Сувнинг термал хусусиятлари Ерда иссиқ ва уйғун иқлим шаклланишида бош ролни ўйнайди. Сувнинг ўзига хос молекуляр хусусиятлари туфайли денгизлар қуруқликка қараганда секинроқ исийди ва совийди. Шунинг учун Ерда энг иссиқ ва энг совуқ жойлардаги ҳароратнинг фарқи 140 даражани ташкил этади. Денгизда эса ушбу кўрсаткич 15-20 даража чегарасидадир. Худди шундай фарқ кундузги ва тунги ҳароратлар ўртасида ҳам кузатилади. Қуруқликнинг чўл ҳудудлари ҳароратларининг фарқи 20-30 даражани ташкил қилади. Денгизда эса у бир неча даражадан ошмайди. Нафақат денгизлар, балки атмосферадаги сув буғланишлари ҳам ердаги иқлимни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Натижада сув буғланиши миқдори жуда ҳам кам бўлган чўлларда кундузги ва тунги ҳароратларнинг бир-биридан фарқи максимал даражада, денгиз иқлимли минтақаларда эса фарқ солиштириб бўлмас даражада кичик бўлади.
Сувнинг ғаройиб иссиқлик хусусиятлари оқибатида кундузги ва тунги, ёзги ва қишки ҳароратлар ўртасида фарқ доимий даражада, инсон ва бошқа организмлар яшашига имкон берувчи чегарада бўлиб келмоқда.
Агар дунёда сув қуруқликдан кам бўлганида, сайёранинг катта ҳудудлари чўлларга айланар, ҳарорат бир мунча катта бўлиб, умуман яшаб бўлмас эди. Бироқ сувнинг нафақат физик, балки кимёвий хусусиятлари ҳам ҳаёт талабларига идеал даражада мос келади. Авваламбор, сув жуда катта эритувчанлик хусусиятига эга бўлиб, деярли барча кимёвий моддалар сувда эриши мумкин. Бунинг натижасида фойдали минераллар ва ердаги бошқа моддалар сувда эриб, дарёлар орқали денгизларга ўтади. Ҳар йили денгиз ҳаёти учун зарур 5 миллиард тонна турли моддалар денгизларга келиб тушади.
Сувнинг яна бир ажойиб хусусияти – у катализатор сифатида деярли барча маълум бўлган кимёвий реакцияларни тезлаштиради, бунда унинг кимёвий фаоллиги мутлақ равишда идеалдир. У сульфат кислота каби жуда катта ва емирувчи ҳам эмас. Лекин биронта ҳам кимёвий реакцияда иштирок этмайдиган аргончалик кичкина ҳам эмас.
Олимлар ўз тадқиқотларида сувнинг ҳаёт эҳтиёжларига ғаройиб даражада мос келишининг янгидан-янги қирраларини очиб келмоқдалар.
Йель (Yale) университетининг биофизика профессори Гарольд Моровиц шундай дейди:
«Сўнгги бир неча йилда ўтказилаётган тадқиқотлар сувнинг ғаройиб хусусиятларини янгича тушунишдан далолат беради. Биз қанчалик кўп билиб борар эканмиз, табиат ва ҳаётнинг том маънода уйғунлигига шунчалик кўп лол қоламиз».
Сувнинг мавжуд бўлиши ҳаёт учун ўта муҳимлиги равшан нарса. Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло Унинг буюк марҳамати билан одамларга туҳфа қилинган сув барча тирик жонзот учун зарурлигини эслатиб ўтади.
Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:
«Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз» (18-оят).
Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерда жойлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким осмондан керакли миқдорда сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушгандир. Ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Шунинг ўзини ибрат назари билан ўйлаган одам иймонга келиши керак.
«Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз».
Сувни келтирган Зот уни кетказа олмасмиди? Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Улар ҳам одамларни иймонга чақирадиган ибратли нарсалардир.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади:
«У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик… у ила ўлик юртни тирилтиришимиз ва ўзимиз яратган кўплаб чорваларни ҳамда инсонларни суғоришимиз учун» (48-49-оятлар).
Оқар суви йўқ саҳровий юртларнинг одамлари ушбу ояти кариманинг маъносини ҳаммадан кўра яхши тушунсалар керак. Бир томчи ҳам оқар сув йўқ. Қуёш оламни оловдай қизитади. Ҳамма ёқ қақраган. Ҳамма чанқаган. Ана шу пайтда шамол эсиб қолса, ҳамма хушнуд бўлади. Чунки бу шамол ёмғирнинг даракчисидир. Ёмғирнинг эмас, Аллоҳ раҳматининг хушхабарчиси. Дарҳақиқат, Аллоҳ юборган шамол бир томчи сувга зор бўлиб турган бу диёр учун Унинг раҳматининг хушхабари бўлади. Аллоҳ ёғдирадиган ёмғир ўша диёр аҳли учун Унинг раҳматидир.
Ёмғир ёғиши билан ўша юрт тирилади. Аввало, қақраб ётган ер ўликдан тирикка айланади. Сўнгра қуриб бораётган дарахтлар ва ўсимликларга жон киради. Дунё бутунлай бошқача кўриниб қолади. Айниқса ҳайвонлар ўзларига келиб, ташналиклари қониб, ҳаракатга тушиб қоладилар. Албатта, ҳаммадан кўра инсон яйрайди, Аллоҳнинг раҳматидан ғоятда шод бўлади. Чунки ёмғир ёғиши унинг ризқи мўл бўлишига, айни пайтда танасининг бу дунёда бир оз бўлса-да роҳат олишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам у Аллоҳ осмондан туширган пок сувдан ғоят шодланади.
«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан