Аллоҳ таоло: «Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг)» (Шуаро сураси, 215-оят).
«Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл кишилардир» (Моида сураси, 54-оят).
«Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
«Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар. Унинг ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билгувчидир» (Ван-нажм сураси, 32-оят).
«Аъроф эгалари (яъни қилган яхши ва ёмон амаллари тенг келиб, жаннатий ҳам, дўзахий ҳам бўлмай, ўртада аъроф — деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахийларга) нидо қилиб дедилар: Тўплаган молу дунёингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизларга асқотмабди-ку. Сизлар «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди», деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал-бечоралик билан ўтган мўъмин-мусулмон) ларми? (Ахир уларга) : «Жаннатга киринглар, сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар (дейилди-ку)» (Аъроф сураси, 48-49-оятлар), деб айтган.
601/1. Иёз ибн Ҳимордан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло менга тавозуъли бўлишни ваҳий қилди. (Бундан умматим таълим олиб) ҳеч бири бошқа кишига фахрланмасин ва душманлик қилмасин», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
602/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуъда бўлса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
603/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот ёш болалар олдидан ўтиб, уларга салом бердилар-да: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам одати шарифлари – мана шу тарзда салом берардилар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
604/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Агар Мадинадаги чўрилардан бирортаси хоҳласа, Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларидан ушлаб, хоҳлаган жойига олиб кета олар эди», дедилар (Яъни ҳар қандай ожиз, заиф ҳам ҳузурларига кириб, арз-додини айтиб, хоҳлаган ерига бетакаллуф олиб борар эди). Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам тавозуъликлари ва кишилар ҳожатини чиқаришга ҳарисликлари аён бўлади.
605/5. Асвад ибн Язиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Оишадан розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйда нима билан машғул бўлардилар?» деб сўралганида, бу онамиз: «Аҳлиялари хизматида бўлардилар. Бордию намоз вақти кириб қолса, намозга чиқиб кетардилар», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
606/6. Абу Рифоъа Тамим ибн Усайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, хутба айтаётган эканлар. Шунда мен: «ўариб киши келиб, дини ҳақида сўрамоқда, чунки динидаги нарсаларни билмайди», десам, у зот менга юзланиб, хутбаларини тўхтатиб, мен томонга юриб келдилар. Кейин курси келтирилди. Унга ўтириб, Аллоҳ ўргатган нарсаларни менга ўргатдилар. Сўнгра яна хутбаларини давом эттириб, унга якун ясадилар. Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ўта камтарликлари ва кишиларга дин ишларини таълим беришга ҳарисликлари маълум бўлади.
607/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялар эдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангизнинг луқмаси тушиб кетса, уни тозалаб есин. Шайтонга (насибасини) қолдирмасин», дедилар. Ва яна лаганни ялашни буюриб: «Чунки таомингизнинг баракаси қаерда эканини билмайсизлар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
608/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни юборган бўлса, албатта, барчалари қўй боққан», деганларида, саҳобалари: «Сиз ҳам боққанмисиз?» дейишди. Шунда у зот: «Ҳа, Макка аҳлининг қўйларини бир қийрот баробаридаги маблағ эвазига боқиб берар эдим», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
609/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ҳайвон почаси ёки қўлини пишириб, мени меҳмондорчиликка чақиришса, албатта борар эдим. Агар ҳайвон почаси ёки қўлини ҳадя қилишса, уни қабул қилар эдим», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Арзимас, озгина нарса тайёрлаб чақирилса тавозуъ қилиб бориш ҳамда озгина нарса ҳадя қилинса, уни қабул қилишга тарғиб бор.
610/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам Азбо номли туялари билан бирорта туя мусобақалаша олмас эди. Балки мусобақалашишга яқинлаша олмасди ҳам. Иттифоқо, бир аъробий туясига ўтириб олиб, Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ўша туяларидан ўзиб кетди. Бу воқеъа мусулмонларга оғир ботди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг хафа бўлганларини билиб: «Дунёда бирор нарса баланд бўлса, Аллоҳ уни пасайтирур», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Аллоҳ таоло наздида дунёнинг ҳақирлиги ва дунё ишлари мукаммал бўлмасдан, ноқис эканлиги англашилади.
- Создано 16 Октябр 2022
- 94 марта кўрилди
71-БОБ. Мўминларнинг хушхулқ ва камтар бўлишлари ҳақида
- Создано 16 Октябр 2022
- 112 марта кўрилди
72-БОБ. Кибр ва манмансирашнинг ҳаромлиги
Аллоҳ таоло айтади: «Биз ўша охират диёрини Ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас сураси, 83-оят).
«Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин» (Исро сураси, 37-оят).
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят),
«Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари (ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ҳовлиқмагин. Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас», деб айтган» (Қасас сураси, 76-оят).
611/1. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди», деганларида, бир киши: «Баъзи кишилар борки, яхши кийим ва яхши пойафзал кийишни яхши кўради (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)», деганида, у зот: «(Йўқ, бу амали кибр эмас). Албатта, Аллоҳ кўркамдир. Ва кўркамликни яхши кўради. Аслида кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
612/2. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чап қўли билан таом тановул қилди. У зот: «Ўнг қўлингда егин», дедилар. Ҳалиги киши: «Бунга қодир эмасман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қодир ҳам бўлмагин, бундан фақат мутакаббирлиги ман қилди, холос», дедилар. Шундан кейин ҳалиги киши (ўнг) қўлини оғзига кўтара олмади. Имом Муслим ривоятлари.
613/3. Ҳориса ибн Ваҳбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга аҳли дўзах кимлар экани ҳақида хабар берайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
614/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат ва дўзах мартаба талашиб хусуматлашишди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда заиф ва мискинлар бўлади», деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
615/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимини такаббурлик билан судраб юрувчи кишиларга Аллоҳ таоло Қиёмат куни (раҳмат назари ила) қарамайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
616/6. Абу Ҳурайрарадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа кишилар борки, Аллоҳ таоло Қиёмат куни улар билан гаплашмайди ва покламайди. Уларга (раҳмат назари ила) қарамайди ҳам. Ҳамда улар учун аламли азоб бордир. 1) Зинокор қария. 2) Ёлғончи подшоҳ. 3) Камбағал мутакаббир», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
617/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ таоло: «Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни бу икки сифат менга хосдир). Кимки менинг бу сифатларим устида мен билан низо қилса, уни азобимга гирифтор қиламан», деди. Имом Муслим ривоятлари.
618/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзига маҳлиё бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, мутакаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди. У киши энди Қиёмат кунигача ерга шўнғиб боради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
619/9. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши гердайиб юришда бардавом бўлади, ҳаттоки, шафқатсиз золимлар қаторига ёзилади. Ва уларга келган азоб бу кишига ҳам келади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
Фойда: Ким ўзини бир қавмга ўхшатса ўшалар қаторида ёзилади. Ҳамда уларга етган азобга бу ҳам гирифтор бўлади.
- Создано 16 Октябр 2022
- 152 марта кўрилди
74-БОБ. Ҳалимлик, босиқлик ва мулойимлик ҳақида
Аллоҳ таоло: «(У тақводор зотлар)... ғазабларини ичга ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят).
«(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят).
«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан даф қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат сураси, 34-35-оятлар).
«Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят), деб айтган.
631/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Ашаж Абдулқайсга: «Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. 1. Ҳалимлик. 2. Босиқлик», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
632/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
633/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошқа хислатларга бермайдиган савобни унга беради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
634/4. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
635/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аъробий масжидга сийиб юборди. Одамлар унинг таъзирини бериш учун ўринларидан туришганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар. Сийган жойига бир пақир сув қуйиб юборинглар. Албатта, сизлар осон этиш учун юборилгансизлар. Қийин қилиш учун юборилмагансизлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.
636/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Осон қилинглар, қийин қилиб қўйманглар. Хурсандлик хабарини беринглар, қочириб юборманглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
637/7. Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
638/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга васият қилинг», деганида, у зот: «ўазаб қилма», дедилар. Бу киши бир неча марта сўраганида ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «ўазаб қилмагин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
639/9. Абу Яъло Шаддод ибн Авсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир иш устида яхши иш қилишни лозим этган. Агар бирор (ҳайвонни) ўлдирсангиз ёки сўйсангиз, чиройли қилиб сўйинглар. Ва сизлардан бирингиз сўядиган нарсасини қийнамасдан пичоғини ўткирлаб олсин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
640/10. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам қачон икки ишнинг бири ихтиёр берилса, агар унда гуноҳ бўлмаса, осонини танлар эдилар. Агар гуноҳ иш бўлса, одамларнинг ундан энг узоғи бўлардилар. У зот ўзлари учун ҳеч ҳам ўч олмасдилар. Бордию Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, унда Аллоҳ учун ўч олардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
641/11. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга дўзах ҳаром кишини ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозуъли ва мулойим кишидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 167 марта кўрилди
73-БОБ. Ҳусну хулқ ҳақида
Аллоҳ таоло: «Албатта, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят).
«( У тақводор зотлар)... ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир» (Оли-Имрон сураси, 134-оят), деб айтган.
620/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг хулқлиси эдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
621/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам кафтларидан майинроқ ипак ҳам, кимхоб ҳам ушламадим. Ва яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳидларидан хушбўйроқ ҳидни топмадим. Ўн йил Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлдим. Шу вақт мобайнида бирор марта «уф» демадилар. Ва бирор қилиб қўйган ишимга «Нима учун уни қилдинг» демадилар. Ҳамда бирор қилмаган ишимга «Уни бундоқ қилмадингми?» деб айтмадилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
622/3. Саъб ибн Жассомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам ёввойи эшак ҳадя қилсам, у зот уни менга қайтариб бердилар. Қачонки юзимдаги хафаликни кўрганларида: «Агар эҳромда бўлмаганимизда, уни сенга қайтармас эдим», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
623/4. Наввос ибн Самъондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўраганимизда, у зот: «Ҳусну хулқ яхшиликдир. Қалбинг тараддудланиб, одамлар ўша қилган ишингдан хабардор бўлишларини кариҳ кўришинг ёмонликдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
624/5. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бадхулқ ҳам, шалоқ сўзли ҳам эмасдилар. Ва яна: «Сизларнинг яхшиларингиз хулқи яхшиларингиздир», дердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
625/6. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни мўмин банданинг тарозусида ҳусну хулқидан кўра оғирроқ нарса йўқдир. Албатта, Аллоҳ таоло уятсиз сўзларни айтувчи оғзи шалоқ кишиларга ғазаб қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
626/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган амал қайси?» деб сўралганида, у зот: «Аллоҳга қилинган тақво ва ҳусну хулқ», дедилар. Ва яна у зотдан: «Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган амал қайси?» деб сўралганида, у зот: « Оғиз ва жинсий аъзолар орқали қилинган гуноҳ», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
Фойда: Тақволи ва чиройли хулқли бўлишга тарғиб бор. Ҳамда куфр, ёлғон ва зинодан огоҳлантириш ҳам бор. Бу ҳадисда тақво билан чиройли хулқнинг ораси жамланди. Чунки тақво, инсон билан Раббиси орасини ислоҳ қилади. Чиройли хулқ эса, инсон билан бошқа инсонлар орасини ислоҳ қилади. Ва яна оғиз билан жинсий аъзолар ораси жамланди. Чунки, оғиздан куфр калимаси, ғийбат ва чақимчилик каби фаҳш сўзлар содир бўлади. Жинсий аъзодан эса, зино содир бўлади. Бу икки аъзо сақланмаса, ҳар турли балоларга сабаб бўлиб, дўзах томон олиб бориши мумкин.
627/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймон жиҳатидан комили хулқи яхшиларидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига хушмуомалада бўлганларидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
628/9. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши яхши хулқи билан (кундузлари) рўзадор, (кечалари) бедор бўлганларнинг даражасига етади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
629/10. Абу Умома ал-Боҳилийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
630/11. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга маҳбубларингиз ва қиёмат кунида мажлис жиҳатидан яқинларингиз ахлоқи яхшиларингиздир. Менга ёмон кўрилганларингиз ва қиёмат кунида мендан узоқларингиз сергап-эзмаларингиз, ахлоқсиз сўзларни сўзловчиларингиз ва мутафайқиҳлардир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сергап ва ахлоқсиз сўзларни айтувчини билдик. Аммо мутафайқиҳлар, деганингиз ким?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мутакаббирлар», деб айтдилар. Имом Термизий ривоятлари.
- Создано 16 Октябр 2022
- 153 марта кўрилди
75-БОБ. Кечиримли бўлиб, жоҳиллардан юз ўгириш ҳақида
Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят),
«Бас, (шундай экан, эй Муҳаммад, сиз жоҳил кимсаларнинг етказаётган озор-азиятларига сабр-тоқат қилинг ва улардан) чиройли юз ўгириш билан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 85-оят),
«Балки (уларни) авф қилиб, кечирсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?» (Нур сураси, 22-оят),
«(У тақводор зотлар)... одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади» (Оли Имрон сураси, 134-оят),
«Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Шўро сураси, 43-оят), деб айтган.
642/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уҳуд кунидан ташқари сизнинг устингизда бошқа яна қаттиқ кун бўлганми?» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, қавмингдан озор етди. Буларнинг энг шиддатлиси Ақаба куни улардан етган озордир. Мен ибн Абдуйолил ибн Абдукулолга ўз даъватимни тақдим қилганимда, у мен хоҳлаган даъватга қулоқ ҳам тутмади. Шу алфозда хафа бўлиб йўлга равона бўлдим. Қарнуссаоълиб номли ерга борганимда, ўзимга келиб, бошимни кўтарсам, бир булут устимда соя бўлиб турибди. Қарасам, Жаброил алайҳиссалом турибдилар. Кейин у зот менга хитоб қилиб: «Албатта, Аллоҳ таоло қавмингизнинг айтган сўзини ва берган раддияларини эшитди. Ҳамда тоғлар фариштасини хизматингизга юборди. Нима хизматингиз бўлса, буюринг, у бажаради», дедилар. Кейин тоғ фариштаси олдига чақириб, менга салом берди. Сўнгра у: «Эй Муҳаммад, албатта, Аллоҳ таоло қавмингиз сизга айтган сўзини эшитди. Мен тоғ фариштасидирман. Аллоҳ мени сизнинг хоҳлаган буйруғингизни рўёбга чиқариш учун юборди. Агар хоҳласангиз, икки метин қояни бир-бирига урайин, улар орасида қолиб ҳалок бўлишсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Балки уларнинг пушти камаридан Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмай, якка Унинг ўзига ибодат қилувчи кишилар чиқиб қолиши мумкин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
643/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини ё хотинларини ёки ходимларини қўллари билан урмадилар. Фақатгина Аллоҳ йўлидаги жиҳодда қўллари билан урдилар. Ва яна бирор киши томонидан ўзларига етган озор учун ўч олмадилар. Фақатгина Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, Аллоҳ учун ўч олардилар. Имом Муслим ривоятлари.
644/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний чопонлари бор эди. Бир аъробий у зотга етиб олиб, ҳалиги чопонларидан қаттиқ тортди. Мен у зотнинг бўйин томонларига қарасам, аъробий чопонларини қаттиқ тортганидан ҳошиясининг изи тушиб қолибди. Кейин у аъробий: «Эй Муҳаммад, ҳузурингдаги Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг бу муомаласига кулиб қўйдилар. Ва кейин унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
645/4. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам кўриб тургандекман. У зот набийлардан бири ҳақида (Аллоҳнинг уларга салавоти, саломлари бўлсин) ҳикоя қилиб: «У набийни қавми уриб, юзларини қонатиб юборди. У набий эса юзларидан қонни артиб: «Аллоҳим, қавмимни кечиргин. Чунки улар билмасдан озор беришди», деди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
646/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Курашда куч билан енгадиган одам кучли эмас., балки жаҳли чиққанида ғазабини босиб олган киши кучлидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 76-БОБ. Бошқалардан етган озорларга чидамли бўлиш ҳақида
- 77-БОБ. Шариат ҳурмат этган нарсалар беҳурмат қилинганида ғазабланиш ва Аллоҳнинг динига ёрдам бериб, ҳимоя этишнинг фазилати тўғрисида
- 78-БОБ. Бошлиқлар ўз қўл остидагиларга мулойим, хайрихоҳ ва шафқатли бўлишлари, уларни алдаш, қўполлик қилиш, ҳожатмандларидан ғафлатда бўлишдан қайтариқ ҳақида
- 79-БОБ. Адолатли бошлиқнинг фазилати ҳақида