Аллоҳ таоло: «Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз. Ва у (дўзахда) ҳалок бўлган вақтида молу дунёси унга фойда бермас» (Вал-лайл сураси, 8-11-оятлар).
Бу бобга тааллуқли ҳадисларнинг аксарияти юқоридаги бобда келди.
562/1. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Зулмдан қўрқинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида зулматдир. Хасисликдан қўрқинглар. Чунки хасислик сизлардан олдингиларни ҳалок қилган. Ҳаттоки бу хасислик бир-бирларининг қонларини тўкишга ва ҳаром нарсаларни ҳалол этишгача олиб борган», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 14561 марта кўрилди
61-БОБ. Бахиллик ва хасисликдан қайтариш ҳақида
- Создано 16 Октябр 2022
- 14568 марта кўрилди
62-БОБ. Бошқаларни ўзидан ҳақдор деб билиб, уларга ҳамдард бўлиш тўғрисида
Аллоҳ таоло: «Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар» (Ҳашр сураси, 9-оят).
«Ва таомни суюб-хоҳлаб турсаларда, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар» (Инсон сураси, 8-оят), деб айтган.
563/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «эй Аллоҳнинг Расули, мен очликдан қийналиб кетдим», деганида, у зот хотинларининг баъзиларидан таом сўраб, одам жўнатдилар. Шунда хотинлари: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, менинг ҳузуримда сувдан бошқа нарса йўқдир», деди. Кейин бошқа хотинларига одам юбордилар. У ҳам аввалгиси каби сўз айтди. Ҳаттоки барчалари: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ҳузуримда сувдан бошқа нарса йўқдир», деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кечада (мана бу кишини) ким меҳмон қилади?» дедилар. Ансорийлардан бир киши: «Мен меҳмон қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деб, уйига борди-да хотинига: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам меҳмонларини ҳурмат қил», деди.
Бошқа ривоятда у киши хотинига: «Сенда егулик бирор нарса борми?», деди. Хотини: «Йўқ, фақат болаларимга кифоя қилгудек овқат бор», деди. Шунда у киши: «Болаларни бирор нарса ила юпатиб тур. Агар кечки овқатни хоҳлашса, ухлатиб қўй. Меҳмонимиз уйга кирганида чироғни ўчириб қўй. Меҳмонга биз ҳам еяётгандек бўлиб кўринайлик», деди. Улар овқатга ўлтиришди. Меҳмон овқат еди. Икковлари оч ҳолда ётишди. Қачонки тонг отганида ҳалиги ансорий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борганида у зот: «Аллоҳ таоло сиз эр-хотиннинг бу кеча ўз меҳмонларингизга нисбатан қилган ишингиздан мамнун бўлди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
564/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига тайёрланган таом уч кишига кифоя қилади. Уч кишига тайёрланган таом тўрт кишига кифоя қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг Жобирдан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида: «Бир кишининг таоми икки кишига, икки кишининг таоми тўрт кишига, тўрт кишининг таоми саккиз кишига кифоя қилади», дедилар», дейилган.
565/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Бир киши уловини минган ҳолда келиб, кўзини ўнг ва чап томонга қарата бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг эҳтиёжидан ортиқча маркаби бўлса, уни маркаби йўққа берсин. Кимнинг ортиқча таоми бўлса, таоми йўққа берсин», деб яна бошқа турли молларни ҳам зикр қилдилар. Биз бу айтган гапларини эшитгандан кейин бирор киши ортиқча молига ўзининг ҳаққи йўқ экан-да, деган қарорга келдик. Имом Муслим ривоятлари.
566/4. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аёл Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам тўқилган бир кийим олиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни сизга кийдираман, деб ўз қўлим билан тўқиганман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларига керак бўлгани учун ҳам уни олдилар. Сўнгра (ичкарига кириб), изор ўрнида кийиб, бизнинг олдимизга чиқдилар. Шунда ўша ердагилардан бири: «Мунча ҳам яхши экан, шуни менга кийдиринг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бўпти», дедилар-да, ўша ердаги мажлисда ўтириб, кейин қайтиб кетдилар. Сўнгра уйларига бориб, уни бир кийиб кўриб, ҳалиги кишига бериб юбордилар. Қавмдагилар у кишига: «Яхши иш қилмадинг, у зотнинг бирор нарса сўраган кишига йўқ демасларини яхши билар эдинг-ку», дейишди. У киши эса: «Аллоҳга қасамки, мен буни кийиш учун сўрамадим. Балки ўлганимда кафан бўлиши учун сўрадим», деди. Саҳл розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқатда бу кийим ўша кишига кафанлик бўлди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
567/5. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ашъарий жамоасининг урушда озуқалари тугаб қолай деса ёки Мадинада бола-чақаларининг таоми озайиб қолса, ўзларида бор нарсаларни бир чопонга жамлашар эди-да, кейин бир хил идишда баробар қилиб, ўрталарида тақсимлаб олишар эди. Улар мендан ва мен улардандирман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 19284 марта кўрилди
64-БОБ. Беҳожат бўлиб, шукр айтувчининг фазилати, яъни ҳалоллик билан топиб, уни ўз ўрнига ишлатиш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Вал-лайл сураси, 5-7-оятлар).
«Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот у (дўзах)дан йироқ қилинур. У (тақводор зот) ҳузурида-зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг Юзини-ризолигини истаб (мол-давлатини сарф қилур). Ва яқинда (Парвардигори унга ато этадиган мукофот-жаннат неъматларидан) рози бўлур» (Вал-лайл сураси, 17-21-оятлар).
«Агар садақаларни ошкора ҳолда берсангиз, жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир-камбағалларга берсангиз – бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271-оят).
«То сизлар сўйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур» (Оли Имрон сураси, 92-оят).
570/1. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига ҳасад қилиш жоиз. Биринчиси: Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берсаю, у киши ўша мол-дунёни ҳақ йўлда инфоқ қилса. Иккинчиси: Аллоҳ таоло бир кишига ҳикмат (илм) ато этсаю, у киши ўша илми билан ҳукм қилиб ва ўша илмини одамларга таълим берса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
571/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки тоифа кишига ҳасад қилиш жоиз. 1. Аллоҳ бир кишига Қуръони карим ато қилса, у киши уни кечаю кундуз тиловат қилса. 2. Бир кишига мол-дунё ато қилса, у киши кечаю кундуз молидан инфоқ қилса», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
572/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Камбағал муҳожирлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бадавлат биродарларимиз олий даражалар ва доимий неъматларга эришишмоқда», дейишганида, у зот: «Бу нима деганинглар?» деб айтдилар. Шунда улар: «Бадавлат биродарларимиз биз ўқигандек намоз ўқишади ва биз тутгандек рўза тутишади. Ва (камига) садақа бериб ҳамда қул ҳам озод қилишади. Биз эса садақа ҳам бера олмаймиз, қул ҳам озод эта олмаймиз», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шу айтган нарсамни бажарсангизлар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар ва кейингилардан ўзиб кетасизлар. Ҳеч ким сизлардан афзал бўла олмайди. Фақат сизлар бажаргандек амал қилишса, афзал бўлишади», деганларида, улар: «Ҳа ўргатинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар намоз кетидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз уч марта «Аллоҳу Акбар» деб айтишдир», дедилар. Озгина фурсатдан кейин яна камбағал муҳожирлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, бадавлат кишилар ҳам (бизга айтган нарсаларни) эшитиб, биз амал қилганимиз каби бажаришмоқда-ку», дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Аллоҳнинг фазли-карами бўлиб, хоҳлаган кишисига беради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафздир.
Фойда: Аллоҳ бир кишини бадавлат қилиши ҳам, камбағал этиши ҳам синов ва имтиҳондир. Ҳақиқий мўмин камбағаллик пайтида сабр қилиб, бойиганида ҳаддидан ошмай шукр қилади.
- Создано 16 Октябр 2022
- 75 марта кўрилди
63-БОБ. Охират ишларида мусобақалашмоқ ва баракали нарсаларни кўпайтирмоқ тўғрисида
Аллоҳ таоло: «Бас, баҳслашгувчи - мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар - мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун сураси, 26-оят), деб айтган.
568/1. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир ичимлик келтирилди. У зот ўша ичимликдан ичдилар. Ўнг томонларида бир бола ва чап томонларида қариялар бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги болага: «Мана бу қарияларга шу ичимликни бермоқликка ижозат берасанми?» дегандилар, ҳалиги бола: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиздан ортиб қолган насибамни бирор кишига бермайман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам идишни у болани қўлига узатдилар (ўша бола Ибн Аббос эдилар). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
569/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Бир куни Аюб алайҳиссалом ялонғоч ҳолатда чўмилаётган эдилар, олдиларига тилла чигиртка келиб тушди. Аюб алайҳиссалом уни кийимларига ўраб олдилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Эй Аюб, мен сени бу нарсалардан беҳожат қилмаганмидим?» деди. Аюб алайҳиссалом: «Тўғри, лекин Сенинг иззатингга қасамки, мен баракотингдан беҳожат эмасман», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Барака ва фазлни талаб қилиш, ўзи ва бошқалар фойдаланиши учун мол тўплаш жоизлиги маълум бўлади. Ҳамда мол-дунё кўпайиб кетганда ҳам Аллоҳга муҳтожликни ҳис қилиб туриш лозим.
- Создано 16 Октябр 2022
- 95 марта кўрилди
65-БОБ. Ўлимни эслаш ҳамда орзуларни камайтириш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир» (Оли Имрон сураси, 185-оят),
«Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас» (Луқмон сураси, 34-оят),
«Бас, қачон уларнинг ажаллари етиб келганида эса уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар», (Наҳл сураси, 61-оят),
«Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир. Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда) лардан бўлсам», деб қолишидан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз. (Чунки) Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 9-11-оятлар).
«Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат, бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» Бас қачон сур чалинганида (Яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ъам ыила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчидирлар. (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди, сизлар уларни ёлғон деган эмасмидингиз?!». (Мўминун сураси, 99-106-оятлар).
«Ерда қанча йил турдинглар?» деди (Аллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришталардан) сўрагин», (Аллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда), жуда оз турдингизлар (яъни сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир). Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)» (Мўминун сураси, 112-115-оятлар).
«Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)? Улардан (яҳудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар» (Ҳадид сураси, 16-оят), деб айтган.
573/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
574/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мусулмон кишининг қўлида васият қиладиган нарсаси бўлатуриб, васият ёзмасдан икки кеча ўтказмоғи муносиб эмасдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ҳадис Бухорийнинг лафзлари бўлиб, Муслимнинг ривоятларидаги лафзда «уч кеча» бўлиб келган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ушбу ҳадисни Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам эшитганимдан бери, бирор кечани васиятим ёзилмаган ҳолда ўтказмадим», дедилар.
Фойда: Васиятни ёзишга шошилишга тарғиб бор. Чунки инсон қачон вафот этишини билмайди.
575/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир чизиқ чизиб: «Бу инсон ва мана бу ажали. У мана шу ҳолатдалигида яқин бўлган ажали келиб, олиб кетади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
576/4. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тўрт бурчак шакл чизиб, унинг ўртасидан учини ташқарига чиқариб яна бир чизиқ ўтказдилар. Сўнг ана шу ўртадан ўтган чизиқнинг ёнига калта чизиқлар тортдилар-да: «Мана бу ўртадан ўтган чизиқнинг тўртбурчак ичидаги қисми инсондир. Уни ўраб турган тўртбурчак эса инсоннинг ажалидир. Ўртадан ўтган чизиқнинг ташқарига чиққан қисми инсоннинг орзу-умидларидир. Мана бу калта чизиқлар ҳар хил ҳодисалар бўлиб, биридан қутулса, иккинчисига йўлиқади. Иккинчисидан қутулса, учинчисига йўлиқади (яъни бирор сабаб бўлиб ажали етади)», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
577/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Етти нарса (келишидан олдин) яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Бунда сизлар қуйидаги нарсаларни кутасизлар, холос: 1) Камбағаллик – ҳамма нарсани унуттириб юборади. 2) Бойлик – туғёнга кетишга сабабчи. 3) Беморлик – барча нарсани фасод қилади. 4) Қарилик – ҳамма нарсани хотирдан чиқариб юборади. 5) Ўлим – тамом қилиб тезлатувчи. 6) Дажжол – кутилаётган ғойиб нарсаларнинг энг ёмони. 7) Қиёмат – фалокатларнинг энг оғири ва аччиғидир», дедилар (инсон шу етти ҳодиса юз бермасидан олдин вақт ғаниматида охират учун тайёргарлигини қилиб қўймоғи лозим... – тарж.) Имом Термизий ривоятлари.
578/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қиланади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Лаззатларни кетказувчи ўлимни эслашни кўпайтиринглар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
579/7. Убай ибн Каъбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечанинг учдан бири ўтганида ўринларидан туриб: «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар. Исрофил алайҳиссалом биринчи сурни, кетидан иккинчисини чаладиган пайт келиб қолди. Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинч ила етиб келди, Ўлим ҳам ўзидаги мавжуд қўрқинч ила етиб келди», деб айтдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ундоқ бўлса мен сизга салавот айтишни кўпайтирайми? Кечанинг қанча қисмида сизга салавот айтайин», десам, у зот: «Хоҳлаганингча», дедилар. Мен: «Тўртдан бир қисмидами?» дедим. У зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ярмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Учдан икки қисмидами?» десам, у зот: «Хоҳласанг, бунга зиёда қилгин. Ўзинг учун яхши бўлади», дедилар. Мен: «Ундоқ бўлса, мен кечанинг ҳаммасида сизга салавот айтайми?», десам у зот: «Агар шундай қилсанг-ку, Аллоҳ барча ғамларингга ўзи кифоя қилиб, гуноҳларингни кечириб юборади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, дуо қилишнинг фазилати аён бўлади. Ва у зот умматларини Аллоҳ рози бўладиган йўлга иршод қилишга рағбатлантиришлари ҳамда киши агар ўз нафсига ғурурланишдан қўрқмаса бирор мақсад йўлида бажараётган яхши амалларини зикр қилиш жоизлиги ҳам аён бўлади.
Яна мақолалар...
- 66-БОБ. Эркакларнинг қабристонни зиёрат этишлари маҳбублиги ҳамда зиёрат қилувчининг айтадиган нарсалари ҳақида
- 67-БОБ. Бирор зарар етгани сабабли ўлимни орзу қилишнинг кароҳияти. Лекин динида фитналаниб қолишдан хавфсираса, зарари йўқ
- 68-БОБ. Парҳезкор бўлиш ҳамда шубҳали нарсаларни тарк этиш ҳақида
- 69-БОБ. Кишининг замонаси одамлари бузилиб кетганда ёки динида фитналанишдан хавф қилганда ёки ҳаром ва шубҳали нарсаларга йўлиқишдан қўрққанда узлат қилиши, яъни одамлардан узоқ бўлишининг маҳбублиги