Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳамммад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!» Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53-оят);
«Биз фақат кофир бўлган кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз» (Сабаъ сураси, 17-оят);
«Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга имон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур» (Тоҳа сураси, 48-оят);
«Раҳматим – меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (Аъроф сураси, 156-оят), деб айтган.
412/1. Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки «Шериги бўлмаган якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули ҳамда Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва расули, Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), жаннат ҳақ, дўзах ҳақ», деб гувоҳлик берса, амали қандай бўлмасин, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятларида: «Кимки «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг расулидир», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ дўзахни унга ҳаром қилади», дейилган.
413/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар яхшилик бераман ёки ундан ҳам зиёда этаман. Ким бир ёмон иш қилса, ўша бир ёмонлик учун бир жазо бераман ёки кечириб юбораман. Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Ким Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Ким Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман. Ким ҳузуримга ер юзини гуноҳга тўлдириб келса, аммо Менга ширк келтирмаса, Мен ҳам ўша миқдорча мағфират билан унга йўлиқаман», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бу ҳадиснинг маъноси «Ким Мен томонга тоат билан яқинлашса, раҳматим билан яқинлашаман. У тоат-ибодатини зиёда қилса, Мен ҳам унга раҳматимни зиёда қиламан», деганидир.
414/3. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир бадавий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, жаннатга ва дўзахга кириш учун сабаб бўладиган икки хислат нима?» деганида, у зот: «Ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этса, жаннатга киради. Ким бирор нарсани шерик қилса, дўзахга киради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
415/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз билан бир уловга мингашиб кетишаётган эдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муоз», дедилар. У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Расулуллоҳ», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир банда Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, албатта Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг қули ва расули эканига сидқидилдан гувоҳлик берса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади», дедилар. Муоз: «Эй Аллоҳнинг расули, бу ҳақда одамларга хабар берайми? Улар бу билан хурсанд бўлишади», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Йўқ), бунинг хабарини берсанг, унга суяниб (амал қилмай қўйишади)», дедилар. Аввалига Муоз хабар бермай юрди. Лекин ўлими яқинлашганда, илмни яшириб гуноҳкор бўлиб қолишдан хавф қилган ҳолда унинг хабарини берди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
417/6. Итбон ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Бадр ғазотида иштирок этган саҳобалардан эди.) «Мен қавмим Бани Солимга имомлик қилиб намоз ўқиб берар эдим. Мен билан улар орасида водий бўлиб, агар у ерга ёмғир ёғса, масжид томонга ўтиш машаққат туғдирарди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб у зотга: «Кўзимнинг нури кетиб қолди. Агар ёмғир ёғса, мен билан қавмим ўртасидаги водийда сел оқади. Табиийки, уни кечиб ўтиш машаққат туғдиради. Хоҳлардимки, сиз уйимнинг бир чеккасида намоз ўқиб берсангиз, мен ўша жойни масжид қилиб олсам», десам, у зот: «Бораман», дедилар ва қуёш кўтарилганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан келиб (киришга) изн сўрадилар. Мен изн бердим. У зот ҳали ўтирмасдан туриб: «Уйингнинг қаерида намоз ўқиб берай?» дедилар. Мен намоз ўқишни яхши кўрадиган жойга ишора қилдим. У зот ўринларидан туриб такбир айтдилар ва орқаларида саф тортдик. Икки ракат намоз ўқиб бердилар. Кейин салом бердилар. Ўша пайт биз ҳам салом бердик. У зотга атала пиширган эдик, шунга тўхтатдик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйимда эканликларини билиб маҳалладаги одамлар тўп-тўп бўлиб кела бошлашди. Ҳатто, уйда кишилар кўпайиб кетишди. Шунда бир киши: «Моликка нима бўлдики, уни кўрмаяпман?» деганида, бошқа бир киши: «У мунофиқ-ку! Аллоҳ ва Унинг расули уни яхши кўрмайди», деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бундай дема! Ла илаҳа иллаллоҳ, деб Аллоҳнинг розилигини талаб қилганини кўрмадингми?» деганларида, у киши: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчи! Аммо биз, Аллоҳга қасамки, унинг мунофиқлар билан гаплашиб, дўстлашганини кўрамиз», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг розилигини тилаб «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган кишига Аллоҳ дўзахни ҳаром қилган», деб айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
418/7. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир неча асирлар ҳузурига бордилар. Улар орасида бир хотин бор эди. У айланиб юриб бирор ёш болани топса, уни қучоқлаб эмизар эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу хотиннинг меҳрибонлигини кўрдингларми? Шу хотин боласини ўтга ташлайдими?» дегандилар, биз: «Аллоҳга қасамки, йўқ», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлиги бу хотиннинг боласига қилган меҳрибонлигидан ҳам зиёдадир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
419/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло халойиқни яратганда бир китобни битди. У китоб Ўз ҳузурида, яъни Аршнинг устидадир. Унда «Албатта раҳматим ғазабимга ғолиб келади», деб айтган», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Ғазабимга ғолиб келди», дейилган.
Яна бошқа ривоятда: «Ғазабимдан олдинлаб кетди», дейилган.
420/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло раҳматини юзга бўлиб, тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида олиб қолди. Бир бўлагини ерга туширди. Ўша бир бўлак раҳмат билан халойиқ бир-бирига раҳм қилади. Ҳаттоки, ўша бир бўлак билан ҳайвон ҳам боласига озор етишидан қўрқиб, туёғини кўтариб туради», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Аллоҳ таолонинг юз раҳмати бордир. Ундан бир қисмини инсонлар, жинлар, ҳайвонлар ва жониворлар орасида тақсимлаб қўйган. Ўша бир раҳмат туфайли улар меҳрибонлик ва раҳм қилишади. Ва ҳатто, ваҳший ҳайвонлар ҳам болаларига меҳрибонлик қилишади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларига раҳм қилиш учун тўқсон тўққизта раҳмни олиб қўйган», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг Салмон Форсийдан қилган ривоятларида: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг юзта раҳмати бўлиб, ундаги бир бўлак билан халойиқ ўзаро бир-бирларига раҳм қилишади. Тўқсон тўққизтаси Қиёмат кунига қолдирилган», дедилар», дейилган.
Яна бошқа бир ривоятда: «Аллоҳ таоло еру осмонни яратган куни юз раҳматни ҳам яратган. Барча раҳмат агар жам бўлса, осмон билан ер ўртасини тўлдирар эди. Ўша раҳматлардан бирини ер юзига туширгандир. Бу билан она боласига, қушлар ва ҳатто ваҳшийлар бир-бирларига меҳрибонлик қилишади. Қиёмат кунида эса бу бир раҳматни (Ўзининг ҳузуридаги тўқсон тўққизта раҳматга қўшиб) мукаммал қилади», дейилган.
421/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Раббисидан ҳикоя қилган ҳадиси қудсийда: «Бирор банда гуноҳ қилиб, «Аллоҳим, гуноҳларимни кечир», деса, Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади», дейди. Кейин у банда яна гуноҳ қилиб қўйиб, «Эй Раббим! Гуноҳларимни кечир», дейди. Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади», дейди. Кейин у банда яна гуноҳ қилиб қўйиб: «Эй Раббим! Гуноҳларимни кечир», дейди. Аллоҳ таоло: «Бандам гуноҳ қилди ва у гуноҳларни кечирувчи ҳамда гуноҳларга яраша жазо берувчи Раббиси борлигини билади. Ҳақиқатда бандамнинг гуноҳини кечирдим. У хоҳлаганини қилаверсин (яъни, модомики, гуноҳ қилиб, мана шу тарзда тавба қилар экан, Мен унинг гуноҳларини кечираман. Чунки тавба ўзидан аввалги гуноҳларни йўқ қилади)», дейди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
422/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга бошқа) гуноҳ қиладиган қавмни олиб келади. Бас, улар (гуноҳларига) истиғфор айтишади, Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
423/12. Абу Аюб Холид ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар гуноҳ қилмасангизлар, Аллоҳ таоло бошқа бир гуноҳ қиладиган халқни яратади. Улар гуноҳларига истиғфор айтишади. Ва Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
424/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу ва бир неча саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан турдилар-да, ҳаяллаб кетдилар. Бир-биримиздан жудо бўлиб қолармикинмиз, деб хавф қилдик. Қўрқиб ўрнимиздан турдик. Мен биринчи бўлиб қўрқдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ахтариб чиқдим. Бора-бора ансорийлардан бирининг (боғи) деворига етдим... (Ҳадисни узун ҳолатида баён қилиб, қолганини қуйидагича давом эттирдилар.) ...Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Боргин-да, мана бу деворнинг орқасида чин қалбидан ишонч ила «Ла илаҳа иллаллоҳ», яъни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб айтган кишига йўлиқсанг, унга жаннат бўлишини хурсандлик билан хабарини бер», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.
425/14. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Китобидаги Иброҳим алайҳиссалом дуоларини тиловат қилдилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир)». Ва яна Аллоҳнинг Китобидаги Исо алайҳиссалом дуоларини ҳам тиловат қилдилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан». Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб: «Умматим, умматим», деб йиғладилар. Аллоҳ таоло буни эшитиб: «Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб сўра-чи, нима уни йиғлатмоқда?» деди. Ваҳоланки, Аллоҳ Ўзи билиб туриб сўрашни буюрмоқда! Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, (йиғлашлари сабабини сўраб) айтган жавобларининг хабарини Аллоҳга етказдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ буни билувчироқ эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй Жаброил, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурига бориб: «Биз умматинг учун қайғураётган нарсада рози қилиб, сени хафа қилмаймиз», деб айтгин», деди. Имом Муслим ривоятлари.
426/15. Муоз ибн Жабалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эшакка мингашиб кетаётган эдим. У зот: «Эй Муоз! Бандалар устидаги Аллоҳнинг ҳаққи ва Аллоҳ зиммасидаги бандаларнинг ҳаққи нима эканини биласанми?» деганларида, мен: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедим. Шунда у зот: «Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи – Унга бирор нарсани шерик қилмасдан, Ўзига ибодат қилмоқликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари – бирор нарсани Унга шерик қилмаган бандасини азобламаслигидир», деб айт-дилар. Кейин мен: «Эй Аллоҳнинг расули, шундай бўлса, бу ҳақда одамларга хурсандлик хабарини берайми?» десам, у зот: «Йўқ, хабар берма. Агар хабар берадиган бўлсанг, бу нарсага суяниб амал қилмай қўйишади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
427/16. Баро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмон киши қабрда сўроқ-савол қилинса, у банданинг «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расули», деб гувоҳлик бериши мана бу оят остига киради: «Аллоҳ имон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
428/17. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кофир кимса агар бирор яхшилик қилса, шу дунёнинг ўзида ризқлантирилади. Аммо мўмин киши бирор яхшилик қилса, Аллоҳ таоло охирати учун яхшилигини захира қилиб қўяди ҳамда тоатига ярашасини дунёда ҳам ризқ қилиб беради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Яна бошқа бир ривоятларида: «Албатта Аллоҳ таоло мўминнинг қилган яхшилиги учун зулм қилмасдан шу дунёда ҳам беради. Охиратда эса у яхшилиги учун мукофот ҳам ато этади. Аммо кофир кимса ҳар қанча яхшилик қилмасин, шу дунёда ризқлантирилади. Қачонки, охиратга борганида, мукофотланиши учун яхшилиги бўлмайди», дейилган.
429/18. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намознинг мисоли сизлардан бирингизнинг эшиги олдидан лиммо-лим бўлиб оқувчи анҳорда ҳар куни беш марта ювинадиган кишига ўхшайди», дедилар. (Яъни, ҳар куни анҳорда беш марта ювинган кишининг баданида кир қолмагани каби ҳар кун беш вақт намоз ўқиган кишида гуноҳ қолмайди.) Имом Муслим ривоятлари.
430/19. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон киши вафот этса, бу вафот этган кишининг жанозасида Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмаган қирқ киши иштирок этса, Аллоҳ бу мусулмон ҳақидаги уларнинг шафоатларини қабул қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
431/20. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз қирққа яқин киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чодирда эдик. Шунда у зот: «Сизлар жаннат аҳлларининг тўртдан бири бўлишга розимисизлар?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Яна у зот: «Сизлар жаннат аҳлларининг учдан бири бўлишга розимисизлар?» дегандилар, биз: «Ҳа», дедик. Яна у зот: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар жаннат аҳлининг ярми бўлишингизга умид қиламан. Бу жаннатга мусулмон шахсларгина киришади. Сизлар мушриклар орасида қора рангли ҳўкиз баданидаги оқ тукка ёки қизил рангли ҳўкиз баданидаги қора тукка ўхшайсизлар», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
432/21. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Қиёмат қоим бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга яҳудий ёки насронийни топшириб: «Мана бу сенинг дўзахдан қутулишинг учун бўлган гаровингдир», дейди», дедилар.
Бошқа ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мусулмонлардан иборат бўлган кишилар тоғ каби гуноҳ билан келишади. Аллоҳ эса уларнинг гуноҳларини мағфират қилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Ҳадисдаги «Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга яҳудий ёки насронийни топшириб: «Мана бу сенинг дўзахдан қутулишинг учун бўлган гаровингдир», дейди» каби маъно Абу Ҳурайрадан қилинган ривоятда ҳам келган. У қуйидагичадир: «Ҳар бир кишининг жаннатда ва дўзахда ўрни бордир. Агар мўмин жаннатга кирса, унинг дўзахдаги ўрнига кофир киради. Чунки кофир куфри билан ўша ерга мустаҳиқдир».
Ва яна ҳадисдаги «Қутулишинг учун бўлган фидоингдир» жумласининг маъноси – «Сен дўзахга киришга дучор бўлиб турган эдинг. Бу кофир сенинг жойингга кирди. Ва сен қутулдинг. Чунки Аллоҳ таоло дўзахни тўлдириш учун бир қанча миқдорни тайин қилган. Қачонки, кофирлар гуноҳ ва куфрлари сабабли дўзахга киришса, гўёки мусулмонлар ўрнига гаров қилиниб киришган бўлади». Валлоҳу аълам.
433/22. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банда Қиёмат куни Аллоҳга шу қадар яқинлаштириладики, У банданинг устига раҳмат пардасини қўяди. Ва гуноҳларига иқрор этади. Ҳамда: «Ундай ёки бундай гуноҳларингни биласанми?» дейди. Банда эса: «Эй Раббим, биламан», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен дунёдалигингда гуноҳларингни фош қилмасдан сир тутдим. Бу кун гуноҳларинг-ни кечираман», дейди. Кейин у бандага яхшиликлар ёзилган саҳифа келтирилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
«Аллоҳга яқинлаштирилади», дейилганда карам ва яхшилик ила яқинлаштириш тушунилади. Чунки Аллоҳ масофа ила яқинлашишдан покдир.
434/23. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши бир хотиндан бўса олди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб хабар берди. Сўнгра Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо қилинг! Албатта яхши амаллар ёмонлик – гуноҳларни кетказур». Бас, ҳалиги киши: «Эй Аллоҳнинг расули, бу мен учун хосми?» деганида, у зот: «Балки бу умматимнинг барчаларига хосдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
435/24. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, гуноҳ қилиб қўйдим. Менга таъзир беринг», деди. (Аммо) намоз вақти бўлиб қолган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиди. Қачонки, намоз ўқиб бўлингандан кейин «Эй Аллоҳнинг расули, мен гуноҳ қилиб қўйдим. Аллоҳнинг Китобида буюрилганидек, унинг жазосини қоим қилинг», деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Биз билан намозда бирга эмасмидинг?» дедилар. У киши: «Ҳа, бирга эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, сенинг гуноҳларинг кечирилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
«Жазони қоим қилинг» жумласидаги жазо зино ва ароқ ичгандаги ҳад (шаръий жазо) эмас. Балки таъзир маъносидаги жазодир. Чунки зино ва ароқ ичгандаги жазо намоз билан соқит бўлмайди ҳамда имомнинг у жазони тарк қилиши ҳам жоиз эмас.
