close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

62-БОБ. Бошқаларни ўзидан ҳақдор деб билиб, уларга ҳамдард бўлиш тўғрисида

Аллоҳ таоло: «Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар» (Ҳашр сураси, 9-оят).

«Ва таомни суюб-хоҳлаб турсаларда, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар» (Инсон сураси, 8-оят), деб айтган.

563/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «эй Аллоҳнинг Расули, мен очликдан қийналиб кетдим», деганида, у зот хотинларининг баъзиларидан таом сўраб, одам жўнатдилар. Шунда хотинлари: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, менинг ҳузуримда сувдан бошқа нарса йўқдир», деди. Кейин бошқа хотинларига одам юбордилар. У ҳам аввалгиси каби сўз айтди. Ҳаттоки барчалари: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ҳузуримда сувдан бошқа нарса йўқдир», деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кечада (мана бу кишини) ким меҳмон қилади?» дедилар. Ансорийлардан бир киши: «Мен меҳмон қиламан, эй Аллоҳнинг Расули», деб, уйига борди-да хотинига: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам меҳмонларини ҳурмат қил», деди.

Бошқа ривоятда у киши хотинига: «Сенда егулик бирор нарса борми?», деди. Хотини: «Йўқ, фақат болаларимга кифоя қилгудек овқат бор», деди. Шунда у киши: «Болаларни бирор нарса ила юпатиб тур. Агар кечки овқатни хоҳлашса, ухлатиб қўй. Меҳмонимиз уйга кирганида чироғни ўчириб қўй. Меҳмонга биз ҳам еяётгандек бўлиб кўринайлик», деди. Улар овқатга ўлтиришди. Меҳмон овқат еди. Икковлари оч ҳолда ётишди. Қачонки тонг отганида ҳалиги ансорий Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борганида у зот: «Аллоҳ таоло сиз эр-хотиннинг бу кеча ўз меҳмонларингизга нисбатан қилган ишингиздан мамнун бўлди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

564/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кишига тайёрланган таом уч кишига кифоя қилади. Уч кишига тайёрланган таом тўрт кишига кифоя қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг Жобирдан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида: «Бир кишининг таоми икки кишига, икки кишининг таоми тўрт кишига, тўрт кишининг таоми саккиз кишига кифоя қилади», дедилар», дейилган.

565/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Бир киши уловини минган ҳолда келиб, кўзини ўнг ва чап томонга қарата бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг эҳтиёжидан ортиқча маркаби бўлса, уни маркаби йўққа берсин. Кимнинг ортиқча таоми бўлса, таоми йўққа берсин», деб яна бошқа турли молларни ҳам зикр қилдилар. Биз бу айтган гапларини эшитгандан кейин бирор киши ортиқча молига ўзининг ҳаққи йўқ экан-да, деган қарорга келдик. Имом Муслим ривоятлари.

566/4. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир аёл Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам тўқилган бир кийим олиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, буни сизга кийдираман, деб ўз қўлим билан тўқиганман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларига керак бўлгани учун ҳам уни олдилар. Сўнгра (ичкарига кириб), изор ўрнида кийиб, бизнинг олдимизга чиқдилар. Шунда ўша ердагилардан бири: «Мунча ҳам яхши экан, шуни менга кийдиринг», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бўпти», дедилар-да, ўша ердаги мажлисда ўтириб, кейин қайтиб кетдилар. Сўнгра уйларига бориб, уни бир кийиб кўриб, ҳалиги кишига бериб юбордилар. Қавмдагилар у кишига: «Яхши иш қилмадинг, у зотнинг бирор нарса сўраган кишига йўқ демасларини яхши билар эдинг-ку», дейишди. У киши эса: «Аллоҳга қасамки, мен буни кийиш учун сўрамадим. Балки ўлганимда кафан бўлиши учун сўрадим», деди. Саҳл розияллоҳу анҳу: «Ҳақиқатда бу кийим ўша кишига кафанлик бўлди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

567/5. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ашъарий жамоасининг урушда озуқалари тугаб қолай деса ёки Мадинада бола-чақаларининг таоми озайиб қолса, ўзларида бор нарсаларни бир чопонга жамлашар эди-да, кейин бир хил идишда баробар қилиб, ўрталарида тақсимлаб олишар эди. Улар мендан ва мен улардандирман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase