Аллоҳ таоло: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2-оят);
«Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Вал-аср сураси, 1–3-оятлар), деб айтган. Имом Шофеъий: «Албатта кишиларнинг кўплари бу сурани тадаббур қилишдан ғафлатдадирлар», деган маънода сўз айтганлар.
178/1. Абу Абдураҳмон Зайд ибн Холид ал-Жуҳанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳнинг йўлида урушга чиқувчи кишини (керакли нарсалар билан) таъминласа, ғазот қилувчи кишидек савобга эга бўлади. Кимки урушга кетган мужоҳиднинг аҳлига яхшилик билан ўринбосар бўлса (яъни, унинг бола-чақасидан хабар олиб, хизматларини қилиб турса), у ҳам ўша кишидек савобга эга бўлади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
179/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Лаҳён қабиласига Ҳузайл қабиласидан бир гуруҳни жўнатаётиб: «Ҳар икки кишилик (уйдан) бирини жўнатсин. Улар ораларида савоб баробардир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
180/3. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Равҳо деган жойда бир тўда отлиқ кишиларга йўлиқиб: «Ким бу қавм?» деганларида, улар: «Биз мусулмонлармиз, ўзингиз кимсиз?» дейишди. У зот: «Аллоҳнинг расулиман», дедилар. Бир хотин ёш гўдакни кўтариб: «Бунинг учун ҳам ҳаж бўладими?» деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, (унга ҳаж бўлиб) сенга ажр бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
181/4. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мукаммал ҳолатда хушвақтлик билан тайин қилинган шахсга (омонатни) бериб, буюрилган нарсани бажарувчи ишончли, хазиначи мусулмон садақа қилувчиларнинг биридир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 115 марта кўрилди
21-БОБ. Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирига ёрдам бериш баёни
- Создано 15 Октябр 2022
- 107 марта кўрилди
22-БОБ. Насиҳат хусусида
Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот сураси, 10-оят), деб айтди. Ва яна Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида:
«Мен сизларга насиҳат қиламан» (Аъроф сураси, 62-оят), деганларининг ҳамда Ҳуд алайҳиссалом ҳақларида:
«Мен сизлар учун ишончли насиҳат қилувчиман», деб айтганларининг хабарини берди (Аъроф сураси, 68-оят).
182/1. Абу Руқайя Тамийм ибн Авс ад-Дорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дин хайрихоҳликдир», деганларида, биз: «Ким учун, эй Аллоҳнинг расули?» деб айтдик. Шунда у зот: «Аллоҳга, Унинг китобига, расулига, мусулмонлар имомига ва оммасига», деб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари.
(Аллоҳга бўлган хайрихоҳлик – Унга имон келтириб, айтганларини қилиб, қайтариқларидан қайтиш. Китобига бўлган хайрихоҳлик – ундаги нарсаларга бўйсуниб, тиловат қилиш. Расулига бўлган хайрихоҳлик – у олиб келган рисолатни тасдиқлаш. Мусулмонлар имомига бўлган хайрихоҳлик – ҳақ йўлда бўлсалар, уларга ёрдам бериб, итоат қилиш. Оммага бўлган хайрихоҳлик – уларга амру-маъруф, наҳий-мункар қилиб ҳамда азият бермаслик билан бўлади... – тарж.)
183/2. Жарир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга намозни қоим қилишга, закот беришга ва барча мусулмонларга нисбатан хайрихоҳ бўлишга байъат қилдим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
184/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўз нафси учун яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўла олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 15173 марта кўрилди
24-БОБ. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, ўзи бунинг хилофини қилган кишига қаттиқ азоб бўлиши баёни
Аллоҳ таоло айтади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят);
«Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Соф сураси, 2–3-оятлар), деб айтди. Шуъайб алайҳиссалом тилларидан хабар бериб:
«Мен сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман» (Ҳуд сураси, 88-оят), деган.
199/1. Абу Зайд Усома ибн Зайд ибн Ҳорисадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни бир киши олиб келиниб дўзахга ташланади. У кишининг қорнидан ичак-чавоқлари чиқиб, худди эшак тегирмон атрофида айлангани каби айлантирилади. Кейин дўзах аҳллари унинг олдида тўпланиб: «Эй фалончи, сенга нима бўлди, сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?» дейишса, у киши: «Ҳа, тўғри! Яхшиликка буюриб, ўзим бажармас эдим. Ёмонликдан қайтариб, ўзим қилар эдим», дейди», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 15 Октябр 2022
- 141 марта кўрилди
23-БОБ. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш баёни
Аллоҳ таоло: «Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят);
«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят);
«(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят);
«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар» (Тавба сураси, 71-оят);
«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш» (Моида сураси, 78–79-оятлар);
«Айтинг, (Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 29-оят);
«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг» (Ҳижр сураси, 94-оят);
«Бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик» (Аъроф сураси, 165-оят), деб айтган.
185/1. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ножўя, ярамас ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (учинчиси) имонларнинг заифидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
186/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан олдинги умматга Аллоҳ таоло бирор пайғамбарни юборса, уммати ичида унинг издошлари ва асҳоблари бўлиб, унинг суннатига амал қилиб, буйруқларига бўйсунишар эди. Улардан кейин ўринбосарлар келиб, ўзлари қилмаган нарсани (халққа) сўзлаб ва буюрилмаган ишларни (ўзлари) қилар эди. Кимки уларга қўли билан жиҳод қилса, у мўминдир. Кимки уларга тили билан жиҳод қилса, у ҳам мўминдир. Кимки уларга қалби билан жиҳод қилса, у ҳам мўминдир. Лекин бу (учинчисининг) ортида хантал уруғича ҳам имон йўқдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
187/3. Абулвалид Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга осонлигу қийинчиликда, роҳатда-ю кулфатда, биздан бошқани ортиқ кўрилса ҳам, ишларни ўз аҳлига топшириб тортишмасликка байъат қилдик. Лекин Аллоҳ томонидан ва ўзингиз томондан унинг кофирлигига очиқ-ойдин ҳужжат борлиги кўрилса, ундай эмас. Ва яна маломатчининг маломатидан Аллоҳ йўлида қўрқмасдан қаерда бўлса ҳам, ҳақни айтишга ҳам байъат қилдик». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
188/4. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) «Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик», дейишар ди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. (Агар киши ўзи солиҳ бўлиб, аҳли ва болалари ҳамда унга эргашувчилар шариатга хилоф ишни қилишса, барчалари Аллоҳнинг азобига баробар дохил бўлишади. Чунки кемага тушганнинг жони бир-да ... – тарж.)
189/5. Умму Салама Ҳинд бинти Абу Умаййа Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга амирлар бошлиқ қилинади. Сизлар уларнинг баъзи амалларини шариатга мувофиқ ва баъзисини мухолиф топасизлар. Кимки уларни ёмон кўрса, ўзини оқлабди. Кимки уларни инкор қилса, омонда бўлибди. Лекин кимки улар қилаётган ишларга рози бўлиб эргашса (гуноҳкор бўлибди)», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, ундай бўлса, улар билан урушайликми?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, модомики, ораларингизда намозни қоим қилишар экан (урушманглар)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Яъни, кимки қалби билан кариҳ кўриб, қўли ва тили билан инкор қилишга қодир бўлмаса, гуноҳлардан ўзини оқлаб, вазифасини адо қилибди. Кимки тоқати етганича инкор қилса, бу гуноҳлардан омонда бўлибди. Энди кимки уларнинг амалларидан рози бўлиб, уларга эргашса, гуноҳкор бўлибди.)
190/6. Уммул Ҳикам Зайнаб бинти Жаҳшдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу онамиз ҳузурларига қўрққан ва ташвишланган ҳолатда кириб келиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ (таажжубланилганда шундай дейилади), яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой. Бу кунда Яъжуж ва Маъжуж тўсиғидан мана шунча очилгандир», деб бош бармоқ билан унинг ёнидаги ишора бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Шунда бу онамиз: «Эй Аллоҳнинг расули! Орамизда солиҳлар бўлса ҳам, (ана шу кунда) ҳалок бўламизми?» деганларида, у зот: «Ҳа, қачонки, ёмон ишлар кўпайиб кетса (яхшилар кўп бўлса ҳам, умумий ҳалокат юзага келади)», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
191/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Йўл бўйида ўтиришдан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, бунинг чораси йўқдир. Чунки биз ўтириб суҳбатлашамиз», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бунга кўнмасангизлар, ўтиринглар-у фақат йўлнинг ҳаққини адо этинглар», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули! Йўлнинг ҳаққи нима?» дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзни номаҳрамларга қаратишдан тийиш, ўтувчиларга азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
192/8. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилладан бўлган узукни кўриб, уни ечиб олдилар-да, улоқтириб юбордилар. Ва: «Сизлардан бирингиз билиб туриб оловдан бўлган чўғни тақиб олади-я», дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан кейин одамлар ҳалиги кишига: «Узугингни олиб, ундан бошқа йўл билан фойдалангин», дейишганида, бу киши: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам улоқтирган нарсани асло олмайман», деди.
193/9. Абу Саид Ҳасан ал-Басрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳу Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳузурига кириб: «Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. Албатта бошлиқларнинг ёмони қўл остидагиларга озор етказадиганидир. Сен ана шунақа бўлишдан четлангин», дедилар. У: «Ўтиргин, сен Муҳаммад алайҳиссаломнинг кичик (яъни, элакдан ўтказилмаган) саҳобаларидансан», деди. У зот эса: «Уларнинг кичиги бўлганми? (Саҳобаларнинг ҳаммалари соф бўлишган), балки улардан кейин ва бошқаларда кичиги, деган нарса пайдо бўлган», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
(Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин, уларнинг барчалари соф эдилар. Имом Ҳусаннинг қотиллари Убайдуллоҳ Ибн Зиёддек золимнинг олдида ҳам ҳақни гапиришдан ҳеч нарса тўхтата олмас эди... -Тарж.)
194/10. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар. Бундай қилмайдиган бўлсангизлар, Аллоҳ таоло сизларга бир балони юборади. Сўнгра дуо қилсангизлар, дуоларингиз қабул қилинмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
195/11. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳодларнинг афзали золим подшоҳ ҳузурида айтилган одил (ҳақ) сўздир», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.
196/12. Абу Абдуллоҳ Ториқ ибн Шиҳоб ал-Бужалий ал-Аҳмасийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (отлари) узангига оёқларини қўйиб турганларида, бир киши (келиб): «Жиҳодларнинг қайси бири афзал?» деди. Шунда у зот: «Золим подшоҳ ҳузурида айтилган ҳақ сўз», дедилар. Насаий саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
197/13. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроилга путур етиб бузилишининг биринчи сабаби бир одам бошқа бир (ёмон) кишига йўлиқиб: «Эй одам! Аллоҳдан қўрқ! Бу қилаётган (ёмон) ишингни ташлагин. Чунки бу ҳалол эмасдир», дейди. Кейин эртасига яна йўлиқса, у ўша (ёмон) ҳолатида бўлади. Лекин у билан емоқ, ичмоқ ва ўтирмоқдан ўзини ман қилмас эди (яъни, муомала қилиб юраверар эди). Мана шундай қилиб юраверишганидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:
«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга нафси-ҳаволари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолгувчидирлар. Агар Аллоҳга, пайғамбарга ва унга нозил қилинган китобга имон келтирганларида эди, уларни – кофирларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир» (Моида сураси, 78–81-оятлар), деб айтган. Сизларда бундай бўлмасин, сизлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар. Ҳамда золимнинг қўлидан тутиб, уни ҳаққа эгиб туринглар ва ҳақнинг устида уларни маҳкам тўхтатиб туринглар. Агар шундай қилмасангизлар, Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига уриб, бир хил қилиб қўяди. Ва Бани Исроилни лаънатланганидек сизларни ҳам лаънатлайди», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.
Бу ҳасан иснодли бўлиб, лафзи Абу Довудникидир. Термизийнинг ривоятлари лафзида қуйидагича келган: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроил гуноҳларга кўмилиб кетганида уламолари уларни гуноҳ қилишдан қайтарди. Лекин улар бундан ўзларини тўхтатишмади. Қавм тўхтамаганидан кейин уламолари ҳам улар билан бир мажлисда ўтириб, бирга овқатланиб, ичиб (алоқани узмасдан аралишиб) юраверишди. Аллоҳ таоло ҳам уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди, улар исён ва ҳаддан ошганликлари сабабли Довуд ва Исо ибн Марям пайғамбарлар тилидан уларни лаънатлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам суяниб ўтирган ҳолда, йўқ, бундай бўлманг! Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, золимларни ҳаққа мойил қилиб, унга уларни маҳкам эгинглар», деб айтдилар».
198/14. Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Эй инсонлар, сизлар қуйидаги оятни ўқиганмисизлар? «Эй мўминлар, ўзингизни билинг! (Яъни, гуноҳлардан сақланинг!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида сураси, 105-оят). Чунки мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта кишиларда золимликни кўрсанглар-у, унинг қўлидан тутиб, (бу ишидан қайтармасанглар) тез фурсатда Аллоҳ таоло барчаларингни умумий бир азобга гирифтор қилади», деб айтганларини эшитдим», дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривояти.
- Создано 15 Октябр 2022
- 102 марта кўрилди
25-БОБ. Омонатни адо этишга буйруқ
Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо сураси, 58-оят);
«Албатта Биз бу омонатни (яъни, Ислом шариатидаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга рўбарў қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди» (Аҳзоб сураси, 72-оят), деб айтган.
200/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг аломати учтадир. Агар сўзласа, ёлғон гапиради. Агар ваъда берса, унга хилоф қилади. Агар омонат қўйилса, хиёнат қилади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда: «Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, унинг мусулмон эканини гумон қилинса ҳам...» дейилган.
201/2. Ҳузайфа ибн Ямондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам иккита гап айтдилар. Уларнинг бирини кўрдим. Иккинчисини (қачон бўлар экан, деб) кутиб турибман. Аввалгиси – имон кишилар қалбининг тубига тушади. Кейин Қуръон тушади. Улар Қуръон ва суннатни ўрганадилар. Иккинчиси – кишилардан имон кўтарилади. Одам бироз ухлаганида, унинг қалбидан имон кўтарилиб, озгина изи қолади, холос. Сўнгра яна бироз ухласа, унинг қалбидан имон кўтарилиб, унинг изи қавариб кетганга ўхшайди. Бунинг мисоли худди оёғингни чўққа солсанг, у шишиб кўтарилганини кўрасан-у, лекин унда бирор нарса бўлмаганга ўхшайди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам оёқларига тошларни мисол учун ташладилар-да, сўнгра қуйидагиларни айтдилар: «Одамлар субҳда туриб, бир-бирлари билан олди-сотти қилишади. Ва омонатни адо қиладиган бирор киши топиша олмайди. Ҳаттоки, ишончли киши қолмаганидан аҳвол шу даражага етадики, фалон маҳаллада ишончли киши бор ёки фалон киши ақлли, ўткир фикрли, субутли, дейилади. Унинг қалбида эса хантал уруғи мисқолича ҳам имон йўқдир». Ҳузайфа: «Менинг устимга шундай замон келдики, мен ким билан олди-сотти қилсам, парво қилмас эдим. Агар мусулмон бўлса, менга хиёнат этишидан унинг дини тўсарди. Агар насроний ёки яҳудий бўлса, менга хиёнат қилишидан унинг бошлиғи тўсарди. Аммо бугунги кунда фалончи ва фалончидан ташқари бошқа ҳеч ким билан олди-сотти қила олмайман», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
202/3. Ҳузайфа ва Абу Ҳурайралардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда кишиларни жамлайди. Мўминлар тик туришганида жаннат уларга яқинлаштирилади. Булар Одам алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Эй отажон, сиз бизларга жаннатни очдириб беринг», дейишади. Одам алайҳиссалом: «Ахир жаннатдан оталарингизни хатоси чиқариб юборди-ку! Мен бу мартабанинг аҳли эмасман. Сизлар ўғлим Иброҳим халилуллоҳ ҳузурига боринглар», деб айтадилар. Улар Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига бориб (юқоридаги таклифни айтишганида) бу зот: «Мен сизлар айтган нарсанинг аҳли эмасман. Менинг Аллоҳга халил (дўст) бўлишим воситачи (Жаброил) орқалидир. Сизлар Мусо алайҳиссалом ҳузурига боринглар. Чунки у зот Аллоҳ билан сўзлашгандирлар», дейдилар. Улар Мусо алайҳиссалом ҳузурларига бориб, (юқоридаги таклифни айтишганида) бу зот ҳам: «Мен сизлар айтган нарсанинг аҳли эмасман. Сизлар Аллоҳнинг калимаси ва руҳи Исо алайҳиссалом ҳузурига боринглар», дейдилар. Улар Исо алайҳиссалом ҳузурларига боришса, бу зот ҳам: «У нарсанинг аҳли эмасман», деганларидан кейин улар Менинг ҳузуримга боришади. Менга изн берилганида ўрнимдан тураман. Имон ва қариндошлик юборилади. Бу иккови Сирот кўпригининг икки томонида – ўнг ва чапида турғизилади. Кейин аввалги жамоатларингиз чақмоқ каби Сиротдан ўтишади», деганларида, мен: «Ота-онам фидо бўлсин, қайси нарса чақмоқ каби ўтади?» десам, у зот: «Кўрмайсизларми, қанчалик тез ўтиб, кўз очиб-юмгунича қайтиб келади», дедилар, сўнгра: «Шамол каби ўтади. Сўнгра қуш каби ўтади. Кўп кишиларни кўприкдан амаллари олиб ўтади. Набийларингиз эса Сирот кўприги устида туриб: «Эй Раббим, омонда қил, омонда қил», деб турадилар. Ҳатто, бандаларни амаллари кўприкдан олиб ўтишга ожиз бўлиб қоладиган даражага етади. Киши юриб ўтишга қурби етмай, судралиб ўтади. Кўприкнинг икки томонида тиконли илгич осилган бўлиб, буюрилган кишини илиб олишга амр қилингандир. Тирналанган киши омонда қолур. Илиниб қолган киши эса дўзахга равона бўлур», дедилар. Абу Ҳурайранинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, жаҳаннамнинг чуқурлиги етмиш йиллик йўлдир». Имом Муслим ривоятлари.
203/4. Абу Хубайб Абдуллоҳ ибн Зубайрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Отам Зубайр ибн Аввом Жамал (воқеаси) куни тўхтаб мени чақирдилар. Мен ёнларига бориб турдим. «Эй ўғилчам, бугун золим ёки мазлумларгина ўлдирилур. Мен эса бугун мазлум ҳолдагина ўлдирилмоғимни афзал кўраман. Менинг энг катта ғамим қарзим устидадир. Сен қандай қарайсан? Қарзимиздан молимиз ортадими?» деб, сўнгра яна: «Эй ўғилчам, молимизни сотиб, қарзимизни узгин», дедилар. Ва учдан бир қисмини васият қилдилар. Яъни, (бош ўғиллари) Абдуллоҳнинг болаларига учдан бирини васият қилдилар. «Агар қарзни узганингдан кейин ортса, ана шундай қилгин», дедилар». Ҳишомнинг айтишларича, Абдуллоҳнинг фарзандлари, оталари Зубайрнинг болалари Ҳубайб, Аббодлар билан тенгқур эди. Ана шу пайтда Зубайрнинг тўққиз ўғил ва тўққиз қизлари бор эди. Абдуллоҳ айтдилар: «Отам менга қарзларини васият қилатуриб: «Эй ўғилчам, агар қарзни узишда ожиз бўлиб қолсанг, мавлоимдан ёрдам сўрагин», дедилар. Аллоҳга қасамки, отам мавлоим, дейиш билан нимани ирода қилганларини билмасдан: «Эй отажон! Мавлоингиз ким?» десам, отам: «У Аллоҳдир», дедилар. Мен, қачонки, қарзни узишда қийинчиликка йўлиқсам: «Эй Зубайрнинг мавлоси, унинг қарзидан нажот бергил», десам, бас, У зот унга нажот берар эди. Отам Зубайр ўша урушда ўлдирилдилар. Ва Мадинада бир дарахтзор ҳамда ўн бир ҳовли, Басрада икки ҳовли, Кўфада бир ҳовли, Мисрда ҳам бир ҳовлидан ташқари бирор динор ҳам ва дирҳам ҳам қолдирмадилар. Бу зотнинг қарздор бўлиб қолишларига сабаб кишилар бирор омонатни ҳузурларига олиб келишса, уни қарз шаклида қабул қилиб олардилар. «Агар омонат деб қабул қилсам, унинг (вақт ўтиши билан) ўз қийматини йўқотишидан қўрқаман», деб айтардилар. Зубайр розияллоҳу анҳу бирор ерга волий бўлишга ёки солиқ йиғувчи бўлишга интилмадилар. Фақатгина Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам, Умар, Усмонлар розияллоҳу анҳу билан бирга ғазот қилишга ошиқар эдилар. Мен отамнинг барча қарзларини ҳисобласам, икки миллион икки юз минг бўлди. (Ўша кунларда) Ҳаким ибн Ҳизом йўлиқиб: «Эй жияним, акамнинг қарзи қанча экан?» деди. Мен уни яшириб (камайтирган ҳолда) «Юз минг», дедим. Шунда Ҳаким: «Аллоҳга қасамки, молларингиз бу миқдордаги қарзни қоплай олмайди», деди. Мен: «Икки миллион икки юз минг бўлса-чи?» десам, Ҳаким: «Бундай миқдордаги қарзни тўлай олмайсизлар. Агар тўлашда ожиз бўлиб қолсангиз, мендан ёрдам сўранглар», деди».
Зубайр (юқорида айтилган) дарахтзорни икки юз етмиш мингга сотиб олган эдилар. Абдуллоҳ эса уни бир миллион олти юз мингга сотиб юборди. Сўнгра Абдуллоҳ ўринларидан туриб, «Кимнинг отам Зубайрда ҳаққи бўлса, бизни дарахтзордан топсин», деб эълон қилди. (Биринчи бўлиб) Абдуллоҳ ибн Жаъфар келди. Зубайр ундан тўрт юз минг қарз эди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Абдуллоҳ ибн Зубайрга: «Агар хоҳласанг, қарзимдан кечаман», деганди, Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Йўқ», деди. У: «Агар истасангизлар, муҳлатини ўзларингиз хоҳлаганингизча узайтираман», деганида, Абдуллоҳ ибн Зубайр яна: «Йўқ», дедилар. Шунда у: «Ундай бўлса, дарахтзордан бир бўлак ер ажратиб беринглар», деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Манави ердан анави ергача сизники», деди. (Шу алфозда) Абдуллоҳ ибн Зубайр ўша дарахтзордан сотиб-сотиб, оталарининг қарзларини уза бошладилар. Ниҳоят, тўрт ярим улуш қолди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Зубайр Муовиянинг ҳузурига бордилар. У зотнинг ҳузурида Амр ибн Усмон, Мунзир ибн Зубайр ва Ибн Замъалар бор эди. Муовия Абдуллоҳ ибн Зубайрга: «Дарахтзорни қанчага нархладинг?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Ҳар бир улушини юз мингдан», деди. Муовия: «Неча улуш қолди?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Тўрт ярим улуш», деди. Шунда Мунзир ибн Зубайр: «Унинг бир улушини юз мингга олдим», деди. Амр ибн Усмон: «Мен ҳам бир улушини юз мингга олдим», деди. Ибн Замъа: «Мен ҳам бир улушини юз мингга олдим», деди. Муовия: «Қанчаси қолди?» деди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Бир ярим улуш», деди. Муовия: «Ўша бир ярим улушни бир юз эллик мингга мен олдим», деди. (Шу билан дарахтзор бир миллион олти юз мингга сотилди. Лекин Зубайрнинг қарзларини тўла тўкис узиш учун яна олти юз минг етмас эди. Шу боисдан) Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳам ўз ҳиссаларини Муовияга олти юз мингга сотдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр оталарининг қарзларини узиб бўлганларидан кейин Зубайрнинг авлодлари келиб: «Энди бизларнинг меросимизни тақсим қилиб беринг», дейишди. Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Аллоҳга қасамки, мен тўрт йилгача (ҳаж мавсумида) «Кимнинг Зубайрда қарзи бўлса, келсин, биз уни берамиз», деб жарчи қўймагунимча, сизларга меросларингизни тақсим қилиб бермайман», дедилар. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳар йили халойиққа овоза қилдилар. (Ҳеч ким келмаганидан кейин) тўрт йил ўтгач, меросларни тақсимлаб бердилар. Лекин учдан бирини олиб қўйдилар. Зубайрнинг розияллоҳу анҳу тўртта хотини бор эди. Ҳар бир хотинга бир миллион икки юз мингдан улуш тегди. Зубайрнинг барча мол-мулки эллик миллион икки юз минг эди. Имом Бухорий ривоятлари.
Яна мақолалар...
- 26-БОБ. Зулм қилиш ҳаромлиги ҳамда ҳақни ҳақдорга қайтаришга буйруқ
- 27-БОБ. Мусулмонларнинг ҳурматларини улуғлаш ва уларнинг ҳақларини баён этиш ҳамда уларга раҳм-шафқат қилиш баёнида
- 28-БОБ. Мусулмонларнинг айбларини ёпиш, уни заруратсиз ёйишдан қайтариш баёни
- 29-БОБ. Мусулмонларнинг ҳожатларини адо этиш баёни