close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

41-БОБ. Ота-онага оқ бўлиш ҳамда қариндош-уруғчиликдан узилишнинг ҳаромлиги ҳақида

 Аллоҳ таоло: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23-оятлар);

«Аллоҳга берган аҳд-паймонларини мустаҳкам бўлганидан кейин бузадиган, Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳнинг лаънати бўлур ва улар учун энг ёмон диёр – жаҳаннам бордир)» (Раъд сураси, 25-оят);

«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!» (Исро сураси, 23–24-оятлар), деб айтган.
 
337/1. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кабира (улкан) гуноҳлар ҳақида хабар берайми?» деб уч марта сўрадилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули!» дедик. Шунда у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ, – деб суяниб тургандилар, тўғри ўтириб олиб, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ», деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Қанийди, жим бўлсалар-ку», деб умид қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

338/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кабира – улкан гуноҳлар Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш, ёлғон қасам ичиш», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

339/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ота-онасини сўкмоғи улкан гуноҳлардандир», деганларида, саҳобалар: «Киши ота-онасини ҳам сўкадими?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, киши бировнинг ота-онасини сўкади. Кейин бу ҳам унинг ота-онасини сўкади», дедилар. (Яъни, бу билан у ўз ота-онасини сўккан бўлади.)  Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, «Киши ота-онасини лаънатламоқлиги кабира – улкан гуноҳлардандир», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз ота-онасини ҳам лаънатлайдими?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши бошқа кишининг ота-онасини сўкади. Кейин бу ҳам унинг ота-онасини сўкади», дедилар.

340/4. Абу Муҳаммад Жубайр ибн Мутъимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Алоқаларни узувчи жаннатга кирмайди», дедилар. Суфён розияллоҳу анҳу ривоятларида эса «Қариндошлик алоқаларини узувчи» бўлиб келган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

341/5. Абу Исо Муғийра ибн Шуъбадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло сизларга оналарга оқ бўлишни, берилиши шарт бўлган эҳсонларни ушлаб қолишни, ҳаққи бўлмаган нарсаларни талаб қилишни, қиз болаларни тириклайин кўмишни, тайини йўқ заиф сўзларни гапиришни, кўп савол беришни ҳамда молни ноўрин жойларга сарф қилишни ҳаром қилди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

42-БОБ. Ота-она ҳамда хотин ва қариндошларингизнинг дўстларига яхшилик қилишнинг фазилати ҳақида

342/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши отасининг дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Динор розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Умардан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида келтирилишича, бадавийлардан бўлган бир киши Макка кўчаларида Абдуллоҳ ибн Умарга розияллоҳу анҳу йўлиқиб салом берди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари миниб турган эшакка мингаштириб, бошларидаги саллаларини унга ечиб бердилар. Ибн Динор айтадилар: «Биз Ибн Умарга: «Аллоҳ шаънингизни ислоҳ қилсин, бу бадавий бўлса, озгина нарсага ҳам кўнаверса (мунча илтифот қиласиз)?», десак, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Бу бадавийнинг отаси отам Умар ибн Хаттобнинг дўстидир. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Киши отасининг дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», деб айтганларини эшитганман», дедилар».
Ибн Динор розияллоҳу анҳу Ибн Умардан розияллоҳу анҳу қилган бошқа ривоятларида қуйидагича келтирилади: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу агар Маккага сафар қилсалар, бир эшакларида борардилар. Туя минишдан зериксалар, ўшани минардилар. Ва яна бошларини танғиб юрадиган бир саллалари бор эди. Бир куни мана шу эшакда кетаётсалар, олдиларидан бир бадавий ўтиб қолди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: «Сен фалончи ўғли пистончи эмасмисан?» дедилар. Бадавий: «Ҳа», деган эди, эшакларини унга бериб: «Буни мингин ва мана бу салла билан бошингни танғигин», деб ўз саллаларини ечиб бердилар. Шунда баъзи дўстлари: «Аллоҳ сени мағфират қилсин, туядан зерикканингда минадиган эшагингни ва бошингни танғиб юрадиган саллангни нимага бу бадавийга бериб юбординг?» дейишганида, Ибн Умар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг отаси вафот этганидан кейин дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», деб айтганларини эшитганман. Чунки бадавийнинг отаси менинг отам Умар розияллоҳу анҳу билан дўст эди», деб айтдилар». Буларнинг барчасини Имом Муслим ривоят қилганлар.

343/2. Абу Усайд Молик ибн Рабийъа ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдик. Бани саламалик бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, ота-онам вафот этишганидан кейин ҳам уларга бўлган яхшиликни давом эттиришим мумкинми?» деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиб, гуноҳларига мағфират сўраб, аҳд-келишувларини бажариб, тирикликларида борди-келди қилинадиган қариндошлар билан алоқада бўлиб, дўстларини ҳурмат қилиш билан ота-онангга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишинг мумкин», дедилар». Абу Довуд ривоятлари.

344/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен Хадичага розияллоҳу анҳу рашк қилганимдек Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни хотинларидан бирортасига рашк қилмаганман. Хадичани розияллоҳу анҳу ҳеч кўрмаганман. Лекин бу аёл ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кўп зикр қилганлар. Гоҳида қўй сўйиб, унинг аъзоларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юборардилар. Гоҳида мен Расулуллоҳга: «Гўёки дунёда Хадичадан бошқа аёл йўқдек гапирасиз», десам, у зот: «Хадича ундай эди ва бундай бўлган эди. Болаларим шу аёлдан эди», деб унинг яхшиликларини зикр қилардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, «Агар қўй сўйсалар, кифоя қилгудек унинг гўштидан Хадичанинг дўстларига ҳадя қилардилар».
Яна бошқа ривоятда айтилишича эса, «Агар қўй сўйсалар, «Хадичанинг дўстларига юборинглар», деб айтардилар».
Ривоятларнинг яна бирида: «Хадичанинг сингиллари Ҳолату бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириш учун изн сўраганида, Хадичанинг овозига ўхшаш бўлгани учун уни изниданоқ (сўзиданоқ ёки товушиданоқ) таниб олдилар. Бунга хурсанд бўлиб: «Аллоҳим, (таажжубланганда шундай
дейилади), бу Ҳолату бинти Хувайлид-ку», дедилар», дейилади.

345/4. Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳу билан бирга сафарда эдим. Жарир ибн Абдуллоҳ (ёшлари мендан катта бўлса ҳам) менга хизмат қилардилар. Мен: «Бундай қилманг», десам, у киши: «Ансорлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилганларини кўриб, агар улардан бирортасига ҳамроҳ бўлсам, хизматларида бўламан, деб қасам ичиб қўйганман», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

44-БОБ. Уламо, акобир, фазилатли кишиларни ҳурмат қилиш, бошқалардан кўра уларни эъзозлаш, мартабаларини кўтариб, буни бошқаларга билдириш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар сураси, 9-оят), деб айтган.

348/1. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрий ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръони каримни ҳаммадан яхши ўқийдиган киши қавмнинг имоми бўлсин. Агар бунда баробар бўлишса, суннатни яхши билувчилари имом бўлсин. Агар бунда ҳам баробар бўлишса, олдин ҳижрат қилгани имом бўлсин. Агар бунда ҳам баробар бўлишса, ёши каттаси имом бўлсин. Ҳаргиз кишининг риёсатида бошқа бир киши имом бўлмасин. (Яъни, бошлиқнинг ўзи имом бўлсин.) Ва бировнинг уйида ўзига хос бўлган жойига изнсиз ўтирмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «ёши каттаси», деган сўзнинг ўрнига «аввал Исломга киргани» бўлиб келган.
Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳнинг китобини ҳаммадан яхши ўқиб, қироатни аввал таълим олган киши қавмга имом бўлади. Агар қироатлари баробар бўлса, аввал ҳижрат қилганлари бўлади. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлишса, ёши каттаси имом бўлади», дейилган.

