192-БОБ. Бомдод ва хуфтон намозларини жамоат билан ўқишга тарғиб
- Шанба, Окт 22 2022
- 14607 марта кўрилди
1070/1. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказгандай бўлади. Кимки бомдод намозини жамоат ила ўқиса, бутун кечани ибодат билан ўтказгандай бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Термизийнинг Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини ибодат билан бедор ўтказганнинг савобига эришибди. Ким хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиса, кечанинг барчасини бедор ўтказганнинг савобига эришибди», дедилар. Имом Термизий бу ҳадиси шарифни саҳиҳ, ҳасан, деб айтганлар.
1071/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билишганида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1072/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиққа бомдод ва хуфтондан оғирроқ намоз йўқдир. Агар улар икковидаги савобни билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишар эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.