436/25. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар таом еганда ва ҳар ичимлик ичганда ҳамд айтувчи бандасидан Аллоҳ таоло рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
437/26. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тунда Аллоҳ таоло раҳмат ва мағфират қўлини кундузи гуноҳ қилувчилар тавба этишлари учун ёзади. Ва наҳорда Аллоҳ таоло раҳмат ва мағфират қўлини тунда гуноҳ қилувчилар тавба этишлари учун ёзади. Ҳаттоки, қуёш ботганидан то чиққунича мана шундай давом этади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
438/27. Абу Нажиҳ Амр ибн Абасадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен жоҳилият даврида одамлар залолатда, чунки улар бутга ибодат қилишгани учун ҳақиқат йўлида эмаслар, деб ўйлаб юрар эдим. Ногаҳон ўша кунларнинг бирида Маккада бир одам чиққанини эшитдим. У ҳар турли хабарларни айтаётган эмиш. Бас, уловимга ўтирдим-да, у жанобнинг ҳузурларига бордим. Ўша кунларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамлардан яшириниб юрган эканлар. Чунки қавмлари суиқасд қилишга журъат этишган экан. Мен йўлини топиб, Маккада у зот ҳузурларига кириб: «Сиз кимсиз?» дедим. У зот: «Набийман», дедилар. Мен: «Набий нима ўзи?» дедим. У зот: «Аллоҳ мени шундай қилиб юборди», дедилар. Мен: «Нима ила юборди?» дедим. У зот: «Қариндош-уруғларга боғланиб борди-келди қилишга, бутларни синдиришга ҳамда Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка ва Унинг тавҳидига чақириш буйруғи ила юборди», дедилар. Мен: «Бу йўлда сиз билан кимлар бирга?» десам, у зот: «Бир озод ва бир қул киши», дедилар. Ўшанда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Билол розияллоҳу анҳу бирга эдилар. «Мен ҳам сизга эргашаман», десам, у зот: «Сен бу кунларда эргашишга қодир эмассан. Менинг ва одамларнинг аҳволига қарамайсанми? Лекин ўз аҳлингга қайтгин. Агар менинг овоза бўлганимни эшитсанг, ўшанда келгин», дедилар. Кейин мен аҳлимга қайтиб келдим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса Мадинага (ҳижрат қилиб) кетибдилар. Мен аҳлим билан биргалик пайтимда у зот ҳақларида суриштириб Мадинадан келганлардан сўрар эдим. Мадина аҳлидан бир неча киши келган эди. Мен: «Мадинага борган бу киши (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) нима қилмоқда?» деб сўрадим. Улар: «Кишилар унга (қўшилиш учун) шошилишмоқда. Ўз қавми уни ўлдиришни хоҳлаган эди. Лекин бунга қодир бўлишмади», деб айтишди. Кейин мен Мадинага бориб у зот ҳузурларига кирдим. Ва: «Эй Аллоҳнинг расули, мени танидингизми?» десам, у зот: «Ҳа, сен билан Маккада учрашган эдим», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга ўргатган ва мен билмайдиган нарсалар ҳамда намоз ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Бомдод намозини ўқигин. Кейин қуёш то бир найза миқдорида кўтарилгунича тўхтаб тургин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан чиқади. Ўша пайтда кофирлар қуёшга сажда қилишади. Кейин намозингни ўқийвер. Чунки намоз пайтида (кундузги) фаришталар ҳозир бўлишади. Қачонки, соя найза миқдорича бўлиб (қуёш тиккага етганда) намозни тўхтатгин. Чунки мана шу пайтда жаҳаннам қиздирилади. Қачонки, соя тушса, бунда ҳам намозингни ўқийвергин. Чунки бу намоз пайтида ҳам то аср намозини ўқигунингча фаришталар ҳозир бўлишади. Сўнгра қуёш ботгунича намоз ўқишни тўхтатгин. Чунки қуёш шайтоннинг икки шохи орасидан ботади. Ўша пайтда ҳам кофирлар қуёшга сажда қилишади», дедилар. Мен яна: «Эй Аллоҳнинг расули, энди таҳорат ҳақида хабар беринг», дедим. У зот: «Сизлардан бирингиз таҳорат сувини олиб келиб оғзини чайқаб, бурнига сув олиб уни ташласа, юзи ва бурнидаги хатолари чиқиб кетади. Агар юзини Аллоҳ буюрганидек ювса, бети ва жағи атрофидаги хатолари сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин икки қўлини тирсагигача ювса, қўли билан қилган хатолари бармоқларидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин бошига масҳ тортса, бошидаги хатолари сочлари атрофидан сув билан бирга чиқиб кетади. Кейин оёғини ошиғигача ювса, у билан қилган хатолари оёқ бармоқларидан чиқиб кетади. Агар туриб намоз ўқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, Уни шаънига мос нарса билан улуғласа ҳамда қалбини Аллоҳга боғласа, худди онасидан туғилган кундаги каби хатолардан холи бўлади», дедилар».