349/2. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ибн ал-Бадрий ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоз (олдидан) елкаларимизни ушлаб: «Баробар туринглар. Ҳар турли бўлиб турманглар. Қалбларингиз ҳам ҳар турли бўлиб қолади. Менга балоғатга етган ақллиларингиз яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлари турсин. Сўнгра уларга яқинлари турсин», деб айтардилар». Имом Муслим ривоятлари.

350/3. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Балоғатга етган ақлли кишилар менга яқин турсин. Кейин ақлда уларга яқинлар», деб уч марта айтиб, сўнгра: «Бозордаги ғала-ғовур ва фитналардан сақланинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

351/4. Абу Яҳё Саҳл ибн Абу Ҳасма ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд икковлари Хайбарга боришди. Ўша пайтда Хайбар сулҳ ҳолатида эди. Икковлари бир-бирларидан ажрашиб йўлларига равона бўлишди. Қачонки, Муҳаййиса Абдуллоҳнинг ҳузурига келса, Абдуллоҳ ўлик ҳолатда қонга беланиб ётибди. Бас, Муҳаййиса Абдуллоҳни дафн қилди. Ва Мадинага келди. Кейин Абдуллоҳнинг иниси Абдураҳмон ибн Саҳл ва Муҳаййисанинг икки ўғли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришди. Абдураҳмон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида гапира бошлаган эди, у зот: «Ёши каттангиз гапирсин, ёши каттангиз гапирсин», дедилар. Кейин у ёши кичик жим бўлди ва икки ёши катта сўзлай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизнинг ҳақлигингизни қотилга исботлаб бера оласизларми?» дедилар... (Ҳадиснинг қолгани охиригача зикр қилинган.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

352/5. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотида вафот этганларнинг иккитасини бир қабрга қўярдилар. Кейин: «Буларнинг қайси бири Қуръондан кўпроқ ёд олган?» деб сўрардилар. Агар улардан бирига ишора қилинса, ўшани аввал лаҳад (қабр)га қўярдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

353/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен тушимда кўрдимки, бир мисвок билан оғзимни тозалаётган эмишман. Шу пайт икки киши менинг ҳузуримга келди. Уларнинг бири иккинчисидан ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим. Шунда менга каттасига бергин, дейилди. Мен уни каттасига бердим», дедилар. Имом Муслим муснад ҳолда ва Имом Бухорий таълиқ ҳолда ривоят қилишган.

354/7. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонга амал қилиб, уни доим тиловат қилиб юрувчи қорини ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш билан Аллоҳни ҳурмат қилган бўлади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

355/8. Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримизнинг шарафини билмаган киши биздан эмас», деб айтдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Абу Довуд ривоятларида «катталаримизнинг шарафи» ўрнига «катталаримизнинг ҳаққи» бўлиб келган.

356/9. Маймун ибн Абу Шабибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Оишанинг розияллоҳу анҳу олдиларидан бир тиланчи ўтиб қолди. Унга бир бўлак нон бердилар. Кейин кийинган чиройли қиёфадаги бошқа киши ўтиб қолди. Бу кишини ўтқазиб олдига таом қўйдилар. Шунда Оишадан розияллоҳу анҳу бу ҳақда сўралганида, Оиша розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларни ўз ўринларига ўтқазинглар», деганлар», деб жавоб қилдилар. Абу Довуд ривоятлари.
Абу Довуд: «Маймун Оиша билан кўришмаганлар», деганлар.
Имом Муслим «Саҳиҳ» китобларининг аввалида таълиқ ҳолатда Оишадан розияллоҳу анҳу қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга одамларни ўз жойларига ўтқазмоқни буюрдилар».
Имом Ҳоким «Маърифату улумул ҳадис» номли китобларида бу ҳадисни саҳиҳ, деганлар.

357/10. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Уйайна ибн Ҳисн жияни Ҳурра ибн Қайсникига меҳмон бўлиб тушди. Жияни Ҳурра ибн Қайс Умарнинг розияллоҳу анҳу яқин аъёнларидан бири эди. Умарнинг розияллоҳу анҳу ҳамсуҳбат ва маслаҳатчилари хоҳ ўрта ёш, хоҳ йигит бўлишсин, қорилардан эди. Уйайна ибн Ҳисн жиянига: «Эй акамнинг ўғли, бу амирнинг ҳузурида сенинг ҳурматинг бор. Менга унинг олдига киришга изн олиб бер», деганида, у изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу унинг киришига рухсат бердилар. Уйайна ибн Ҳисн у зот ҳузурларига кириб: «Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасамки, бизга кўп нарса бермайсиз. Одиллик билан ҳукм қилмайсиз», деганида, Умар розияллоҳу анҳу ғазабланиб, ҳатто уни урмоқликка ҳам қасд қилдилар. Шунда Ҳурра: «Эй мўминлар амири, албатта Аллоҳ таоло пайғамбарига: «Авфни олинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг», деган. Бу киши ўша жоҳиллардандир», деди. Аллоҳга қасамки, Ҳурра бу оятни ўқиганида у зот бундан ўтиб кетмадилар. Чунки Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг китобида келган нарсада тўхтардилар (яъни, унга амал қилардилар). Имом Бухорий ривоятлари.

358/11. Абу Саид Самура ибн Жундубдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида ёш бола эдим. Бу зотдан кўп нарсаларни ёд олар эдим. Бу зотнинг ҳузурларида гапиришдан мени фақатгина ёши катталар борлиги ман қилар эди, холос». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.  

359/12. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир ёш йигит қарияни ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло ҳам бу йигитга ёши улғайганида ҳурмат қилувчи кишини юборишни тақдирга битади», дедилар. Имом Термизий бу ҳадисни ривоят қилиб, ғариб, дедилар.

43-БОБ. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам оила аъзоларини ҳурмат қилиш ҳамда уларнинг фазилатлари ҳақида

Аллоҳ таоло: «(Эй пайғамбар) хонадонининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб сураси, 33-оят);
«(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж сураси, 32-оят), деган.
 
346/1. Язид ибн Ҳайёндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен, Ҳусайн ибн Сабра, Амр ибн Муслим Зайд ибн Арқамнинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига бордик. Қачонки, ҳузурларида ўтирсак, Ҳусайн бу зотга қарата: «Эй Зайд! Сиз кўп яхшиликларга эришдингиз, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан кўришгансиз, ҳадисларни ўзларидан эшитгансиз, у зот билан бирга ғазотларда бўлгансиз ва орқаларида намоз ўқигансиз. Яъни, жуда ҳам кўп яхшиликларга эришгансиз. Бизга энди, эй Зайд, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингиздан гапириб беринг», деганларида, бу зот: «Эй жияним, менинг ёшим улғайиб қолди. У пайтим ўтиб кетди. Ёдлаган нарсаларимнинг баъзисини унутиб қўйдим. Сизларга гапириб берган нарсаларимни қабул қилинглар-у, аммо айтиб беролмасам, мени қийнаманглар», дедилар. Сўнгра: «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина оралиғидаги Хума номли сувнинг олдида туриб Аллоҳга ҳамду сано айтиб, бизга: «Огоҳ бўлинг, эй инсонлар. Мен ҳам бир одамман. Яқин кунларда Раббим элчиси (Азроил) келсалар, мен у элчининг буйруқларига лаббай, деб бу дунёдан рихлат қиламан. Сизларга икки улкан нарса ташлаб кетмоқдаман. Уларнинг бири Аллоҳнинг китоби Қуръони каримдир. Унда адашганлар учун ҳидоят ва зулматда қолганлар учун нур бордир. Бу китобни маҳкам ушлаб, унга амал қилинглар. (Шу куни Аллоҳнинг китоби устида ташвиқ ва тарғиб қилдилар.) Сўнгра иккинчиси – менинг хонадоним ҳақидадир. Мен хонадоним хусусида Аллоҳни эсларингизга соламан. Мен хонадоним хусусида Аллоҳни эсларингизга соламан», деб ваъз-насиҳат қилдилар», дедилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Эй Зайд! Хонадон аҳллари ким? Хонадон аҳллари хотинлари эмасми?» деганларида, Зайд ибн Арқам: «Тўғри, хотинлари хонадон аҳлларидир. Лекин бу ердаги хонадон аҳлларидан мақсад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин садақадан маҳрум этилган зотлардир», дедилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Улар кимлар?» деб сўраганларида, Зайд розияллоҳу анҳу: «Улар Алининг авлодлари, Уқайлнинг авлодлари, Жаъфарнинг авлодлари, Аббоснинг авлодларидир», дедилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Буларнинг барчаларига садақа ҳаром қилинганми?» деб сўрагандилар, Зайд розияллоҳу анҳу: «Ҳа», деб жавоб қилдилар». Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Огоҳ бўлинглар, мен сизларга икки улкан нарсани ташлаб кетмоқдаман. Уларнинг бири Аллоҳнинг китобидир. У Аллоҳнинг арқонидир. Ким унга эргашса, ҳидоятда бўлади. Ким тарк қилса, залолатда бўлади», дейилган.

347/2. Ибн Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳу мавқуф ҳолатда қилган ривоятларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Аҳли байт хусусида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ҳурмат қилинглар», деб айтганлар. Имом Бухорий ривоятлари.

45-БОБ. Яхши зотларни зиёрат қилиш, уларнинг суҳбатларида бўлиш, дўст тутиниш ва дуо қилишларини талаб этиш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ замонлар кезмагунча юришдан тўхтамайман», деган пайтини эслангиз». (Тоинки) «Мусо унга (Хизрга): «Сенга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?» деди» (Каҳф сураси, 60–66-оятлар);

«Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг» (Каҳф сураси, 28-оят), деб айтган.

360/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга розияллоҳу анҳу: «Юргин, худди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Умму Айманни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», дедилар. Кейин икковлари унинг ҳузурига боришганида Умму Айман йиғлаб юборди. Шунда икковлари: «Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши эканини билмайсанми?!» дейишганида, Умму Айман: «Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яхши эканини биламан. Лекин мени йиғлатаётган нарса (бу зот вафот этишлари билан) осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолганидир», деди. Умму Айманнинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди. Имом Муслим ривоятлари.
 
361/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги биродаримникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

362/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: «Яхши инсон бўлдинг, юришинг ҳам яхши бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг», деб нидо қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

363/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли худди мушк (атир) кўтариб юрувчи билан темир босқонини пурковчига ўхшайди. Мушк кўтариб юрувчига (яқин бўлсанг) ё сенга мушкидан беради ёки мушкидан сотиб оласан. Ёки ҳеч бўлмаганда унинг хушбўй ҳидидан сенга келиб туради. Аммо темир босқонини пурковчисига (яқин бўлсанг) ё кийимингни куйдирасан ёки сассиқ (қўланса) ҳиди сенга келиб туради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

364/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинлар тўрт нарсанинг бири учун никоҳга олинади: мол-дунёси, насл-насаби, чирой-жамоли ва дин-диёнати учун. Сен дин-диёнати учун никоҳингга олиб муваффақият қозонгин, эй қўлинг тупроққа белангур!» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бунинг маъноси шуки: «Одатда, кишилар хотинларнинг мана шу хислатларини қасд қилишади. Лекин сени у аёлнинг диндорлиги кўпроқ қизиқтирсин».

365/6. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга: «Бизни бундан-да кўпроқ зиёрат қилишдан сизни нима ман қилади?» деганларида, қуйидаги оят нозил бўлди:
«(Эй Муҳаммад), биз ёлғиз Парвардигорингизнинг амри – фармони билангина нозил бўлурмиз, олдимиздаги (охират) ҳам, ортимиздаги (дунё) ҳам, (дунё ва охират) ўртасидаги барча иш-амаллар ҳам ёлғиз Уникидир» (Марям сураси, 64-оят). Имом Бухорий ривоятлари.

366/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат мўминлар билан суҳбатда бўл. Ва таомингни фақат тақводорларгина есин», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

367/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динидадир. Шундай бўлгандан кейин ким билан дўстлашаётганингга қара», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.
(Бунинг маъноси худди ўзбек мақолидаги «Дўстинг кимлигини айтсанг, ўзингнинг кимлигингни айтиб бераман»га ўхшаш... – тарж.)

368/9. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши яхши кўрган кишиси билан (Қиёмат куни) бирга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга «Киши бир жамоани яхши кўради-да, лекин уларнинг мартабаларига ета олмайди», дейилганда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши (Қиёмат куни) яхши кўрган кишиси билан бирга бўлади», дедилар.

369/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир бадавий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан: «Қиёмат куни қачон?» деб сўраганида, у зот: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?» дедилар. Ҳалиги бадавий: «Аллоҳ ва Унинг расули  муҳаббатини», деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен (Қиёмат куни) яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ҳадис Имом Муслимнинг ривоятларидаги лафздир. Лекин икковларидан қилинган бошқа ривоятда: «У кунга кўпгина рўза, намоз ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», дейилган.

370/11. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Киши бир жамоани яхши кўради-ю, лекин уларнинг мартабаларига ета олмайди (Ибн Ҳиббон ривоятларида «уларнинг амалидек амал қила олмайди» бўлиб келган)», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши (Қиёмат куни) яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

371/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ҳам тилла ва кумуш конлари каби конлардир. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшилари ҳамдир. Шу шарт биланки, агар фақиҳ (билимдон) бўлишса. Руҳлар (руҳлар оламида) сон-саноқсиз тўпланган лашкарлардир. Қайси руҳлар (руҳлар оламида) бир-бирлари билан танишган бўлишса, (бу дунёда ҳам) улфат бўлишади. Қайси руҳлар (руҳлар оламида) бир-бирлари билан таниша олмай, тафриқа бўлиб кетишган бўлса, (бу дунёда ҳам) таниша олмай, мухолиф бўлишади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

372/13. Усайр ибн Амрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳу одатлари агар Яман аҳлидан бўлган кишилар ёрдам талаб қилиб келишса, «Сизларда Увайс ибн Омир деган исмли киши борми?» деб сўрардилар. Кунлар ўтиб Увайс келганида Умар ибн Хаттоб: «Сен Увайс ибн Омирмисан?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб қилди. Умар розияллоҳу анҳу: «Мурод, кейин Қаран бўлган қабиладанмисан?» дегандилар, у: «Ҳа», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Сенда песлик бор эди. У тузалиб, фақатгина танга миқдорича қолган, холос-а?» дедилар. У: «Ҳа», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Онанг борлар-а?» деб сўрагандилар, у яна: «Ҳа», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Увайс ибн Омир исмли киши Яман аҳлидан бўлган ёрдам талабидаги кишилар билан бирга келади. У Мурод, кейин Қаран бўлган қабиладан. Унда песлик бўлиб, тузалганда фақатгина дирҳам миқдоридагиси қолган бўлади. У онасига ниҳоятда итоатлидир. Агар Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, Аллоҳ уни (онасига қилган яхшилиги сабабли) рўёбга чиқаради. Агар сен учун истиғфор айтмоғига кўндирсанг, уни қилгин», деганларини эшитганман. Мен учун истиғфор айт», деб илтимос қилгандилар, у Умар розияллоҳу анҳу учун истиғфор айтди. Умар розияллоҳу анҳу унга: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» дедилар. У: «Кўфага», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Сенга (маош тайинлаб) Кўфа ҳокимига хат ёзайми?» дедилар. У: «Кўчманчи (одамлар танимайдиган) бўлиб юришим мен учун яхшироқдир», деди. Қачонки, келгуси ҳаж йили бўлганида Кўфанинг улуғларидан бири ҳаж ибодатини адо этгани келди. Умар розияллоҳу анҳу у улуғ киши билан кўришиб, Увайс ҳақида сўрадилар. У улуғ киши: «Увайсни уйи эскиган, матоси оз ҳолатда, яъни камбағал ҳолатда қолдирдим», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Увайс ибн Омир исмли киши Яман аҳлидан бўлган ёрдам талабидаги кишилар билан бирга келади. У Мурод, кейин Қаран қабиласидан. Унда песлик бўлиб, тузалганда фақатгина дирҳам миқдоридагиси қолган бўлади. У онасига ниҳоятда итоатлидир. Агар Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичса, Аллоҳ уни (онасига қилган яхшилиги сабабли) рўёбга чиқаради. Агар сен учун истиғфор айтмоғига кўндирсанг, уни қилгин», деганларини эшитганман», дедилар. Бу улуғ киши ҳаждан қайтганидан сўнг Увайснинг олдига бориб: «Менинг ҳаққимга истиғфор айтинг», деб илтимос қилди. Шунда Увайс: «Сиз менга истиғфор айтинг. Чунки сиз эндигина муборак сафардан қайтдингиз», деб яна: «Сиз ҳажда Умар розияллоҳу анҳу билан учрашдингизми?» деб сўради. У улуғ киши: «Ҳа», деди. Қачонки, кишилар Увайснинг ким эканлигини билиб қолишганидан кейин у ердан ҳам чиқиб кетди. Имом Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг Усайр ибн Жобирдан розияллоҳу анҳу қилган бошқа ривоятларида айтилишича, Кўфа аҳли Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига вакил бўлиб келишганида, уларнинг орасида Увайсни масхараловчи бир киши бор эди. Умар розияллоҳу анҳу: «Ораларингизда Қаран қабиласидан бирор киши борми?» деганларида, ҳалиги масхараловчи киши келди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга Ямандан бир киши келади. Унинг исми Увайс. Яманда онасидан бошқа кишиси йўқ. Унинг баданида оқлик (песлик) бор. Аллоҳга дуо қилган эди, ундан бу песликни кетказди. Фақатгина динор ёки дирҳам миқдоридагина қолган. Ким ўша кишига йўлиқса, истиғфор сўрашини илтимос қилсин», деганларини эшитганман», дедилар.

Имом Муслимнинг Умардан розияллоҳу анҳу қилган бошқа ривоятларида: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Тобеъинларнинг яхшиси Увайс исмли кишидир. Унинг онаси бор. Ва баданида оқлик (песлик) бор. Бу киши сизларга истиғфор айтишини илтимос қилинглар», деганларини эшитганман», дейилган.

373/14. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан умра қилиш учун изн сўрадим. У зот изн бериб: «Эй биродар, дуоингда бизни унутмагин», дедилар. Ана шунда менга шундай сўз айтдиларки, у сўзни дунёга алиштириш мени хурсанд қилмас эди». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Эй биродар, дуоингда бизни шерик қил», дейилган.

374/15. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қубони от миниб ёки пиёда зиёрат қилиб турардилар. Ва у ерда икки ракат намоз ўқирдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар шанба куни Қубони от минган ҳолда ёки пиёда зиёрат қилардилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам шу суннатга амал қилардилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase