Аллоҳ таоло: «Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут сураси, 69-оят);
«Тоинки сизга аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр сураси, 99-оят).
«Парвардигорингизнинг номини (мудом) ёд этинг ва Унга бутунлай берилиб, (чин ихлос билан бандалик қилинг)» (Муззаммил сураси, 8-оят).
«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур» (Залзала сураси, 7-оят).
«Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар» (Муззаммил сураси, 20-оят).
«Қандай яхшилик қилсангиз, бас, албатта Аллоҳ уни билгувчидир». (Бақара сураси, 273-оят) деб айтган.
95/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Кимки Менинг дўстларимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам фарзларимга амал қилганчалик бошқа бирор нарсада Менга яқин бўла олмайди. Бандам Менга нафллар билан яқин бўлишда бардавом бўлади, ҳатто Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, уни бераман. Агар Мендан паноҳ сўраса, паноҳимга оламан», деди». Имом Бухорий ривоятлари.
96/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Раббилари азза ва жалладан қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Агар банда Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар Менга юриб келса, Мен унга тез югуриб бораман (яъни, бандам ҳар турли ибодат ва яхшиликлар билан Менга яқин бўлса, Мен ундан зиёда иноят ва карамларим билан меҳрибонлик қиламан – тарж...)». Имом Бухорий ривоятлари.
97/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, у ҳақда кишиларнинг кўпчилиги зиён топиб, бебаҳра қолишади. Сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақт», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
98/4. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кечалари (намозда) турганларидан оёқлари шишиб кетарди. «Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ сизнинг олдинги-ю кейинги гуноҳларингизни кечирган бўлса, нима учун бундай қиляпсиз?» десам, у зот: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
99/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар (Рамазон ойининг охирги) ўн куни кирса, бутун кечани ибодат билан ўтказиб, бунга аҳли аёлларини ҳам уйғотардилар. Ўзлари кўп ғайрат қилиб, ибодат учун белбоғларини маҳкам боғлардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
100/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кучли мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан маҳбуброқдир. Ҳар бирларида яхшилик бордир. Сенга фойдаси бор нарсага ҳарис бўл. Аллоҳдан ёрдам сўра. Ожиз бўлмагин. Агар сенга бирор мусибат етса, ундай қилганимда, бундай бўларди, демагин. Лекин Аллоҳнинг тақдири, нимани хоҳласа, ўшани қилади, дегин. Чунки «агар» сўзи шайтон амали учун йўл очади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
101/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах (нафс хоҳлайдиган) шаҳватлар билан ўраб қўйилгандир. Жаннат (нафс хоҳламайдиган) кароҳиятли нарсалар билан ўраб қўйилгандир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
102/8. Абу Абдуллоҳ Ҳузайфа ибн Ямондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот Бақара сурасини ўқий бошладилар. Мен юзинчи оятда рукуъ қилсалар керак, десам, у зот давом эттирдилар. Бақара сурасини бир ракатга ўқисалар керак, десам, у зот яна давом эттирдилар. Энди рукуъ қилсалар керак, десам, у зот Нисо сурасини ўқий бошладилар. Сўнгра Оли-Имрон сурасини ўқий бошладилар. Ўқиганларида охиста, ҳарфларини аниқ қилиб тиловат қилардилар. Агар тасбеҳ ояти ўтса, тасбеҳ айтардилар. Агар сўраш ояти келса, сўрардилар. Агар паноҳ тилаш ояти келса, паноҳ тилардилар. Сўнгра рукуъ қилиб, унда «Субҳона роббиял азийм», деб айтдилар. Рукуълари тик туришларига яқин бўлди. Сўнгра «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», деб узун тик турдилар. У тик туришлари рукуъларига яқин бўлди. Сўнгра сажда қилиб «Субҳана роббиял аъло», деб сажда қилдилар. Саждалари ҳам тик турганларига яқин бўлди». Имом Муслим ривоятлари.
103/9. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир кеча Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот қиёмни узун қилганларидан ёмон бир ишни қасд қилдим (лекин уни қилмадим)». «Қасд қилган ўша нарса нима?» деб сўралганида, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ўзим ўтиришни қасд қилиб, у зотни тик қолдириш эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
104/10. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлган одамга уч нарсаси – аҳли, моли ва амали эргашади. Иккитаси – аҳли ва моли қайтиб келиб, амали (у билан бирга) қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
105/11. Ибн Масъуддан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат сизлардан бирингизнинг пойабзалининг ипидан ҳам яқиндир. Дўзах ҳам шу кабидир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
106/12. Абу Фирос Рабийъа ибн Каъб ал-Асламийданрозияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари ҳамда аҳли суффалардан эдилар.) «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунни ўтказиб, у зотнинг таҳорат ва бошқа эҳтиёжларига сув тутардим. Бир куни у зот: «Мендан нима сўрайсан?» дедилар. Мен: «Сиз билан жаннатда ҳамроҳ бўлсам», дедим. «Балки бундан бошқа нарса ҳам сўрарсан?» дедилар. Мен: «Ўшанинг ўзини сўрайман», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, саждани кўпайтириш билан ўзингга мени ёрдамчи қил», дедилар (яъни, сендан намоз, мендан дуо бўлиб турса, иншааллоҳ, мақсадингга етишасан)». Имом Муслим ривоятлари.
107/13. Савбондан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингга кўп сажда қилишни лозим тут. Чунки Аллоҳга бирор сажда қилсанг, У Зот ўша сажда сабабли даражангни кўтариб, хатоларингни ўчиради», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
108/14. Абу Сафвон Абдуллоҳ ибн Буср ал-Асламийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишиларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали чиройли бўлганидир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
109/15. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Амаким Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида йўқ эдилар. Бу зот (келиб): «Эй Аллоҳнинг расули, мушриклар билан урушилган аввалги жангда йўқ эдим. Агар Аллоҳ мушриклар билан бўладиган урушда иштирок этишимни насиб қилса, нима қилишимни Аллоҳ кишиларга кўрсатур», дедилар. Қачонки, Уҳуд куни бўлиб мусулмонлар орқага чекинишганида, бу зот: «Аллоҳим, мана булар, яъни саҳобалар қилаётган нарсада кечирим сўрайман. Мана булар, яъни мушриклар қилаётган нарсада эса ўзимни оқлайман», дедилар. Кейин олдинга юриб, йўлда Саъд ибн Муозга йўлиқдилар. «Эй Саъд ибн Муоз, Каъбанинг Раббисига қасамки, мен Уҳуд томондан жаннат ҳидини топяпман», дедилар. Саъд ибн Муоз: «Эй Аллоҳнинг расули, у қилган нарсани мен қилишга қодир эмас эдим», дедилар. Ушбу ҳадис ровийси Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: «Биз унинг (баданида) саксон нечта ҳам қилич урилган ё найза санчилган ёки камон ўқи отилган ва ўлик ҳамда бадани мажруҳ этилган ҳолатда топдик. Уни ҳеч ким таний олмади. Фақатгина синглиси бармоғидан таниб олди. Бизнинг фикримиз ёки гумонимизга қуйидаги оят Анас ибн Назр ва у киши кабилар ҳақида нозил бўлган: «Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (У зотнинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди (яъни, шаҳид бўлди). Улардан айрим кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ» (Аҳзоб сураси, 23-оят)». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
110/16. Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий ал-Бадрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Садақа ояти нозил бўлганида, биз орқамизда юк ташиб (ундан тушган пулни садақа қилар эдик). Бир киши келиб кўп нарса садақа қилди. Кишилар уни риёкор, дейишди. Бошқа бир киши келиб бир соъ нарса садақа қилди. Кишилар: «Аллоҳ бу бир соъ нарсадан беҳожатдир!» деб айтдилар. Шунда қуйидаги оят нозил бўлди: «Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳсон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордир» (Тавба сураси, 79-оят)». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
111/17. Саид ибн Абдулазиз Рабийъа ибн Язиддан, у Абу Идрис Хувлонийдан, у Абу Зарр Жундуб ибн Жунодадан розияллоҳу анҳу, у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан қуйидагиларни ривоят қилдилар: «Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар. Эй бандаларим, барчангиз залолатдасиз. Фақатгина Мен ҳидоят қилганларгина тўғри йўлдадир. Шундай экан, ҳидоятни Мендан талаб қилинглар. Ўзим сизларни ҳидоят қиламан. Эй бандаларим, барчангиз очдирсиз. Фақатгина Мен таомлантирганларгина бундай эмас. Бас, шундай экан, Мендан таом талаб қилинглар, сизларни (Ўзим) таомлантираман. Эй бандаларим, барчангиз яланғочдирсиз. Фақатгина Мен кийинтирганларгина бундай эмас. Кийинишни Мендан талаб қилинглар, Мен сизларни (Ўзим) кийинтираман. Эй бандаларим, сизлар кеча-ю кундуз хато қиласизлар. Мен эса гуноҳларингизнинг барчасини кечираман. Бас, шундай экан, Мендан истиғфор талаб қилинглар, сизларнинг гуноҳингизни (Ўзим) кечираман. Эй бандаларим, Менга зарар бермоқчи бўлсангиз, ҳаргиз зарар бера олмайсиз. Ва Менга фойда бермоқчи бўлсангиз ҳам, ҳаргиз фойда бера олмайсиз. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз тақволи қалб кишиси бўлишса, мулкимда бирор нарса зиёда бўлиб қолмайди. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз фожир қалб кишиси бўлишса, мулкимдан бирор нарса камайиб қолмайди. Эй бандаларим, агар аввалларингиз ва охирларингиз, инс ва жинларингиз бир тепаликда туриб Мендан сўрашса, Мен ҳар бир киши сўраган нарсасини берсам ҳам, ҳузуримдаги бирор нарса камаймайди. Фақатгина денгизга игнани бир марта тиқиб олгандаги камайганчалик озаяди, холос. Эй бандаларим, у сизларнинг амалингиздир. Мен амалларингизни ҳисоблаб сақлаб қўяман. Кейин уни мукаммал қилиб топшираман. Кимки унинг яхшисини топса, Аллоҳга ҳамд айтсин. Кимки бундан бошқасини топса, фақатгина ўзини маломат қилсин», деди».
Саид айтдилар: «Абу Идрис агар мана шу ҳадисни гапирсалар, тиз чўкиб ўтирардилар». Имом Муслим ривоятлари.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу: «Шом аҳлига мана шу ҳадисдан кўра шарафлироқ ҳадис йўқдир», деб айтганлар.
- Создано 15 Октябр 2022
- 106 марта кўрилди
11-БОБ. Яхши амалларга жидду-жаҳд қилиш баёни
- Создано 15 Октябр 2022
- 118 марта кўрилди
12-БОБ. Умр охирида яхшиликларни кўпайтиришга тарғиб қилиш баёни
Аллоҳ таоло: «Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!» (Фотир сураси, 37-оят) деб айтган.
Ибн Аббос ва муҳаққиқ олимлар « ... узун умр бермаганмидик»нинг маъноси «олтмиш йил умр бермаганмидик»дир, дейишди. Қуйидаги зикр қиладиган ҳадисимиз бу маънони қувватлаб келади. Баъзилар буни ўн саккиз йил, дейишди. Яна бошқалар қирқ йил, дейишди.
Ҳасан, Калбий, Масруқлар Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу қуйидагиларни нақл қилишди: «Мадина аҳлидан бирортасининг ёши қирққа етса, ўзини ибодат қилиш учун бағишлар эди».
Баъзилар балоғат ёши, дейишди.
Ибн Аббос ва жумҳур уламолар «Сизларга огоҳлантиргувчи ҳам келган эди-ку!» оятидан мақсад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдирлар, дейишди.
Икрима, Ибн Уйайна ва бошқалар бу оятдан мақсад соч-соқолнинг оқаришидир, дейишди.
112/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бир кишига олтмиш ёшга етгунгача ажалини кечиктирса, узр учун (ўрин) қолдирмади», дедилар (яъни, шу муддатгача мухлат берибдими, демак, узрга ўрин йўқ). Имом Бухорий ривоятлари.
113/2. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Умар розияллоҳу анҳу мени Бадр иштирокчиларининг катта ёшлилари билан бирга (ҳузурида бўладиган мажлисга) киритди. Гўёки уларнинг баъзилари ранжиб: «Боламиз тенгқур бу бола нима учун биз билан кирмоқда?» дейишди. Умар розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос ким эканини (яъни, Расулуллоҳга қариндош ва доим суҳбатда бўлганларини) биласизларми?» дедилар. Бир куни Умар розияллоҳу анҳу мени чақириб, улар билан киргиздилар. Ўша куни фақат мени уларга кўрсатиш учунгина шундай қилдилар. Ва: «Аллоҳнинг сўзидаги «Иза жаа насруллоҳи валфатҳ» ояти ҳақида нима дейсизлар?» деганларида, баъзилар: «Агар нусрат берилиб, бизга фатҳ этилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилдик», дейишди. Баъзилар ҳеч нарса демай сукут қилишди. Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?» деганларида, «Йўқ», деб айтдим. Умар: «Унда нима дейсан?» дедилар. Мен: «Бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ажалларидир. Уни бу зотга билдирмоқда», дедим. (Яъни, «Агар Аллоҳнинг нусрати ва фатҳи келса» – бу етган ажалнинг аломатидир, «Бас, Раббингга ҳамд айт ва мағфират сўра. Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир».) Умар розияллоҳу анҳу: «Сен айтган нарсанигина биламан, холос», дедилар». Имом Бухорий ривоятлари.
114/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Иза жаа насруллоҳи валфатҳ» сураси тушганидан кейин намоз ўқийдиган бўлсалар, унда «Субҳанака роббана ва биҳамдика Аллоҳумма иғфирлий», яъни «Раббимиз, Сенга ҳамд айтиш ила Сени поклаб ёд этаман. Аллоҳим, мени мағфират қилгин», деб айтардилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
«Саҳиҳайн»да келган бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларда «Субҳанака, Аллоҳумма роббана вабиҳамдика, Аллоҳумма иғфирлий» (яъни: «Аллоҳим, Сени поклаб ёд этурман. Раббимиз, Сенга ҳамд айтаман. Аллоҳим, мени мағфират қил»), деб айтардилар. Қуръонда шундай буюрилгани учун бунга амал қилардилар. Яъни, «Раббингга ҳамд айтиш билан Уни поклаб ёд этгин ва истиғфор айт» оятидан таъвил қилардилар», дейилади.
Имом Муслимнинг бошқа бир ривоятларида: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин «Субҳанака ва биҳамдика астағфирука ваатубу илайка», деб айтишни кўпайтирдилар. Оиша розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, бу қандай калималарки, (айтмас эдингиз) энди янгитдан айтяпсиз-а?» десалар, у зот: «Менинг умматимга бир аломат қилинди. Агар уни кўрсам, бу калималарни айтаман. Ўша аломат «Иза жаа насруллоҳи валфатҳу» сурасининг охиригачадир», дедилар», дейилган.
Бошқа яна бир ривоятларида Оишадан розияллоҳу анҳу айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи», деб айтишни кўпайтирдилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи», деб айтишни кўпайтиряпсиз-а?» десам, у зот: «Раббим менга умматимда бир аломат кўришимнинг хабарини берди. Агар ўша аломатни кўрсам, «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илаҳи»ни айтишни кўпайтирдим. Ҳақиқатда мен ўша аломатни кўрдим. У – «Иза жаа насруллоҳи вал фатҳу» сурасининг охиригача экан», дедилар».
Маъноси: «Қачонки, Аллоҳнинг ёрдами ва ғалабаси келса ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан поклаб ёд этинг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир» (Наср сураси, 1–3-оятлар).
115/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин ваҳийни орқама-орқа туширди, ҳаттоки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ваҳий кўп тушиб турган пайтда вафот этдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
116/5. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир банда қандай ўлган бўлса, ўша ҳолатида қайта тирилтирилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 104 марта кўрилди
14-БОБ. Тоат-ибодатда ўрта ҳол бўлиш баёни
Аллоҳ таоло: «Биз сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун нозил қилмадик» (Тоҳа сураси, 2-оят);
«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишни истамайди» (Бақара сураси, 185-оят), деб айтган.
142/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳу ҳузурларига кирсалар, бир хотин у ерда эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ким?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳу бу фалончи хотин, деб унинг намозни кўп ўқишини зикр қилдилар. Расулуллоҳ: «Бас қил, тоқатинг етадиган нарсани лозим тут. Аллоҳга қасамки, улар малол кўришмагунча Аллоҳ малол кўрмайди. Аллоҳ таолога динда яхши амал қилувчи унда бардавом бўлганидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
143/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Уч нафар киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари уйларига келиб, у зотнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. Қачонки, ибодатлари ҳақида хабар берилганида, улар (ўзларининг амалларини) оз санаб: «Биз қаерда-ю у зот (қаердалар), ҳолбуки у зотнинг аввалги-ю кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса», деб улардан бири: «Мен ҳамиша кечаси намоз ўқийман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод рўза тутиб, (кундузи) оғзимни очмайман», деди. Учинчиси: «Аёллардан четланиб, ҳечам уйланмайман», деб гапириб турганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улар ҳузурига келиб: «Сизлар шундай-шундай, деб айтдингларми? Аллоҳга қасамки, барчаларингизга нисбатан Аллоҳдан қўрқувчи ва тақво қилувчингизман. Лекин (гоҳида) рўза тутаман ва (гоҳида) оғзим очиқ бўлади. (Гоҳида) намоз ўқийман ва гоҳида ухлайман. Ва хотинларга уйланаман ҳам. Кимки суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
144/3. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ноўрин қаттиқлик қилиб, чуқур кетувчилар ҳалок бўлишди», деб уч марта айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
145/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта дин осондир. Бирор киши дин билан тортишса (йўллари кўп бўлгани сабабли), уни енгиб қўяди. Бас, шундай экан, ўрта ҳол бўлган тўғри йўлни лозим тутиб, мўътадилига яқин бўлинглар. Ибодатнинг бардавом бўлиши учун кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирида (ёрдам сўранглар)», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида: «Тўғри йўлни лозим тутиб, мўътадилига яқин бўлинглар. Кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирида сайр қилиб юринглар, мўътадиллик билан мақсадларингизга етасизлар», дейилган.
(Ҳадисдаги «... Кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирги қисмида сайр қилиб юринглар»нинг маъноси худди билимдон, малакали мусофир мана шу зикр қилинган пайтларда юриб, бошқа вақтда ўзи ҳам, улови ҳам дам олиб, қийинчиликсиз мақсад қилган жойига етиб олгани каби сизлар ҳам қалбларингиз турли нарсалардан фориғ бўлиб, фаол бўлиб, ибодатдан лаззат олиб, малол кўрмайдиган мана шу вақтларда Аллоҳдан тоатга ёрдам талаб қилсангиз, мақсадларингизга етасизлар, деганидир.)
146/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирсалар, икки устун орасида чўзиб қўйилган ип турибди. Шунда у зот: «Бу қандай ип?» дедилар. Улар: «Зайнабга розияллоҳу анҳу тегишли ипдир. Агар унда (намозга туришда) дангасалик пайдо бўлса, ипга осилади», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ипни ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз фаоллиги пайтида намоз ўқисин. Агар дангасалик пайдо бўлса, ором олсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
147/6. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз намоз ўқиётган пайтда уйқуси келиб мудроқ босса, токи уйқуси кетгунича ором олсин. Чунки мудроқлик пайтида намоз ўқиса, истиғфор айтяптими, (дуоибад қилиб) ўзини сўкяптими, билмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
148/7. Абу Абдуллоҳ Жобир ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир эдим. У зотнинг намозлари ҳам, хутбалари ўртача бўлар эди (яъни, узун ҳам эмас ва қисқа ҳам эмас)». Имом Муслим ривоятлари.
149/8. Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Салмон розияллоҳу анҳу билан Абу Дардони розияллоҳу анҳу бир-бирларига биродар қилиб қўйдилар. Салмон розияллоҳу анҳу Абу Дардонинг розияллоҳу анҳу зиёратларига келиб, (у зотнинг хотинлари) Умму Дардони иш кийимида кўрдилар. Салмон: «Сенга нима бўлди?» деганларида, Умму Дардо: «Биродаринг Абу Дардонинг дунё билан иши бўлмай қолган», деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу келиб, Салмонга таом ҳозирладилар. Ва: «Таомдан егин, мен рўзадорман», дедилар. Салмон: «Сен бундан емагунингча мен ҳам емайман», деганларида, Абу Дардо ундан едилар. Қачонки, кечаси бўлганида Абу Дардо (намоз ўқиш учун) ўринларидан турдилар. Салмон розияллоҳу анҳу у кишига: «Ўтиб ухлагин», дедилар. Абу Дардо ухладилар. Сўнгра яна (намоз ўқиш учун) Абу Дардо розияллоҳу анҳу ўринларидан турдилар. Салмон розияллоҳу анҳу ухлагин, дедилар. Кечанинг охири бўлганида Салмон розияллоҳу анҳу: «Энди тургин», дедилар. Бас, икковлари бир бўлиб намоз ўқишди. Салмон розияллоҳу анҳу Абу Дардога: «Албатта сенинг устингда Раббингнинг ҳамда нафсинг ва аҳлингнинг ҳаққи бордир. Сен барчасининг эгасига ўз ҳаққини бергин-да», дедилар. Абу Дардо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган нарсаларни зикр қилганларида, у зот: «Салмон тўғри айтибди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
150/9. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Менинг «Ҳаётимнинг ҳаммасида кундузи рўза тутиб, кечаси қоим бўламан», деб айтган сўзим Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга етказилибди. Шунда у зот: «Сен (ҳақиқатда) мана шу гапларни айтдингми?» дедилар. Мен: «Ота-онам сизга фидо, эй Расулуллоҳ, ҳақиқатда бу сўзларни айтдим», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен буларни қилишга қодир эмассан. Рўза тутгин, оғзингни ҳам очгин. Ухлагин, қоим ҳам бўлгин. Бир ойда уч кун рўза ҳам тутгин. Чунки битта яхшиликка ўн баробар савоб берилур. Сен бу билан замоннинг барчасида рўза тутган бўласан», дедилар. Мен: «Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан», десам, у зот: «Ундай бўлса, бир кун рўза тутиб, икки кун оғзинг очиқ бўлсин», дедилар. Мен: «Бундан-да афзалига ҳам тоқат қила оламан», десам, у зот: «Ундай бўлса, бир кун рўза тутиб, бир кун оғзинг очиқ бўлсин. Мана шу рўзаларнинг энг тўғриси бўлган Довуд алайҳисаломнинг рўзаларидир», дедилар. (Бошқа бир ривоятда: «У (Довуднинг рўзалари) рўзаларнинг афзалидир», дейилган.) Мен: «Бундан афзалига ҳам тоқат қила оламан», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бундан афзали йўқдир», дедилар. У зот айтган уч кунни қабул қилганим менга аҳли ва молимдан яхшироқдир».
Яна бир бошқа ривоятда қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга етказилишича, сен: «Кундузи рўза ва кечаси (намоз билан) қоим бўламан», дебсан», деганларида, «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули, шундай», дедим. У зот: «Бундай қилмагин. Рўза ҳам тут, оғзинг ҳам очиқ бўлсин. Ухлагин ҳам, намоз билан қоим ҳам бўл. Чунки жасадингнинг, кўзингнинг, хотинингнинг ҳамда меҳмонларингнинг сенинг устингда ҳаққи бордир. Албатта ҳар ойда уч кун рўза тутишинг сенга кифоя қилади. Чунки ҳар бир яхшилик ўн баробар қилиб берилади. Бу билан (яъни, ҳар ойда уч кун рўза тутишинг билан) умрингнинг ҳаммасида рўза тутган бўласан», дедилар. Мен қаттиқроқ бўлишини хоҳлагандим, бас, менга кучайтирилди. Мен: «Қувватим етарли бор», дедим. У зот: «Аллоҳнинг пайғамбари Довуднинг рўзасидек рўза тутгин. Бундан зиёда қилмагин», деганларида, мен: «Довуднинг рўзалари қанақа эди?» десам, у зот: «Умрнинг ярмидаги (рўза)», деб айтдилар», дедилар Абдуллоҳ. Абдуллоҳнинг розияллоҳу анҳу ёшлари улғайгач: «Кошкийди, мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатларини қабул қилган бўлсам эди», дедилар.
Яна бир бошқа ривоятда мана бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга етказилишича, сен умрингнинг ҳаммасида рўза тутиб, ҳар кеча Қуръон ўқирмишсан?» деганларида, мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули! Бу билан мен фақат яхшиликни хоҳлайман», дедим. Шунда у зот: «Сен Аллоҳнинг пайғамбари Довуднинг рўзаси каби рўза тутгин. Чунки у инсонларнинг энг ибодат қилувчиси эди. Ва Қуръонни ҳар ойда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар йигирма кунда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар ўн кунда (хатм қилиб) ўқигин», дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, бундан-да афзалига тоқат қила оламан», дедим. У зот: «Ундай бўлса, ҳар етти кунда (хатм қилиб) ўқигин, бунга зиёда қилмагин», дедилар. Мен қаттиқроқ бўлишини хоҳлаган эдим, бас, менга кучайтирилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сен билмайсан, балки умринг узун бўлар», деб менга айтдилар. Мен у зот айтган ёшга етиб улғайгач: «Кошкийди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам рухсатларини қабул қилган бўлсам эди», деб айтдим».
Яна бир бошқа ривоятда: «Болаларингнинг сенинг устингда ҳаққи бордир», дейилган.
Яна бир бошқа ривоятда: «Расулулллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умр бўйи рўза тутса, рўзаси йўқдир», деб уч марта айтдилар», дейилган.
Яна бир бошқа ривоятда: «Аллоҳ таолога рўзаларнинг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир. Аллоҳ таолога намозларнинг яхшиси Довуд алайҳиссаломнинг намозларидир. Кечанинг ярмида ухлаб, учдан бирида туриб, ибодат ила машғул бўлиб, олтидан бирида яна ухлардилар. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғизлари очиқ бўлар эди. Агар душманга йўлиқсалар, қочмас эдилар», дейилган.
Яна бир бошқа ривоятда қуйидагича келтирилади: «Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу «Отам мени обрўли бир кишининг қизига уйлантириб қўйдилар. Отам келинидан ҳол-аҳвол ва менинг муомалам ҳақида ҳам сўрадилар. Келин: «(Ўғлингиз) одамларнинг энг яхшиси эканлар-у, аммо келганимдан бери кўрпани босмас ва пардани изламас эканлар (яъни, шаръий қовушишдан ўзларини тияр эканлар)», деди. Бу ҳолат узайиб кетганида, унинг отаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. У зот: «Абдуллоҳни менга йўлиқтиринглар», дедилар. Мен у зотга бу сўзлардан кейин учрашдим. У зот: «Қандай рўза тутасан?» дедилар. Мен: «Ҳар куни», дедим. «Қандай хатм қиласан?» дедилар. Мен: «Ҳар кечада», дедим ...» дедилар. Кейин юқоридаги (рўзанинг ҳамда хатмнинг афзалликларини) зикр қилдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу кечқурун енгил бўлиши учун ўқийдиган еттидан бир Қуръонларини кундузи уйдагиларга ўқиб берардилар. Агар қувватли бўлишни хоҳласалар, баъзи кунларда оғизларини очиб (қазо қилиб), уни ҳисоблаб қўярдилар, худди ўшани кейин Расулуллоҳга айтган нарсаларидан фарқланиб қолишини кариҳ кўрганлари учун қазосини тутардилар.
Буларнинг ҳаммаси саҳиҳ бўлиб, аксарияти икки «Саҳиҳ» китобида, озроғи иккисининг бирида келтирилган.
151/10. Абу Рибъий Ҳанзала ибн Рабийъ ал-Усаййидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади (бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бири эдилар): «Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга йўлиқиб: «Эй Ҳанзала, аҳволинг қандай?» дедилар. Мен: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ, нима деяпсан?» деб айтдилар. Мен: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бўлганимизда бизга жаннат ва дўзахни эслатсалар, гўёки кўз билан кўргандек бўламиз. Агар у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, хотинларимиз, болаларимиз ва рўзғорларимизга машғул бўлсак, (муҳим гапларнинг) кўпини унутамиз», дедим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Биз ҳам шу нарсага мубталомиз», дедилар. Бас, Абу Бакр ва мен йўлга равона бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирдик. «Эй Аллоҳнинг расули! Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу нима деганинг?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули! Сизнинг ҳузурингизда эканимизда бизга жаннат ва дўзахни эслатсангиз, гўёки кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Агар сизнинг ҳузурингиздан чиқиб, хотинларимиз, болаларимиз ва рўзғорларимизга машғул бўлсак, (муҳим гапларнинг) кўпини унутамиз», дедим. Шунда у зот: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг ҳузуримдаги нарсада ва Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлсангизлар, фаришталар сизлар билан тўшагингиз ва йўлларингизда қўл бериб сўрашиб, салом-алик қилишади. Лекин, эй Ҳанзала, гоҳи пайт ундай ва гоҳи пайт бундай», деб уч марта айтдилар (яъни, бир пайт ибодат қилиш ва бошқа бир пайт фоний дунёда инсон муҳтож бўладиган рўзғор ишларига машғул бўлишидир)». Имом Муслим ривоятлари.
152/11. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турувдилар, бир тик турган кишига (кўзлари тушиб) у ҳақда сўрадилар. Улар: «Бу Абу Исроил деган киши бўлиб, қуёшда туриб сояланмасликка, ўтирмасликка, гапирмасликка ва рўза тутишликка назр қилган», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Унга буюринглар, гапирсин, соялансин, ўтирсин ҳамда рўзасини тамомласин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 86 марта кўрилди
13-БОБ. Яхшиликнинг йўллари кўп эканлиги баёни
Аллоҳ таоло: «Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир» (Бақара сураси, 215-оят);
«Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади» (Бақара сураси, 197-оят);
«Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур» (Залзала сураси, 7-оят);
«Ким бирон яхшилик қилса, бас, ўзи учун (яъни, ўз фойдасига қилган) бўлур» (Жосия сураси, 15-оят) деб айтган.
117/1. Абу Зарр Жундуб ибн Жунодадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал афзал?» десам, у зот: «Аллоҳга имон келтириш ва Унинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Қайси қулни озод қилиш яхшироқ?» десам, у зот: «Эгалари ҳузурида яхшироғи ва нархи қиммат бўлганини», дедилар. «Агар буларни қила олмасам-чи?» десам, у зот: «Ҳунармандга ёрдам бер ёки ҳунари йўқни иш билан таъминла!» дедилар. «Бу ишларнинг баъзисини ҳам қила олмасам-чи?» десам, у зот: «Одамларга ёмонлик қилишдан тийилгин. Чунки у ҳам сендан бўлган садақадир», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
118/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардаги ҳар бир бўғимингиз учун ҳар куни тонг отганида садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, «Субҳоналлоҳ», дейишингиз) садақадир. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) ҳам садақадир. Яхшиликка буюришингиз ҳамда ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Чошгоҳ (зуҳо) пайтидаги икки ракат ўқиган намозингиз буларнинг барчасига ўзи кифоя қилади», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.
119/3. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташланишини яхши амаллар сирасидан топдим. Масжидга балғамини ташлаб кўмиб қўйилмаганини ёмон амаллар сирасидан топдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
120/4. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули, бадавлат кишилар ажр олишда ўзиб кетишди. Улар ҳам биз ўқигандек намоз ўқишади ва биз тутгандек рўза тутишади. Ва (камига) эҳтиёжларидан ортиқча молларини садақа ҳам қилишади», дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бермадими? Албатта ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбирингиз садақа, ҳар бир ҳамдингиз садақа, ҳар бир таҳлилингиз садақа. Яхшиликка буюришингиз садақа. Ёмонликдан қайтаришингиз садақа. Аёлингиз билан шаръий қовушишингиз ҳам садақа», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизлардан бирортамиз шаҳватини қондирса ҳам, савоб бўладими?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўша шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, гуноҳ бўладими? Шу сингари ҳалол йўл билан қондирса, савоб бўлади-да», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
121/5. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин. Агар биродарингга очиқ юз билан йўлиқиб бўлса ҳам», дедилар (яъни, биродарингга очиқ юз билан йўлиқиш ҳам яхшиликдир)». Имом Муслим ривоятлари.
122/6. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар кун қуёш чиқиши билан кишининг ҳар бир бўғимига садақа лозимдир. Икки кишининг орасини ислоҳ этиш ҳам садақадир. Уловига чиқаётганда кўтаришиб қўйилса ёки юкини юклашиб берилса, у ҳам садақадир. Мулойим сўз ҳам садақадир. Намозга юриб борилган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлаш ҳам садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг Оишадан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одам болаларидан барча киши уч юз олтмиш бўғим билан яратилган. Кимки Аллоҳни улуғласа (Аллоҳу акбар, деса), Аллоҳга ҳамд айтса (Алҳамдулиллаҳ, деса), Аллоҳга таҳлил айтса (Ла илаҳа иллаллоҳ, деса), Аллоҳга тасбеҳ айтса (Субҳоналлоҳ, деса), Аллоҳга истиғфор айтса (Астағфируллоҳ, деса) ва кишиларнинг йўлидан тош ёки тикан ё суякка ўхшаш нарсаларни олиб ташласа ҳамда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарса, савоби уч юз олтмиштага етиб, ана шу кунда бу киши дўзахдан ўзини узоқ қилиб юрибди», дедилар.
123/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун масжидга борса, Аллоҳ таоло унга жаннатда ҳар эрта-кеч борганда зиёфат тайёрлаб қўяди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
124/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эй муслима аёллар, бир аёл бошқа бир аёлга қўйнинг туёғини беришликдаги яхшиликни ҳам паст санаманглар», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
125/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Имоннинг етмиш нечта ёки олтмиш нечта ҳам (шўъба) бўлаги бордир. Уларнинг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Энг пасти йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам ўша имон бўлакларидан биридир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
126/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда кета туриб, чанқоғи кучайди-да, бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Сўнгра у ердан чиққанида бир ит (чанқаганидан) тилини чиқариб, тупроққа бағрини бериб ётарди. Шунда ҳалиги киши: «Бу итга ҳам менга бўлгани каби чанқоқлик етибди», деб қудуққа тушиб маҳсисига сув тўлдирди-да, уни оғзида ушлаб кўтарилди ва итни сув ила суғорди. Аллоҳ бу ишидан миннатдор бўлиб, унинг гуноҳини кечирди», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизга ҳайвонларда ҳам савоб борми?» дейишганида, у зот: «Ҳар бир хўл жигарли (тирик жонзот)да савоб бордир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида эса: «Аллоҳ ундан миннатдор бўлиб, гуноҳини кечириб, жаннатга киритди», дейилган.
Икковларининг яна бир бошқа ривоятларида: «Бир ит қудуқ атрофида чанқоқликдан ўлар ҳолатга келиб қолай, деб айланиб юрганида, Бани Исроилдан бир фоҳиша аёл маҳсисини ечди-да, сув олиб, уни суғорди. Шу амали сабабли гуноҳлари кечирилди», дейилган.
127/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда ҳузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа бир ривоятда: «Бир киши йўлдан ўтаётиб, ўртадаги дарахт шохини (кўриб): «Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четлаштираман», деганида, у жаннатга киритилди», дейилган.
Икковларининг бошқа бир ривоятларида: «Бир киши кета туриб йўлда тиконли шохни кўриб, уни четга олиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини кечирди», дейилган.
128/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чиройли таҳорат қилиб, сўнгра жума намозига бориб, (хутбага) жим туриб қулоқ тутса, ўша жума билан кейинги жума орасидаги ва бунга уч кун қўшиб (ҳаммаси бўлиб, ўн кун орасидаги) гуноҳлари кечирилади. Ким тошларни ушлаб (ўйнаса), бефойда (лағв) ишни бажарибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
129/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилиб юзини ювса, кўзи билан қилган барча хатолари юзидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, қўли орқали қилган барча хатолари қўлидан сув билан ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади. Ҳаттоки, гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади. Агар икки оёғини ювса, оёғи билан қилган барча хатолари сув билан бирга ёки охирги томчи сув билан чиқиб кетади, ҳаттоки у гуноҳлардан покиза ҳолда чиқади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
130/14. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт оралиғидаги, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
131/15. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» деганларида, саҳобалар: «Ҳа», дейишди. Шунда у зот: «Қийинчилик пайтида таҳоратни мукаммал қилиш ва масжидга қадамни (боришни) кўпайтириш ҳамда намоздан кейин намозни кутиш. Мана шу нарсалар Аллоҳ йўлидаги соқчилик кабидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
132/16. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бомдод ва аср намозларини ўқиса, жаннатга киради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
133/17. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда касал ёки мусофир бўлиб (бажараётган амалларини қила олмаса), унга муқим ва соғломлик пайтида амал қилганидек савоб ёзилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
134/18. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир яхшилик садақадир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. Муслим эса мана шу лафздаги ҳадисни Ҳузайфадан t ривоят қилганлар.
135/19. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон киши кўчат ўтқазадиган бўлса, ундан ейилса ҳам, ўғирланса ҳам, камайтирилса ҳам, эгасига садақа бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа бир ривоятларида: «Мусулмон киши кўчат ўтқазса ва ундан одамлар, ҳайвонлар, қушлар еса, эгасига Қиёмат кунигача садақа бўлади», дейилган.
Яна бир бошқа ривоятларида: «Мусулмон киши кўчат ўтқазиб ва бирон экин экса, ундан одамлар, ҳайвонлар ва бирор нарса еса, эгасига садақа бўлади», дейилган. Бухорий ва Муслимлар барчасини Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
136/20. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бани Салама масжид яқинига кўчишни хоҳлашганида, бу хабар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар масжид яқинига кўчиб келишни хоҳлаяпсизларми?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули, биз шуни хоҳлаяпмиз», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўз жойларингизни (қўлдан бой бермай) сақланг. Қадамларингизга (савоб) ёзилади. Ўз жойларингизни (қўлдан бой бермай) сақланг. Қадамларингизга (савоб) ёзилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Ҳар бир қадам учун даража бордир», дейилган.
Имом Бухорий ҳам шу маънодаги ҳадисни Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар.
137/21. Абу Мунзир Убай ибн Каъбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир киши (бу кишининг кимлигини билмайман) масжиддан узоқроқ жойда турарди-да, бирор намозни қолдирмас эди. У кишига «Агар бир эшак сотиб олиб, уни қоронғу зулматда ва қаттиқ иссиқ бўлганда миниб келсанг бўлмайдими?» деб айтганимда, у киши: «Манзилим масжид ёнида бўлиши мени хурсанд қилмайди. Мен масжидга боришимдаги ва аҳлимга қайтишимдаги қадамларимга (савоб) ёзилишини хоҳлайман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (буни эшитиб): «Аллоҳ таоло сенга бу нарсаларнинг ҳаммасини жамлаб берди», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Сенга умид қилган савобинг (берилди)», дейилган.
138/22. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қирқта хислат бор, уларнинг энг олийси – сутини соғиб ичиш учун эчкисини бермоқликдир. Кимки мана шу хислатлардан бирортасига савоб умидида ва ваъда қилинган нарсага ишонган ҳолда амал қилса, Аллоҳ таоло жаннатга киритади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
139/23. Адий ибн Ҳотамдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Хурмонинг ярмини (бериб бўлса ҳам) дўзахдан сақланинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятларида қуйидагича айтилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар бирингиз билан Раббингиз (Қиёматда) ўртага таржимон қўймай сўзлашади. У киши ўнг томонига қарайди. Қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қарайди. Қилган амалидан бошқа нарсани кўрмайди. Олдига қарайди. Рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, хурмонинг ярмини (бериб бўлса ҳам) дўзахдан сақланинглар. Ким буни ҳам топа олмаса, яхши сўзларни айтиб бўлса ҳам (дўзахдан ўзини сақласин)», дедилар».
140/24. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор овқатни еб ҳамд айтган, бирор ичимлик ичиб ҳамд айтган бандасидан Аллоҳ таоло албатта рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
141/25. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмонга садақа (қилиш) лозим», деганларида, «Агар уни топа олмаса-чи?» деб айтишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қўли билан ишлаб топиб ўзи ҳам фойдаланади ва садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бечораҳол муҳтожга ёрдам берсин», дедилар. «Агар бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиликка буюрсин», дедилар. «Агар буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонликдан ўзини тийсин. Шундай қилиши ҳам садақадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 103 марта кўрилди
15-БОБ. Амалларнинг бардавом бўлишини муҳофаза қилиш баёни
Аллоҳ таоло: «Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) илгари китоб ато этилган. Сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими?)» (Ҳадид сураси, 16-оят);
«Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз-буюрганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат) қилдилар-у, сўнг унга тўғри-тўла риоя қила олмадилар» (Ҳадид сураси, 27-оят);
«Худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб, чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз» (Наҳл сураси, 92-оят);
«(Шунингдек) то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр сураси. 99-оят) деб айтди.
Оишадан ривоят қилинган бу ҳадис шунга далилдир: «Аллоҳ таолога ибодатнинг яхшиси киши унда бардавом бўлганидир».
153/1. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки кечасидаги амали ёки бирор вазифасидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин оралиғида ўқиб олса, гўёки унга кечаси ўқиганнинг савоби ёзилади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
154/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абдуллоҳ, фалон киши каби бўлмагин. У аввал кечада (намозга) турарди-да, кейин туришни тарк қилган эди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
155/3. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси ўқийдиган намозлари касалликми ёки бошқа сабаб билан ўтиб кетадиган бўлса, кундузи ўн икки ракат ўқирдилар». Имом Муслим ривоятлари.