Бу ҳадиснинг ровийси Амр ибн Абаса уни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари Абу Умомага гапириб берганларида, Абу Умома: «Эй Амр ибн Абаса, нима деяётганингга қара! Бир мақомда кишига шу миқдорда даража бериладими?» деганларида, Амр ибн Абаса: «Эй Абу Умома, ёшим улғайиб, суякларим нозиклашиб, ажалим яқинлашганда, Аллоҳ ва Унинг расулига ёлғон нисбат беришимга нима эҳтиёжим бор?! Мен бу ҳадисни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан бир, икки ёки уч, ҳатто етти марта эшитганимда ҳам гапирмас эдим. Лекин мен буни ундан ҳам кўп эшитганман», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
439/28. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ таоло бир умматга раҳмати бўлишини хоҳласа, пешвоз чиқиш учун улардан олдин пайғамбарларининг жонини олади. Агар бирор умматни ҳалок этишни хоҳласа, пайғамбарлари тирик туриб уларни азобга гирифтор қилиб ҳалок этади. Ва у пайғамбар ёлғонга чиқариб, буйруғига осийлик қилган умматининг қандай азобланаётганини ўз кўзи билан кўриб туради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 13300 марта кўрилди
51-БОБ. Умид қилиш ҳақида
- Создано 16 Октябр 2022
- 110 марта кўрилди
52-БОБ. Умид қилишнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таолонинг Китобида солиҳ банда шундай дейди: «Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир. Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади» (ўофир сураси, 44–45-оятлар).
440/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Бандам гумон қилган еридан топиламан. Қаерда Мени эсласа, у билан биргадирман. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан саҳрода туясини йўқотиб, кейин топиб олган кишининг хурсандчилигидан ҳам кўпроқ шод бўлади. Ким Менга бир қарич яқин бўлса, Мен унга бир газ яқин бўламан. Ким Менга бир газ яқин бўлса, Мен унга бир қулоч яқин бўламан. Ким Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман», деди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
441/2. Жобир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан уч кун олдин: «Ҳар бирингиз ўлими пайтида Аллоҳ азза ва жаллага гумонини яхши қилсин», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
442/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи, сен Менга дуо қилдинг ва Мендан умид қилдинг. Мен эса сени гуноҳингга аҳамият бермасдан кечириб юбордим. Эй одам боласи, агар гуноҳинг осмон булутича бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, гуноҳингни кечираман. Эй одам боласи, агар Менга ер тўлалигича гуноҳ билан келиб, сўнгра Менга бирор нарсани ширк келтирмасанг, ернинг тўлалигича мағфират билан бораман», деб айтди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 103 марта кўрилди
54-БОБ. Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш ҳамда Унга интилишнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур» (Исро сураси, 109-оят);
«(Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми? (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда кулурсизларми?» (Нажм сураси, 59–61-оятлар) деб айтган.
446/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Қуръон ўқиб бер», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб бераманми? Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса», десам, у зот: «Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман», дедилар. Шунда мен «Нисо» сурасини ўқиб «(Эй Муҳаммад), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?» оятига етсам, у зот: «Ҳозирча кифоя қилади», дедилар. Кейин у зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш оқмоқда экан». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
447/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба айтдилар. Бу каби хутбани ҳеч эшитмаган эдим. У зот: «Агар сизлар мен билган нарсани англаганларингизда эди, оз кулиб кўп йиғлаган бўлардингизлар», дедилар. Бу хутбани эшитган саҳобалар юзларини беркитиб пиқиллаб йиғлашар эди». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
448/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши ҳаттоки сут кўкракка қайтмагунича дўзахга кирмайди (яъни, сут кўкракка қайтиши қай даражада мумкин бўлмаса, мўминнинг дўзахга кириши мумкин эмас). Ва яна Аллоҳнинг йўлидаги ғубор билан жаҳаннам тутуни бир ерда жамланмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
449/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти тоифа кишини соя йўқ Кунда ўз соясидан (Қиёмат ҳароратида Аршнинг соясидан) паноҳ берур: 1) одил подшоҳ; 2) Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит; 3) масжидга қалби муаллақ бўлган киши, яъни масжиддан чиқиб, то унга қайтгунча қалби боғлиқ бўлувчи; 4) Аллоҳ йўлида дўст бўлувчи икки биродар шахс, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; 5) бир кишини ҳусну жамолда тенгги йўқ аёл (ёмон ниятда) ўз нафсига чақирса, у киши Аллоҳдан қўрқаман, деб жавоб қилса; 6) бир киши бирор садақа қилса, ўша берган садақасини шу даражада махфий қилсаки, ўнг қўли билан берганини чап қўли сезмаса; 7) бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
450/5. Абдуллоҳ ибн Шаххирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Шу даражада йиғлаётгандиларки, ичларидан худди қозон қайнагандаги каби товуш чиқар эди». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
451/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга: «Аллоҳ таоло «Лам якуниллазийна кафарув» сурасини сенга ўқиб беришимни амр этди», деганларида, Убай ибн Каъб: «Аллоҳ менинг номимни зикр қилдими?» дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Буни эшитган Убай розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Убай ибн Каъб йиғлай бошлади», дейилган.
452/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умарга розияллоҳу анҳу: «Юргин, худди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Умму Айманни зиёрат қилганларидек, биз ҳам уни зиёрат қиламиз», дедилар. Кейин икковлари Умму Айман ҳузурига боришганида, Умму Айман йиғлаб юборди. Шунда икковлари: «Нимага йиғлаяпсан? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга (бу дунёдан кўра) Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши эканини билмайсанми?!» дейишганида, Умму Айман: «Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яхши эканини биламан. Лекин мени йиғлатаётган нарса (бу зот вафот этишлари билан) осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолганидир», деди. Умму Айманнинг йиғиси икковларини ҳаяжонга солиб, улар ҳам йиғлаб юборишди. Имом Муслим ривоятлари.
453/8. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг касалликлари кучайганда «Намозга чиқинг», дейилди. У зот: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳу: «Отам Абу Бакр кўнгли бўш кишилар. Агар Қуръон ўқисалар, йиғи устун келади», дегандилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Унга буюринглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин», дедилар.
