193-БОБ. Беш вақт намозни муҳофаза этишга буюриш ҳамда уни қасддан тарк қилганларни қаттиқ ваъийдлар билан қайтариш тўғрисида
- Шанба, Окт 22 2022
- 12545 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Барча намозларни ва хусусан, ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо этинглар» (Бақара сураси, 238-оят).
«Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз! (яъни улар билан урушишни бас қилингиз)» (Тавба сураси, 5-оят), деб айтган.
1073/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси амал афзал?» деб сўрасам, у зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайси?» десам, у зот: «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» десам, у зот: «Аллоҳ йўлидаги жиҳод», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1074/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимаси; намозни адо этиш; закот бериш; Байтуллоҳни ҳаж қилиш; Рамазон рўзасини тутиш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1075/3. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишилар «Ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ», деб айтмагунларича, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича улар билан уришмоқликка буюрилдим. Агар мана шу айтилган нарсаларни бажаришса, улар ўз жонлари ва молларини мендан сақлашибди. Лекин Ислом ҳақларида (яъни, ҳад ва қасосларда) бундай эмас. Бунинг ҳисоби Аллоҳ таолога ҳаволадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1076/4. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётиб, «Сен аҳли китоб бўлган қавмнинг ҳузурига кетяпсан. Агар борсанг, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ваанна Муҳаммадан расулуллоҳ» шаҳодатига чақир. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиргин. Агар бунга ҳам итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиб, камбағалларига бериладиган садақани фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, закот олаётганингда уларнинг яхши молларини танлаб олишдан сақлангин. Ҳамда мазлумнинг дуосидан қўрққин. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида парда бўлмайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1077/5. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши билан ширк ва куфр орасидаги фарқ намозни тарк қилишдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
1078/6. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Биз билан уларнинг (мунофиқларнинг) орасидаги фарқ намоздир. Бас, кимки уни тарк қилса, батаҳқиқ кофир ҳолича қолибди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1079/7. Буюк тобеъинлардан эканлигига иттифоқ қилинган Шақиқ ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари намозни тарк қилишдан бошқа бирор амални тарк қилишни кофирлик деб ҳисоблашмас эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
1080/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намоздир. Агар у яроқли бўлса, нажот топиб, муваффақиятга эришибди. Агар яроқсиз бўлса, ҳасрат-надоматда қолибди. Агар бордию фарз амалларидан бирор камчилик бўлса. Аллоҳ таоло: «Бандамнинг нафл амалларига қаранглар-чи?» дейди. Агар нафл амаллар бўлса, фарзнинг камчиликлари тўлдирилади. Кейин бошқа амаллари ҳам мана шу тарзда ижро этилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.