳаворийлар: “Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз”, дедилар.
Исо алайҳиссалом ҳаворийлар имони қай даражада қувватли эканини синаш учун уларга юзланиб:
– Аллоҳнинг динини етказишда, Унинг ўзига ибодат ва итоат этишда менга ким мадад бера олади?! – деб хитоб қилди. Ҳаворийлар Исонинг саволига жавобан:
– Мана биз ёрдамчи бўламиз Аллоҳнинг динига. Жонимиз ва молу давлатимизни бу йўлда аямаймиз. Бор кучимиз билан Аллоҳнинг сўз олий бўлиши учун ёрдам берамиз, – дедилар.
“Бас, Бани Исроилдан бир тоифа (одамлар Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди”.
Исо ҳаворийларни имонга, дин йўлида ёрдамчи бўлишга чақирганида, улар “лаббай” деб жавоб бердилар. Аммо Бани Исроил қавмидаги бошқа одамлар Исонинг пайғамбарлигини тан олишмади.
“Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар”.
Бу ерда икки тоифанинг икки хил оқибати ҳақида маълумот берилмоқда.
Яъни, Исо алайҳиссалом қавми ичидан унга имон келтирганлар ҳам бўлди, унга кофир бўлганлар ҳам кўп эди. Аллоҳ имонлиларни қўллаб-қувватлади, уларга нусрат ато этди, мўминларни куфр келтирган кимсалар устидан ғолиб қилди. Мўминлар Аллоҳнинг фазли билан ғалабага эришдилар.
Бу оятда ҳар бир замон ва макондаги мўминларни имонга, солиҳ амалларга тарғиб қилинмоқда. Аллоҳнинг суннати (қонуни, тақдири) мўминларга чиройли оқибат бўлишини тақозо этади.
Юқорида келтирилган маълумотлар ҳаворийлар Исо алайҳиссалом даъватига чиройли жавоб қилганлари, унинг олдида елкадош бўлиб, дин хизматида бўлганларини кўрсатади.
ИСО АЛАЙҲИССАЛОМГА ЭРГАШЛАР КИШИЛАР ҲАҚИДА ҚУРЪОНДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Исо алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан Бани Исроил қавмига юборилганида, одамларни тавҳидга, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилди, уларни ширкдан қайтарди ва одоб-ахлоқли бўлишга чақирди. Қавм орасида баъзилар Исога имон келтирди, уни тасдиқлади. Баъзилар пайғамбарни инкор қилди, ҳақ йўлдан тойилди. Яна бир тоифа одамлар Исо алайҳиссалом буюрмаган амалларни ўзларига лозим тутиб, дунё лаззатларидан юз ўгирдилар, Аллоҳ рози бўлмайдиган тарзда таркидунёчиликни афзал билдилар.
Ҳадид сурасида Исо алайҳиссаломга эргашганлар орасида баъзилар динда янгилик яратиб, бидъатларга рағбат қилганлари, бошқалар эса ҳақ йўлдан борганлари айтилади. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Ҳақиқатан, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб бордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик. Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар. Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжилни ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, лекин ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат қилдилар-у), сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” (Ҳадид сураси, 26-27-оятлар).
Аллоҳ таоло одамларни тўғри йўлга бошлаш учун жуда кўп пайғамбарлар юборди. Жумладан, Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломни юбориб, уларнинг зурриётларидан яна кўп анбиёларни чиқарди. Ўша пайғамбарларга Китобни туширди: Мусога Тавротни, Довудга Забурни нозил қилди.
Бу ерда Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломнинг хосланишига сабаб, барча набийлар шу икки пайғамбар наслидан тарқалган.
“Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар”.
Ўша пайғамбарлар зурриётидан ҳақ йўлда юрган ва имон келтирган зотлар ҳам бор. Бироқ кўплари фосиқдирлар, ҳақ йўлдан оғиб куфр ва залолат йўлини ихтиёр қилганлар.
“Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик”.
Яъни, Биз пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Исо ибн Марямни ҳам пайғамбар қилдик, қавмини ҳидоятга йўллаш учун унга Инжилни ваҳий қилдик.
Исога берилган Китобнинг “Инжил” дейилишига сабаб, у кенглик, нур ва зиё эди. Исо қавмини тўғри йўлга чорлаш ва уларга башорат бериш учун Аллоҳ Инжилни унга туширган .
Шундан кейин Исо алайҳиссаломга эргашган кишиларга хос баъзи сифатлар зикр қилинади:
“Ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, лекин ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат қилдилар)”.
“Роҳиблик” насроний роҳиблари Аллоҳдан қўрқиш ва дунёдан юз ўгириш учун ўзлари ўйлаб топган нарсадир.
Оятнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ Бани Исроил қавмига пайғамбар қилиб юборилган Исо алайҳиссаломга имон келтирган ва эргашган кишилар қалбида меҳр-шафқат ва мулойимликни, меҳрибонликни пайдо қилди. Улар орасидаги бидъатчилар ўзлари учун таркидунёчиликни ўйлаб топдилар. Аллоҳ уларни бунга буюрмаган эди. Улар Аллоҳ розилигини қозониш учун шундай қилдилар.
“Сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар”.
Лекин улардан кўпи роҳиблик тақозо этадиган зуҳд, тақво ва иффатни сақлашга тўлиқ риоя қилолмадилар. Уларнинг таркидунёчилиги тўғри ибодатдан холи расм-русумлардангина иборат бўлиб қолди. Насронийлар ўзлари ўйлаб чиқарган таркидунёчиликка жуда кам одамлар сабр қила олдилар. Аллоҳ Исога эргашган зотларга беҳисоб ажр-мукофотлар берди. Бироқ Исони инкор қилган ёки у келтирган нарсаларни ўзгартирган кимсалар муносиб жазоларини оладилар.
“(Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” жумласи Исо алайҳиссаломни инкор қилган, Аллоҳнинг буйруқларидан бўйин товлаган кимсалар пайғамбарга эргашган кишилардан кўпроқ бўлганини билдиради.
Бу оятда Исога чиройли суратда эргашган, қалбларини нопокликлардан тозлаган ва дунёнинг ортиқча матоҳларидан четроқ бўлган кишилар шаънига мақтов айтилмоқда. Шунингдек, Исо алайҳиссалом олиб келган шариатни ўзгартириб юборган, Аллоҳнинг ғазабини қўзғатадиган гуноҳларни содир этган кимсалар қораланмоқда.
Моида сурасида Исо алайҳиссаломга эргашганлар орасида Аллоҳга ихлос билан ибодат қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватлари етиб келганида, унга эргашган кишилар мақталган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз. Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: “Биз насронийлармиз”, деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор экани ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир. Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар дейдилар: “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин . Бизга нима бўлдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!” Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир. Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғон, деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир” (Моида сураси, 82-86-оятлар).
Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Нажоший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир гуруҳ одамларини юборди. Бас, улар мусулмон бўлдилар. Аллоҳ улар ҳақида “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз” оятини нозил қилди. Улар Нажоший олдига қайтиб борганларида, унга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларини етказдилар ва Нажоший ҳам мусулмон бўлди. Нажоший умрининг охиригача мусулмон бўлиб қолди (яъни, мусулмон ҳолида вафот этди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарингиз Нажоший вафот этди. Унга намоз ўқинглар”, дедилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондаги Нажошийга Мадинада туриб (ғойибона) жаноза намозини ўқидилар” (Ибн Жарир ривоят қилган).
Ибн Жарир ушбу оятлар нозил бўлишига сабаб бир қанча ривоятларни келтиргач: “Менинг наздимда тўғри гап шуки, Аллоҳ “Биз насронийлармиз”, деган қавмнинг сифатларини келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни имон аҳлига энг яқин ва муҳаббатли эканини кўрганлар. Бу ерда уларнинг исмлари келтирилмаган. Балки улар Нажошийнинг асҳобларидир. Балки Исо алайҳиссалом шариатига эргашган ва Ислом даъвати келганидан кейин мусулмон бўлган, Қуръон эшитиб, унинг ҳақ Калом эканини билган кишилардир ”.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи одамлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз”.
Яъни, эй Муҳаммад, Сиз одамларни ҳақ динга даъват қилиш чоғида Сизга ва даъват қилаётган йўлингизга эргашганларга энг қаттиқ душманлик қиладиганлар яҳудийлар ва мушриклар эканини кўрасиз. Уларнинг адоватига сабаб ҳасад, кўролмаслик, нонкўрлик ва ғурурдир. Мана шу разил иллатлар қалбга ўрнашса, уни ҳидоятдан, ҳаққа имон келтиришдан тўсиб қўяди.
“Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: “Биз насронийлармиз”, деган кишилар эканини кўрасиз”.
Яъни, эй Муҳаммад, яҳудийлар ва ширк келтирган кимсалар сизларга энг ашаддий душман бўлса, “Биз насронийлармиз”, дейдиганлар Сизга ва асҳобларингизга яқинроқ, мўминларни яхши кўрувчидирлар.
“Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор экани ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир”.
Бунга сабаб, насронийлар ичида илм талабида ҳаракат қиладиган, ўзгаларни маърифатга бошлайдиган, Аллоҳга ибодат қилишга рағбат қилиб, дунёнинг ортиқча лаззатларидан тийиладиган кишилар борлигидир. Улар ҳаққа бўйин эгишдан ор қилмайдилар. Агар ҳақни тушунсалар, уни билсалар, камтарлик билан итоат этадилар, мағрурлик ва кибр кўчасини ҳатлаб ўтадилар.
Алусий шундай деган: “Ушбу оят тавозеъ, илм ва амалга юзланиш, шаҳватлардан тийилиш қаерда бўлса ҳам мақталган сифатлардан эканига далолат қилади”.
Шундан кейин насроний уламолари Қуръон эшитганда қандай ҳолатга тушишлари тасвирланади:
“Улар Пайғамбарга нозил қилинган нарсани эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз”.
Бу ерда “Пайғамбар”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, “Пайғамбарга нозил қилинган нарса” эса Қуръони каримдир.
“Биз насронийлармиз”, дейдиган олим кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръонни эшитсалар, тиловатдан қалблари таъсирланади, нафслари хотиржам бўлади. Бунинг натижасида кўзларидан дув-дув ёш тўкилади. Улар Қуръон эшитиб, аввал билмаган ҳақиқатларини англаганлари учун кўз ёшларини тийиб туролмайдилар.
Мана шу оятда Қуръоннинг қалбга нақадар кучли таъсир қилиши, дил ҳақни қабул қилса, инсон кўзидан ёш тўкилиши таъкидланмоқда. Қуръон нури ва ҳидояти қалбга сингганидан кейин қувонч ва муҳаббат кўз ёшлари дийдалардан сизиб чиқади.
Шундан сўнг улар ҳақни эшитиб нима дейишлари келтирилади:
Улар дейдилар: “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин”.
Яъни, Парвардигоро, биз эшитган нарсамизга тўлиқ имон келтирдик. Бас, бизни Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтирган ва одамларни зулматдан ҳидоят нурига олиб чиққан жамики пайғамбарларни тасдиқлайдиган зотлар қаторида ёзгин!
“Бизга нима бўлдики, Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна Парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!”
Яъни, Яккаю Ёлғиз Аллоҳ таолога, Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган, инсониятни бахту саодатга бошловчи Қуръонга имон келтиришимизга нима монелик қилади?! Парвардигоримиз бизларни имонимиз сабабидан солиҳ қавмлар қаторига киритишини умид қилаётган бўлсак, (яна нима тўсқинлик қилади мусулмон бўлишимизга)?!
Кўриниб турибдики, улар Қуръонни бутун вужудлари билан тинглаганларидан кейин тиловатдан қаттиқ таъсирландилар ва кўзларидан шашқатор ёш оқди. Шундан кейин Аллоҳ таолодан уларни мўминлар қаторида ёзишини сўраб илтижо қилдилар. Булар аввалда насроний бўлиб, кейин Исломни қабул қилган зотларнинг қалби қордек оппоқ, табиатлари ҳаққа мойил, ҳақ даъватни ҳеч қандай тараддудсиз қабул қилишга илҳақ бўлганларига далолат қилади.
У зотлар имонга мушарраф бўлиб, ўзлари учун чиройли оқибат нақд эканига ишониб қолмадилар, балки Аллоҳ таолога юзланиб, мағфиратидан, раҳматидан умидвор эканларини изҳор қилдилар. Имонида содиқ мўмин шундай бўлади. У савоб амалларни қанча кўп қилмасин, Аллоҳнинг фазли-марҳамати ва ҳисобсиз неъматлари олдида ўзи қилган нуқсонли амалларни кичик санайди, Аллоҳнинг азобидан қўрқади, У Зотнинг раҳматидан умид қилади.
Қалби пок, ҳақ йўлга мойил бўлган бу зотлар оқибатда Аллоҳнинг улуғ марҳаматига сазовор бўлдилар:
“Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилувчиларнинг мукофотидир”.
Бу зотларнинг имон ва ихлос нафаси уфуриб турган покиза сўзлари сабабидан Аллоҳ уларни мукофотлайди, дарахтлари остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. Улар жаннатда абадий қоладилар. Мана шу Аллоҳ ихлосли мўмин бандаларга амаллари ва чиройли сўзлари учун берган мукофотидир.
“Шу гаплари сабабли”, деганда “Парвардигоро, имон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин” деб қилган илтижоларини назарда тутилмоқда. Мана шу сўз уларнинг ихлосли эканига, қалбидаги имони ҳақиқий бўлганига далолат қилади. Аллоҳ айнан шу сўз туфайли уларни муносиб тақдирлади.
Бу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ уларга сўраганларидан ҳам афзалини ато қилди (Дуо қилиш бобида бу оятлар ҳар биримиз учун ибратдир. Зеро, қачон Аллоҳга ихлос билан юзлансак, Аллоҳ дилимиздаги тилакларни ортиғи билан ато этади. У Зотнинг фазлу марҳамати чексиздир. – таржимон).
Юқорида келтирилганлар пайғамбар сўзини тасдиқлаб, ҳақиқий мўмин бўлган зотларнинг мукофотидир. Бироқ имондан юз ўгирган, ҳақни қабул қилишдан бош тортган кимсаларнинг оқибати мана бу оятда баён қилинади:
“Кофир бўлган ва оятларимизни ёлғон, деган кимсалар эса жаҳаннам эгаларидир”.
Ҳақни инкор қилган, Аллоҳнинг ёлғизлигига далолат қилувчи оятларни ёлғончи чиқарган кимсалар жаҳаннамга кирадилар.
Куфр йўлини ихтиёр қилганлар оқибати бундай бошқача бўлмайди.
Кўриниб турибдики, Қуръони каримда “Биз насронийлармиз”, деб Қуръондан таъсирланган, ҳақ дин келганида уни зудлик билан қабул қилган ва имонга мушарраф бўлган зотлар шаънига мақтовлар айтилган. (Насронийми, яҳудийми, қайси миллатга мансуб бўлса ҳам, кимда-ким Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амалларни ихлос билан бажарса, ана ўша банданинг оқибати чиройли бўлади. – таржимон).
Куфр келтирганлар, Аллоҳнинг оятларини инкор қилганлар эса дўзах эгаларидир. Улар у ерда абадий қоладилар.
ҚУРАЙШ МУШРИКЛАРИНИНГ ИСО АЛАЙҲИССАЛОМГА БЎЛГАН МУНОСАБАТИ
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда ўтган пайғамбар биродарларига кўп мақтовлар айтганлар. Жумладан, Исо ибн Марямни мақтаб: “Мен дунёда ҳам, охиратда ҳам одамлар ичида Исо ибн Марямга энг ҳақлироқман. Иккимизнинг орамизда бирон пайғамбар йўқдир”, деганлар. Бироқ Қурайш қавмининг мушриклари Исо ҳақида бутунлай ўзгача фикрда эдилар. Улар бу улуғ пайғамбарни инкор қилар, уни тан олгилари келмасди.
Уларнинг Исо алайҳиссаломга бўлган муносабатлари Қуръони каримда қуйидагича ифодаланган. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) қачонки (Исо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар. Улар: “Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Исоми)?!” дедилар. Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар. Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар ! У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни Бани Исроил учун бир мисол-ибрат қилдик. Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик. Албатта (Исо қиёмат) соати ҳақида билим-аломатдир. Бас, сизлар у ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз! (Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига айтинг:) “Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир. Сизларни шайтон ҳаргиз (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир”. Қачонки Исо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, деди: “Мана, мен сизларга ҳикмат – Инжил билан, ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим. Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат этинг! Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. (Ёлғиз) Унга ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир”. Сўнг (насронийлар ичидан чиққан) фирқалар ўзаро ихтилоф қилдилар. Бас, у золим кимсаларга аламли куннинг азоби – ҳалокат бўлгай! Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида (қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос” (Зухруф сураси, 57-66-оятлар).
Муфассирлар нақл қилишича, “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан ўзга ибодат қилинадиган “илоҳ”лар қилганмиканмиз?!” ояти нозил бўлганида, мушриклар Исо алайҳиссалом ҳақидаги масалани кўтариб: “Насронийлар Исони худо қилиб олганларидек Муҳаммад биздан уни илоҳ қилиб олишимизни хоҳлаяпти шекил!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “Қачонки (Исо) ибн Марям мисол келтирилса, баногоҳ қавмингиз (бу мисолдан шодланиб) қичқира бошлайдилар” оятини нозил қилди.
Жумҳур муфассирлар бу оят Ибн Забаъро мусулмон бўлишидан олдин талашиб-тортишган масала ҳақида нозил қилинганини айтишган. Унга кўра, “(Эй мушриклар,) сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир” ояти (Анбиё сураси, 98-оят) нозил бўлганида, Ибн Забаъро:
– Эй Муҳаммад, насронийлар Масиҳга, яҳудийлар Узайрга ва Бани Мулайҳ фаришталарга сиғинганлар-ку? Агар улар дўзахда бўлса, биз ҳам, илоҳларимиз ҳам дўзахда бўлишига розимиз! – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Қавминг тилини билмайсанми?! (Араб тилидаги) “маа” ҳарфи ақл юритмайдиган (ғайри оқил) нарсаларга ишлатилишини тушуниб етмадингми?! – дедилар. Бошқа ривоятда айтилишича, у зот: “Улар шайтонга сиғинишган”, деганлар. Шунда юқоридаги оятлар нозил қилинган .
Яъни, Ибн Забаъро Исо ибн Марямни мисол келтириб, Сиз билан тортишганида, Қурайш кофирлари бақиришиб, шодланганларидан қичқириб юбордилар. Чунки Ибн Забаъронинг гапини эшитиб, “Биз Муҳаммадни жангда енгдик, мот қилдик уни деб ўйлагандилар.
Улар: “Бизларнинг илоҳларимиз яхшироқми ёки уми (яъни, Исоми)?!” дедилар.
Бу ерда савол беришдан мақсад Исо алайҳиссаломни ўз илоҳларидан афзал билишдир. Гўё мушриклар: “Сен Исо Аллоҳнинг пайғамбарларидан бири эканини, у илоҳларимиздан яхшироқ эканини айтган эдинг. Агар у қиёмат куни жаҳаннам оловида бўлса, биз ва сиғинаётганимиз илоҳлар ҳам жаҳаннамга тушишга розимиз”, дейишаётгандек.
Аллоҳ уларнинг даъвосини мана бу сўзи билан ботилга чиқарди:
– Улар (бу мисолни) Сизга фақат талашиб-тортишиш учунгина келтирдилар.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, мушриклар оғзидан чиқаётган гапларга парво қилманг! Улар Исо ибн Марямни фақат Сиз билан тортишиш учун мисол қилиб келтирдилар. Уларнинг нияти ҳақиқат тагига етиш эмас.
“Ахир улар хусуматчи-урушқоқ қавмдирлар!”
Яъни, гапларига эътибор берманг, ботилни ушлаб олиб талашиб-тортишаверсинлар. Улар ўзлари жанжалга мойил хусуматчи кимсалардир. Ботил билан жанжаллашишни хуш кўрадилар.
Аслида Исо ибн Марям ҳақидаги мисолни Ибн Забаъронинг ўзи келтирганди. Лекин бу оятда “мисол келтирдилар” деб кўплик шаклида баён қилинмоқда. Сабаби Қурайш мушриклари Ибн Забаъронинг сўзини қўллаб-қувватлаб, қилаётган ишига рози бўлишган. Шунинг учун бир одам қилган иш бошқаларга ҳам нисбат берилмоқда.
Шундан кейин Исо алайҳиссалом ҳақида энг рост сўз айтилади:
“У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир. Биз уни Бани Исроил учун бир мисол-ибрат қилдик”.
Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаларидан биридир. Унга пайғамбарлик неъмати ато этилган. Аллоҳ Исо алайҳиссаломни отасиз яратиб, унга очиқ-ойдин мўъжизаларни берди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Яккаю Ёлғизлигидан, қодир Зотлигидан, Аллоҳ истаган ишини қила олишидан дарак беради.
“Агар хоҳлаганимизда, албатта сизларнинг ўрнингизга ерда халифа бўладиган фаришталарни (пайдо) қилган бўлар эдик”.
Бу оятда ҳам Аллоҳ ҳеч нарсадан ожиз қолмаслиги, хоҳлаган нарсасини жорий қила олишини таъкидланмоқда.
Ушбу оят икки хил тафсир қилинган:
1. Эй кофирлар, агар сизларни ҳалок қилишни истаганимизда, вафотингиздан кейин ўрнингизга фаришталарни ўринбосар қилган бўлардик. Бироқ Ўзимизгагина маълум ҳикматга кўра бундай қилмаймиз.
2. Эй Қурайш эркаклари, агар хоҳласак, сизлардан аёллар воситасисиз фаришталарни дунёга келтирган бўлардик. Бу Биз учун жуда осон ишдир.
“Албатта (Исо қиёмат) соати ҳақида билим-аломатдир. Бас, сизлар у ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз!”
Оятда “у” дейилганда Исо алайҳиссалом назарда тутилмоқда. “Илм” эса аломат, белгидир.
Яъни, Исо алайҳиссаломнинг охири замонда осмонда тирик ҳолида тушиши қиёмат жуда яқин эканини, дунё охирлаб қолганини билдирувчи белгидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исо алайҳиссалом қиёматдан олдин одил ҳакам бўлиб осмондан тушиши ҳақида хабар қилганлар. Бу ривоятлар мутавотир даражасига етган .
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Макка аҳлига айтинг:) “Менга эргашинглар! Мана шу тўғри йўлдир”.
Яъни, эй одамлар мен олиб келган шариатга итоат этинглар. Мана шу тўғри йўлдир. Бу йўл сизларни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга элтади.
“Сизларни шайтон ҳаргиз (Аллоҳнинг динидан) тўсмасин! Албатта у сизлар учун очиқ душмандир”.
Шайтон сизларни менга итоат этишдан зинҳор тўсиб қўймасин! Шайтоннинг сизларга душманлиги аниқ. Унинг макр-ҳийлалари очиқ-ойдиндир.
Шундан кейин Исо алайҳиссалом қавмига пайғамбар қилиб юборилганида, улар нима деганлари келтирилади:
“Қачонки Исо аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, деди: “Мана, мен сизларга ҳикмат – Инжил билан, ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим”.
Оятдаги “ҳикмат”дан мурод, шариат ҳукмлари, буйруқлари, панд-насиҳатларни ўз ичига олган Инжил китобидир. Аллоҳ уни Исо алайҳиссаломга нозил қилган.
Аллоҳ таоло Исони қавмига пайғамбар қилганида, у одамларга насиҳат қилиб:
– Эй қавмим, сизларга менинг ростгўйлигимни тасдиқлайдиган мўъжизалар келтирдим. Шунингдек, одоб-ахлоқ, шариат ҳукмларидан иборат илоҳий ҳикматларни олиб келдим сизларга, – деди.
“Ўзларингиз ихтилоф қилаётган айрим нарсаларни баён қилиб бериш учун келдим”.
Яъни, сизлар ихтилоф қилаётган, талашиб-тортишаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун Инжилни олиб келдим.
“Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат этинг! Албатта менинг Парвардигорим ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. (Ёлғиз) Унга ибодат қилинглар! Мана шу тўғри йўлдир”.
Яъни, шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар! У Зот ёмон кўрадиган ишлардан ўзларингизни тийинг. Мен нимага буюрсам, унга итоат этинг, нимадан қайтарсам, ўша нарсадан тийилинг! Менинг Парвардигорим, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бас, Унга ихлос билан ибодат қилинглар, бўйин эгинглар У Зотга! Мана шу энг тўғри йўлдир. Бошқа эгри йўллар сизларни бахту саодатга олиб боролмайди.
Шундан сўнг аҳли китоб Исо алайҳиссалом даъватига қандай муносабатда бўлгани айтилади:
“Сўнг (насронийлар ичидан чиққан) фирқалар ўзаро ихтилоф қилдилар”.
Насронийлар Исо алайҳиссалом ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилар: “Исо Аллоҳдир”, дейишди. Айримлар: “Исо Аллоҳнинг ўғлидир”, дедилар. Бошқалар: “Исо учта илоҳдан биридир”, деб даъво қилишди.
Алусийга кўра, насронийлар уч гуруҳга: малкония, мастурия ва яъқубияга ажралиб кетишди .
“Бас, у золим кимсаларга аламли куннинг азоби – ҳалокат бўлгай!”
Бу ерда ўзаро ихтилоф қилган, ҳадидан ошган ва Исо алайҳиссаломга туҳмат тошларини отган кимсаларга қаттиқ азоблар бўлишидан огоҳлантирилмоқда.
“Улар фақат ўзлари сезмаган ҳолларида (қиёмат) соати тўсатдан келиб қолишини кутмоқдалар, холос”.
Бу ерда ҳаққа даъват қилинганида, ундан юз ўгирган Макка кофирларига хитоб қилинмоқда. Бу билан улар молу давлат ва бола-чақа наф беролмайдиган қиёмат кунидан олдин имон йўлига кириб, фойдали амалларни қилишга жалб этилмоқда.
Яъни, манави мушриклар фақат қиёмат вақтини кутяптилар, холос. Қиёмат уларнинг устига тўсатдан келади. Уларнинг биронтаси ҳам унинг келганини сезмай қолади. Ана ўшанда улар қилган ишлари учун қаттиқ надомат чекадилар. Бироқ ўша онларда афсусланишдан наф чиқмайди. Агар ақллари жойида бўлганида, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсаларга итоат этган бўлардилар.
ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ
ҲАҚЛАРИДАГИ БАШОРАТИ
Саф сурасида Исо алайҳиссалом қавмига ўзидан кейин одамларни ҳидоят йўлига даъват қилиш учун бир Пайғамбар келишини башорат қилгани очиқ-ойдин баён этилган. Бу – Пайғамбар Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Аллоҳ таоло шундай хабар қилади:
“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар” (Саф сураси, 6-оят).
Яъни, Исо ибн Марям қавмига юзланиб:
– Эй Бани Исроил, Аллоҳ сизларни куфр ва ширк зулматидан имон нури томон олиб чиқиши учун мени пайғамбар қилиб юборди! – деб айтган вақтини эсланг. – Аллоҳ менга Инжилни нозил қилди. Мен Мусога туширилган Тавротни тасдиқловчиман. Шундай экан, сизлар менга имон келтиринглар ва ортимдан эргашинглар! Мен Тавротга хилоф бўлган шариатни олиб келганим йўқ. Менинг келтирганларим ростдир. Шундай экан, қандай қилиб мендан юз ўгириб кетасизлар?!
“Ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”.
Башорат қалбга хурсандчилик олиб кирувчи хабардир. “Башаро” инсон териси мазмунини ифодалайди. Башоратни эшитган одам терисида таъсирланиш бўлади. “Башорат” сўзи ҳам асли шундай олинган.
“Аҳмад” исми Пайғамбар алайҳиссалом исмларидан биридир. Бу исм Аллоҳ таолога бошқалардан кўра кўпроқ ҳамду сано айтувчи маъносини англатади. Бундан ташқари, “Аҳмад” исми, гўзал хулқи учун бошқалардан кўра кўпроқ мақталадиган инсон мазмунини ҳам ифодалайди. (Ҳақиқатан, инсоният ичида энг кўп мақталадиган зот, шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. – таржимон).
Мана шу оят билан Исо алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида берган башоратлари қатъий собит бўлган. Инжилнинг баъзи нусхаларида бу башорат йўқ. Аҳли китоб олимлари Инжилни ўз раъйиларига қараб ўзгартирганлар, ёқмаган жойларини олиб ташлаганлар.
Инжил китобининг айрим нусхаларида, жумладан, Юҳанно Инжилининг 14-бобида бу башорат келган. Унда: “Мен отамдан сизларга Форқлитни ато этишини талаб қиламан. У тоабад сизлар билан бирга бўлади”, дейилган. Форқлит – бу, ҳақиқат ва яқийн руҳидир .
Айрим уламоларга кўра, “Форқлит” сўзи юнонча бўлиб, “Аҳмад” ёки “Муҳаммад” маъносини англатади .
Мана бу оят эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари Таврот ва Инжилга келганини тасдиқлайди: “Улар шундай кишиларки, уммий (ўқиш ва ёзишни ўрганмаган) Пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган – элчимизга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).
Қуйидаги оятларда Бани Исроил пайғамбарларни инкор этгани баён қилинади:
“Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар”.
Исо алайҳиссалом Бани Исроилга ўзининг ростгўйлигини исботловчи очиқ-ойдин мўъжизаларни келтирганида, улар:
– Бу аниқ сеҳр-ку. Унинг сеҳр экани ҳеч кимга сир эмас! – дедилар.
Маълумки, Бани Исроил Исо алайҳиссаломни ёлғончи, деб унга ва онасига туҳмат қилишди. Қолаверса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотни ҳам рад этишди ва уни сеҳр дейишди. Аслида пайғамбарлар кўрсатган мўъжиза сеҳр эмаслигини яхши билишарди. Бироқ қалбларида куфр иллати ҳақни айтишдан, ҳақиқат олдида бўйин эгишдан уларни ман қилган эди.
ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ОСМОНГА КЎТАРИЛИШИ
Аллоҳ таоло пайғамбари Исо алайҳиссаломни самога кўтаргани Қуръони карим оятларида баён қилинган. Хусусан, Оли Имрон сурасида шундай дейилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: “Эй Исо, албатта Мен сени ердан бус-бутун (яъни, ҳеч қандай зарар етказмасдан) олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман. Ва сени кофирлардан халос қилувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўювчиман. Сўнгра менга қайтасизлар. Бас, Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қиламан. Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб билан азоб бераман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди. Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса (Аллоҳ) ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди” (Оли Имрон сураси, 55-57-оятлар).
Уламолар Аллоҳ таолонинг “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: “Эй Исо, албатта Мен сени ердан бус-бутун олувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман” деган сўзи ҳақида бир қанча фикрларни айтишган. Уларнинг ичида иккитаси жуда машҳурдир: биринчиси, жумҳур уламоларга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича: эй Исо, Мен сени ердан олувчи, жасадинг ва руҳинг билан осмонга кўтарувчиман.
Бу фикр эгалари оятдаги “таваффий”ни (вафот эттиришни) жонини олиш деб изоҳлашмаган. Бу сўз бирон нарсани тўлиқ олиш мазмунини ифодалайди.
Ҳасан ва Ибн Журайж оятни “сени олувчиман ва тириклайин осмонга кўтарувчиман” деб тафсир қилишган .
Иккинчиси, айрим уламоларга кўра, оятнинг маъноси қуйидагича: эй Исо, Мен сенинг жонингни олиб, мартабангни баланд қиламан, руҳингни ҳузуримга кўтараман.
Бу фикр соҳиблари “таваффий”ни жонни олиш, осмонга кўтаришни эса руҳнинг кўтарилиши деб изоҳлашган.
Қалб таскин топадигани биринчи фикрдир. Чунки Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Уни (яъни, Исони) ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Аллоҳ уни Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир” дейилган (157-158-оятлар).
Қолаверса, ҳадиси шарифларда қиёмат жуда яқин қолганида Исо алайҳиссалом осмондан тушиб, ер юзини адолатга тўлдириши ҳақида хабар берилган. Бу ривоятлар маънан мутавотир даражасига етган .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Исо ибн Марям ораларингизга одил ҳакам бўлиб тушишига оз қолди. У Дажжолни қатл қилади, тўнғизни ўлдиради, хочни синдиради, жизяни бекор қилади. (Ўша вақтда) бойлик кўпаяди, ҳатто уни бирон киши қабул қилмайди. Ҳатто бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқ бўлади” (Бухорий ривоят қилган).
Бу бобда келган саҳиҳ ҳадислардан хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни руҳи ва танаси билан осмонга қандай кўтарган бўлса, охири замонда худди шу ҳолатда ерга тушади.
“Ва сени кофирлардан халос қилувчиман ҳамда то қиёмат кунигача сенга эргашган зотларни кофирлардан юқори қўювчиман”.
Исо алайҳиссаломга эргашганлардан мурод, Аллоҳга ихлос қилган, Унинг ягоналигини тан олган, Исони ҳақ пайғамбар билиб, “Исо Аллоҳдир” ёки “Аллоҳнинг ўғлидир”, деган нотўғри ақидадан узоқ бўлган зотлардир.
Юқори қўйилишдан мурод, уларнинг руҳий ва моддий жиҳатдан устунликлари, имон қувватлари, ҳис қилиш қобилиятлари, ақл-идрок ва шижоат бобида кофирлардан афзал эканликларидир.
Яъни, мен сени кофирлардан узоқ қиламан, уларнинг макрларидан асрайман, сен ва онанг ҳақида қилган туҳматларидан поклайман. Сенга имон келтириб, тасдиқлаган, Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга ишонган мўмин бандаларни ҳужжат-далиллар билан, тўғри ақидалари билан қиёмат кунигача сени инкор қилувчи кимсалардан афзал қиламан.
“Сўнгра менга қайтасизлар. Бас, Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қиламан”.
Яъни, эй одамлар, сизлар кейин Аллоҳга қайтариласиз. У Зот ихтилоф қилаётган ишларингиз борасида адолатли ҳукм чиқаради.
“Бас, кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб билан азоб бераман. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди”.
Яъни, Аллоҳ кофир кимсаларни дунёда ораларига адоват солиш, уруш-жанжаллар, парчаланиш, турли хил касалликлар ва бахтсизлик билан, охиратда эса, жаҳаннам қийноғи билан қаттиқ азоблайди. Дўзахийларни азобдан ҳеч ким қутқариб қололмайди.
Мана шу кофирларнинг муносиб жазосидир. Мўмин бандаларнинг мукофоти эса қуйидагича баён қилинган:
“Имон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса (Аллоҳ) ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди”.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларга имонлари ва дунёда қилган солиҳ амаллари сабабидан жуда кўп марҳамат кўрсатади, уларга ҳисобсиз мукофотлар беради. Жумладан, уларни остидан дарёлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади, покиза жуфтлар беради. Аллоҳнинг розилиги ва жамоли эса ҳаммасидан кўра улуғроқдир.
Мана шу оятда “Парвардигоримиз Аллоҳдир”, деб тўғри йўлда собитқадам бўлган мўминларга улуғ башорат берилмоқда. Шундан сўнг Парвардигори олам ишларни ўз ўрнига қўя олмайдиган жабру зулм аҳлини хуш кўрмаслиги таъкидланмоқда.
Нисо сурасида Бани Исроилнинг кирдикорлари, макру ҳийлалари ва пуч даъволари мана бундай баён қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
“Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Исо ибн Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч ҳам билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир. Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга (Исога) албатта имон келтиради. Қиёмат кунида эса буларнинг зарарига гувоҳ бўлади” (Нисо сураси, 156-159-оятлар).
“Яна кофирликлари” дейилганда, улар Исо алайҳиссаломни инкор қилишгани кўзда тутилмоқда. Бўҳтон эса, ақл қабул қилмайдиган даражадаги ёлғон гапдир.
Яъни, ҳақ йўлга, ҳидоят йўлига бошлаш учун юборилган Исо алайҳиссаломни инкор қилишгани, Марям ҳақида нолойиқ гапларни тарқатишгани яҳудийларнинг лаънатланишига, хорликка юз тутишларига сабаб бўлди.
“Ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Исо ибн Марямни “Бизлар ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос”.
Яҳудийлар кўкрак кериб, ўзларича мақтаниб:
– Аллоҳнинг Пайғамбари Исо ибн Марямни биз ўлдирганмиз! – дедилар. Аллоҳ таоло қабиҳ жиноятлари сабаб уларни лаънатлади. Улар ғазабга дучор бўлдилар. Улар улкан жиноятни содир этишгани етмаганидек, худди муҳим ишни қойиллатиб бажариб қўйгандек, мақтанишни ҳам ўрнига қўйдилар.
Яҳудийлар тилидан чиққан бу сўзлар ҳақиқатан Исо алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлганликларига, Исони ёлғончи, фирибгар деб даъво қилганликлари далолат қилади. Улар Исони осиш учун душманларга топширмоқчи бўлишган. Гўёки уни тутиб, ниятларига етишди ҳам. Бироқ Аллоҳ таоло уларнинг саъй-ҳаракатларини бекор кетказди, макрлари бир пул бўлди. Яҳудийлар дилидаги ниятнинг акси содир бўлди. Аллоҳ Ўз пайғамбари Исо алайҳиссаломни уларнинг макр-ҳийлаларидан сақлаб, ҳузурига руҳи ва жасади билан кўтарди.
Имом Замахшарийнинг айтишларича, улар Исо алайҳиссаломни сеҳргар деб айблашган. Исони “Аллоҳнинг Пайғамбари” деб истеҳзо қилишган .
“Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос”.
Бу ерда яҳудийлар мақтанаётган ишнинг асл моҳияти ҳақида хабар қилинмоқда. Яҳудийлар “Биз Исони ўлдирдик” деб ёлғон гапиряптилар. Бу уларнинг даъвоси. Улар Исони ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Аслида улар Исо алайҳиссаломга қуйиб қўйгандек ўхшаш бошқа кишини ўлдирганлар. Кейин Исони ўлдирдик, деб ўйлаганлар ва одамларга мақтанганлар.
Шайх Ҳасанайн Муҳаммад Махлуф шундай дейди: “Яҳудийларнинг кўпи “Масиҳни биз ўлдирдик, дорга осдик”, деб даъво қилдилар. Аллоҳ уларни ёлғончи қилди: бошқа бир кишини Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйди. Улар Исони ўлдириш учун келганларида унинг қиёфадошини кўрдилар ва ўлдирдилар. Улар Исога ўхшаш одамни пайғамбар деб ўйлагандилар. Аслида эса, Ибн Марямни ўлдирмагандилар. Аллоҳ Исони осмонга кўтарди ва уни душманлар ёмонлигидан сақлади ”.
Муфасирлар бошқа кишининг Исога ўхшатиб қўйилиши ҳақида бир қанча қавлларни келтирганлар. Уларнинг ичида энг мақбул саналган икки хил қарашни келтирамиз.
Биринчиси, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга хиёнат қилган ва уни қатл қилишда “ташаббус” кўрсатганлардан бирини унга ўхшатиб қўйган. Ўша киши Яҳузо Исхарбутийдир. У Исо алайҳиссалом кетидан юриб, душманлар фойдасига жосуслик қилган. Яҳузо Исо алайҳиссалом турган жойни душманларга кўрсатиб: “Олдингиздан биринчи чиққан одам Масиҳ бўлади. Уни ушлаб, қатл қилинглар!” деди. Бас, у Исо алайҳиссаломни кўрсатиш учун унинг уйига кирганида Аллоҳ Исони осмонга кўтарди. Ҳалиги мунофиқни Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйди. Душманлар етиб келиб, Яҳузони Исо деб ўйлашди ва қатл қилишди.
Мана шу қавл Инжилнинг баъзи нусхаларида келтирилган. Алусий бунга қуйидаги сўзлари билан ишора қилган: “Ҳаворийлардан бир киши Исо алайҳиссаломга душманлик қилиб, кетидан пойлоқчилик қиларди. Душманлар Исони ўлдирмоқчи бўлганларида, у: “Мен кўрсатаман сизларга Исони”, деди. Бунинг эвазига 30 дирҳам пул ҳам олди. Шундай қилиб, ўша киши Исо алайҳиссалом уйига кирди. Аллоҳ пайғамбарини осмонга кўтарди ва иккиюзламачи кимсани Исога ўхшатиб қўйди. Душманлар хоинни Исо алайҳиссалом деб ўйлаб, қатл қилишди ”.
Иккинчиси, яҳудийлар Исони қатл қилмоқчи бўлишганда, Аллоҳ таоло пайғамбарининг мухлис шогирдларидан бирини унга ўхшатиб қўйган. Исо шогирдларига хитоб қилиб: “Орангизда ким менга ўхшатилиб, кейин қатл қилинишни ва жаннатга киришни хоҳлайди?” деди. Шунда бир киши: “Мен”, деб розилик берди. Бас, Аллоҳ уни Исо алайҳиссалом суратига киргизди. Ғанимлар уни қатл қилдилар.
Ибн Касир мана шу қавлни қувватлайдиган бир қанча ривоятларни келтирган. Жумладан, Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтаришни ирода қилганида, у шогирдлари олдига чиқди. Уйда ҳаворийлардан ўн икки киши бор эди. Исо уларга қарата: “Орангизда мендан кейин имон келтирганидан сўнг ўн икки марта кофир бўладиганлар бор”, деди. Сўнгра: “Ичингизда қайси бирингиз менга ўхшатилиб, ўрнимга қатл қилинишни истайди? У жаннатда мен билан бирга бўлади”, деди. Шунда ораларида энг ёши кичиги ўрнидан турди. Исо унга: “Ўтир!” деди. Кейин ҳалиги савол билан яна мурожаат қилди. Яна ўша йигит ўрнидан турди. Исо яна: “Ўтир!” деб амр қилди. Аллоҳнинг пайғамбари учинчи марта мурожаат қилганида ҳам ўша йигит: “Мен розиман”, деди. Шунда Исо унга: “Сен ўшасан”, деди. Шунда ёш йигит Исо алайҳиссаломга ўхшатиб қўйилди. Исо алайҳиссалом эса осмонга кўтарилди. Яҳудийлар Исони қидириб келишди. Унинг қиёфадошини топиб, қатл қилишди. Ҳаворийлар ичидан баъзилар буни кўриб ўн икки марта кофир бўлди”.
Ибн Касир айтади: “Ибн Аббосдан нақл қилинган бу ривоят санади саҳиҳ. Уни Насоий Абу Курайбдан, у Абу Муовиядан ривоят қилган. Бир қанча салафларнинг айтишича, Исо ҳаворийларга: “Сизлардан қайси бирингиз менга ўхшатилиб, ўрнимга қатл қилинишни ва жаннатда мен билан бирга бўлишни истайди?” деган ”.
Биз Қуръони карим оятларига суянган ҳолда, Исо алайҳиссалом ўлдирилмаган, осилмаган, балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, яҳудийлар ўлдириб дорга осган Исо эмас, бошқа одам, деб эътиқод қилишимиз лозим.
“Албатта (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч ҳам билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос”.
Аҳли китоб Исо алайҳиссалом ҳақида ихтилоф қиладилар. Уларда Исо алайҳиссалом ҳақида қатъий илмнинг ўзи йўқ. Улар Исо ҳақида ҳужжат-далилсиз фақат гумонни гапирадилар.
Ҳақиқатан аҳли китоб вакиллари Исо алайҳиссалом ҳақида жуда кўп ихтилоф қилганлар. Баъзилари уни “Аллоҳнинг ўғли”, дейишган. Баъзилар “Исода инсоний унсур билан бирга илоҳий унсур ҳам мавжуд”, деб даъво қилишган.
Улар Исонинг қатл қилиниши ҳақида ҳам кўп талашиб-тортишишган. Баъзи яҳудийлар: “Исо ёлғончи эди. Биз уни ҳақиқатан ўлдирганмиз”, дейишган. Бошқалари бунга эътироз билдириб: “Агар Исо ўлдирилган бўлса, бизнинг соҳибларимиз қаерда? Агар соҳибларимиз ўлдирилган бўлса, у ҳолда Исо қаерда?” дейишган. Улар ичида: “Юз Исоники, бадан эса соҳибимизники”, деганлар ҳам бор. Хуллас, жуда кўп ихтилоф қилишган. Уларнинг биронтаси ҳам Исо ҳақида ҳақ гапни айтмаган .
“Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Уни Аллоҳ Ўз ҳузурига кўтарган. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”.
Бу ерда яҳудийлар даъвоси ёлғон экани, Исо алайҳиссаломга Аллоҳ нажот бергани таъкидланмоқда.
Яъни, яҳудийларнинг даъвоси ҳақиқатан анча йироқ. Аслида улар Исони ўлдирмаганлар. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аллоҳ Исони осмонга кўтарди ва ёмонликлардан сақлади. Аллоҳ таоло қудратли ва ҳикматли Зотдир. Қайси банда Ундан паноҳ сўраса, Аллоҳ унга паноҳ беради, уни азиз қилади. Аллоҳ тақдир қилган ҳар бир ишда ҳикмат бордир.
Демак, жумҳур уламолар наздида, Аллоҳ Исо алайҳиссаломни фақат руҳи билан эмас, балки танаси ва руҳи билан осмонга кўтарган.
“Ҳар бир аҳли китоб ўлими олдидан унга, албатта имон келтиради. Қиёмат кунида эса буларнинг зарарига гувоҳ бўлади”.
Муфассирлар бу оятни икки хил тафсир қилишган:
Биринчиси, “Ўлими олдидан унга” деганда, Исо алайҳиссалом кўзда тутилган. У ҳолда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: аҳли китобдан бўлган ҳар бир одам Исо алайҳиссалом охири замонда осмондан тушганида унга аниқ имон келтиради. Қиёмат куни эса, Исо алайҳиссалом аҳли китобни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақиргани, Унга бошқа нарсаларни шерик қилишдан қайтарганига гувоҳлик беради.
Мана шу қавлни кўпчилик муфассирлар маъқуллашган. Маъқуллаганларнинг аввалида муфассирлар устози Ибн Жарир Табарий туради. У киши турли қавлларни келтирганидан кейин: “Саҳиҳлик жиҳатидан энг афзал қавл шуки, аҳли китобдан бўлган ҳар бир киши Исо алайҳиссалом ўлимидан олдин Исога имон келтиради ”.
Ибн Касир Ибн Жарир афзал билган қавлни изоҳлаб шундай деган: “Ибн Жарир айтган гапнинг саҳиҳлигига шубҳа йўқ. Чунки оятнинг келтирилшидан мақсад яҳудийлар “Исони биз ўлдирганмиз” деган даъволарини бекор қилишдир. Аллоҳ хабар қилишича, асл ҳақиқат бундай эмас. Улар Исога ўхшаш одамни қатл қилганлар. Буни ўзлари аниқ билмайдилар. Шундан кейин Аллоҳ Исони ҳузурига кўтарди. Исо тирикдир, қиёматдан олдин ерга тушади”.
Шундан кейин Ибн Касир Исо алайҳиссалом замон охирлаганида осмондан ер юзига тушиши ҳақидаги ривоятларни бирма-бир келтирган .
Иккинчи қавлга кўра, “ўлими олдидан” деганда оятда ишора қилинган ҳар бир китобий – яҳудий ва насроний назарда тутилган. У ҳолда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: ҳар бир китобий ўлимидан олдин Исо алайҳиссаломга имон келтиради. Сабаби, ўлим арафасида яҳудий ва насронийларга ҳақиқат ошкор бўлади. Улар инкор қилиб келган таълимотнинг ростлиги аён бўлади. Ана ўшанда ҳар бир яҳудий ва насроний Исо алайҳиссаломга имон келтиради. У Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрор бўлади. Лекин бу вақтдаги имоннинг фойдаси йўқ. Ахир фурсат ўтиб бўлди. Жон чиқиш вақтидаги имон аҳамиятсиздир (Фиръавн сувга ғарқ бўлаётганида ўлими аниқ эканини билгач, “Аллоҳга ишондим, Мусонинг Парвардигорига ишондим!” деб айтган. Аммо Аллоҳ унинг жон чиқиш вақтидаги имонини қабул қилмаган. Демак, инсон ҳаётлик чоғини ғанимат билиб, Аллоҳ буюрган йўлдан юриши керак, танадан руҳнинг олиниши вақтидаги имон ҳам, тавба ҳам аҳамиятсиздир. Таржимон).
Бизнингча, иккала фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, иккиси ҳам ҳақ. Зеро, ҳар бир китобий вафотидан олдин Исо алайҳиссалом ҳақ пайғамбар эканини билади ва унга имон келтиради. Шунингдек, ҳар бир китобий охири замонда Исо алайҳиссаломнинг тушишига гувоҳ бўлади. Унга имон келтириб, ортидан эрашади.
Биз юқорида Исо алайҳиссалом ва унинг онаси Марям ҳақидаги қиссаларни ўқидик. Бу қиссалар ўзида жуда кўп ҳикматларни, ваъз-насиҳатларни жамлаган. Қуйида уларни қисқа суратда келтирамиз:
1. Аллоҳ таоло Имроннинг қизи Марямнинг шарафини олий қилган, унга кўп марҳамат кўрсатган. Парвардигори олам Марям ҳақида шундай деган: “Яна (Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни – Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Аллоҳнинг амрига) итоат этувчилардан бўлди” (Таҳрим сураси, 12-оят).
2. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан биридир. Аллоҳ унга жуда кўп каромат кўрсатди, рисолат ва нубувват билан унинг шарафини баланд қилди. Исо улул азм пайғамбарлардандир. У Парвардигорининг рисолатини одамларга етказди, уларни ихлосга, тоатга чақирди, ширкдан қайтарди. Исо ва онаси Марям Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи аломатлардандир. Аллоҳ таоло шундай деган: “(Кейин) Биз Марямнинг ўғли (Исони отасиз дунёга келтириш билан) ва унинг онаси (Марямни эрсиз фарзандли қилиш билан қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломат қилдик ва иккисини бир оқар сувли баланд-кўркам қароргоҳга жойладик” (Мўминун сураси, 50-оят).
Айтилишича, кўркам қароргоҳдан мурод, Фаластиндаги Байтул Мақдисдир.
3. Исо алайҳиссалом ва онаси залолатдагилар, кофир ва мушриклар айтган ҳар қандай айблардан покдирлар. Улар иккиси ҳам Аллоҳнинг бандасидир.
4. Исо алайҳиссалом қавмида ҳам Аллоҳга ихлос билан ибодат қилган, Парвардигорга тўлиқ итоат этган содиқ мўминлар бор эди. Шунингдек, Исога имон келтириб, аммо динда бидъатларни – янги нарсаларни ўйлаб чиқарганлар ҳам бор эди. Ваҳоланки, Аллоҳ уларни бунга буюрмаганди. Исо алайҳиссалом қавми ичида, шунингдек, ҳақ йўлдан оғиб, шайтонга малай бўлган фосиқ кимсалар ҳам мавжуд эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжилни ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз – буюрганимиз йўқ, Лекин ўзлари Аллоҳнинг розигини истаб (роҳибликни одат қилдилар-у), сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, Биз улардан имон келтирган зотларга ажр-мукофотларини ато этдик. (Аммо) улар орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят).
Парвардигоримиз Аллоҳ азза ва жалладан барчамизни тўғри йўлда бардавом қилишини сўраймиз!