close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

141-БОБ. Эшикни тақиллатиб, киришга изн сўровчи кишига ичкаридан «Кимсиз?» деб сўралса, «Фалончиман» деб исми ёки таниладиган лақабини айтишнинг суннат эканлиги ҳамда «Кимсиз?» дейилса, исмини айтмасдан «Мен, мен» дейишнинг кароҳияти ҳақида

873/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган машҳур Исро ҳодисаси ҳақидаги ҳадисда келтирилишича, «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Жаброил (алайҳиссалом) билан дунё осмонига кўтарилганимда, унинг очилишини талаб қилдилар. «Бу ким?» дейилганида, «Жаброилман», дедилар. «Сен билан бирга ким?» дейилганида, «Муҳаммад» (алайҳиссалом), дедилар. Сўнгра иккинчи ва учинчи ва қолганларига кўтарилганларида, ҳар бир осмонда «Бу ким?» дейилди, «Жаброилман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.   

874/2. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Кечаларнинг бирида кўчага чиқсам, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам якка ўзлари кетаётган эканлар. Мен ҳам ойнинг соясида кетаётсам, мен томонга бурилдилар-да ва мени кўриб қолдилар. «Ким бу?» дедилар. «Абу Заррман», дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

875/3. Умму Ҳонеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар. Фотима эса тўсиб турган экан. Шунда у зот: «Бу ким?» дедилар. Мен: «Умму Ҳонеъман», дедим». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

876/4. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, эшикларини тақиллатдим. У зот: «Ким бу?» дедилар. «Мен», деб айтдим. Шунда у зот «мен», «мен», деб гўёки кариҳ кўргандек айтдилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Бирор кишининг уйи тақиллатилсаю уй ичидан «Кимсиз» дейилса, у исмини айтмасдан «Мен» деб айтишининг кароҳияти бор.

 

142-БОБ. Акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деганга, «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб қайтаришнинг маҳбублиги, агар акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» демаса, «Ярҳамукаллоҳ» деб айтишнинг кароҳияти ҳамда акса уриш, жавоб қайтариш ва эснашнинг одоблари ҳақида

877/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса кариҳ кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтса, ҳар бир эшитган мусулмон кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб айтмоғи шарт бўлади. Аммо эснаш шайтондандир. Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки эснаган кишига шайтон кулади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Акса уришнинг яхши кўрилишига сабаб, у фаоллик ва оч ҳолатдан юзага келади. Эснаш эса тўқлик ва дангасалик оқибатидан юзага келади.

878/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса берса, «Алҳамдулиллаҳ», десин. Ёнидаги оғайниси ёки дўсти «Ярҳамукаллоҳ», десин. «Ярҳамукаллоҳ», деган кишига «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», яъни «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин», десин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

879/3. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг. Агар ҳамд айтмаса (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», демаса), жавоб қайтарманг», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

880/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида икки киши акса урди. Уларнинг бирига жавоб қайтардилар. Иккинчисига жавоб қайтармадилар. Ҳалиги жавоб қайтарилмаган киши: «Фалон киши акса урувди, жавоб қайтардингиз. Мен акса урсам, жавоб қайтармадингиз», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу «Алҳамдулиллаҳ», деди. Сен «Алҳамдулиллаҳ», демадинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

881/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар акса урадиган бўлсалар, қўллари ёки кийимларини оғзиларига қўйиб, овозларини пастлатардилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

882/6. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида акса уриб, Расулуллоҳнинг «Ярҳамукаллоҳ», (яъни, «Аллоҳ раҳм қилсин»), дейишларига умид қилишар эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса: «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», (яъни, «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин»), деб айтардилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

883/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қўли билан оғзини тўссин, чунки шайтон кириб кетади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

144-БОБ. Касални зиёрат қилиш, маййитни қабргача кузатиб қўйиш, унга дуода бўлиш, дафн маросимида ҳозир бўлиш ва дафн қилингандан кейин қабр олдида туришнинг фазилати ҳақида

893/1. Барро ибн Озибдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Касални бориб кўришни, жанозага эргашишни, акса урган кишига жавоб қайтаришни, қасамнинг устидан чиқишни, мазлумга ёрдам беришни, (таом ёки бирор нарсага) чақирган кишига жавоб қилишни ва салом беришни» буюрдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

894/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бештадир:
1. Саломга алик олиш;
2. Касални бориб кўриш;
3. Жанозага эргашиш;
4. (Таом ёки бошқа бирор нарсага) чақирганга жавоб қилиш;
5. Акса урганга жавоб қайтариш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

895/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Эй одам боласи, касал бўлдим, мени кўргани бормадинг», дейди. Шунда у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени кўргани бораман? Сен оламларнинг Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам касал бўлди, лекин уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда ҳузуримдан уни топар эдинг», дейди. Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан овқат сўрадим, менга уни бермадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, қандай қилиб сени овқатлантираман? Сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Билмайсанми, фалончи бандам сендан овқат сўради, лекин сен унга таом бермадинг. Агар унга овқат берганингда ҳузуримдан уни топар эдинг», дейди. Аллоҳ: «Эй одам боласи, сендан сув талаб қилдим. Лекин мени сув билан сийламадинг», деса, у киши: «Эй Раббим, нечук сени сув ила сийлайман? Ваҳоланки, сен оламлар Рабби бўлсанг», дейди. Аллоҳ эса: «Фалончи бандам сув талаб қилди. Сен унга сув бермадинг. Билмайсанмики, агар сув билан сийлаганингда, уни менинг ҳузуримдан топар эдинг», дейди. Имом Муслим ривоятлари.

896/4. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Касалларни бориб кўринглар, очларга таом беринглар ва асирларни озод қилинглар», деб айтдилар. Имом Бухорий ривоятлари.

897/5. Савбондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мусулмон киши агар бошқа бир мусулмон биродарини беморлик пайтида кўргани борса, тоинки қайтиб келгунича жаннат харфасида бўлади», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат харфаси деганингиз нимаси?» дейишди. Шунда у зот: «Териб қўйилган меваларидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

898/6. Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

899/7. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир яҳудий бола Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам хизмат қилар эди. Кунларнинг бирида у бетоб бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг зиёратига кириб, бош томонига ўтирдилар ва «Исломга кир», дедилар. У бола эса отасига қаради. Шунда отаси: «Абул Қосимга (Яъни Расулуллоҳга) итоат қил», деди. Бас, у бола мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузуридан чиқа туриб, «Алҳамду лиллаҳиллазий анқозаҳу минан-нар» (яъни, «Уни дўзахдан халос қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин»), дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

143-БОБ. Кўришганда қўл бериб сўрашиш, очиқ чеҳра билан йўлиқиш, солиҳ кишиларнинг қўлини, ўз боласининг юзини ўпиш ва сафардан қайтган киши билан қучоқлашишнинг маҳбублиги ҳамда буларга бўйин эгишнинг кароҳияти

884/1. Абулхаттоб Қатодадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Мен Анасга розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларида қўл бериб сўрашиш одати бормиди?» десам, у зот: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривоятлари.

885/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Яман аҳли келса: «Сизларнинг ҳузурингизга Яман аҳли келишди. Улар қўл бериб сўрашишни аввал жорий қилган қавмдир», дердилар. Абу Довуд ривоятлари.

886/3. Бародан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Икки мусулмон йўлиқиб, қўл бериб сўрашишса, улар иккови ажралмасларидан олдин гуноҳлари кечирилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

887/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши: «Эй Расулуллоҳ! Киши биродари ёки дўстига йўлиқса, бош эгадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Ўзига яқинлаштириб ўпадими?» деганида, «Йўқ», дедилар. «Қўлидан ушлаб сўрашадими?» деганида, «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Имом Термизий ривоятлари.

888/5. Сафвон ибн Ассолдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир яҳудий дўстига «Анави набий ҳузурига бизни олиб бор», деди. Бас, улар Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, тўққизта очиқ-ойдин оят ҳақида сўрашди. (Ҳадиснинг давомида) улар Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қўллари ва оёқларини ўпиб, «Биз гувоҳлик берамизки, албатта, сен набийдирсан», дейишди. Имом Термизий, ва бошқалар саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.

889/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бир қиссада: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиб, қўлларини ўпдик», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

890/7. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Зайд ибн Ҳориса Мадинага келганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйимда эдилар. Зайд келиб эшикни тақиллатдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам туриб, кийимларини судраб бориб, қучоқлашиб ўпдилар». Имом Термизий ривоятлари.

891/8. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Яхшиликлардан бирортасини паст санама! Агар биродарингга йўлиқсанг, очиқ юз ила кўришишинг ҳам яхшиликдир», дедилар». Имом Муслим ривоятлари.

892/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини розияллоҳу анҳу ўпганларида, ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис ат-Тамиймий бор эди. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор-у, уларнинг бирортасини ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга қарадилар-да, «Ким раҳм қилмаса, раҳм қилинмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

145-БОБ. Касалга ўқиладиган дуолар ҳақида

900/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам биров бир нарсадан – чақами, жароҳатми – шикоят қиладиган бўлса, кўрсаткич бармоқларини ерга қўйиб, сўнгра кўтариб, қуйидаги дуони ўқир эдилар:
«Бисмиллаҳи турбату арзина бирийқоти баъзина йушфа биҳи сақиймуна биизни Раббина». (Маъноси: Аллоҳнинг исми билан, ерларимизнинг тупроғи билан, баъзиларимизнинг тупуги билан Раббимизнинг изни ила касалларимиз шифо топади.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

901/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аҳлларидан баъзиларига ўнг қўлларини суртиб, паноҳ тилаб, қуйидаги дуони ўқирдилар:
«Аллоҳумма Раббан наси азҳибил ба`са ишфи анта шафий ла шифаа илла шифаука шифаан ла йуғодиру сақома». (Маъноси: Аллоҳим, Сен инсонларнинг Раббисан, қийинчиликларни кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Сен берган шифо бирорта ҳам касаллик қолдирмайди.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

902/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Собитга розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ дам солиб ўқийдиганлари билан дам солайми?» деб қуйидагиларни айтдилар:
«Аллоҳумма Раббан нас, музҳибал ба`си ишфи анта шафий, ла шафия илла анта шифа`ан ла йуғодиру сақома». (Маъноси: Аллоҳим, Сен инсонларнинг Раббисан, қийинчиликларни кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ. Сен берган шифо бирорта ҳам касаллик қолдирмайди.) Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Дам солиш учун қуйидаги уч нарса шарт қилинди. 1. У Аллоҳнинг каломидан ёки исмларидан ёки сифатларидан бўлиши керак. 2. У араб тилида ёки ўзи тушунадиган луғатда бўлиши керак. 3. Дам солишнинг ўзи таъсир ўтказа олмайди, балки Аллоҳнинг тақдири билан фойда беради деган эътиқодда бўлиши керак. Энди юқоридаги ҳадисда келган лафз ила дам солиш маҳбуброқдир.

903/4. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам касаллигимда мени кўргани кириб:
«Аллоҳумма ишфи Саъдан, Аллоҳумма ишфи Саъдан, Аллоҳумма ишфи Саъдан» (Саъдга шифо бер), деб айтдилар». Имом Муслим ривоятлари.

904/5. Абу Абдуллоҳ Усмон ибн Абул Осийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. У зот ўзларига касаллик етганидан Расулуллоҳга шикоят қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у зотга: «Оғриётган ерингга қўлингни қўй, «Бисмиллоҳ»ни уч марта айтиб:
«Аъузу биъиззатиллаҳи ва қудротиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру», деб етти марта ўқи», дедилар. (Маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда топадиган ва ҳазар қиладиган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман.) Имом Муслим ривоятлари.
Фойда: Киши ўзига-ўзи, ҳадисда келган дуолар билан дам солиши маҳбублиги маълум бўлади.

905/6. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким касал кўргани борганида, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида етти марта:
«Ас`алуллоҳал ъазийм Раббал ъаршил ъазийм ан йашфийака», деса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилади», дедилар. (Маъноси: Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббидан сенга шифо беришини сўрайман.) Абу Довуд ва Термизий ривоятлари

906/7. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийни касаллигида кўргани кирдилар. Агар касал кўргани кирсалар:
«Ла ба`са тоҳурун иншааллоҳ» (Зарари йўқ, иншааллоҳ, бу касаллик сени поклайди), деб айтиш у зотнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам одатлари эди. Имом Бухорий ривоятлари

907/8. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, тобингиз йўқми?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб берганларида, Жаброил (а.с.): «Бисмиллаҳи урқийка, мин кулли шай`ин йу`зийка, мин шарри кулли нафсин ав ъайнин ҳасидин, Аллоҳу йашфийка, бисмиллаҳи урқийка», деб айтдилар. (Маъноси: Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ёки ҳасад қилувчи кўздан Аллоҳ сизга шифо берсин. Аллоҳнинг исми билан сизга дам соламан.) Имом Муслим ривоятлари.

908/9. Абу Саид ал-Худрийдан ва Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу икковлари Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам қуйида айтган сўзларига гувоҳ бўлишди: «Кимки «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар» (яъни Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Аллоҳ улуғ), деса, уни Рабби тасдиқлаб: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Мен улуғдирман», дейди. Агар банда: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу» (яъни якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, унинг шериги ҳам йўқ, деса, Рабби: «Якка Мендан бошқа илоҳ йўқ, Менинг шеригим ҳам йўқ», дейди. Агар банда: «Ла илаҳа иллаллоҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду» (яъни Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, мулк ва мақтов унинг учундир), деса, Рабби: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Мулк ва мақтов Мен учун», дейди. Агар банда: «Ла илаҳа иллаллоҳу вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Аллоҳдан бошқа ўзгартирувчи ҳам, қувват ҳам йўқ), деса, Рабб: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Ва Мендан бошқа ўзгартирувчи ҳам, қувват ҳам йўқдир», дейди. Энди кимки мана шуларни касаллигида айтиб, кейин вафот этса, дўзах уни емайди. Яъни дўзахга тушмайди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase