68-БОБ. Парҳезкор бўлиш ҳамда шубҳали нарсаларни тарк этиш ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 101 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)» (Нур сураси, 15-оят).
«Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Фажр сураси, 14-оят), деб айтган.
587/1. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ҳалол очиқ-равшандир. Албатта, ҳаром ҳам очиқ-равшандир. Икковининг ўртасида шубҳали нарсалар бўлиб, уни кўп инсонлар билишмайди. Кимки шубҳадан тақво қилса, дини ва обрўсини покиза сақлабди. Кимки шубҳали нарсани қилса, ҳаром нарсага йўлиқибди. У худди ҳайвонларни боқувчи чўпонга ўхшайдики, ҳайвонлари ўтлатиш ман этилган жойларга кириб ўтлаб қолиши мумкин (Ва чўпон бу гуноҳи учун жазога мустаҳиқ бўлади). Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг кириш ман этилган қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўриқхонаси ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлади. Огоҳ бўлинг, ўша бир парча гўшт қалбдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
588/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам йўлда (кетатуриб) бир хурмо топиб олдилар. Ва: «Агар садақа бўлишдан қўрқмаганимда, уни еган бўлар эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
589/3. Наввос ибн Самъондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хусни-хулқли бўлиш комил яхшиликдир. Гуноҳ эса дилинг тараддудланиб, одамлар ундан хабардор бўлишларини хоҳламаганингдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
590/4. Вобиса ибн Маъбаддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот: «Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳақда сен қалбингдан фатво сўрагин. Агар нафсинг ва қалбинг унга хотиржам бўлса, демак, у яхшиликдир. Аммо нафсингда ва қалбингда тараддуд бўлса, демак шу ёмонликдир. Агар одамлар сенга ва сен уларга фатво берсанг ҳам», дедилар. Имом Аҳмад ва Дорамийлар ривояти.
Фойда: Бу Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам мўъжизаларидан бўлиб, ҳузурларидаги киши ҳали сўрамасидан туриб саволига жавоб қайтараяптилар.
591/5. Абу Сирваъата Уқба ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Абу Иҳоб ибн Азизнинг қизига (Яъни, Умму Яҳёга) уйландилар. Бир куни бир хотин келиб: «Мен сени хам, хотинингни ҳам эмизганман», деди. Шунда Уқба розияллоҳу анҳу: «Сен мени эмизганингни ҳам билмайман ва бу ҳақда хабар ҳам бермагансан», дедилар-да, уловларига миниб, Мадинага – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу масала ҳақида у зотдан сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Гап тарқаб бўпти-ку, қандоқ қилиб уни хотин қиласан», дедилар. Кейин Уқба розияллоҳу анҳу уни қўйиб юбордилар. У хотин эса бошқа эрга тегиб кетди. Имом Бухорий ривоятлари.
592/6. Ҳасан ибн Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳали нарсани шубҳасизига қўй (Яъни шубҳали нарсани тарк этиб, шубҳасиз нарсани ол)», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
593/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқнинг розияллоҳу анҳу хизматкор болалари бўлиб, ишлаб топган нарсасидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу учун ҳисса чиқариб берар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша ҳиссадан тановул қилардилар. Бир куни у бола бир нарса олиб келган эди, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан едилар. Шунда ҳалиги бола: «Бу еган нарсангизнинг нималигини биласизми?» деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Нима у?» дедилар. У бола: «Мен жоҳилият пайтларида фол очишни билмасам ҳам, алдаб унга фол очган эдим. Ўша киши мен билан кўришиб, ўша нарсанинг ҳаққини берди. Сиз ўша нарсадан тановул қилдингиз», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги барча нарсани қайт қилиб ташладилар. Имом Бухорий ривоятлари.
594/8. Нофеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу илк муҳожирларга тўрт минг (дирҳам)дан тайин қилдилар. Ўғиллари Абдуллоҳга эса уч ярим минг (дирҳам) тайин этдилар. Шунда у зотга: «Бу ўғлингиз ҳам муҳожирлардан-ку, нима учун кам бердингиз?» дейилганида, у зот: «Чунки буни отаси ҳижратга олиб чиққан. Яъни ўзи ҳижрат қилганлар тоифасидан эмас», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
595/9. Атиййа ибн Урва ас-Саъдийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банда, шубҳали нарсаларга йўлиқиб қолмай деб, шубҳасиз нарсаларни ҳам қилмаса, ўшанда тақводорлар даражасига етишади», делилар. Имом Термизий ривоятлари.