close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

ҚУРЪОНИ КАРИМ ҚИССАЛАРИДАН АСҲОБУЛ КАҲФ ҚИССАСИ

Қуръони каримда муҳтарам пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган ҳодисаларни ёритувчи қиссалар билан бирга бошқа қавмлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Булар Қуръон ҳақ Калом эканига, Аллоҳнинг даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилади. Зеро, уларда оқил кишилар учун ибрат ва панд-насиҳатлар бордир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқарилган сўз эмас. Балки ўзидан аввалги нарсаларни (самовий китобларни) тасдиқловчи, (унга) имон келтирадиганқ қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).
Қуръони каримда пайғамбарлар қиссасидан ташқари яна асҳобул каҳф қиссаси, чоҳ эгалари қиссаси, боғ эгалари қиссаси, қишлоқ эгалари қиссаси, фил эгалари қиссаси, Зулқарнайн қиссаси, кучли сел ёпирилгани ҳақидаги қиссалар келтирилган. Ана шундай қиссалардан бири Асҳобул каҳф воқеасидир.
Асҳобул каҳф қиссаси Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келтирилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз ? Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик. Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик” (Каҳф сураси, 9-12-оятлар).
Имом Розий шундай деган: “Билгинки, Қурайшдан бир гуруҳ одамлар асҳобул каҳф қиссасидан ажабландилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни имтиҳон қилиш учун улар ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ: “Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?” деди. Яъни, бундай ўйлама! Зеро, Бизнинг оятларимизнинг ҳаммаси ажойибдир. Осмонлар ва ерни яратишга, ерни ўсимликлар, ҳайвонлар ва маъданлар билан зийнатлашга, кейин қуруқ ер қилиб қўйишга қодир бўлган Зотга одамлардан баъзи тоифаларни Ўз ҳимоясига олиш учун 300 йилдан зиёд ухлатиб қўйиш қийин эмас. Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодирдир ”.
Муфассирлар Асҳобул каҳф қиссаси нозил бўлишига бир қанча сабабларни келтиришган. Қисқаси, Қурайш қавми Назр ибн Ҳорис ва Уқба ибн Абу Муайтни Мадинадаги яҳудий олимлари олдига юборишган. “Улардан Муҳаммад ҳақида сўранглар. Уларга сифатини айтиб беринглар. У нима деяётганини хабар қилинглар. Зеро, улар аввалги аҳли китоблардир. Улар пайғамбарлар ҳақида биз билмаган нарсаларни билишади”, дейишди.
Бас, иккиси йўлга тушиб, Мадинага етиб келишди ва яҳудий олимларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўрашди ва ўз навбатида, у зотнинг сифатларини зикр қилишди. Яҳудий олимлари у иккисига: “Муҳаммаддан уч нарса ҳақида сўранглар. Агар у сизларга ўшалар ҳақида хабар берса, у ҳолда ҳақиқий пайғамбардир. Агар хабар қилолмаса, ёлғончи кишидир.
Аввало, сизлар бориб ундан “Ғор соҳиблари” хусусида сўранглар. Улар ҳақида хабар берсин. Бу борада ажойиб қисса бор. Кейин машриқ ва мағрибни айланган киши ҳақида хабар берсин. Сўнгра руҳ ҳақида  сўранглар. Руҳ нима эканини айтиб берсин. Агар Муҳаммад сизларга шу нарсаларни айтиб берса, бас, у пайғамбардир. Унга итоат этинглар!” дейишди яҳудий олимлари.
Назр ва Уқба ортга қайтиб, қавми олдига келишди.
– Эй, Қурайш жамоаси! Яҳудий олимлари Муҳаммаддан баъзи нарсаларни сўрашимизни буюрди, – дейишди.
Шундан сўнг улар Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб, яҳудийлар ўргатган саволларни беришди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сўраган нарсаларингиз ҳақида сизларга эртага хабар қиламан”, дедилар. Бироқ “Иншааллоҳ” (яъни, “Агар Аллоҳ хоҳласа”) демадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ ваҳий туширишини ўн беш кун кутиб қолдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот ҳузурларига келмади. Шунда Макка аҳли иғво тарқатиб: “Муҳаммад эртага хабар қилишни ваъда берганди. Бугун ўн бешинчи кун ҳам ўтяптики, сўраган нарсамиз ҳақида бирон нарса дегани йўқ”, деб ичларидан севинишди. Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий келмаётганидан ва Макка аҳлининг гапини эшитиб маҳзун бўлдилар. Ниҳоят, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳдан Асҳобул каҳф қиссасини олиб келди. Шунда у зот уларга мўмин йигитлар ва ер юзини айланиб чиққан киши ҳақида хабар бердилар. Руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло шундай жавоб қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилган ” (Исро сураси, 85-оят).
Асҳобул каҳф қиссаси баёни мана бу жумлалар билан бошланади:
“Балки Сиз каҳф (ғор) ва битик эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг оятларимизнинг энг ажойиби деб ўйлагандирсиз?”
“Каҳф” сўзи ичи кенг ғор маъносини англатади. Бу ердаги ғордан мурод, мўмин йигитлар ўзлари учун макон тутган жойдир.
Кучли қавлга кўра, “битик”дан мурод, асҳобул каҳф исмлари, насаблари ва қиссалари ёзилган лавҳ.
Яъни, эй муҳтарам пайғамбар, Биз сизга сўзлаб бераётган асҳобул каҳф қиссаси қудратимизга далолат қилувчи оятларнинг энг ажойиби деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ, бундай ўйламанг. Зеро, Бизнинг қудратимиз чексиздир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.
Шундан кейин йигитлар ғорга жойлашганларидан кейин айтган сўзлари келтирилади:
Эсланг, ўшанда у (мўмин) йигитлар ғорга паноҳ истаб боришиб: “Парвардигоро, бизларга Ўз ҳузурингдан раҳмат – марҳамат ато эт ва бизларнинг ишимизни ўнгла”, дедилар.
Бу ердаги “раҳмат” манзилдаги омонлик, ризқнинг кенглиги ва гуноҳларнинг мағфират этилишини ўз ичига олади.
Яъни, ўша йигитлар эътиқодларини сақлаш учун ўз масканларини тарк этиб, ғордан паноҳ топиб, у ерни ўзлари учун қароргоҳ қилиб олгач:
– Ё Парвардигор! Бизлардан марҳаматингни дариғ тутман. У билан қалбимиз таскин топсин, ишларимиз ўнглансин! Биз динимизни сақлаш, имонда мустаҳкам туриш ва тоатингда бардавом бўлиш йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзинг ишимизни осон қил, бизларга тавфиқ бер! – дея илтижо қилган вақтларини эсла!
Имонини сақлаш учун йўлга чиққан йигитлар камчилик эди. Улар жуда ёш бўлишларига қарамай имонлари саломатлиги учун борларини беришга тайёр эдилар. Ояти карима сиёқидан кўриниб турибдики, улар йўлларида учраган ғорни ўзлари учун маскан қилиб олганлар. Ҳа, улар эътиқодларини асраш йўлида қулай ва шинам уй-жойларини ташлаб, ғорни маскан тутдилар. Ғорга кириб, жойлашгач, дарров Аллоҳга тазарру қилдилар, У Зотдан яхшилик умидида дуо қилдилар.
“Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (ухлатиб) қўйдик”.
Бу ерда “қулоққа уриш” деганда ғорга кириб паноҳ топган йигитларнинг узоқ муддатга ухлатиб қўйилиши назарда тутилмоқда. Қулоққа уриш билан улар атрофидаги нарсаларни ҳис қилмайди, эшитмайди.
Яъни, йигитлар ғорга кирганларидан кейин Аллоҳ таолога дуо-илтижолар қилганларида, Аллоҳ уларнинг қулоқларини эшитмайдиган қилиб парда билан тўсиб қўйди. Натижада, улар уйғотиб юбориши мумкин бўлган нарсаларни эшитмайдиган бўлиб қолдилар ва қаттиқ уйқуга кетдилар.
Бу ерда “бир неча йил” деб умумий тарзда айтиляпти. Аммо қисса сўнггида улар ғорда 300 йилдан кўпроқ ухлаганлари баён қилинган.
Ўша йигитлар ҳис қилиш аъзоларининг барчаси тўсилганига қарамай Аллоҳ бу ерда қулоқни хослашига сабаб, айнан қулоқ инсоннинг уйғонишига асосий омилдир. Қулоқнинг эшитиш вазифаси ишдан чиқса, одамнинг ухлаши қийин бўлмайди.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эрта турмайдиган бир киши ҳақида: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар. Яъни, ўша нарса уни қуёш чиқишидан олдин туришига монеълик қилган.
Узоқ давом этган уйқудан кейин нима бўлгани қуйида баён қилинади:
“Сўнгра (уларнинг ичидаги қанча ухлаганлари ҳақида тортишадиган) икки гуруҳдан қайси бири турган муддатларини (тўғри) ҳисоблаганини билиш учун уларни уйғотдик”.
Кўпчилик муфассирлар наздида, икки гуруҳдан бири асҳобул каҳф, иккинчиси шаҳар аҳлидир. Аллоҳ асҳобул каҳфни шаҳар аҳлининг замонида (яъни, орадан уч юз йил ўтиб) уйқудан уйғотган эди. Улар мўмин йигитларнинг хабарларини билишарди.
Айтилишича, мўмин йигитларни уйғотган шаҳар аҳолиси икки тоифага: мўмин ва кофирга бўлинган. Улар ғорда қанча муддат турганлари ҳақида ихтилоф қилишган.
Қалб таскин топадиган қавл шуки, икки гуруҳ ҳам асҳобул каҳфдан бўлган. Чунки Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, деган.
Оятдаги “билиш”дан мурод, ҳақиқатни изҳор қилишдир. Балки қайси бир гуруҳ тўғрироқ ҳисоблашини билиш маъносида бўлиши ҳам мумкин.
Имонини саломат сақлаш мақсадида бўлган йигитларни Аллоҳ 300 йилдан ортиқ ухлатиб қўйиб, кейин бирон жойларини ўзгармаган ҳолда турғазиши У Зотнинг қудратига, Унга ихлос билан ибодат қилиш лозимлигига, ўлгандан кейин тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи аломатлардандир.
Юқорида асҳобул каҳф қиссаси умумий тарзда келтирилди. Энди мазкур қисса мукаммалроқ суратда баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз. Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир. Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз. Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди. Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! (Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб боринг. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди” (Каҳф сураси, 13-16-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад, Сизга ва умматингизга бу қиссани Биз сўзлаб берамиз. Бу қисса ердаги ва кўкдаги нарсалардан хабардор Парвардигорингиз томонидан нозил қилингандир. Унинг ростлигида шубҳа йўқ.
Аллоҳнинг: “Биз Сизга уларнинг хабарларини рўй-рост сўйламоқдамиз” дейишидан мўмин йигитлар ҳақидаги қисса баъзи одамларга маълум экани, аммо унга хурофот ва ботил нарсалар аралашиб кетганига ишора қилади.
“Ҳақиқатан, улар Парвардигорига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир”.
Ўша йигитлар Яратганга ихлос қилган, Парвардигорларига тўлиқ бўйин эгган, унинг ҳақлигига имон келтирган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг ихлосларини, ҳақ йўлда собитқадамликларини бардавом қилди. Ҳидоятларига ҳидоят, имонларига имонни зиёда қилди.
Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло уларни йигитлар, демоқда. Ёшлар кексалардан кўра ҳақни қабул қилишга мойил бўладилар. Сабаби, ёши қарилар бирон нарсани маҳкам ушлаб олсалар, ундан воз кечишлари қийин бўлади. Шу сабаб, Аллоҳ ва Расулига ижобат қилувчиларнинг кўпи ёш йигитлар бўлишган. Қурайш қабиласининг кексалари ўз эътиқодларидан (яъни, ширкдан) воз кечишмади. Жуда оз қисми имонга мушарраф бўлди.
Бир қанча имомлар, жумладан, Бухорий “Биз уларнинг имонларини зиёда қилдик” оятини имон зиёда бўлиши ва камайишига далил қилганлар .
Биз уларнинг дилларини (имон билан) қувватладик. Ўшанда улар туриб дедилар: “Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”.
Оятдаги “қалбни қувватлаш”дан мурод, уларнинг қалбларини мустаҳкамлаш, ҳақ йўлда сабот билан туришга йўллаш ва тасалли беришдир.
Улар қавмлари қилаётган нотўғри ишларни тарк этиш ва имон йўлида ҳар қандай машаққатга чидашга аҳд қилаётганларида шундай сўзларни айтишган. Ёки подшоҳлари уларни бут-санамларга сиғинишга ундаганида, сабот билан туриб ширк ва залолат йўлига юрмасликларини баралла эълон қилишган .
Нима бўлганда ҳам, ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар қалби мустаҳкам, ҳаққа бўйин эгган ва Аллоҳнинг зикри билан диллари хотиржам бўлган ёшлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг имонларини зиёда қилган, қалбларини саботли, бардошли қилган, Ўз паноҳида асраган.
“Бизнинг Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, дедилар.
Яъни, улар Аллоҳдан ўзга бирон нарсага ибодат қилмасликларини душманлари қаршисида туриб эълон қилдилар. Улар қатъият ва шижоат билан:
– Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир. У барча нарсани яратган Зотдир. Биз Аллоҳдан ўзга “илоҳ”ларга ҳаргиз топинмаймиз! – дедилар.
Алусийга кўра, мўмин йигитлар: “Парвардигоримиз осмонлар ва ернинг Парвардигоридир”, деб тавҳидур рубубияга, “Ундан ўзга “илоҳ”га ҳаргиз дуо-илтижо қилмаймиз”, деб тавҳидул улуҳияга ишора қилишган .
“Акс ҳолда ноҳақ (сўзни) айтган бўламиз”.
Яъни, Биз Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаймиз. Агар фаразан, Ундан ўзгасига дуо ва ибодат қилсак, у ҳолда ҳақиқат доирасидан узоқ гапни айтган бўламиз.
Бу оят ўша йигитлар имони қай даражада кучли бўлганини кўрсатади. Қайси банда ҳақ йўлда улар каби сабот билан тура олса, Аллоҳ таоло унинг қалбини қувватлантиради, қийинчилик ва машаққатларга сабрли қилади. Шунингдек, бу оят Аллоҳга ширк келтириш инсоннинг асл фитратига тескари эканига ҳам далолат қилади. Аллоҳнинг мана бу сўзлари нақадар ҳақ: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир” (Ҳаж сураси, 31-оят).
Йигитлар ўз имонларини ошкор қилиш билан бир қаторда қавмларининг ботил эътиқодини ҳам очиб ташладилар ва уларни инкор қилдилар:
“Ана у қавмимиз эса Ундан ўзга “илоҳ”ларни (худо) қилиб олдилар. Улар ўзлари учун аниқ бир ҳужжат келтирсалар эди”.
Маълумки, уларнинг қавми қилаётган ширк амалларига бирон нарсани далил қилиб келтиролмасдилар. Йигитлар бу ерда уларнинг ана ўша ожиз тарафларига урғу беришмоқда.
Яъни, ғайратли мўмин йигитлар Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, ҳар қандай ширк амални тарк этишга аҳд қилишгач, қавмлари қилаётган нотўғри ишларин инкор қилиш мақсадида:
– Манави қавмимиз жаҳолат домига тушиб қолишган. Улар бут-санамларни Аллоҳга шерик қилишяпти. Улар мана шу бут-санамлар Аллоҳга шерик қилиши жоизлигини қувватлайдиган бирон ҳужжат келтира оладиларми?! Шубҳасиз, улар бундай қилишдан ожиздирлар! – дедилар.
Бу оят динда ҳар бир нарсанинг собит ҳужжати бўлиши кераклигини ҳам кўрсатади.
Мушрикларнинг нозик жойини ушлаб, уларни ожиз қолдирувчи оят Қуръони каримнинг бошқа ўрнидан ҳам келтирилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мушрикларга) айтинг: “Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар беринглар – менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар? Ёки улар учун осмонлар(ни яратиш)да шериклик борми?! Агар ростгўй бўлсангиз, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни, аввалги уламолардан қолган бирон аниқ ҳужжатни) келтиринглар!” (Аҳқоф сураси, 4-оят).
Шундан сўнг мўмин йигитлар қавмларини зулмда айблаганлари баён қилинади:
“Бас, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!”
Аллоҳ номига ёлғон тўқиган, Унга ибодат қилиш ва итоат этишда шерик қилганлардан ҳам золимроқ кимса йўқдир! Зеро, Аллоҳ шерикдан пок Зотдир!
(Йигитлар!) Модомики, сизлар улардан ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан четланган – юз ўгирган экансизлар, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг қилади ва сизларнинг ишларингизни ўнглайди”.
Қисса давомида мўмин йигитлар ғордан паноҳ топиб, узоқ уйқуга кетганларидан кейинги ҳолатлари баён қилинади. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Қуёш чиқишда уларнинг ғорларидан ўнг тарафда ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга ўтиб кетганини, улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан. Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан. Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг” (Каҳф сураси, 17-18-оятлар).
Эй инсон, агар сен ғор эгаларини мана шу ҳолатда кўрсанг, қуёш машриқдан чиқиб, ғорларига нисбатан ўнг томонга ўтиб кетганини, ботишда уларнинг чап томонига ботганининг гувоҳи бўласан. Иккала ҳолатда ҳам қуёш зиёси уларга етиб бормайди. Бу Аллоҳ таолонинг ҳимоясидир. Қуёш тафти уларга азият етказмаслиги, рангларини ўзгартириб, либосларини чиритиб юбормаслиги учун шундай қилинди.
“Улар (ғорнинг) тўрида эканларини кўрасан”.
Яъни, улар ғорнинг ўртасида, кенг жойда ухлаб ётганларининг гувоҳи бўласан.
Ушбу оят тафсирида уламолар икки хил фикрдалар. Имом Розий буни қисқача шундай ифодалаган: “Биринчи қавл шуки, ўша ғорнинг оғзи шимол томонга очилган эди. Агар қуёш чиқса, ғорнинг ўнг томонида бўларди. Қуёш ботаётганида ғорнинг чап томонида бўларди. Қуёш зиёси ғор ичига етиб бормаган. Лекин ёқимли шабада ва ҳаво ғорга кириб турган.
Иккинчи тоифа уламоларга кўра, қуёш чиққанида Аллоҳ таоло унинг зиёсини ғорга тушишдан тўсган. Қуёш ботаётганида ҳам худди шундай бўлган. Бу одатдан ташқари ҳолат бўлган. Аллоҳ асҳобул каҳфга хослаган улуғ кароматдир бу ”.
Иккала фикрда ҳам жон бор. Аммо қалб иккинчи қавлга мойил бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “улар (ғорнинг) тўридадирлар” деган сўзи улар ғор ўртасида ухлаб ётганларини кўрсатади. Шунга қарамай уларга қуёш зиёси етиб бормаган. Бу уларнинг ҳоли ажиб бўлганидан дарак беради.
“Бу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир”.
Мана шу оят ҳам ғорга кириб паноҳ топган мўмин йигитларнинг ҳоли оддий эмас, ғаройиб, одатдан ташқари бўлганига ишора қилади.
Яъни, Биз уларга кўрсатган марҳаматимиз чексиз қудратимизга далолат қилувчи, иродамизга бирон нарса тўсқинлик қилолмаслигига ишора қилувчи аломатлардандир.
Оят мана бу жумла билан тугайди:
“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, унинг учун тўғри йўлга йўлловчи бирон дўст топа олмайсан”.
Аллоҳ кимни ҳақ йўлга ҳидоят қилса, ана ўша инсон ҳидоят топибди. У икки дунё саодатини қўлга киритибди. Аллоҳ қайси бандани тўғри йўлдан оздириб қўйса, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз унинг учун ҳақ йўлга йўлловчи биронта ҳам йўлбошчини топа олмайсиз.
Шундан кейин ғор ўртасида ухлаб ётган йигитларнинг ғаройиб кўриниши тасвирланади:
“Уйқуда эканлар, сен уларни уйғоқ, деб ўйлайсан”.
Яъни, эй хитоб қилинаётган инсон, агар сен уларни кўришга қодир бўлганингда, ухлаб ётган бўлсалар ҳам уларни уйғоқ деб ўйлаган бўлардинг.
Бунга сабаб, уларнинг кўзлари очиқ ва дам-бадам у ёқдан-бу ёққа ўгирилиб олишлари эди:
“Биз уларни ўнг томонга, сўл томонга айлантириб турамиз”.
Яъни, ухлаётганларида уларни ўнг ва чап томонга ўгириб қўямиз. Бу таналарини ҳимоя қилиш, кўп ухлаганлари сабаб ер жисмини чиритиб  юбормаслиги учун қилинган эди.
Асҳобул каҳф уйқу ҳолатида неча марта ўнг ва чап томонга ўгириб қўйилганини фақат Аллоҳ билади. Муфассирлар бу борада биронта ҳам саҳиҳ ривоятни келтиришмаган. Шунинг учун бу масалани четлаб ўтамиз.
Кейин ғор эгаларининг ити шундай тасвирланади:
“Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётади”.
Асҳобул каҳфга сафарда ҳамроҳ бўлган ит ғор оғзида икки оёғини чўзиб ётарди. Гўё ит эгаларини ҳимоя қилиб, уларнинг олдига биров киришига тўсқинлик қилиб тургандек.
“Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг, (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлар эдинг”.
Яъни, агар сен уларни шу ҳолатда кўрганингда, қўрқувдан ортингга қарамай қочган, қиёфаларидан даҳшатга тушган бўлардинг.
Уламолар бу оятдан бир қанча ҳукмларни чиқаришган. Жумладан, Ибн Касир шундай деган: “Ит, одатдагидек, эшик олдида ётган. Бу унинг одати ва табиатидир. Ит эшик олдида уларни қўриқлаб турган. У уй ташқарисида эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, ит бор уйга фаришталар кирмайди. Уларнинг итлари ғор эгалари баракасига шерик бўлди. Улар шу ҳолатда ухлаб қолишди. Бу яхши кишиларга суҳбатдош бўлишнинг фойдасидир. Мана шу сабаб ит зикр қилинган, у ҳақида хабар берилди ”.
Ибн Атийя отасидан ривоят қилади: “Мен Абулфазл Жавҳарий ҳижрий 469 йилда Миср жоме масжидида ваъз қилиб: “Ким аҳли хайрни яхши кўрса, уларнинг баракасидан насибадор бўлади. Бир ит фазилат аҳлини яхши кўрди ва уларга ҳамроҳ бўлди. Шу сабабдан Аллоҳ ўша итни Каломининг муҳкам оятларида зикр қилди”, деганини эшитганман”.
Қуртубий айтмоқчики, баъзи итлар солиҳлар ва авлиёларга ҳамроҳ бўлиб шундай улуғ даражага эришган экан, у ҳолда мўмин бандаларнинг валий ва солиҳлар билан аралашиб юриши ҳақида нима деб ўйлайсиз? Бу ерда камолот даражасига чиқа олмаган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зот оилаларини яхши кўрадиган мўминлар қалбига тасалли берилмоқда.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжиддан чиқдим. Масжид эшиги олдида бир кишини кўрдик. У: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У кунга нима тайёрлагансан?” дедилар. Бу саволдан ҳалиги киши хокисор бўлиб қолди (шашти тушиб кетди). Кейин: “Ё Расулуллоҳ, қиёмат кунига намоз, рўза ва садақа амалларидан кўпини ҳозирлай олмадим. Бироқ мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. Шунда у зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан”, дедилар” (Бухорий ривоят қилган).
Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: “Бас, мен Аллоҳ ва Расулини, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Гарчи улар каби амал қилолмасам ҳам, (жаннатда) улар билан бирга бўлишдан умид қиламан ”.
Қисса давомида уйқудан уйғонган йигитларнинг ҳолати ва ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида ҳикоя қилинади:
“Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик. Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар. (Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади. Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин. Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди” (Каҳф сураси, 19-20-оятлар).
Аллоҳ таоло “Ўзаро савол-жавоб қилишлари учун Биз уларни ана шундай уйғотдик”, дейиш билан асҳобул каҳф узоқ давом этган уйқудан нима сабаб уйғотилганини баён қилмоқда. Уйқудан турғазишнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Аммо бу ерда қисқа қилиб биргина сабаб зикр қилинмоқда.
Яъни, Биз мўмин йигитларни чуқур уйқуга кетказганимиздан кейин, улар бир-бирларидан сўрашлари учун уйқудан турғаздик.
Хўш, улар уйғониб, бир-бирларига қандай саволларни беришди?
Улардан бири деди: “Қанча (муддат ухлаган ҳолда) турдинглар?” Улар(нинг айримлари): “Бир куни ё ярим куни турдик”, дедилар”.
Йигитлардан бири:
– Бу ғорда қанча ухлаб ётдингиз? – деб сўради. Унинг саволига бошқалари:
– Бир кун ёки ярим кун ухлаган бўлсак керак. Қанча ухлаганимизни аниқ билмаймиз, – деб жавоб қайтарди.
Шундан кейин ғор эгаларидан баъзилар бунинг илмини Аллоҳга хослагани баён этилади:
(Қолганлари эса:) “Қанча (ухлаб) турганингизни Ёлғиз Парвардигорингиз билади”, дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мана шу оятни далил қилиб, асҳобул каҳф етти нафар бўлган, деб айтган. Чунки оятда “Улардан бири”, дейилмоқда. Бу бир киши. Унга берилган жавобда: “Бир ёки ярим кун турдик”, дейилмоқда. Бу кўпликдир. Унинг энг оз миқдори уч кишидир. Кейин “Қанча (ухлаб) турганингизни Парвардигорингиз билади”, дейилмоқда. Бу бошқа бир жамоа (уч кишининг) гапидир. Шу билан улар етти киши бўлади .
“Энди бир кишини мана бу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар”.
Яъни, бу ерда қанча муддат турганингиз ҳақида баҳслашишни тўхтатинг! Буни фақат Аллоҳ билади. Сизларлар ҳозир ичингиздан бир кишини манави кумуш тангалар билан яқин атрофдаги шаҳарга юборинглар. Бирон егулик олиб келсин. Ҳозир таомга муҳтожмиз.
Айтилишича, оятдаги шаҳардан мурод, ғорга киргунларича ўзлари яшаган шаҳардир.
“У энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ – насиба олиб келсин. У эҳтиёт бўлсин ва сизларни бировга сездириб қўймасин”.
Яъни, шаҳарга етиб борса, бозорни қидириб топиб, ундаги энг ҳалол, покиза, сифатли ва баракали таомлардан олиб келсин! Очликни қондирувчи энг сара егуликларни танласин. Шаҳарга киришда ва чиқишда эҳтиёт бўлсин. Уни биронтаси сезиб қолмасин! – деди.
“Чунки улар (яъни, шаҳар аҳли) сизлардан огоҳ бўлиб қолсалар, сизларни тошбўрон қиладилар ёки яна ўзларининг динларига қайтарадилар. У ҳолда, ҳеч қачон қутула олмайсизлар”, дейишди.
Шаҳарга сездирмай кириб-чиқиш сабаби баён қилинмоқда бу оятда.
Яъни, шаҳарга таом олишга борадиган киши энг тоза егуликлардан олсин ва сизларнинг хабарингизни бировга айта кўрмасин! Зеро, улар турган жойингизни билиб қолишса, тошбўрон қилишади ёки ўзларининг ботил динларига қайтаришга ҳаракат қилишади. Аллоҳ сизларга нажот берганидан кейин ўша нотўғри йўлларга кирсангиз, у ҳолда дунёда ҳам, охиратда ҳам нажотга эришолмайсиз!
Ақидасини кўз қорачиғидай асраш пайида бўлган бу мўмин йигитлар орадан 300 йилдан зиёд вақт ўтиб кетганини, замон ўзгариб, авлодлар алмашганини, ўзлари яшаб келган шаҳарларининг ташқи кўриниши ҳам бутунлай ўзгариб кетганини билишмасди. Аслида уларни ширкка масжбурлаган кимсаларнинг даври даврони аллақачон ўтиб кетган эди.
Ушбу ибратли қисса қуйидагича давом эттирилади:
“Шундай қилиб, Аллоҳнинг (қайта тирилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақ эканини ва (қиёмат) соатининг (келиши) шак-шубҳасиз эканини билишлари учун (одамларни ғордаги йигитлар аҳволидан) огоҳ қилдик. Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар. Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар. Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди” (Каҳф сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло асҳобул каҳф хабарини одамларга маълум қилишининг ҳикмати мана шу оятда баён этилмоқда.
Яъни, одамлар Аллоҳ таолонинг қайта тирилиш ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини кўзлари билан кўришлари, қиёмат қоим бўлишига шубҳа йўқ эканини билишлари учун ғордаги йигитлар хабарини уларга маълум қилинди.
Зеро, кимда-ким ғордаги йигитлар ҳолатини билса, узоқ муддат ухлаб ётиб кейин уйғонганларини кўрса, Аллоҳ таоло инсонларни қайта тирилтириб, қиёмат куни ҳисоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплашига кўзи билан кўриб тургандек аниқ ишонади.
Ривоят қилинишича, ғордаги мўмин йигитларнинг шериги таом сотиб олиш учун кумуш тангаларни олиб шаҳарга борганида, озиқ-овқат сотаётган бир киши олдига келиб, пулни унга берди. Сотувчи тангани кўриб, ҳайрон бўлди. Чунки ушбу танга анча йиллар олдин зарб қилинганди. Бундан бошқа савдогарлар ҳам хабар топишди ва унга: “Бу тангаларни қаердан олдинг?” дейишди. У: “Кеча шу тангага озроқ хурмо сотиб олгандим. Мен шаҳар аҳлиданман. Мушриклар тазйиқидан қўрқиб шерикларим билан ғордан паноҳ топганмиз”, деди. Бас, савдогарлар уни подшоҳ ҳузурига олиб боришди ва танга билан шаҳарга келган йигит қиссасини айтиб беришди. Подшоҳ бундан хурсанд бўлиб, бошқа шерикларини ҳам кўриш учун у билан ғорга келди. Асҳобул каҳфни кўргач, уларга салом берди. Шундан кейин Аллоҳ таоло уларни вафот эттирди .
Асҳобул каҳф вафотидан сўнг шаҳар аҳолиси нима қилгани қуйида келтирилади:
“Ўшанда (яъни, ғордаги йигитлар уйқудан уйғониб, одамлар бу мўъжизанинг гувоҳи бўлганларидан кейин, улар ажаллари етиб вафот этишгач,) ўзаро уларнинг ишлари ҳақида талашиб-тортиша бошладилар”.
Одамлар ғордан паноҳ топган йигитлар вафотидан кейин улар ҳақида ихтилоф қила бошладилар. Улардан баъзилар: “Улар фалон даврда яшаган”, деса, бошқалар: “Улар ғорда фалон йил туришган”, деб айтарди. “Уларнинг устига мана бундай бино қурамиз”, деганлар ҳам бор эди улар орасида.
Талашиб тортишганлар ичидан баъзилари мўмин, баъзилари кофир эди.
Бас, (айрим кишилар:) “Уларнинг устига уйлар бино қилинглар. Парвардигори уларни жуда яхши Билувчидир”, дедилар.
Ихтилоф қилаётганлар ичида айрим одамлар:
– Улар турган ғор оғзига бир уй қуринглар. То одамлар у ерга бориб, уларга азият етказмасин, – дедилар.
Улар ичидан баъзилари орадаги низога барҳам бериш, беҳуда тортишиш олдини олиш учун:
– Жанжални бас қилинг! Аллоҳ таоло уларнинг хабарларини билувчи Зотдир! – дедилар.
“Уларнинг устида ҳукмрон бўлганлар: “Албатта биз улар устида бир масжид қуриб оламиз”, дейишди”.
Шаҳардаги сўзи ўтадиган, гапи ерда қолмайдиган кишилар:
– Уларни табаррук қилиш учун устларига бир масжид – ибодат қиладиган жой қурамиз, – дейишди.
Алусий шундай деган: “Бу оят солиҳлар қабри устига бино қуриш, у ерда масжид қуриш, намоз ўқиш жоизлигига далил қилинган. Жумладан, Шиҳоб Хафожий Байзовий тафсирига ёзган ҳошиясида буни зикр қилган. Бу ботил ва ўта нотўғри гапдир. Чунки Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ қабрларни зиёрат қиладиган аёлларни ва унинг устига масжидлар ва ўриндиқлар қилиб оладиганларни лаънатлаган”, дейилган.
Имом Муслим ривоятида шундай дейилган: “Огоҳ бўлингларки, сизлардан олдингилар пайғамбарлари қабри устида масжид (қуриб) олишган. Мен сизларни бу ишдан қайтараман”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳудий ва насронийларни лаънатлаган” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Шундан сўнг асҳобул кафҳ неча киши бўлгани ҳақидаги низо ва унинг ечими келтирилади:
“Ҳали улар (яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга замондош бўлган яҳудий ва насронийларнинг айримлари ўша асҳобул каҳфни:) “Учтадир, тўртинчилари итларидир”, десалар, айримлари: “Улар бешта бўлиб олтинчилари итларидир”, деб ғайбга тош отадилар. Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг! Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!” (Каҳф сураси, 22-оят).
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, одамлар асҳобул каҳф ҳақида баҳслашадилар. Улардан баъзилар: “Улар учта бўлган. Тўртинчилари итларидир”, деса, бошқалар: “Улар бештадир. Олтинчилари итларидир”, деб аниқ билмаган нарсалари ҳақида гап сотадилар.
“Ғайбга тош отадилар” деб, “учтадир, тўртинчилари итлари”, “бештадир, олтинчилари итлари”, деб ихтилоф қилган кишиларга раддия берилмоқда.
“Ғайбга тош отиш”дан мурод, ҳужжат-далили бўлмаган ҳолда тахмин ва шубҳа-гумон билан гапириш, ўзи аниқ билмаган нарса ҳақида талашиб-тортишишдир.
Шундан кейин ҳақиқатга яқинроқ бўлган қавл келтирилади:
Яна: “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, ҳам дейдилар.
Яъни, мўминлар: “Асҳобул каҳф еттитадир, саккизинчилари итлари”, дейишади.
Ибн Касир шундай деган: “Аллоҳ таоло бу ерда асҳобул каҳф ҳақида одамларнинг ихтилофини келтирган ва уч хил қавлни зикр қилган. Тўртинчи гапни ҳеч ким айтмаган. У Зот “Ғайбга тош отадилар”, деб аввалги икки гап заиф (аҳамиятсиз, нотўғри) эканига ишора қилган. Кейин “Улар еттитадир, саккизинчилари итларидир”, деб учинчи қавлни келтириб, сукут қилган ёки тасдиқлаган. Бу охиргиси тўғри экани, ҳақиқат айнан шундайлигига далолат қилади ”.
Кейин Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф сони ҳақида тортишаётганларга қандай хитоб қилишни ўргатади:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Сиз “Уларнинг ададларини энг яхши биладиган Зот Парвардигоримдир. Уларни жуда оз киши билади”, денг!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, ғор эгалари сони ҳақида баҳслашаётганларга:
– Парвардигорим азза ва жалла ғор эгаларининг сонини сизлардан яхшироқ билади. Сизлар эса фақат гумон қилмоқдасизлар. Парвардигоримнинг илми эса аниқ ва батафсилдир. Аллоҳ барча нарсани қамраб олган Зотдир. Асҳобул каҳф сони қанчалигини жуда ҳам оз одамлар билади, – деб айтинг.
Бу ерда имонларини сақлаш учун ғордан паноҳ топган мўмин йигитлар сони қанчалигини кам одамлар билиши таъкидланмоқда.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен ана ўша камчилик одамларданман. Улар етти нафар бўлишган”, деган ва исмларини бирма-бир зикр қилган.
“Бас, улар хусусида фақат (ўзингизга нозил бўлган ваҳий воситасида) очиқ мужодала – мунозара қилинг ва (асҳобул каҳф) ҳақида уларнинг биронтасидан фатво – савол сўраманг!”
Яъни, шундай экан, ғор соҳиблари хусусида бирон киши билан баҳслаша кўрманг! Илло ўзингизга ваҳий қилинган нарсалардан четга чиқмаган ҳолда очиқ мунозара қилинг! Мўмин йигитлар ҳақида улардан сўраманг! Сабаби Сизга ваҳий қилинаётган қисса аҳли китобдан сўрашга ҳожат қолдирмайди.
Шундан кейин келажакда бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ”, дейиш лозимлиги таъкидланади:
“Ва бирон нарса ҳақида: “Мен албатта бу ишни эртага қилувчиман”, дея кўрманг. Магар “Иншааллоҳ! – Аллоҳ хоҳласа”, (денг. Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг ва: “Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, асҳобул каҳф ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга яхшироқ далолат қиладиган) тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг !” (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).
Имом Қуртубий шундай деган: “Кофирлар руҳ, мўмин йигитлар ва Зулқарнайн ҳақида сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саволингизга эртага жавоб қайтараман”, деб “Иншааллоҳ”, демаганлари учун Аллоҳ Расулига танбеҳ берган .
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, бирон ишни келажакда бажаришга қарор қилсангиз, “Мен буни эртага қиламан!” деб айтманг. Балки ишингизни Аллоҳнинг изни-иродасига боғланг. “Мен бу ишни эртага Аллоҳнинг изни ва хоҳиши билан бажараман”, денг. Зеро, сиз ва бошқалар томонидан қилинадиган иш-ҳаракат Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқдир. Бандалар қиладиган барча ишлар Аллоҳга аён. Агар У Зот хоҳласа, ўша иш содир бўлади, хоҳламаса, йўқ.
Бу ерда келажакка оид режа тузиш, эртанги қилинадиган ишларни ният қилишдан эмас, балки қиладиган иши ҳақида: “Мен буни шубҳасиз амалга ошира оламан”, деб аниқ ўзига ишонишдан қайтарилмоқда. Зеро, эртага нима бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.
Оқил киши Аллоҳ жорий қилган сабабларни юзага келтиради. Кейин уни Аллоҳнинг иродасига боғлайди, “Эртага фалон ишларни аниқ бажараман”, деб айтмайди, балки “Агар Аллоҳ хоҳласа, мана бу ишларни қиламан”, деб барча нарсани Аллоҳга ҳавола қилади. Мўмин банда Аллоҳнинг хоҳиши ўзининг хоҳишидан устун эканини, ожизона тадбиридан кўра Аллоҳнинг ҳикматли тадбири мутлоқ олий эканига аниқ имон келтиради.
Ҳаётда қанчадан-қанча инсонлар ўзларича бирон ишни қилмоқчи бўлиб, унга обдон тайёргарлик кўрадилар. Кейин Аллоҳнинг иродаси унинг ўйлаган режасини ўзгартириб юборади. Сабаби ўша одамлар ишни бошлашдан олдин Аллоҳнинг хоҳиши ўзларинкидан устун келишини хаёлларига келтирмагандилар. Аллоҳ ожиз банда ўрганиб қолган одатларни бузишга, кутилмаган ишларни қилишга қодирдир. Аллоҳ ҳикматли ва меҳрибон Зотдир.
“(Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг”.
Яъни, бирон ишни қилишдан олдин “Иншааллоҳ”, деб айтинг. Агар ишларни Аллоҳнинг иродасига боғлаш ёдингиздан кўтарилса, эслашингиз билан айтинг.
Бу оятдан маълум бўладики, бирон ишни қилишдан олдин, албатта “Иншааллоҳ” – агар Аллоҳ хоҳласа қила оламан бу ишни, деб айтиш лозим. Агар унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади. Шунда ишларни Аллоҳга ҳавола қилган, оятда айтилган кўрсатмани бажарган бўлади.
“Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят қилса”, денг!
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, бирон иш қилмоқчи бўлсангиз, Парвардигорингиз хоҳишини илгари қўйинг. Агар унутсангиз, эслаган вақтингизда айтинг ва шояд Парвардигорим менинг Пайғамбар эканимга далолат қилувчи асҳобул каҳф қиссасидан ҳам яхшироқ ҳужжат-далилни берса, деб айтинг!
Аллоҳ таоло у зот алайҳиссалом сўраган нарсани ато қилди: Расули акрамга анбиёлар қиссаларини, ғайб хабарларини етказди.
Асҳобул каҳф ҳақида одамлар томонидан қилинган баҳс-мунозара баёнидан кейин Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат турганларини очиқ-ойдин маълум қилган:
“Улар ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар . (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир. Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир. У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир! Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди” (Каҳф сураси, 25-26-оятлар).
Йигитлар ғорда 300 йил ухладилар. Бунга яна тўққиз йилни зиёда қилишди.
Бу ерда Аллоҳ таоло мўмин йигитлар ғорда қанча муддат ухлаганлари ҳақида хабар қилмоқда. Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким аниқ билмайди. Одамларнинг бу ҳақидаги гаплари тахмин, шубҳа-гумондан иборатдир.
Баъзилар айтишича, “улар ғорларида уч юз йил турдилар” жумласи аҳли китобга тегишлидир. Аллоҳ уларга раддия бериб, “Уларнинг қанча турганларини Аллоҳ яхшироқ билувчидир”, деган.
Имом Ибн Касир иккала қавлни келтириб, улардан аввалгисини тўғрироқ деб билган ва: “Бу билан Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга асҳобул каҳф ғорда қанча муддат турганларини хабар қилмоқда. Улар қамарий йил ҳисобига кўра, 309 йил, шамсий йил ҳисобига кўра, 300 йил ухлашган. Қамарий ҳисоб ҳар 100 йилда шамсийдан 3 йилга фарқ қилади. Шу сабаб Аллоҳ уч юз йилдан кейин “яна тўққиз йилни зиёда қилдилар”, деган ”.
“Осмонлар ва ернинг сирлари Ёлғиз Уникидир”.
Бу ерда йигитлар ғорда қанча турганларини фақат Аллоҳ аниқ билиши алоҳида таъкидланмоқда.
Яъни, осмонлар ва ердаги барча нарсани Аллоҳ билади. У Зотдан ҳеч нарса махфий қолиб кетмайди.
“У Зот нақадар Кўрувчи, Эшитувчидир!”
Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, барча нарсани эшитиб туради. Хоҳ катта, хоҳ кичик, хоҳ махфий, хоҳ ошкора бўлсин, бирон нарса Унинг назари ва эшитишидан четда қолмайди. (Аллоҳнинг кўриши ва эшитиши одамларникига умуман ўхшамайди. Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларга ўхшашдан Пок Зотдир. – таржимон).
Аллоҳ таоло оятни қуйидаги жумла билан тамомлайди:
“Одамлар учун Ундан ўзга дўст-мадакор йўқдир. У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмайди”.
Осмонлар ва ер аҳли орасида Аллоҳдан ўзга кўмакчи, мадад берувчи, ишларни тадбир қилувчи йўқдир. Аллоҳ таоло Ўз ҳукмида яратганларидан биронтасини шерик қилмайди.
Муфассирлар юқоридаги оятлар тафсирида қуйидаги масалаларни зикр қилишган:
Мўмин йигитлар қўним топган ғорнинг қаерда жойлашгани ва улар қайси замонда яшаб ўтишгани.
Уламолар асҳобул каҳф турган ғор қаердалиги ҳақида бир қанча фикрларни айтишган. Улар ичида энг машҳурига кўра, у ғор Эфес деб аталадиган шаҳар яқинидадир. Бу шаҳар ҳозир Туркия ҳудудида. Айтилишича, у Измир шаҳридан 40 мил масофа узоқликдадир. Ҳозир “Аёзбук” номи билан танилган.
Бошқа бир қавлга кўра, ғор “Абсус” дейиладиган мамлакатдадир.
Яна бир қавлга кўра, ўша ғор Ақаба кўрфази ва Фаластин оралиғидаги Петра номли мамлакатдадир. Бу ҳақида бошқа фикрлар ҳам айтилган. Аммо уларни зикр қилишдан бирон манфаат бўлмагани боис сўзни қисқароқ қилишни лозим топдик.
Жумҳур муфассирларга кўра, мўмин йигитлар мелодий III асрда, Рим императори Дақёнус замонида яшаб ўтишган. Дақёнус одамларни бут-санамларга сиғинишга мажбур қилар, сўзига кирмаганларни қаттиқ азобларди.
Қуйида асҳобул каҳф қиссасидан олинадиган энг муҳим фойдаларни қисқача зикр қиламиз:
1. Асҳобул каҳф қиссаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан етказган нарсаларнинг ҳақ эканига далолат қилади. Одамлар мўмин йигитлар ҳақидаги қисса борасида жуда кўп ихтилоф қилишди. Аллоҳ Ўз Расулига ваҳий қилиб, улар тортишаётган масалани очиқ-ойдин баён қилиб берди.
2. Имон қалбга маҳкам ўрнашса, банда учун ҳамма нарса осон бўлади.
3. Мўмин банда доим, айниқса, қийин дамларда, ғам-ташвишга ботганда Аллоҳ таолога дуо қилиши керак. Киши Аллоҳга тақво қилса, У Зотга итоат этса, Аллоҳ унга машаққатдан чиқар йўлни пайдо қилади, ғам-ташвишдан халос қилиб, уни ўйламаган томонидан ризқлантиради ва турли шикаст-балолардан сақлайди.
4. Холис ният ва тўғри фикр кишини ҳақиқат сари бошлайди. Покиза қалб соҳиблари яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар.
5. Шаръий сабабларни юзага келтириш Аллоҳга таваккул қилишга зид эмас. Йигитлар Аллоҳга таваккул қилиб йўлга чиқдилар ва ҳожат бўлганида ишлатиш учун пул ҳам олдилар. Демак, оқил мўминнинг Аллоҳга таваккули ва сабабларни юзага келтириши орасида зиддият пайдо бўлмайди.
6. Асҳобул каҳф қиссаси Аллоҳ таоло Ўзи яратган мавжудотларни қайта тирилтиришга қодир эканига ишора қилади.
7. Мўмин киши бирон ишни қилишни қалбига тугса, албатта “Иншааллоҳ”, дейиши керак. Зеро, у барча нарса Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ эканига имон келтиради.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase