Аллоҳ таоло: «Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан – агар садақа беришга ёки бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар – ҳеч қандай фойда йўқдир» (Нисо сураси, 114-оят);
«Сулҳ (ажралиб кетишдан) яхшироқдир» (Нисо сураси, 128-оят);
«Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз!» (Анфол сураси, 1-оят);
«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки – оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар» (Ҳужурот сураси, 10-оят), деб айтган.
249/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ҳар куни ўзининг ҳар бир аъзоси ва бўғими учун садақа қилиши лозимдир. Икки кишининг орасини ислоҳ этиш ҳам садақадир. Уловига чиқаётганда ёрдамлашиб қўйилса ёки юкини юклашиб берилса, у ҳам садақадир. Мулойим сўз ҳам садақадир. Намозга юриб борилган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
250/2. Умму Гулсум бинти Уқба ибн Абу Маъитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар орасини ислоҳ қилиш мақсадида ёлғондан бўлса ҳам, яхшиликни етказса ёки яхшиликни айтса, у ёлғончи эмасдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида қуйидагилар зиёда қилинган: «Кишилар сўзларидаги бирор нарсада (ёлғон ишлатишга) рухсат бермадилар. Фақатгина уч нарсада рухсат бердилар: 1. Урушда; 2. Кишилар орасини ислоҳ этишда; 3. Эри хотинига ва хотини эрига (бирор келишиш юзасидан, муроса учун) бўлган сўзлашувларида».
251/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дарвоза олдида жанжаллашаётганларнинг овозларини эшитдилар. Ҳар иккисининг овози баланд кўтарилмоқда эди. Улардан бири иккинчисидан берган қарзини бир оз камайтиришини ва тўлаш муддатини бироз чўзиб яхшилик қилишини илтимос қилар эди. Иккинчиси эса: «Аллоҳга қасамки, (сен айтгандек) қилмайман!» дер эди. Буни эшитиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик қилмайман, деб Аллоҳ номига қасам ичувчи қани?» деганларида, ҳалиги киши: «Менман, эй Расулуллоҳ! Олган қарзидан (қанчасини ва қачон тўлашни) маъқул кўрса, ўшанда тўлайверсин!» деди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
252/4. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга Амр ибн Авф қабиласида келишмовчилик бўлгани хабари етганида, у зот саҳобалари билан бирга уларнинг орасини ислоҳ қилиш учун бордилар. Ва у ерда бироз тўхтаб қолдилар. Намоз вақти яқинлашиб қолганида Билол розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб: «Эй Абу Бакр, Расулуллоҳ ушланиб қолдилар. Намоз вақти бўлди. Кишиларга имом бўлиб берасизми?» деганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Агар хоҳласангиз, имом бўлавераман», дедилар. Билол розияллоҳу анҳу намозга иқомат айтдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу олдинга ўтиб такбир айтиб (қулоқ қоқдилар). Одамлар ҳам такбир айтишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саф орасидан юриб келиб, ўз ўринларини эгалладилар. Одамлар қарсак чала бошлашди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса намозда ўгирилиб қарамадилар. Қачонки, кишиларнинг қарсаги кўпайиб кетганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўгирилиб қараган эдилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (сафда) турибдилар. Лекин у зот соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга розияллоҳу анҳу: «Давом этавер», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўлларини кўтариб Аллоҳга ҳамд айтиб, орқага қайтдилар ва кўрдиларки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сафда турибдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб кишиларга намоз ўқиб бердилар. Қачонки, намоздан фориғ бўлганларида кишиларга юзланиб: «Эй инсонлар, сизларга нима бўлдики, намозда бирор ҳодиса юз берса, чапак чаласизлар? Ваҳоланки, намозда бирор ҳодиса юз берса, чапак чалиш аёлларга хосдир. Агар эркакларнинг намозида бирор ҳодиса юз берса, «Субҳоналлоҳ», деб айтсин. Чунки «Субҳоналлоҳ», дейилганда бирор киши эшитса, ўгирилиб қарайди. Эй Абу Бакр, сизга ишора қилганимда кишиларга имом бўлиб намоз ўқиб беришдан нима ман қилди?» деганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ибн Абу Қуҳофага (яъни, Абу Бакрга) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларида кишиларга имом бўлиб бериш дуруст эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 99 марта кўрилди
31-БОБ. Кишилар орасини ислоҳ қилиш баёни
- Создано 16 Октябр 2022
- 79 марта кўрилди
32-БОБ. Заиф, камбағал ва овоза бўлмаган мусулмонларнинг фазилати
Аллоҳ таоло: «Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)», деб айтган (Каҳф сураси, 28-оят).
253/1. Ҳориса ибн Ваҳбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга аҳли жаннат кимлар эканлигини айтайми? Улар ҳар бир заиф ва одамлар назарига илмайдиган бечораҳол кишилардир. Агар бу заиф киши Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, қасамининг устидан чиқади. Огоҳ бўлинглар! Сизларга аҳли дўзах кимлар эканини айтайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
254/2. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан ўтиб кетди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёнларида ўтирган бошқа бир кишига: «Ўтиб кетган шахс ҳақида қандай фикрдасан?» деганларида, у киши: «Бу одамларнинг олий табақалисидир. Агар мана шу киши совчи бўлса, қизингизни узатмоқликка ҳақлидир. Агар воситачи бўлса, шафеъ бўлишга ҳақлидир», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жим турдилар. Сўнгра олдиларидан бошқа бир киши ўтди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ёнларидаги кишига: «Бу ҳақда нима дейсан?» дедилар. У киши: «Бу ўтиб кетган киши мусулмонларнинг камбағалидир. Агар совчи бўлса, қизни узатмасликка, воситачи бўлса, шафеъ бўлмасликка ва агар гапирса, сўзини эшитмасликка ҳақлидир», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу камбағалнинг битта ўзи ер юзини тўлдирувчи олий табақали кишилардан яхшидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
255/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат ва дўзах мартаба талашиб хусуматлашишди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда заиф ва мискинлар бўлади», деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
256/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни жисми катта ва семиз кишилар келишади. Уларнинг Аллоҳ ҳузурида пашша қанотича ҳам вазнлари бўлмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
257/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир қора аёл (ёки ёш йигит) масжидни супуриб юрар эди. У кўринмай қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда саҳобалардан сўраганларида, улар: «Ўлди», деб айтишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга бу ҳақда билдирмадингларми?» дедилар. Саҳобалар унинг ишини енгил санаб хабар беришмаган эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мени унинг қабрига олиб боринглар», деб айтдилар. Саҳобалар у зотни ўша аёл (ёки йигит) қабрига олиб боришди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Сўнгра: «Албатта бу қабрлар аҳлини зулмат қоплагандир. Аллоҳ таоло менинг дуоим ила уларни нурлантириб туради», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
258/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қанча сочи тўзиган, чанг босган ва эшиклардан қувилган кишилар борки, агар улар Аллоҳ номига қасам ичиб бир нарсани бўлсин ёки бўлмасин, деса, Аллоҳ уни рўёбга чиқаради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
259/7. Усомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат эшиги олдида турдим. У ерга кираётганларнинг кўпи бечоралар экан. Лекин давлатмандлар (бечоралардан кейин кирсин, деб) тўхтатиб қўйилибди. Дўзахийлар дўзахга кирсин, деб буюрилди. Мен дўзах эшиги олдида туриб кўрдимки, дўзахга кирувчиларнинг аксари аёллар экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
260/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бешикда туриб гапирганлар учтадир. 1) Исо ибн Марям; 2) Ҳазрат Журайж (замонидаги бир гўдак). Журайж обид киши эди. Ва ибодат қиладиган кулбаси бор эди. Бир куни ўша ерда намоз ўқиётганида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Онаси эса орқасига қайтиб кетди. Эртаси кун онаси келганида Журайж яна намоз ўқиётган эди. Онаси: «Эй Журайж!» деб чақирди. Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Учинчи кун онаси келганида Журайж яна намоз ўқиётган эди. Онаси: «Эй Журайж!» деб чақирди. Журайж: «Эй Раббим, онамга қарайми ёки намозимни ўқийми?» деб намозида давом этди. Шунда онаси: «Зинокор аёлнинг юзига боқмагунча ўлдирмагин» (яъни, ўлишдан олдин бир туҳматга гирифтор бўлмагунча ўлдирмагин), деб дуоибад қилди. Бани Исроил қавмидагилар Журайж ва унинг ибодатини эслашди. Ва суюқоёқ бир аёл бор эди. Унинг гўзаллиги зарбулмасал қилинар эди. Бу аёл: «Агар хоҳласангизлар, Журайжга фитна ишлатаман», деди. Ва ўзини Журайжга намойиш қилди. Лекин Журайж у аёлга нигоҳини ташлаб ҳам қўймади. Кейин у хотин Журайжнинг ибодат қиладиган кулбасига бориб турадиган бир чўпонни илинтириб, у билан ношаръий алоқада бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолди. Қачонки, унинг боласи туғилганида «Мана шу гўдак Журайжнинг пушти камаридан бўлган», деди. Кишилар Журайжнинг ҳузурига бориб, уни кулбасидан туширдилар-да, ибодатхонасини бузиб ташлаб, Журайжни дўппослаб кетишди. Журайж: «Нимага бундай қиляпсизлар?» деди. Кишилар: «Сен мана бу бузуқ аёл билан зино қилибсан. Ва оқибатда сендан мана бу болани орттирибди», дейишди. Журайж: «Гўдак қаерда?» деди. Бас, улар болани олиб келишди. Журайж: «Мени ҳоли қолдиринглар, намоз ўқиб олай», деди. Қачонки, намозни ўқиб тугатганидан кейин гўдакнинг олдига борди-да, қорнига бармоғи билан уриб: «Эй болакай, отанг ким?» деди. Шунда бола тилга кириб, фалончи чўпон, деди. Кишилар Журайжга юзланиб, уни ўпиб, қўлларини баданига суртишди. Ва: «Сенга тиллодан ибодат қиладиган кулба қуриб берамиз», дейишди. Журайж: «Йўқ! Аввал қандай бўлса, ўшандай қилиб лойдан қуриб беринглар», деди. Улар қуриб беришди.
3) Бир гўдак эди. У онасини эмиб кетаётган эди. Ногаҳон олдиларидан чопқир, гавдали ва чиройли уловга миниб кетаётган бир киши ўтиб кетди. Шунда онаси: «Аллоҳим, ўғлимни ҳам бу кишига ўхшаш қилгин», деди. Бу сўзларни эшитган гўдак кўкрак эмишни тўхтатди-да, у кишига юзланиб назарини қаратди. Ва: «Аллоҳим, мени у кишига ўхшаш қилмагин», деди-да, кўкрагига қайтиб, яна эма бошлади. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Ўшанда жаноб Расулуллоҳнинг бола онаси кўкрагини қандай эмганини тушунтириш учун ўз бармоқларини сўриб кўрсатганлари ҳамон кўз олдимда», дедилар.) Сўнгра она-бола бир чўри олдидан ўтиб қолишди. Кишилар зино қилдинг, ўғирладинг, деб уни уришаётган эди. У чўри эса: «Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил», яъни «Аллоҳ менга кифоячидир. У мунча ҳам яхши вакил», дер эди. Боланинг онаси: «Аллоҳим, ўғлимни бу чўрига ўхшаш қилмагин», деган эди, бола яна эмишни тўхтатди-да, у чўрига қараб «Аллоҳим, мени шу чўри каби қилгин», деди. Она-бола мана шу ерда савол-жавоб қилишди. Она: «Чиройли, ҳайъатли киши ўтиб кетди. Мен: «Аллоҳим, ўғлимни бу киши каби қилгин», десам, сен: «Аллоҳим, мени у киши каби қилмагин», дединг. Чўри олдидан ўтаётганимизда кишилар уни зино қилдинг, ўғирладинг, деб айтиб дўппослашаётганида, мен: «Аллоҳим, ўғлимни у каби қилмагин», десам, сен: «Аллоҳим, мени у каби қилгин», деб айтдинг», деганида, боласи: «Бу уловдаги киши золимдир. Шунинг учун «Аллоҳим, мени бу киши каби қилмагин», дедим. Ана бу чўрини ўғирлик қилдинг, дейишаётган эди. Аслида, у ўғри эмас эди. Зино қилдинг, дейишаётган эди. Аслида, зино қилмаган эди. Мен: «У чўри каби ўғирлик, зино қилмайдиганлардан қилгин», дедим», деб айтди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 14607 марта кўрилди
34-БОБ. Аёллар ҳақидаги васият
Аллоҳ таоло шундай деган: «Улар (аёллар) билан тинч-тотув яшанглар» (Нисо сураси, 19-оят);
«Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар. Бас, бутунлай (суйган хотинларингиз томонга) оғиб кетиб (кўнгилсиз бўлиб қолган) хотинингизни муаллақа каби ташлаб қўймангиз!» (Муаллақа – эри бирон-бир сабаб билан бедарак кетган аёлдир.) (Нисо сураси, 129-оят).
274/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинларга яхши муомалада бўлинглар, деб айтган васиятимни қабул қилинглар. Чунки аёл қовурғадан халқ қилингандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқорисидир. Агар сен уни тўғрилайман, десанг, синдириб қўясан. Агар шундай қолдирсанг, эгри бўйича қолади. Шундай экан, хотинлар ҳақидаги васиятимни қабул қилинглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Икки имомнинг бошқа ривоятларида: «Аёл қовурғага ўхшайди. Уни тўғрилайман, десанг, синдириб қўясан. Агар фойдаланмоқчи бўлсанг, қийшиқ ҳолидагина фойдалана оласан», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Албатта аёл қовурғадан яратилгандир. Сен бинойидек тўғрилай олмайсан. Агар фойдаланмоқчи бўлсанг, қийшиқ ҳолидагина фойдалана оласан. Агар тўғрилайман, десанг, синдириб қўясан. Уни синдириш талоғини беришликдир», дейилган.
275/2. Абдуллоҳ ибн Замъадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хутба ўқидилар. У хутбада (Самуд қабиласи) сўйган туяни зикр қилиб: «Эсланг, уларнинг энг бадбахтлари (туяни сўйиш учун) қўзғолганларида...» оятини ўқиб: «Қўзғолиш учун қавмдан куч-қудратли бузғунчи бир киши чиқди», дедилар. Кейин аёлларни зикр қилиб, улар ҳақида қуйидагича ваъз қилдилар: «Сизлардан бирингиз хотинини худди хизматкорини ургандек уради-да, ўша кечаси яна у билан бирга ётади-я». Кейин орқасидан ел чиққанда кулувчилар ҳақида ваъз қилиб: «Нима учун ўзи ҳам қиладиган нарсада (биров устидан) кулади?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
276/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши мўмина аёлдан нафрат қилмасин. Агар бир хулқини ёмон кўриб қолса, бошқа бир хулқидан мамнун бўлиб қолар», дедилар ёки бундан бошқароқ бир сўз айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
277/4. Амр ибн Аҳвас ал-Жушамийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин одамларга қуйидагича ваъз ва насиҳат қилдилар: «Огоҳ бўлинглар, аёллар ҳақидаги васиятимга амал қилиб, уларга яхши муомалада бўлинглар. Албатта, аёллар сизларнинг асирларингиздир. Бундан бошқа нарсага эга эмассиз. Фақатгина очиқ-ойдин фоҳишалик қилишсагина, бундай эмас. Агар итоатсизлик қилишса, ётоқни тарк этинг. (Яъни, улар билан бир жойда ётманг. Шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) оғритмайдиган қилиб уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Огоҳ бўлинглар, сизларнинг аёллар зиммасида ҳақларингиз бор. Ва аёлларингизнинг сизларнинг зиммангизда ҳақлари бор. Сизларнинг улар зиммасидаги ҳақларингиз ётадиган ерингизга сизлар ёмон кўрган кишининг қадамини етказмаслик ва ёмон кўрган кишингизни уйингизга киришига изн бермаслигидир. Огоҳ бўлинг, аёлларнинг сизлар зиммангиздаги ҳақлари яхши либос ва яхши таом билан таъминламоқлигингиздир». Имом Термизий ривоятлари.
278/5. Муовия ибн Ҳайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бизларнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нима?» десам, у зот соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзинг овқатланганда унга ҳам едирмоғинг, ўзинг либос кийганингда уни ҳам кийинтирмоқлигинг ва юзига урмаслигинг, Аллоҳ сени қабиҳ этсин, деб сўкмаслигинг ҳамда уйингдан ташқари жойда аразлашмаслигинг», дедилар». Абу Довуд ривоятлари.
279/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёллар билан яхши бўлганларингиздир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
280/7. Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўрилари (аёлларни) урманглар», деганларида, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Хотинлар эрларига журъат қиладиган бўлиб қолишди», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларни уришга изн бердилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хонадонларининг атрофини кўп хотинлар ўраб олиб, эрларидан шикоят қилишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммад оиласини кўп хотинлар ўраб олиб, эрларидан шикоят қилишмоқда. Ана ўша (хотинини урувчилар) яхшиларингиз эмас», деб айтдилар. Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
281/8. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё ўзи бир матодир. Унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 14603 марта кўрилди
33-БОБ. Етимлар, қизлар, бошқа заиф, бечора, қалби синиқ кишиларга яхшилик, шафқат қилиш ҳамда тавозуъли ва камтар бўлиш ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, мудом камтар-тавозуъли бўлинг!)» (Ҳижр сураси, 88-оят);
«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)» (Каҳф сураси, 28-оят);
«Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг. Сўровчи гадони эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг!» (Зуҳо сураси, 9–10-оятлар);
«Динни (охиратдаги жазони) ёлғон дейдиган кимсани(нг қандай кимса эканлигини) кўрдингизми-билдингизми? Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир» (Моъувн сураси, 1–3-оятлар).
261/1. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз олти нафар киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Ҳу анави (бечораҳол) кишиларни ҳайданг. Улар бизнинг (мажлисларимизда қатнашишга) ботина олишмасин», дейишди. Ўша бечораҳол кишилар мен, Ибн Масъуд, Ҳузайл қабиласидан бир киши, Билол ва яна икки киши эдик. Бу икки кишининг исмини келтира олмайман. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дилларига Аллоҳ таоло хоҳлаган бир хаёл келди. У хаёлни ўзларига гапириб кўрдилар. Ва Аллоҳ таоло «Эртаю кеч Парвардигорларининг юзини истаб, Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг» (Анъом сураси, 52-оят) оятини нозил қилди». Имом Муслим ривоятлари.
262/2. Абу Ҳубайра Оиз ибн Амр ал-Музанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот «Ризвон» байъатида иштирок этган саҳобалардан эдилар.) Бир куни Абу Суфён (ҳали Исломга кирмасидан олдин) Салмон, Суҳайб, Билол ва бир неча бошқа саҳобалар ҳузурларига келганида, улар: «Аллоҳнинг қиличи Аллоҳ душмани гарданидан олмади-да», дейишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Бу сўзни Қурайшнинг шайхи ва саййидига нисбатан ишлатяпсизларми?» деб, сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бунинг хабарини берганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, уларни ғазаблантирган бўлишинг мумкин. Агар шундай бўлса, Раббингни ғазаблантиргансан», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уларнинг ҳузурларига бориб: «Эй биродарлар, сизларни ғазаблантирдимми?» деганларида, саҳобалар: «Йўқ! Эй биродар, Аллоҳ сени мағфират қилсин», дейишди. Имом Муслим ривоятлари.
263/3. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен етимни ўз қарамоғига олган киши билан – икковимиз жаннатда мана шундай бўламиз», деб ишора ва ўрта бармоқларининг орасини очиб кўрсатдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
264/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хоҳ ўзига қарашли, хоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз», дедилар. Мана шу ҳадис ровийларидан бири Молик ибн Анас ишора ва ўрта бармоқларини кўрсатдилар. Имом Муслим ривоятлари.
265/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар битта-иккита хурмо, бир-икки луқма таом берсангиз, ўша билан кифояланувчи киши мискин эмас, камбағал бўлишига қарамасдан тиланчилик қилишдан ўзини тийган одам ҳақиқий мискин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Буларнинг бошқа ривоятларида: «Одамларнинг атрофида тиланиб, бир-икки луқма, битта-иккита хурмо билан кифояланувчи киши мискин эмас. Лекин ҳақиқий мискин ҳожатига керакли нарсани топа олмайди. Садақа берай, дейилса, унинг ҳолати билинмайди. Ва одамлардан тиланиб юрмайди», дейилган.
266/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бева ва мискин аҳволидан хабар олиб ёрдамлашувчи киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳидга ўхшайди. Намозда қоим ва рўзада доим бўлган кишига ўхшаш, деб ҳисоблайман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
267/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Таомларнинг ёмони бир тўйнинг таомики, унга ўзи келган киши киргизилмайди ва хоҳламаган киши таклиф қилинади. Кимки таомга чақирилса-ю унга ижобат қилмаса, Аллоҳ ва расулига осий бўлибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Икки «Саҳиҳ» китобидаги Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу қилинган бошқа ривоятда: «Таомларнинг ёмони бир тўй таомики, унга бойлар таклиф қилиниб, камбағаллар тарк қилинади», дейилган.
268/8. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки икки қизни турмушга чиққунларича вояга етказиб тарбияласа, Қиёмат куни мен ва у мана бу иккисига ўхшаб келади», деб бармоқларини бир-бирига қўшиб кўрсатдилар. Имом Муслим ривоятлари.
269/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини (етаклаб) бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан ташқари бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, бу аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига бериб, ўзи у хурмодан емади. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: «Кимки мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), у қиз фарзандларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
270/10. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Менинг ҳузуримга икки қизини (етаклаб) бир мискин аёл келди. Мен у мискин аёлга учта хурмо бердим. У эса икки қизига биттадан бериб, ўзи биттасини ейиш учун энди оғзига олиб борувди, ҳалиги икки қиз яна беринг, деб сўраб қолишди. Аёл ўзи ейишни хоҳлаб турган хурмони иккига бўлиб, уларга берди. Бу иши мени ҳайрон қолдириб, уни Расулуллоҳга айтсам, у зот соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло унга жаннатни вожиб қилиб, дўзахдан халос этибди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.
271/11. Абу Шурайҳ Хувайлид ибн Амр ал-Хузоъийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифни, яъни етим ва аёлнинг ҳаққини зое қилишингиздан огоҳлантираман», дедилар. Имом Насаий яхши иснод ила ривоят қилганлар.
272/12. Мусъаб ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Саъд розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан даражада баланд бўлсам керак, деб хаёл қилганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга келиб турган ёрдам ва етиб турган ризқлар заиф биродарларингиз туфайлидир», дедилар. Имом Бухорий мурсал ҳолда ривоят қилганлар.
Чунки Мусъаб ибн Саъд тобеъинлардан эди. Лекин Ҳофиз Абу Бакр Барқоний «Саҳиҳ»ларида бу санадни Мусъабга етказганлар.
273/13. Абу Дардо Уваймирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мени заифларингиз ичидан ахтаринглар. Чунки заифларингиз туфайли ғалаба қозониб ризқланурсизлар», дедилар. Абу Довуд яхши иснод билан ривоят қилганлар.
- Создано 16 Октябр 2022
- 111 марта кўрилди
35-БОБ. Эрнинг хотини зиммасидаги ҳаққи
Аллоҳ таоло қуйидагича зикр қилган: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир» (Нисо сураси, 34-оят).
Бунга юқоридаги бобда келган Амр ибн Аҳвасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган 276-рақамли ҳадис ҳам далил бўлади.
282/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши ўз хотинини тўшагига чақирса-ю у хотин келмаса ва эри ундан норози бўлиб кечани ўтказса, фаришталар тонг отгунча у хотинга лаънат айтиб чиқишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Икковларидан қилинган бошқа бир ривоятда: «Агар хотин кечаси эрининг тўшагидан алоҳида бўлиб ётса, фаришталар уни тонг отгунча лаънатлаб чиқишади», дейилган.
Яна бир бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бирор киши ўз хотинини тўшагига чақирса-ю хотин кўнмасдан туриб олса, эри рози бўлгунича Аллоҳ таоло ҳам унга нисбатан ғазабда бўлади», дедилар.
283/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлга эри сафарга кетмаган бўлса, эрининг изнисиз (нафл) рўза тутмоқлиги ҳамда уйга бирор кишининг киришига рухсат бермоқлиги ҳалол бўлмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадисдаги лафз Бухорийники.
284/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Барчангиз қўл остингиздагиларга ҳомий ва уларга масъулдирсиз. Бошлиқ ходимларга ҳомийдир. Киши оила аъзоларига ҳомийдир. Хотин ҳам эрининг уйига ва болаларига ҳомийдир. Барчангиз ҳомий ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
285/4. Абу Али Талқ ибн Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши хотинини бирор ҳожатига чақирса, у хотини тандир (ёнида) бўлса ҳам келсин», дедилар. Имом Термизий ва Насаийлар ривоятлари. Термизий бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳдир, деб айтганлар.
286/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кишининг кишига сажда қилиши мумкин бўлганида, хотинларни ўз эрларига сажда қилишга буюрган бўлар эдим», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
287/6. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир хотин вафот этса ва эри ундан рози бўлса, ўша хотин жаннатга киради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
288/7. Муоз ибн Жабалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё ҳаётида бирор хотин эрига озор берадиган бўлса, (жаннатдаги) ҳурлар: «Аллоҳ ҳалок қилгур, бу кишига озор берма! Сенинг ҳузурингда у вақтинчалик меҳмон, холос. Тез фурсатда сендан жудо бўлиб, бизнинг ҳузуримизга келади», дейишади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
289/8. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзимдан кейин кишиларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 36-БОБ. Аҳли аёлига қилинадиган нафақа ҳақида
- 37-БОБ. Яхши кўрган нарсаларини инфоқ қилиш ҳақида
- 38-БОБ. Кишининг ўз аҳли ва қарамоғидаги бошқа кишиларни Аллоҳга итоатли бўлишларига буюриб, ман қилинган нарсалардан узоқлаштириб, Аллоҳга мухолиф бўлмоқдан қайтариб одоб бериши вожиблиги баёни
- 39-БОБ. Қўшнининг ҳаққи ва бу тўғридаги васиятлар баёни