Бошқа ривоятда: «Оиша розияллоҳу анҳу: «Отам Абу Бакр агар сизнинг ўрнингизда имом бўлиб турсалар, йиғлаб юборадилар. Ва кишилар (нима ўқиётганини) эшитишмайди», дедилар», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
454/9. Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Отам Абдураҳмон ибн Авфнинг ҳузурларига таом келтирилди. Ўшанда рўзадор эдилар. Ва бу зот: «Мусъаб ибн Умайр шаҳид ҳолатда ўлдирилдилар. Мендан яхши эдилар. Кафанлаш учун бир чопондан бошқа нарса топилмади. Агар ўша чопон бошларига ёпилса, оёқлари очилиб қолар эди. Агар оёқлари ёпилса, бошлари очилиб қолар эди. Бу зотдан кейин бизга дунё ҳар қанча ато қилинди. Яъни, фаравонлик бўла бошлади. Яхшиликларимиз охиратга захира қилинмасдан шу дунёнинг ўзидаёқ бериб қўйилдими, деб қўрқамиз», дедилар-да, йиғлаб юбордилар. Ва овқатланишни ҳам тарк қилдилар». Имом Бухорий ривоятлари.
455/10. Абу Умома Судай ибн Ажлон ал-Боҳилийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога икки томчи ва икки оёқ изидан маҳбуброқ нарса йўқдир. Улар: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган ёш томчиси ва Аллоҳ йўлида тўкилган қон томчиси. Ҳамда Аллоҳ йўлида босилган қадам изи ва Аллоҳ фарзларидан бирини адо этиш учун босилган қадам изи», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
Бу бобга тааллуқли ҳадислар жуда кўпдир. Ирбоз ибн Сориядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган 157-рақамли ҳадис ҳам бу бобга далилдир.
- Создано 16 Октябр 2022
- 14583 марта кўрилди
53-БОБ. Хавф ва ражо баёни Билингки, бандага муносиб кўрилган ҳолат соғломлик пайтида хавф-ражода бўлиб бир хил турсин. Беморлик пайтида эса умидни кучайтирсин. Бунга шариат асоси бўлмиш Қуръон ва суннатда далиллар келган
Аллоҳ таоло марҳамат этди: «Бас, Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф сураси, 99-оят);
«Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур» (Юсуф сураси, 87-оят);
«(Қиёмат) кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур» (Оли Имрон сураси, 106-оят);
«Шубҳасиз, Парвардигорингиз (кофирлар учун) азоби қаттиқ, (мўминларни эса) мағфират қилгувчи, меҳрибондир» (Аъроф сураси, 167-оят);
«Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни, мўминлар) жаннат неъматларидадирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилгувчи кимсалар дўзахдадирлар» (Инфитор сураси, 13–14-оятлар);
«Бас, энди (у кунда) кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (ҳар бир инсон) рози бўладиган – орзу қиладиган ҳаётда бўлур. Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи жарликдир» (Ал-Қориъа сураси, 6–9-оятлар).
443/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мўмин Аллоҳ ҳузуридаги азобни билганида эди, бирор киши жаннатга киришидан умид қилмас эди. Агар кофир Аллоҳ ҳузуридаги раҳматни билса эди, бирор киши жаннатдан ноумид бўлмас эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
444/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши тобутга қўйилса ва одамлар ёки кишилар уни гарданларига қўйиб кўтарган ҳолда юришни бошласа, у тобутдаги киши солиҳ бўлса, «Мени тезроқ олиб боринглар, мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Агар тобут ичидаги киши ёмон бўлса, «Вой бўлсин! Қаерга олиб кетмоқдасизлар?» дейди. Бу айтган сўзини инсондан бошқа ҳамма эшитади. Агар инсон ҳам эшитса, вафот этарди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
445/3. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат ҳар бирингизнинг пойабзали ипидан ҳам яқиндир. Дўзах ҳам шу кабидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 112 марта кўрилди
55-БОБ. Дунёда зоҳид бўлиш ва уни (жамлашни) озайтириш ҳамда камбағалликнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган бир сувга ўхшайди, бас, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер набототи у билан аралашиб, ҳатто ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз» (Юнус сураси, 24-оят);
«(Эй Муҳаммад, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, (аввал – киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)» (Қаҳф сураси, 45–46-оятлар);
«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, уни нг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.) Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир» (Ҳадид сураси, 20-оят);
«Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир» (Оли Имрон сураси, 14-оят);
«Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир сураси, 5-оят);
«(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)» (Такосур сураси, 1–5-оятлар);
«Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)» (Анкабут сураси, 64-оят).
456/1. Амр ибн Авф Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ал-Жарроҳни Баҳрайнга жизя (солиқ)ларни олиб келиш учун юбордилар. Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол-дунё билан қайтдилар. Абу Убайданинг келгани ҳақидаги хабарни ансорийлар эшитиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бомдод намозини ўқиш учун тўпланиб келишди. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзма-юз бўлиб қараб кулиб қўйдилар. Сўнгра: «Сизлар Абу Убайда Баҳрайндан нимадир олиб келганини эшитган бўлсангизлар керак-а?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули», дейишди. Шунда у зот: «Хушнуд бўладиган нарсаларингизни орзу қилиб умид этаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунёга кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
457/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда ўтирдилар. Биз эса атрофларида ўтирдик. Шунда у зот: «Ўлимдан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсам дунё ўз гўзаллигу ажойиботларини очиб, сизлар ўшанга (маҳлиё) бўлишингиздир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
458/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта дунё кўм-кўк, гўзалдир. Аллоҳ эса унда сизларни тасарруф этувчи қилди. Ва сизлар дунёда қандай амал қилишингизга қарайди. Бас, дунёдан сақланинглар. Ҳамда аёллардан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
459/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
460/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Вафот этган киши билан қабристонга уч нарса бирга боради. Улар: аҳли, мол-дунёси ва амали. Лекин иккови, яъни аҳли ва моли қайтиб келиб, биттаси, яъни амали бирга қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
461/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни ҳаёти дунёдалик пайтида роҳат-фароғатда яшаган, дўзахга ҳукм қилинган кишини олиб келиб, дўзахга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор роҳат-фароғат кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим, эй Рабб!» дейди. Ва яна ҳаёти дунёдалик пайтида камбағаллик ва мусибатда яшаган, жаннатга ҳукм қилинган кишини олиб келиб жаннатга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор қийинчилик кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим. Менинг ҳаётимда бирор қийинчилик бўлмаган», деб айтади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
462/7. Муставрид ибн Шаддоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сувга қарасин, ўша қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
463/8. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда кетаётганларида қулоғи кичкина бўлган ўлимтик бир эчкининг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар эса бу зотнинг атрофларида эди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғидан ушлаб: «Сизларнинг қайси бирингиз буни бир дирҳамга сотиб олишни яхши кўради?» дегандилар, саҳобалар: «Биз уни сотиб олишни яхши кўрмаймиз. Буни нима ҳам қилардик?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам яна: «Бу сизларга бўлишини яхши кўрасизларми?» дегандилар, улар: «Аллоҳга қасамки, агар бу тирик бўлганда ҳам қулоғи кичиклиги сабаб айби бор экан. Энди ўлигига эгалик қилишни ким ҳам яхши кўрарди?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, бу дунё Аллоҳ ҳузурида сизларга мана бу ўлимтик эчки қадрсиз бўлганидан ҳам зиёда қадрсиздир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
464/9. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинанинг тошлоқ ерларида кетаётган эдим, Уҳуд тоғи рўпарамиздан чиқиб қолди. Шунда у зот: «Эй Абу Зарр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг расули», дедим. У зот: «Агар мана шу Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, унинг менинг ҳузуримда уч кеча бўлса ҳам қолиши хушнуд этмайди. Фақат қарзимга тўламоғим учун етарлисини қолдириб, қолганини Аллоҳ таолонинг бандалари учун ундай ва бундай ҳамда мана бундай қилиб сарф этинглар, деган бўлар эдим», дедилар-да, ўнг ва чап ҳамда орқа томонларига ишора қилдилар, сўнгра йўлга равона бўлиб «Бу дунёда мол-дунёси кўп бадавлат кишилар Қиёмат куни (савоб жиҳатидан) қашшоқдирлар. Лекин мол-дунёсини ундай ва бундай ҳамда мана бундай, яъни ўнг ва чап ҳамда орқаларидан эҳсон қилувчилар ундай эмаслар. Улар кам сонли бўлишади», дедилар, кейин: «Мен келг унимча ўрнингдан жилмай тур», деб тун қоронғусида кўздан ғойиб бўлдилар. Бироздан кейин бегона бир товушни эшитиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга бирор нарса бўлмадимикан, деб хавотир олдим. Олдиларига бормоқчи бўлдим-у, аммо «Ўрнингдан жилмай тур», деб айтган сўзлари ёдимга тушиб бормадим. Қачонки, қайтиб келганларидан сўнг: «Эй Расулуллоҳ, бир овозни эшитиб хавотир олдим», деб воқеани эслатдим. У зот: «Ҳақиқатда эшитдингми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. У зот: «Бу Жаброил алайҳиссалом эди. Менга келиб: «Умматларингдан қайси бири Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга киради», деб айтди», дедилар. Шунда мен: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳамми?» десам, у зот: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Бухорийники.
465/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
466/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиздан паст (табақадаги)ларга қарайверинглар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафз.
Аммо Имом Бухорий ривоятларида: «Агар сизлардан бирингиз мол-дунё ва ҳусн-жамолда юқоридаги кишига қараса, ўзидан паст бўлган кишига ҳам қарасин», дейилган. (Яъни, аввалгини кўриб ўксиган бўлса, кейингини кўриб шукр қилади.)
467/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Динор ва дирҳам ҳамда бахмал ва кимхоб, яъни кийимларга ўзини қул қилганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, рози бўлишади. Бермасанг, рози бўлишмайди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
468/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен етмишга яқин аҳли суффаларни кўрдим-у, лекин уларнинг бирортасида чопон йўқ эди. Уларда фақат ё иштон, ё кўйлак бўлиб, у кўйлакни бўйинларига боғлаб олишар эди. У тўпиқларининг ярмигача ёки ошиқларининг ярмигача етар эди. Авратлари очилиб қолмаслиги учун қўллари билан ушлаб туришар эди». Имом Бухорий ривоятлари.
469/14. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг қамоқхонаси, кофирнинг эса жаннатидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
470/15. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар». Ибн Умар розияллоҳу анҳу (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бу ҳадиснинг шарҳида қуйидагича маъно айтишган: «Дунёга суяниб, уни ватан қилиб олма. Унда узоқ қолишни ва унга аҳамиятли бўлишни ўйлама. Дунёга алоқадорлигинг худди ватанида бўлмаган ғарибнинг алоқаси каби бўлсин. Ва ўз аҳлига қайтишни хоҳлаб юрган ғариб ўша турган жойида бирор нарсага машғул бўлмагани каби сен ҳам дунёга машғул бўлма».
471/16. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан ўзингни тийгин, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан ўзингни тийгин, улар сени яхши кўришади», дедилар. Ибн Можа ва бошқалар ҳасан иснод билан ривоят қилишган.
472/17. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кишилар дунёдан эга бўлган нарсаларини зикр қилатуриб: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қоринларини тўйғазиш учун бирор эскиб қолган бўлса ҳам хурмо топа олмасдан кун бўйи букчайиб қолганларини кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
473/18. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида уйим токчасидаги бироз арпадан бошқа егани бирор егулик йўқ эди. Бир қанча пайт ундан еб юрдим. Қачонки, уни чамалаган эдим, у тугаб қолди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
474/19. Жувайрия бинти Ҳориснинг укалари Амр ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида миниб юрган оқ хачирлари, силоҳлари, мусофирлар учун садақа қилиб ажратган ерларидан бошқа бирор динор ва дирҳам ҳамда бирор қул ва чўри ҳам қолдирганлари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
475/20. Хаббоб ибн Аратдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳнинг розилигини талаб этиб ҳижрат қилдик. Ажримиз эса Аллоҳнинг зиммасида эди. Биздан баъзилар ажридан ҳеч бир нарса емай, оламдан ўтиб кетишди. Улардан бири Мусъаб ибн Умайр эдилар. Бу зот Уҳуд ғазотида шаҳид бўлдилар. Биттагина жундан тўқилган рангли кийимлари бор эди, холос. Агар уни бошларига ёпсак, оёқлари очилиб қолар эди, агар уни оёқларига ёпсак, бошлари очилиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (уни) бошларига ёпишни, оёқларига эса изхир номли ўсимликни қўйишни буюрдилар. Ва яна баъзиларимизнинг мевалари ҳосилга кириб, дунёдан ўз насибаларига эга бўлишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
476/21. Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қадри бўлганида эди, кофирларга бир ҳўплам сувни ҳам бермас эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
477/22. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
478/23. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кўчмас мулкларга (ер-сув) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
479/24. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Қамишдан бўлган уйимизни ислоҳ этаётганимизда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтиб қолдилар. Ва: «Бу нима?» дегандилар, биз: «Қулаб кетган деворни ислоҳ қилмоқдамиз», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ишни бундан ҳам тезроқ деб биламан», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.
480/25. Каъб ибн Иёздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
481/26. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одам болаларининг қуйидаги нарсалардан бошқа ҳеч бир ҳаққи йўқдир: яшайдиган уйи, авратини тўсадиган кийими, ноннинг ўзи ҳамда сув», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
482/27. Абдуллоҳ ибн Шиххирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот «Алҳакумут такосуру» сурасини ўқиётган эканлар. Шунда у зот: «Одам боласи молим, молим, дейди. Эй одам боласи, молингдан еб тугатганинг ва кийиб эскитганинг ҳамда садақа қилиб сарф этганинг ўзингникидир (қолгани эса бошқаларникидир)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
483/28. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деди. Шунда у зот: «Нима деяётганингга қарагин», дедилар. У яна: «Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деб уч марта айтди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, камбағаллик кийимини лозим тут. Чунки мени яхши кўрган кишига камбағаллик сел охирига бориб улгурмасидан ҳам тезроқ етиб боради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
484/29. Каъб ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қўйлар орасига иккита оч бўри қўйиб юборилганида, уларни қай тарзда барбод қилса, кишини мол-дунё ва шараф-иззатга бўлган ҳирси ундан ҳам кўпроқ фасод қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
485/30. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ухлаган эдилар, икки ёнларига унинг изи тушиб қолибди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга тўшак солиб берамиз», дегандик, у зот: «Дунё билан менинг нима алоқам бор?! Дунёда мен худди дарахт остида бироз сояланиб, кейин у ерни ташлаб кетадиган йўловчига ўхшайман», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.
486/31. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
487/32. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Имрон ибн Ҳусайнлардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти камбағаллар экан. Ҳамда дўзахга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти аёллар экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
488/33. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат дарвозаси олдида туриб қарасам, у ерга кираётганларнинг кўплари бечора-мискинлар экан. Бойлар эса ташқарида ушлаб турилибди. Лекин дўзах аҳлларини эса дўзахга ташлаш буюрилибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
489/34. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзларнинг энг тўғриси Лабид исмли шоирнинг: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳдан бошқа барча нарса ботил, яъни бекордир», деб айтган сўзидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 56-БОБ. Оч юриш, содда ҳаёт кечириш, ейиш, ичиш, кийинишнинг озига ҳам қаноат қилиш ҳамда нафс хоҳиши ва шаҳвоний нарсаларни тарк этиш хусусида
- 57-БОБ. Қаноатли, иффатли ҳамда рўзғорда, эҳсон қилишда тежамкор бўлиш ва зарурат туғилмаганда кишилардан нарса сўрашнинг кароҳияти ҳақида
- 58-БОБ. Тиланчилик ва таъмагирлик бўлмаса, берилган нарсани олиш жоизлиги ҳақида
- 59-БОБ. Ўз касби орқали ейиш ва тиланчиликдан сақланиш ҳамда одамлар бирор нарса берармикан, дейишдан юз ўгиришга тарғиб