67-БОБ. Бирор зарар етгани сабабли ўлимни орзу қилишнинг кароҳияти. Лекин динида фитналаниб қолишдан хавфсираса, зарари йўқ
- Якшанба, Окт 16 2022
- 16184 марта кўрилди
584/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бир киши ўлишни орзу қилмасин. Агар яхши одам бўлса, шояд яхшилиги зиёда бўлса. Агар ёмон одам бўлса, шояд тавба қилиб қолса», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис Имом Бухорий лафзларидир.
Имом Муслимнинг лафзларида эса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бир киши ўлишни орзу қилмасин ва ҳали келмаган ўлимни чақирмасин. Чунки ўладиган бўлса, қилиб турган амали тўхтаб қолади. Албатта, умрнинг зиёда бўлиши мўминга фақат яхшиликни олиб келади», дедилар.
585/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ҳеч бирингиз етган зарар туфайли (бесабрлик қилиб) ўлимни орзу қилмасин. Бордию чорасиз қолиб уни орзу этадиган бўлса: «Аллоҳумма аҳйиний ма канатил ҳайату хойран лий ва таваффаний иза канатил вафоту хойран лий», (Маъноси: Аллоҳим, агар менинг ҳаётда яшашим яхши бўлса, мени тирик қолдир. Агар вафотим яхши бўлса, мени вафот эттир.), деб айтсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
586/3. Қайс ибн Абу Ҳозимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Ҳаббоб ибн ал-Араттининг розияллоҳу анҳу аҳволларидан хабар олгани кирсак, у зот даволаниш мақсадида етти жойларини тамғалаган эканлар. Кейин Ҳаббоб розияллоҳу анҳу: «Биродарларимиз биздан олдин ўтиб кетишди. Дунё уларга нуқсон етказмади. Бизлар эса мол-дунё жамғариб, уни тупроқдан бошқа нарсага сарф қила олмадик. Агар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзига ўлим тиламоқни ман қилмаганларида, мен ўзимга ўлим тилаган бўлар эдим», дедилар. Кейин биз Ҳабобнинг розияллоҳу анҳу ҳузурларига иккинчи бор кирганимизда, у зот девор ураётган эканлар. Шунда бизга қарата: «Мусулмон киши мана шу лойга сарфлаганидан бошқа барча хайр-эҳсонларига савоб олади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу ҳадис имом Бухорий ривоятларидаги лафз.