close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

91-БОБ. Мавъиза ва уни қисқа қилишнинг фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг» (Наҳл сураси, 125-оят), деб айтган.

698/1. Абу Воил Шақиқ ибн Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни мавъиза қилиб берардилар. Шунда бир киши: «Эй Абу Абдураҳмон (ибн Масъуд), бизга ҳар куни мавъиза қилиб беришингизни истардим», деди. Ибн Масъуд: «Сизларга малол келишини кариҳ кўрмоғим мени ҳар куни мавъиза қилишдан қайтаради. Ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга малол келишидан қўрқиб мавъиза ҳавола қилганларидек, мен ҳам сизларга шундай мавъиза тақдим этаман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

699/2. Абу Яқзон Аммор ибн Ёсирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг намозини узун қилиб, хутбасини қисқа қилиши фақиҳлигига далолат қилувчи аломатдир. Бас, шундай экан, намозларингизни узун қилиб, хутбаларни қисқа қилинглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.

700/3. Муовия ибн Ҳакам ас-Суламийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир куни мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдим. Шу пайт қавм орасида бир киши акса уриб қолди. Мен: «Ярҳамукаллоҳ», десам, қавмдагиларнинг барчалари назарларини менга қаратишди. «Вой, мени онам йўқотсин, нимага менга бундай қараяпсизлар?» десам, улар қўлларини тиззаларига ура бошлашди. Улар мени жим қилмоқчи бўлишди. Лекин мен хафа ҳолда жим бўлдим. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин, бундан олдин ҳам, кейин ҳам таълим беришда у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳ номига қасамки, бу ишим учун мени на жеркидилар, на урдилар ва на сўкдилар. Балки у зот: «Албатта, намоз (шу даражада улуғ ибодатки), одамлар ўз ўрталарида гапириладиган бирор сўзни гапириш дуруст эмас. Албатта, намоз фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироати каби амаллардир», дедилар. Ёки у зот шунга ўхшаш сўз айтдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, яқиндагина жоҳилиятдан (халос бўлган) кишиман. Мана, Ислом дини келди. Баъзиларимиз фолбинга боришади», десам, у зот: «Улар ҳузурига бормагин», дедилар. Кейин мен яна: «Бизлардан баъзиларимиз шумланишади», десам, у зот: «Шумланиш кишиларнинг қалбида бўладиган нарсадир. Лекин унинг сабабидан қилинадиган ишларни тўхтатиб қўйишмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

701/4. Ирбоз ибн Сориядан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга етук бир ваъз айтдилар. Қалблар ваҳимага тушди ва кўзлардан ёш оқди. Шунда биз: «Эй Расулуллоҳ, видолашувчи мавъиза бўлса керак, бизга васият қилинг», десак, у зот: «Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда агар ҳабаш қул бошлиқ этилса ҳам, эшитиб итоат этишни васият қиламан. Чунки сизлардан қайси бирингиз (узоқ) яшайдиган бўлса, кўп ихтилофларни кўради. Ана шу пайтда менинг суннатимни ва тўғри йўлдаги хулафои рошидинлар суннатини ўзингизга лозим топиб, уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар. Ишларнинг янгисидан четланинглар. Чунки ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

 

92-БОБ. Виқорли ва босиқ бўлишнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам: «Омон бўлинг», деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 63-оят), деб айтган.

702/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу онамиз: «Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам муболаға тарзда ҳамда кичик тиллари кўринадиган даражада кулганларини ҳеч ҳам кўрмадим. У зот фақат табассум қилардилар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Кулгини озайтиришнинг маҳбублиги айтиляпти. Чунки кўп кулги Аллоҳдан ғафлатда қолишга олиб боради ҳамда дўстлар орасида обрў ва ҳайбатни кетказади.

94-БОБ. Меҳмонни ҳурмат қилишнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб: «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом. (Булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб: «(Таомдан) емайсизларми?», деди» (Ваз-зорият сураси, 24-27-оятлар).

«(Дарҳақиқат, Лут пайғамбар ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми унинг олдига чопиб келишди. Улар илгаридан ёмон ишлар — баччабозлик қилар эдилар. У айтди: «Эй қавмим, анави қизларим (яъни шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни ўшаларга уйланаверсангиз бўлмайдими)?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда бирон тўғри йўлга юргувчи киши йўқми?!» (Ҳуд сураси, 78-оят), деб айтган.

705/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Қўшнисига зулм қилмасдан яхшилик қилиш, меҳмонини ҳурматлаш ва кам гап бўлиш иймон аломатларидандир.

706/2. Абу Шурайҳ Ҳувайлид ибн Амир ал-Хузоъийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонни ҳурмат қилиб, унинг мукофотини берсин», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг мукофотини бериш қанақа бўлади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча ва кундуз меҳмонни яхшилаб кутсин. Меҳмондорчилик уч кундир. Ундан зиёдаси садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши биродарининг ҳузурида уни гуноҳкор қилгунча меҳмон бўлмоғи даркор эмас», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандоқ қилиб гуноҳкор қилади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг ҳузурида биродари шунақа кўп меҳмон бўлганидан зиёфат қилгулик бирор нарса қолмайди», дедилар.

93-БОБ. Намоз, илм мажлислари ва бошқа ибодат амалларига хотиржамлик ва виқор билан келишнинг фазилати тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта, (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж сураси, 32-оят), деб айтган.

703/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намозга иқомат айтилса, югуриб келманглар. Балки юриб (оҳиста) келинглар. Ўзингизга хотиржамликни лозим тутинг. Имомга етиб келсангиз, у билан ўқинглар. Ўтиб кетган бўлса, охирига етказиб, ўзингиз (қолиб кетганини) мукаммал қилинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида: «Сизлардан қайси бирингиз намоз ўқишни қасд қилса, гўёки намоз ичида турган ҳисобланади»ни зиёда қилинган.

704/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Арафа куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кетатуриб, орқа томонларидан уриб ҳайдалганидан чопиб келаётган туянинг қаттиқ овозини эшитдилар. Кейин уларга қамчилари билан ишора қилиб: «Эй инсонлар, ўзингизга хотиржамликни лозим тутинглар. Чунки яхшилик шошилиш билан бўлмайди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. Имом Муслим баъзисини ривоят қилганлар.

95-БОБ. Бирор яхши ҳолат пайдо бўлса, хурсандлик ила хабарини бериб, табриклашнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло: «Бас, (эй Муҳаммад), менинг бандаларимга сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг!» (Зумар сураси, 17-18-оятлар).

«Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат ва ризолик ҳамда улар учун бўладиган жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда доимий неъматлар бордир» (Тавба сураси, 21-оят).

«Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар» (Фуссилат сураси, 30-оят).

«Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (Вас-соффат сураси, 101-оят).

«Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз — фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келдилар» (Ҳуд сураси, 69-оят).

«(Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У (фаришталарнинг Лут қавмини ҳалок қилиш учун келганликларини эшитиб) кулди — хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд сураси, 71-оят).

«Сўнг меҳробда намоз ўқиб турган вақтида унга фаришталар нидо қилдилар: «(Эй Закариё), Аллоҳ сенга Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) хожа бўладиган, (шаҳватлардан ўзини) тиядиган ва солиҳ пайғамбарлардан бўладиган Яҳё исмли фарзанд хушхабарини берур»(Оли Имрон сураси, 39-оят).

«Фаришталар дедилар: «Ё Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўз томонидан бир Сўз ҳақида хушхабар берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям бўлур» (Оли Имрон сураси, 45-оят), деб айтган.

707/1. Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Хадичага розияллоҳу анҳу марвариддан қурилган жаннатдаги уйнинг хушхабарини бердилар. У ерда бефойда сўз ҳам, чарчаш ҳам бўлмайди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

708/2. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот уйларида таҳорат қилиб, кўчага чиқдилар-да: «Бугун Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам топиб, у зот билан бирга бўламан», дедилар. Бас, масжидга келдилар-да, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қаерда эканликларини сўрадилар. Одамлар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у томонга кетдилар», дейишди. Кейин мен у зотнинг изларидан сўраб-суриштириб, «Арис» номли қудуққача бордим. У зот ўша ерга борибдилар. Мен дарвоза олдида ўтирдим. У зот эса ҳожат чиқараётган эканлар. Кейин таҳорат қилдилар. Сўнгра мен у зотнинг ҳузурларига борсам, у зот «Арис» қудуғининг суффачасига ўтириб, оёқларини очиб, қудуққа осилтириб турган эканлар. Мен салом бердим-да, дарвоза олдига бориб: «Бугун Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам дарвозабон бўламан», дедим. Бир оздан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, дарвозани тақиллатдилар. Мен: «Бу ким?» дедим. «Абу Бакрман», дедилар. Мен: «Бир оз туринг», дедимда: «Эй Расулуллоҳ, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурингизга кириш учун изн сўраяптилар», десам, у зот: «Изн бер ва жаннатга киришининг хушхабарини бер», дедилар. Мен Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб: «Киринг, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сизнинг жаннатга киришингиз хушхабарини бермоқдалар», дедим. Бас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу кириб, Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ўнг томонларида бирга ўтириб, бу зот ҳам худди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек икки оёқларини ошиқларигача очиб, қудуққа осилтирдилар. Кейин мен қайтиб жойимга бордим. Ўз укамни уйда қолдириб келган эдим. Таҳорат қилиб, орқамдан етиб келмоқчи эди. Ичимда: «Агар Аллоҳ бу укамга яхшиликни хоҳлаган бўлса, етиб келар», дердим. Шу пайт бир киши келиб, дарвозани тақиллатиб қолди. Мен: «Ким бу?» десам, у: «Умар ибн Хаттобман», деди. Мен: «Бир оз кутиб туринг», дедим-да, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, салом бериб: «Умар ҳузурингизга кириш учун изн сўраяптилар», десам, у зот: «Унинг кириши учун изн бер ва жаннатга киришининг хушхабарини етказ», дедилар. Мен Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларига бориб: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам киришингиз учун изн бериб ва жаннатга киришингизнинг хушхабарини бермоқдалар», дедим. Умар розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга суффада чап томонларида туриб, оёқларини қудуққа осилтириб ўтирдилар. Кейин яна олдинги жойимга қайтиб бориб ўтирдим. Ва ичимда: «Агар Аллоҳ укамга яхшиликни хоҳласа, етиб келар», дедим. Шу пайт яна бир киши келиб, дарвозани тақиллатиб қолди. Мен: «Бу ким?» десам, у: «Усмон ибн Аффонман», деди. Мен: «Бир оз кутиб туринг», дедим-да, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, унинг хабарини бердим. У зот: «Унинг кириши учун изн бер ва бир оз мусибатларни тортиш билан бирга жаннатга киришининг хушхабарини бер», дедилар. Мен бориб: «Киринг, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир оз мусибатларни тортиш билан бирга жаннатга киришингизнинг хушхабарини бермоқдалар», дедим. Кейин Усмон розияллоҳу анҳу ҳам уларнинг ҳузурларига кирдилар. Кўрдиларки, қудуқ суффаси одамга тўлиб бўлган. Тўғриларидаги бошқа бир жойга бориб ўтирдилар. Саййид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу: «Уччовларининг қабрлари бир жойда бўлиб, Усмон розияллоҳу анҳу нинг қабрлари алоҳида бўлади, деб таъвил қилдим», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени дарвозани пойлаб туришга буюрдилар. Усмонга (р.а) жаннат хушхабари берилганида, Аллоҳга ҳамд айтиб, Аллоҳ ўзи мададкор, деб айтганлари» зиёда қилинган.

709/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам атрофларида ўтирган эдик. Биз билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар (р.а) ҳамда бир неча саҳобалар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар-да, тез қайтиб келавермадилар. У зотни йўқотиб қўйдикми, деб қўрқиб кетдик. Кейин ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб мен қўрқдим. Ахтаргани чиқиб, ансорийлардан бўлган Бани Нажжор қабиласининг девори ёнига бордим. Дарвозасини ахтариб, деворлари атрофини айландим. Лекин дарвозани топа олмадим. Қарасам, бир кичкина ариқ бор экан. Девор ташқарисидаги бир қудуқдан боғнинг ўртасига кираётган экан. У ердан бир оз қазидим-да, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирдим. У зот: «Абу Ҳурайрами?» дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. У зот: «Нима учун келдинг?» дедилар. Мен: «Сиз орамизда бирга ўтириб, кейин тез қайтиб келавермаганингиздан кейин сизни йўқотиб қўйдикми, деб қўрқиб кетдик. Биринчи қўрққан киши мен бўлдим. Мана бу девордан келдим. Ва худди тулки кавлагандек кавлаб кирдим. Анави кишилар ҳам орқамда туришибди». Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам икки кавушларини бериб: «Эй Абу Ҳурайра, бу кавушимни олгин-да, бу боғ ташқарисида Аллоҳ таолонинг якка ва ягоналигини чин қалбидан билиб, гувоҳлик берган кишига жаннат хушхабарини бергин», деб ҳадиснинг қолганини ҳам зикр қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

710/4. Ибн Шамосадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бизлар Амр ибн Осс
нинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирсак, у зот ўлим талвасасида ётган эканлар. Кўп йиғлаб, юзларини девор тарафга қилиб олдилар. Ўғиллари: «Эй отажон! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сиз ҳақингизда ундоқ ва бундоқ башорат қилмаганларми?» деганларида, у зот юзларини (биз томонга) буриб: «Бизларнинг энг афзал ҳисоблайдиган амалимиз «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулулоҳ»дир. Менинг ҳаётим уч қисмга бўлинади. Биринчиси: Мен Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўпроқ ёмон кўрар эдим. Энг яхши кўрган нарсам: имкониятини топсаму у зотни қатл этсам. Агар мана шу ҳолатда вафот этганимда, дўзах аҳлидан бўлар эдим. Иккинчиси шуки: Қачонки Аллоҳ қалбимни Исломга мойил этганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, байъат қилишим учун қўлингизни беринг», десам, у зот қўлларини бердилар. Мен эса қўлимни тортиб олдим. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Амр, сенга нима бўлди?» дедилар. Мен: «Байъатдан олдин бир шартим бор», дедим. У зот: «Нима шартинг бор?» дедилар. Мен: «Гуноҳларим кечирилиши», дедим.У зот: «Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди? Ҳижрат ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди? Ҳажни адо этиш ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни кечириши сенга маълум эмасмиди?» дедилар. Ўша кундан бошлаб менинг назаримда ҳеч ким Расулуллоҳчалик соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳайбатли ва маҳбуб эмас эди. Мен у зотдан ҳайбатланганим сабабли кўзимни қувонтирадиган даражада у зот юзларига боқмадим. Агар бирор киши у зотнинг (қанақа эканликларини) сифатлаб беришимни сўраб қолса, уни айтиб бера олмайман. Чунки мен кўзимни қувонтирадиган даражада у зот юзларига қарамаганман. Агар мана шу ҳолатда ўлганимда, жаннат аҳлидан бўлишликни умид қилар эдим. Учинчиси: Кейин баъзи ишларга бошлиқ қилиндик. Ҳолим нима бўлишини билмайман. Агар вафот этадиган бўлсам, орқамдан йиғловчиларни ҳам, ўт ёқувчиларни ҳам эргаштирманг. Агар дафн қилсангизлар, тупроқни оз-оздан солинглар. Сўнгра қабрим тепасида бир туяни сўйиб, гўштини тақсимлагунча вақт туринглар. Мен сизларга ҳамроҳ бўлиб, Раббим элчисига нима деб жавоб беришимга тайёрланиб олайин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase